Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Музаффар Музаффаров: “Реал”нинг “Алкобендес” академиясидан ажойиб таассуротлар қолган

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон – улкан иқтидор эгаларига бой мамлакат. Хусусан, футболда ҳам келажаги порлоқ дея эътироф этилаётган ёш истеъдод соҳиблари юртимизнинг ҳар бир чеккасидан етарлича топилади.

Тўғри, ҳали мамлакатимиздан Месси ёки Роналду каби юксак маҳоратли ижрочилар етишиб чиққанича йўқ. Аммо имкон даражасида ўйин кўрсатиб, ёш бўлсада кўплаб мухлис-у мутахассислар олқишига сазовор бўлаётган ўйинчиларимиз ҳам йўқ эмас. Шундайлар қаторига бугунги кунда Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби етакчиларидан бирига айланиб улгурган Музаффар Музаффаровни ҳам киритиш мумкин. Музаффар сўнгги икки йил ичида анча ўсишга эришди ва эндиликда Олимпия терма жамоамиз сафига ҳам жалб этилмоқда. Ўз вақтида “Реал” академиясида қисқа муддат таҳсил олган ушбу футболчи билан унинг футболга кириб келиши, “Сўғдиёна” таркибидаги ўйинлари ва кележак режалари борасида суҳбатлашдик.

Қуйида ёш иқтидор эгасининг SPORTS.uz интернет-портали мухбири билан қилган суҳбатини сизга ҳам ҳавола этамиз.

- Музаффар, футболга кириб келишингиз қандай рўй берган? Бунда отангиз Мурод Исмоиловнинг ҳам хиссаси борми?

- Деярли ҳар бир инсон ёшлигидан футбол ўйнайди. Мен ҳам ёшлик пайтим ўз ўртоқларим билан тўп тепишни яхши кўрардим. Кейинроқ бу қизиқишим жиддийлаша бошлади ва келажак тақдиримни футбол билан боғлашга қарор қилдим. Бунда отамнинг ҳам хиссаси бор, албатта. Мен ёшлигимдан уларга ҳавас билан қараганман. Балким, шу боисдан ҳам бошқа спорт турини эмас, айнан футболни танлагандирман…

 

- Сиз дастлаб “Пахтакор” академиясида таҳсил олгансиз. Шундайми?

- Ҳа, шундай. “Пахтакор” академияси аъзоси бўлиш кўпчилик ёш футболчиларнинг орзуси саналади. Шукрки, мен бундай бахтга муяссар бўлганман. Уерга мени Отабек ака Ғуломхўжаев таклиф этганди. “Пахтакор” академияси маҳоратимни оширишга жуда катта ёрдам берган. Чунки у ерда мен Шуҳрат Раҳмонқулов, Дилшод Нуралиев каби етук мутахассислар қўл остида футбол сир-асрорларини ўрганганман.

- Умуман футболдаги илк мураббийингиз ким бўлган эди?

- Менинг илк устозим Валера Седунов эди. У киши ҳақиқий ўз касбининг фидоийси эди. Шогирдларининг ҳар бири билан индивидуал ишлашга вақт топардилар. Шундай яхши ва талабачан мураббий қўл остида илк сабоқларни олганимдан хурсандман.

- “Пахтакор” академиясидалигингиз пайти сизни “Реал Мадрид” жамоаси академиясига таклиф этишганди. Бу вариант қандай пайдо бўлганди?

- Ўша пайти “Пахтакор” академияси жамоаси сафида Испанияда ташкил этилган халқаро турнирда иштирок этган эдик. Дилшод Нуралиев бошчилигида бўлган жамоамиз ўшанда мусобақани жуда ажойиб тарзда ўтказа олганди. Сўнг мусобақа якунига етгач мени кейинроқ кўрикдан ўтиш учун яна бир бор уерга ташриф буюришга таклиф этишганди.

- Айнан қайси жамоа сизни Испанияга таклиф этган эди?

- “Реал”нинг “Алкобендес” академиясида 4 ой давомида ўз маҳоратимни ошириш имконига эга бўлгандим ўша пайти. Уердан менда жуда ажойиб таассуротлар қолган. Машғулотлар ўтказилиш жараёни, футболчиларга ва бўладиган ўйинларга ёндашув, футбол атрофидаги барча нарса профессионал тарзда йўлга қўйилганидан лол қолгандим. Мен у ерда атиги 4 ой бўлган бўлсамда, ўзим учун жуда катта сабоқлар олганман, деб айта оламан. Аммо айрим сабаблар оқибатида “Алкобендес”да ўзим кутганчалик узоқ вақт қола олмаганман…

- Кейинроқ тақдир чархпалаги сизни “Сўғдиёна” жамоасига олиб келди…

- Ҳа. “Сўғдиёна” мени ўз сафига чорлади ва мен бу жамоага тез ва осон киришиб кетдим. Бу ерда ўзимни жуда бахтли ҳис этмоқдаман. Даврон ака Файзиев қўл остида тажриба тўплаб боряпман. Жамоамиз асосан ёшлардан иборат. Мураббийимиз ёш футболчиларга қўрқмай имкон бераверадилар. Бу эса бизга ишонч бағишлайди ва биз ҳам уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз. Тўғри, ҳали барқарор ўйин намойиш эта олмаяпмиз. Аммо ишончим комил, бир қанча вақтдан сўнг “Сўғдиёна” ҳам барқарор жамоалар сафидан ўрин олади ва ўз мухлисларини ғалабалар билан хурсанд қилади.

- Эндиликда сиз Олимпия терма жамоамиздан ҳам чақирув ола бошладингиз…

- Олимпия терма жамоамиз устозлари ёш бўлсамда йиғинларга чақиришмоқда. Бундан жуда ҳам хурсандман. Аммо терма жамоада ўйнаш футболчига катта масъулият юклайди. Буни жуда яхши ҳис этиб турибман. Насиб этса, Олимпия терма жамоамизга қўлдан келганча наф келтиришга ҳаракат қиламан.

Muzaffarov Muzaffar.JPG

- Музаффар, ўз олдингизга қўйган энг улкан мақсадингиз қандай?

- Ҳар қандай футболчининг энг катта орзуси – миллий терма жамоа либосини кийиш. Мен ҳам бош жамоамиз таркибида тўп суришни орзу қиламан. Насиб этса ўз олдимга Ўзбекистон терма жамоасининг етакчи футболчилардан бири бўлишни мақсад қилиб қўйганман. Қолаверса, Европанинг гранд клублари сафида тўп суриш ниятим ҳам бор. Буни отам ҳам жуда истайди. Насиб этса, ўз устимда қаттиқ меҳнат қилиб, бу ниятларимни амалга оширмоқчиман.

Зоҳирбек Акрамхонов суҳбатлашди

Манба: sports.uz
Киритилди: 14:26, 13.09.2015.
Ўқилди: 4688 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.