Эндиликда фаолиятини Қатар Юлдузлар Лигасида давом эттираётган ҳамюртимиз Сардор Рашидов куни кеча “Ал Жайиш” клуби таркибидаги илк голини киритишга муваффақ бўлди.
Қатар миллий чемпионатида эндигина иккинчи ўйинини ўтказган миллий терма жамоамиз етакчиларидан бирининг мазкур биринчилик борасидаги дастлабки таассуротлари ва янги жамоасидаги илк киритган голи хусусидаги фикрлари билан қизиқдик.
- Сардор, “Ал Жайиш” сафидаги дастлабки голингизни уришга муваффақ бўлдингиз. Таассуротлар қандай?
- Ростини айтадиган бўлсам, “Ал Сайлия”га қарши ўйин анча қизиқ тарзда ўтди. Қувонарли жиҳати шундаки, мазкур учрашувда мен “Ал Жайиш” таркибидаги илк голимни киритишга муваффақ бўлдим. Бундан жуда ҳам хурсандман. Зеро дебют гол ҳар доим ҳам ёқимли бўлади. Бу ўйинда жамоамиз чиройли тарзда зафар қучди. Қўлга киритилган ғалабага мен ҳам оз бўлсада ўз хиссамни қўша олдим, деб ўйлайман. Менга билдирилган ишончни сал бўлса ҳам оқлаганимдан шодман.
- Секин-аста “Жайиш”нинг ўйин услубига мослашиб, жамоадошларингиз билан “тил топишиб” бораётган бўлсангиз керак…
- Ҳа, шундай. Аммо ҳали клубдошларим билан тўла бир-биримизни тушуниб кетдик, дея олмайман. Ҳаракат қиляпман, мураббийларнинг кўрсатмаларини бажаришга ва жамоадошларим билан яқинроқ бўлишга уриняпман. Аммо ҳали бироз вақт керак. Насиб этса, яқин орада жамоага тўла киришиб кетаман.
- Қатарда тўп суришни бошлаганингизга ҳали унча кўп вақт бўлгани йўқ ва эндигина иккита учрашувда ўйнадингиз. Шу икки ўйиндан келиб чиқиб, сизда Юлдузлар Лигаси тўғрисида қандай фикрлар пайдо бўлди?
- Таассуротларим фақат ижобий. Тўғри, ҳали чемпионат савияси ва ўйинлар тўғрисида фикр билдиришга эрта. Аммо ўзим ўйнаган иккита баҳсдан хулоса қилиб айта оламанки, ташкилотчилик ва ўйин атмосферасига гап йўқ. Биз футболчилардан фақат майдонга чиқиш ва ўзимизнинг нималарга қодир эканимизни кўрсатиш талаб этилади, холос.
Насиб этса, Қатар чемпионатида ҳам ўз ўрнимни топишга ҳаракат қиламан. Қўлимдан келганча яхши ўйнаб, голлар киритиш орқали юртимиздаги кўплаб футбол мухлисларини хушнуд этишни истайман, - дейди маҳоратли ярим ҳимоячи SPORTS.uz интернет-порталига.
Таъкидлаб ўтамиз, Қатар Юлдузлар Лигаси 2-тур учрашувлари доирасидан ўрин олган “Ал Жайиш” - “Ал Сайлия” ўйини 4:0 ҳисобида якунига етди ва ўйиндаги дастлабки голга Сардор Рашидов муаллифлик қилди. Бу гол Рашидов учун Қатар чемпионатида киритилган дастлабкиси бўлди.
Зоҳирбек Акрамхонов суҳбатлашди