Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Кун футболчиси: Пеле

Баҳо:
+ | -

Унинг кўрсатган натижалари ўта ҳайратомуз. Профессионал футболда ўтказган йигирма бир йиллик фаолияти давомида 1363 учрашувда майдонга тушган, 1281 бора гол киритган. Умумий ҳисобда 32та чемпионатда ғолиб чиққан. Шулардан учтаси жаҳон чемпионати ҳисобланади. Мундиалдаги илк чемпионлигига ўн етти ёшида эришган. Тўқсон марта хет-трик қилган, ўттиз марта покерга эриша олган, тўрт марта бештадан гол киритган. 1964 йилда «Ботафого» жамоасига қарши кечган ўйинда саккиз (!) бора рақибларини ранжитган…

Юқорида келтирилган таърифлардан ҳам бугун ким ҳақида суҳбат олиб боришимизни англаб олган бўлсангиз керак. Пеле! Ундан бошқа ҳар қандай футболчига нисбатан бундай таърифларни ишлатиш — ҳақиқий эртак бўларди. Аммо Пеле учун…

Унинг туғилган  куни ҳақида турфа хил баҳслар юради. Баъзилар уни 21 октябрь куни таваллуд топган десалар, бошқалар учун футбол қироли 23 октябрь санасида дунё юзини кўрган. Биз бундай баҳсларга қўшилишдан йироқмиз. Шунчаки, Пелени эслаш учун қулай имконият туғилганидан фойдаланиб, унинг фаолияти ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз, холос.

Унинг машҳурлиги ҳақида кўплаб афсоналар юради. Америкалик машҳур сиёсатчи Роберт Кеннедининг Пелени қандай қучоқлаб олгани тасвирланган сурат бутун дунёни айланиб чиққан. Африкадаги Заир давлатида бошланиб кетган қонли кураш таркибида Пеле бўлган «Сантос» келганида, бир кунга тўхтаб қолганди. Ҳар икки томон жангарилари бир ўйингоҳда туриб, Қиролнинг ўйинини кузатгандилар. Уларнинг автоматлари фақатгина «Сантос» кетганидан сўнг яна ўқ уза бошлади…

Жанубий африкалик камбағал мухлиснинг Кейптаундан Касабланкага қадар Пеленинг ўйинларини томоша қилиш учун пиёда келгани кўпчилик учун эртакнамо туюлади. Баъзан футбол қиролидан имкони бўлмаган нарсаларни кутардилар. Масалан, 1995 йили Африкадаги урушлардан зада бўлган бир бечора кема трюмида яширинганча Атлантика океанини кесиб ўтганди ва Пеледан уришаётган қабилаларни тинчлантиришини илтимос қилганди. Эҳ, агар бунинг иложи бўлгандами…

Аммо шундоғам Пеле футбол учун ҳам, футболдан ташқари бўлган дунё ташвишлари учун ҳам қўлидан келган ва келмаган барча ишни амалга ошириб келган. Унинг совринлари қаторида Бразилия таълим вазирлиги томонидан топширилган мукофот ҳам бор. Бежизга эмас, албатта. Футбол қироли 1958 йили «Мен — Пелеман» деган китобини савдога чиқаради. Ўша вақтда, Бразилиядаги минглаб болакайлар мана шу китобни ўқиш учунгина савод чиқаришга киришиб кетган эканлар. Бунақаси бошқа учрамаса керак…

 Пеле-и-кубок

Колумбияда бўлган бир футбол учрашуви ҳақида аф-сонавий ҳикоялар юради. Ай-тишларича, мухлислар Пеле-ни майдондан ҳайдаб чиқар-моқчи бўлган ҳакамнинг ўзини қувиб юбориб, Пеле-дан ўйинни давом эттириши-ни илтимос қилган эканлар.

1969 йил, ноябрь ойида эса яна бир қизиқ воқеа юз беради. Англия қироличаси Бразилияга ташриф буюради ва унинг шарафига «Маракана»да футбол учрашуви ўтказилади. Майдонда Рио-де-Жанейро ва Сан-Паулу терма жамоалари ўзаро учрашадилар. Ўйин тугагач, қиролича ғолиб жамоа сардорига (албатта, бу инсон Пеле бўлганини яхшигина фаҳмлаб турган бўлсангиз керак) кубок топширади. Шу онда ўнлаб фотоаппаратлар ширқиллайди, хавфсизлик ходимлари, маҳаллий арбоблар кадрда кўриниб қолиш учун ёпирилиб кела бошлайдилар. Бундай тўполондан эсхонаси чиқиб кетган қиролича кубокни апил-тапил Пелега топширганча, қочиб қолиш тадоригига тушиб қолади. Аммо шу вақт барча суратчилар унга баробар ташланадилар: «Қаёққа, ҳазрати олиялари! Пеленинг ёнига турсангизчи, сизни бирга суратга туширмоқчимиз». Ўша вақтда ҳеч ким Пеледан қироличанинг ёнига туришни сўрамаганди, аксинча, қиролича футбол қиролининг ёнига бориши лозим эди.

Аслида дунёда футболдан бошқа нарсани тан олмайдиган бразиллар учун бунақанги ҳодисалар оддий ҳол ҳисобланади. Шу сабабли ҳам, Пеленинг Рим Папаси билан бирга тушган сурати тагига «Қирол ва унинг мухлисларидан бири», деган тагсўз ёзиб қўйилганида, ҳеч ким киноя билан қарамаганди.

Унинг қандай рекорд натижалар қайд этганини ҳикоямизнинг бошида келтириб ўтдим. Агарда шунда ҳам янги фактларга муҳтожлик сезадиган бўлсангиз, яна бир нарсани қўшиб кетаман: 1959 йилга қадар ўн тўққиз ёшли Пеле 103та расмий ўйинда майдонга тушади ва 126(!) бора гол киритишга улгиради.

Аслида унинг иқтидорини осонгина, содда йўл билан тушунтириб бериш мумкин. Пеле футболдаги ҳар қандай усулни бошқа ҳар қандай футболчидан кўра яхшироқ ижро эта оларди. Унда ҳеч қандай кучсиз жиҳат бўлмаганди. У барчадан тезроқ югурар, баландроқ сакрар, ҳар икки оёғи билан ҳам бирдек кучли зарба бера оларди. Пеле футболда учраши мумкин бўлган техник усулларнинг барчасидан хабардор эди. Шу сабабли ҳам, унга қарши майдонга тушган ҳар қандай рақиб довдирамасдан қолмасди.

Бир сафар у ҳақда кўрсатув ишламоқчи бўлган режиссёр кинотасмани тежаб қолиш ва ўзлари ҳам майдон бўйлаб ҳакиллаб югурмасликлари учун Пеледан майдоннинг турли жойига туриб, ҳар хил зарбаларни ижро этиб беришини сўраган экан. Зарбаларнинг барчаси режиссёр истаганидан ҳам аъло тарзда амалга оширилди ва битта дублда суратга олинди…

Мана шуларнинг барчасига қарамасдан, Пеленинг табиати ҳайратланарли даражада оддий эди. Илк жаҳон чемпионлигига ўн етти ёшида эришган футболчи, йигирма икки ёшида икки карра чемпионга айланган бўлсада, ҳар доим атрофдагилар учун оддийгина инсон бўлиб қолганди. Пеле ҳеч қачон юлдузлик касалидан азият чекмаганди. Унинг атрофини ўраб олган қўриқчилар занжиридан ўтишга муваффақ бўлган мухлислар дарҳол Пеленинг илиқ муомаласига дуч келардилар. У қўл сиқиб кўришар, дастхат берар ва елкасини қоқиб қўйиб, яхши тилаклар билдириб қоларди.

Аммо фаришталарга хос бўлган бундай характер футбол майдонига тушгандан сўнг, буткул ўзгариб кетарди. У майдонда ҳар доим ўта хавфли бўларди ва мунтазам равишда жамоадошларига кўрсатма бериб турарди… Ҳа, айнан мана шу нарса одатий Пеле билан майдондагиси ўртасидаги фарқни кўрсатиб берарди. Кўп ҳолларда май-донда бор овози билан ба-қириб юрган Пелени кўриш муаммо эмасди. Камсуқумгина футболчи майдонга тушганидан сўнг, таниб бўлмас даражада ўзгариб кетарди.

— Футбол ўйнаганда бақириб ҳам туриш керак. «Сантос»да мен билан Зито бошқаларга бақириб, уларни дадил ўйнашга чорлаб турардик. Албатта, ёрдам берарди. Зуғум бўлган вақтдагина бутун иқтидорини намойиш эта оладиган футболчилар учраб туради. Акс ҳолда бундайлар секин, эринибгина ҳаракат қиладилар. Бир бақириб берсанг, торпедодек отилиб кетади. Ҳайқириқ — худди бош билан берилган зарба ёки яхши узатма, оширма каби футболнинг ажралмас бўлаги ҳисобланади, — дея ўз ҳаракатларига изоҳ берганди Қирол.

Баъзан Пеле қўпол ўйнаётгандек ҳам тасаввур уйғотарди. Аммо у ҳеч қачон биринчи бўлиб оёққа тепмасди, тақиқланган зарбалар бермасди. Лекин жиғига тегиб қўйишса… Бундай ҳолларда «айбдор» футболчи касалхонадан кўрпа-тўшак буюртма қилишига тўғри келиб қоларди.

Шундай бўлсада, Пеле ҳар доим ҳам кучга қарши куч ишлатиш билан жавоб бермасди. Баъзи ҳолларда ўзига нисбатан қўполлик қилган рақибини шундай алдаб ташлардики, натижада тўпни олиб қўя олмасдан, боши гангиб қолган футболчи ўйингоҳга йиғилган мухписларнинг кулгисига қоларди. Пеле иқтидор ва интизом жиҳатидан ўзидан пастда турадиган рақиблари устидан кулишни жуда қойиллатарди.

photo_2015-09-15_17-53-05

У одатда тоза ўйин намойиш этарди. Футбол қоидаларини ҳурмат қиларди. Аммо бу билан уни сира ҳам идеал футболчи деб бўлмасди. Баъзан безорилик ҳам қилиб турарди, айёрлик қилган вақтлари ҳам бўлган. Бир сафар қийин кечаётган учрашувда бурчак тўпи амалга оширилаётган вақтда бир ҳимоячи Пелега ёпишиб олади ва қўполлик қилиб, жиғига тегаверади. Шу пайт ҳамманинг диққати бурчак тўпига қаратилганидан фойдаланган Пеле рақибининг қўлтиғи остига бошини тиқиб олади-да: «Хой, ҳакам, қарасангчи! Унинг нима қилаётганини кўряпсанми?», дея ҳайқираверади. Учрашувни бошқариб бораётган шўрлик ҳакам ортига бурилиб қараганда, ўзимизнинг миллий курашга ўхшаб кетадиган бир ҳолатга гувоҳ бўлади ва иккиланмасдан ўн бир метрлик белгини кўрсатади.

Аммо Пеле кўп ҳолларда — ҳаётда ҳам, майдонда ҳам жўмардлиги билан ёдда қолганди. У ўзининг шахсий ҳаётини узоқ вақт сир сақлаб келди. Фақатгина уйланишига бир неча кун қолганида, матбуот ходимлари унинг бўлғуси турмуш ўртоғининг исми Розе-Мари эканини билиб оладилар. Журналистларнинг «Нима сабабдан бўлғуси рафиқангиз билан илгарироқ таништирмадингиз?», деган саволига қирол: «Агарда Розе-Мари билан охирги сонияларда турмуш қуриш фикридан қайтиб қолганимизда, у бир умр «Пеленинг қайлиғи» тамғаси билан қолиб кетиши мумкин эди. Бу ҳолат унинг янги турмуши учун халақит берарди», — дея жавоб берганди.

Пеле бир умр турфа хил маҳсулотларни реклама қилиб келди. Аммо уларнинг орасида ҳеч қачон тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликлар бўлмаган. Унинг ўзи ҳам ҳеч қачон ичмаганди, чекмаганди…

Футбол олами ҳам, футболдан ташқарида бўлган олам ҳам унинг кўз ёшларига бир неча бор гувоҳ бўлган. Гарчанд эришмаган ютуқлари қолмаган бўлсада, Пеле жуда таъсирчан инсон ва ҳиссиётлари ичига сиғмай қолган дамларда, албатта, уларни кўз ёшлари билан чиқариб юборади. Унинг илк кўз ёшларини Швецияда ўтган жаҳон чемпионати финалида кўрган эдилар. У бахтдан кулаётган Жильмарнинг елкасига бош қўйиб йиғлаганди. Орадан тўрт йил ўтгач, иккинчи бора жаҳон чемпионига айланди ва яна кўз ёши тўкди. 1970 йили Мексикада бўлиб ўтган мундиал чоғида уч карра жаҳон чемпиони бўлади ва яна йиғлайди. Мингинчи голини киритган куни журналистлар ва мухлислар уни елкаларида кўтариб, майдон айланадилар, у бўлса йиғлайверади-йиғлайверади…

Албатта, булар қувонч кўз ёшлари эди. футбол олами унинг қайғули йиғиларига ҳам гувоҳ бўлган. Пеле бир неча бор хайрлашди ва йиғлади. Аввалига, ўттиз бир ёшга тўлгач, терма жамоа билан хайрлашди — йиғлади. Ўтгиз тўрт ёшида «Сантос» билан хайрлашди — йиғлади. Ўттиз олти ёшида «Космос» билан хайрлашди — йиғлади. У ҳар сафар чин кўнгилдан, болаларча ҳўнграб йиғларди. Албатта, бу ҳолат сизга ғалати кўриниши мумкин. Аммо орамиз-даги энг бақувват, алп келбатли ва дийдаси қаттиқ инсонлар ҳам, юз минг мухлис сиғадиган «Маракана» ўйингоҳидаги барча инсонлар оёққа қалқиб, бир овоздан «Кетма, кетма!» дея ҳайқириб турсалар, мижжалари намланмаган бўлармиди?! Билмадим…

Пеле охирги хайрлашув учрашуви вақтида ҳам йиғлади. Йиғлай туриб, бир гапни хўрсиниб-хўрсиниб айтди:

— Болаларни асранг!

Унинг мана шу гапини эшитиб, йиғламаган инсон қолмаган бўлса керак. Пеленинг футболга қўшган ҳиссаси буюк. Аммо футбол учун бу қадар кўп ишни амалга оширмаган тақдирда ҳам, фаолияти охирида айтган биргина шу гапи учун ҳар қанча миннатдорчилик билдирсак арзийди:

— Раҳмат сенга, Пеле!

Изоҳ: Мақолани тайёрлашда Чемпион газетасининг 2010 йил 26 октябр 114 сонидан фойдаланилди.

Манба: koptok.uz
Киритилди: 22:22, 15.09.2015.
Ўқилди: 4536 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.