Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Кун футболчиси: Йохан Криуфф

Баҳо:
+ | -

Уни тотал футбол асосичиларидан бири сифатида тилга олишади. Унга таъриф берган бир спорт журналисти шундай деганди:

- Уни Пеле билан кўп қиёслашади. Пеле ўз замонаси учун идеал футболни намойиш қилиб берганди, Криуфф эса замонасига бутунлай янги ва яхшироқ футбол олиб кирди.

Ундан Роналдо ҳақида ва замонавий футболда олдинги авлодлар даражасидаги афсоналар чиқмаётганлиги сабабини сўрашганда шундай жавоб берганди:

- Роналдо — яхши ўйинчи, аммо бизнинг пайтимизда бундай футболчилар ўнлаб топиларди. Агар кенгроқ фикр юритадиган бўлсак, ҳозирги муҳитда афсонани тарбиялаш мушкул. Ҳаётнинг ўта қулайлашиб кетганлиги ҳақиқий юлдузларни вояга етказиш учун тўсиқ деб ўйлайман. Чўққига чиқиш учун ва у ерда узоқ қолиш учун эса, энг пастдан бошлаш лозим, ҳаёт учун курашнинг нақадар огир ва зарур эканлигини англаб етиш керак бўлади.

У курашганди. Пеле ва Гарринча каби, Пушкаш ёки Ди Стефано каби. Роналдони ҳар қанча мақтасак оз, унинг ёшлигиданоқ фотомоделлар ва автомашиналарни коллекция қилиб юрганига қувонсак арзийди, аммо у буюк бўла олмасди. Бўлиши жуда қийин эди. Ҳозирги давр энг кучли футболчиларни дунёга келтира олади, лекин афсоналарни эмас.

1947 йилда Амстердамда туғилган Йоханнинг отаси оддий сотувчи, онаси эса кир ювувчи эди. Айнан онасининг касби унга футбол оламига йўлни очиб берганди. Онаси уйга яқин бўлган «Аякс» футбол клубида ишларди. Табиатан ўта нозик ва умуман спортчига хос келажак кутиш қийин бўлган ўн икки ёшли Йоханни онаси клубга етак-лаб боради ва клуб мураббийларга илтимос қилади. Узоқ иккиланишлардан сўнг уни мактабга қабул қилишади ва Криуфф атиги беш йил ўтиб комил футболчига айланади, клуб билан профессионал шартнома тузади. Дебют матчидаёқ дарвозани ишғол қилади.

Йоханнинг бор имкониятларини очиши ва унинг футболга ва футболни унга максимал даражада хизмат қилиши учун буюк тренер керак эди. Йоханнинг энг катта бахти шунда эдики, унинг фаолияти буюк мураббий билан кесишди. 1965 йилнинг 24 январида кпубга Ринус Михелс бош мураббий этиб тайинланди ва айнан шу кундан бошлаб икки «маэстро»нинг ҳамкорлиги бошланди.

Ўша пайтларгача Голландия футболи Европада анча орқада эди. 1957 — йилга келибгина клублар профессионаллаштирилган бўлса-да, 60-70 — йилларга келиб «Аякс» Европани забт этди.

Кройф

Тотал футболнинг отаси сифати тилга олинадиган Ринус Михелс футболга баскетбол ўйини тамойилларини олиб кирди — тўпга эгалик қилинган пайтда барча ҳужумга ўтади, тўп йўқотилгач эса барча ҳимояланади. Михелснинг «Аякс»и юқори тезлик ва тўпсиз ҳаракат билан барчани лол қолдирганди, футболчилар осонлик билан таъқибдан қутулишар, ҳимояда бир-бирларини ажойиб тарзда қувватлашарди. Айниқса ўша пайтларда урф бўлган «ўйинчига ўйинчи» ҳимояланиш усулида ҳаракат қилувчи жамоаларга қийинчилик туғиларди. Ҳужумчига елим мисоли ёпишиб олиши керак бўлган ҳимоячилар уларга эргашиб «Аякс» майдонига келишга мажбур бўлишарди, рақиб ҳимоясида пайдо бўлган бўшлиқцан эса «Аякс» ҳимоячилари усталик билан фойдаланиб ҳужумга ўтишарди. Шунингучун «Аякс» ҳужумлари ҳар қандай нуқтадан бошланиши ва ҳар қандай тарзда давом этиши мумкин эди. Бундай футбол учун албатта Михелсга жисмоний жиҳатдан кучли ва универсал бўлган футболчилар керак бўларди ва у четдан сотиб олишни ўйламай, ўзи тарбиялаб қўя қолди. Айнан мана шу қарашлар асосида буюк Йохан Круифф футбол оламида чарақлади.

Анча енгил ҳаракатланадиган Йохан тотал футболнинг ҳақиқий дирижёри эди. Унинг ўйин услуби ва ноодатий ҳаракатлари рақибни саросимага солмай қўймасди ва айнан шунинг эвазига унга «Учар голланд» лақабини беришганди.

Унинг тезлиги ўта юқори эди, 30 метр масофани 3.8 секундда босиб ўтарди. У исталган дақиқада тезлик олиши ва сонияда тўхташи мумкин эди, ўз танасини ва ҳаракатларини кутилмаганда ўзгартира оларди. Унинг асосий жиҳатларидан бири оёғининг ташқи тарафида ҳам ажойиб тарзда бурама зарбалар бера оларди. Кўпинча у бурчак тўпларини ҳам шу шаклда амалга оширарди ва бу рақиб жарима майдонида катта хавфни вужудга келтирарди.

- Замонавий футбол рақибни ортда қолдириш ва ҳаяжонга солишга асосланган, — деганди Йохан, — турли йўналишлардаги алдамчи ҳаракатлар билан рақибни саросимага солинг, қарорларни ҳаракат пайтида қабул қилишга ўрганинг, ҳаракатларингиз билан дарвозабонни ва ҳимояни чалғитинг. Хуллас, сизнинг ўйинингиз учрашув жараёнига руҳий таъсир ўтказсин.

Круифф тўпсиз ҳам беназир ҳаракат қиларди, тўп билан эса ҳақиқий «сеҳргар» эди. Енгил вазнига қарамасдан унга майдонда қаршилик қилиш қийин, тўпни осонликча олдирмасди.

У ҳақиқий универсал эди, тотал футбол айнан унинг учун яралгандек тасаввур уйғонарди баъзан. Исталган пайтда Круифф Роналдунинг шиддатини ва тезлигини, Каканинг рақибни саросимага солишини, Роналдиньонинг бутун майдонни назорат қилишини, Раулнинг нафис ҳаракатини намойиш қила оларди. У Иброхимовичга ўхшаб акробат ҳам бўла оларди.

Унинг «Барселона» таркибида «Атлетико» дарвозасига киритган голи ҳозиргача эсланади. Унинг шериги ўнг қанотдан дарвозанинг узоқ бурчаги тўпни юқорилатиб оширганди. Тўп дарвозага жуда яқин йўналганди, тўпга етиб олиш ҳам жуда қийин ва ноқулай эди. Йохан «шпагат» очиб тўпга сакрайди ва ҳавода айланиб то-вони билан тўпга текканди , (Ван Даммни эсланг) ва тўп дарвозага кирганди.

1969 йилда Чемпионлар кубоги ярим финали «Ливерпуль» майдонида ажойиб натижа (5:1) қайд этган «Аякс» финалда «Милан»дан мағлубиятга учрайди (1:4). Бу мағлубият голландларга дарс бўлди ва Михелс ўйин услубини янада такомиллаш-тиради, италянларга қарши ўзига хос «иммунитет» ишлаб чиқади. Натижа эса ажойиб бўлади, «Аякс» кетма-кет уч маротаба Европада энг кучли деб эътироф этилади. Йохан эса кетма-кет икки маротаба Европанинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилади. Йоханнинг 1973 йилда «Барселона»га кетиши эса «Аякс»нинг юлдузли даврига хотима ясайди ва усиз биринчи босқ-ичдаёқ ЦСКА (София) га мағпуб бўладилар.

Испанияда пастки ўринларнинг бирини эгаллаб турган Каталония клубига Круифф янги об-ҳаво олиб киради ва ўша мавсумдаёқ клуб мамлакат чемпионига айланади. Йохан «Барселона»да олдинги клубидагидек совринларни юта олмайди ва Испания ички чемпионатидаги ютуқлар билангина кифояланади. Йоханга учинчи «Олтин тўп»ни эса терма жамоадаги фаолияти, яъни ЖЧ-74 олиб беради.

Олдинги ЖЧ ларнинг финал босқичига чиқа олмаган голландлар Германияда ўтган жаҳон чемпионатида ҳаммани ўзига қаратишганди. Ринус Михелс «Аякс»даги тамойилларини терма жамоада қўллайди ва тотал футбол яна бир бор дунёни забт этади. Ўша чемпионат олдингилардан фарқли тизимда ўтган, яъни гуруҳ босқичидан сўнг чорак финаллар ўрнига жамоалар яна қайтадан икки гуруҳга ажратилар ва гуруҳ ғолиблари финалда куч синашлари лозим эди. Дастлабки гуруҳ босқичини муаммосиз тугатган Голландия иккинчи босқичда Бразилия, ГДР ва Аргентинага қарши баҳс олиб бориши маълум бўлади. Ўйиндан ўйинга кучайиб бораётган Голландия терма жамоаси Аргентина дарвозасига жавобсиз тўртта тўп ки-ритади, немислар ҳам тиз чўктирилади (2:0).

Бразилияга қарши ўйин эса барчанинг хотирасида узоқ қолганди. Деярли 20 йил футболда етакчилик қилган услуб, янги ва кўпчиликка манзур бўлаётган услубга қарши тура олиш-олмаслиги маълум бўлиши керак эди ўша оқшом. Узоқ йиллардан буён Пеле каби юлдузларсиз ўйнаб кўрмаган Бразилия бу сафар ҳар жабҳада мағлуб бўлади. Круифф ва Неескенс биттадан гол киритишади. Бразилияликларнинг асаблари дош бера олмайди ва жуда кўп вазиятларда Круиффга нисбатан ўта қўпол тарзда ўйнай бошлайдилар. Учрашувнинг эртасига маҳаллий газеталардан бири ўйин ҳақида аниқ хулоса ясаганди:

«Голландияликлар майдонда порлаш билан, бразилияликлар эса фақат йиқитиш билан машғул бўлдилар».

photo_2015-09-07_18-18-25

Финалдан олдин деярли бутун мутахассислар ва мухлислар Круифф жамоасининг ғалабасини тахмин қилгандилар. Дунёнинг турли бурчакларида терма жамоа мухлислари пайдо бўлганди, Михелсни эса «буюк» деб атай бошлагандилар.

Аммо яна бир мактаб бор эдики, бу мактаб ҳар қандай вазиятда йўқолиб қолмасди. Яхши ташкилланган ва бир маромда ишлайдиган машинани эслатувчи немис жамоаси финапда ғалаба қозонди. 1-дақиқадаёқ Круиффга қарши ишлатилган қўполликдан сўнг оширган голландлар учрашув эндигина бошланганлиги ва ғалаба қозониш учун яна 90 дақиқа ўйнаш лозимлигини бироз унутиб қўйдилар. Ҳар доимгидек хотиржам немислар дастлаб пенальтидан жавоб қайтардилар. Учрашувнинг 43-дақиқасида эса ўша чемпионатнинг бомбардири Герд Мюллер керакпи пайтда, керакли жойда пайдо бўлди ва ғалаба тўпини киритди.

Кейинги жаҳон чемпионатида ҳам голландлар финалгача боришди, аммо у турнирда Круифф қатнашмади. У ўттиз бир ёшида ҳам терма жамоани, ҳам «Барселона»ни тарк этди, унинг кейинги фаолияти АҚШ да давом этди.

Атиги бир марта жаҳон чемпионатида қатнашган Круифф жаҳон футболида ўзининг ўчмас ўрнига эга бўлди. Йохан Круиффни мухлислар «учинчи қирол» деб аташади. футбол тарихи ва статистикаси халқаро ферерацияси эса уни 20-асрнинг энг яхши футболчилари ўнлигида Пеледан кейинги иккинчи ўринга лойиқ кўрганди.

Унинг ютуғи шунда эдики, у доимо ўйинини мукаммаллаштиришга интиларди, доим ўсишни хоҳларди. Ҳар икки оёғида ақл бовар қилмас даражада аниқ ва кучли зарба бера олар, майдоннинг ҳар қандай бурчагидан дарвозани ишғол қила оларди. Йохан тўпга эгалик қилганда ҳеч ким олдиндан нима қилмоқчи эканлигини била олмасди ва бу ҳимоячиларни баттар саросимага соларди.

Франц Беккенбауэр у ҳақда шундай деганди:

- Унга қараб туриб футболчи эканлигига ишониш қийин эди. Аммо бу фақатгина 1-2 дақиқага чўзиларди холос. Йохан тўпни эгаллаши биланоқ, беихтиёр унинг мухлисига айланиб қолардингиз.

ҚИССАДАН ҲИССА

Мақолани ўқиб чиққан бўлсангиз, футболдаги фикрлар барибир нисбий эканига яна бир бор амин бўлган эрсангиз керак?! Чунки Йохан Круифф ўз интервьюларида замонавий футболда афсоналар туғилмаслигига ишора қилган. Бироқ, афсоналар барибир ушбу спорт тури ер юзидан йўқ бўлиб кетгунига қадар келаверар экан. Бунга ёрқин мисоллар сўнгги йилларнинг афсоналари бўлмиш Зидан ва Роналдиньодир. Навбатдагилари Роналду ва Мессидир. Келажак авлод ҳақида гапирилганда шундай гапирилаверади. Ҳамма ўтмиш билан фахрланишни, ўтмишни келажакдан устун кўришни яхши кўради. Шу йўлдан борган Круифф ҳам ўз даврининг Пелесини, Гарринчасини кўргани учун, бошқа бундай ҳаракатлар гувоҳи бўлинмайди, деган фикрга келиб улгурган. Лекин футбол шуниси билан ҳам гўзалки, унда барибир даҳо-лар айтишади сўнгги сўзни.

Круифф эса юқорида таъкидлаганидек, ўз даврининг маэстроси эди холос. У замонавий футболни янгилади, бошқача ҳаво олиб кирди. Унинг ўша пайтда туғилиши ва ўша пайтда ўйнаши тақдир эди. У фақат ўзининг вазифасини бажариб ўтди. Ҳар бир замоннинг ўз Пушкини бор, дейди рус халқи. Аслида бу гап ҳам бироз нотўғрироқ. Чунки Пушкин фақат ўз даврининг шахси. У бошқа шахслардан юксакроқ қобилият эгаси холос. Аммо келажакда туғиладиган даҳолар эса ўз замонасининг фалончиси бўлиб қолаверади.

Бугунги кунда терма жамоамиз таркибида Круифф тугул, унинг 14 ёшида кўрсатган ўйинини намойиш этадиган футболчи ҳам йўқ. Лекин ана шу футболчиларнинг баъзилари ўзларини даҳо санаб, терма жамоадаги ўйинларини эътиборсиз қолдиришгани ачинарли ҳолат. Улар кўришсин, гувоҳ бўлишсинки, Круиффлар асри ҳам тугар экан, Пелелар даври ҳам тугар экан, Зидан, Роналдиньолар даври ҳам ниҳоя топар экан, демакки, бугунги юлдузлар даври ҳам тугар экан. Ўзбек юлдузлари эса бу тўс-тўполон ичида кўринмай ҳам кетадилар. Шунинг учун илтимос қилардикки, 8 сентябр куни тарих саҳифаларида яхши ном билан эсланадиган ўйинчи бўлиб қолиш учун-да тўп сурсинлар. Акс ҳолда, келажакда интернет саҳифаларида улар ҳақида икки сатрлик ҳам жой ажратилмайди.

Изоҳ: Мақолани тайёрлашда Чемпион газетасининг 2009 йил 32-сонидаги Қаҳрамон Асланов мақоласидан фойдаланилди

Манба: koptok.uz
Киритилди: 10:24, 08.09.2015.
Ўқилди: 3690 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.