2015 йилги Ўзбекистон кубоги ярим финал босқичига мамлакатимиздаги энг кучли тўрт жамоа - «Пахтакор», «Бунёдкор», «Локомотив» ва «Насаф» клублари етиб келганидан хабарингиз бор. Мазкур «квартет»нинг ўзаро баҳсларидан сўнг финалда «Бунёдкор» ва «Насаф» ғолиблик учун курашиши ойдинлашди.
Сўз бошида ярим финал баҳслари ҳақида бироз эслатма келтиришни лозим топдик. Уларнинг бирида Тошкентнинг икки жамоаси - «Бунёдкор» ва «Пахтакор» ўзаро баҳслашди. Жамоалар ўртасидаги дастлабки ўйинда «Пахтакор» жамоаси «қалдирғочлар»га 3:2 ҳисобида имкониятни бой берганди. Шу боис Нўъмон Ҳасанов шогирдларига йирик ҳисобдаги ғалаба муҳим эди.
Ўйин бошидан устунликка интилган «Пахтакор» бир неча бор ҳужум уюштирди. Аммо 25-дақиқада «Бунёдкор» аъзолари ташкил этган қарши ҳужум муваффақиятли якунланди. Гол муаллифи - жамоа ҳужумчиси Элдорбек Шомуродов. Ўйиннинг қолган дақиқаларида жамоалар ҳарчанд уринмасин ҳисоб ўзгармади. Шу тариқа «Бунёдкор» мамлакат кубоги финалига йўл олди.
15 сентябрда ўтказилган ярим финалнинг яна бир учрашувида эса Тошкентнинг «Локомотив» клуби Қаршининг «Насаф» жамоасини қабул қилиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Қаршида ўтказилган дастлабки ўйинда «Насаф» клуби вакиллари рақибларини 2:0 ҳисобида енгган. Икки ўйин натижасига кўра, қаршиликлар мусобақанинг финал босқичига йўл олишди.
Эътиборлиси, бу ўйинларнинг ҳаммасида биз жонли, ҳақиқий спортча кураш гувоҳи бўлдик. Айниқса, олий лигада чемпионлик умидидан айрилган «қалдирғочлар» энг ашаддий рақибларидан бири бўлмиш «Пахтакор»га қарши бор кучларини ишга солишди. Бунинг натижаси ўлароқ, омад ҳам Лушан шогирдлари тарафида бўлди. Тўғри, «шерлар» ҳам аслида ҳам чемпионлик, ҳам кубок соҳиби бўлишни асло рад этишмасди. Лекин «Бунёдкор»га қарши майдонга тушишган чоғда «шерлар»да «қалдирғочлар»даги каби жўшқинлик кўзга ташланмаганини ҳам таъкидлаш лозим. «Насаф» эса жавоб учрашувида 0:1 ҳисобидаги мағлубиятни ушлаб қолиш учун анчагина тер тўкди. Муҳими, финалга бир-бирига идеал даражада мос бўлган жамоалар йўл олишди. Зеро «Бунёдкор»ни ҳам, «Насаф»ни ҳам қарашлари деярли бир хил бўлган, ёшлари ҳам тенгқур мутахассислар бошқаришмоқда. Биз учун аҳамиятлиси шундаки, ҳар икки мураббий услубида замоний футболга интилиш, ёш иқтидорларга имкон бериш ва тезликни қадрлаш хусусиятлари мавжуд. Айни сабаблар самараси ўлароқ, «Бунёдкор» ва «Насаф» иштирокидаги ўйинлар барчада бирдек ёқимли туйғуларни уйғотади. Мисол учун, Элдор Шомуродовнинг «Пахтакор» дарвозасига киритган сўнгги тўпини эсланг: у ўша вазиятда европалик тажрибали ҳужумчиларга хос тарзда ҳаракатланиб, керакли пайтда, керакли нуқтада ҳозир бўла олди. «Оффсайд чизиғи»да мукаммал ўйин кўрсатадиган бундай форвардларнинг қадри ҳамма вақт, ҳамма жойда бирдек баланд бўлган. Албатта, унинг голи юзага келишида Лушаннинг хизматлари ҳам беқиёс эканини унутмаслик зарур. Зеро мураббий тўғри йўналиш бера олмаса, ҳатто Уэйн Рунидек футболчилар ҳам бир жойда қотиб қолиши аниқ экан. Буни биз Дэвид Мойес «МЮ»да ишлаган дамлар орқали яхшигина тушуниб олдик.
Рўзиқул Бердиев эса жамоасидаги «ақлли футбол» орқали танилиб бормоқда. Чунки унинг шогирдлари қайси пайтда тезликни ошириш-у, қачон «темп»ни пасайтириш лозимлигини мукаммал даражада ўзлаштириб олишган. «Насаф» таркибида ёшларнинг кўплиги, тажрибали футболчиларнинг маҳорати эса худди шу ёшларнинг ўсиши учун етарли бўлгани боис, йилдан-йилга «Насаф»нинг ўйини томошабоп бўлиб боряпти. Ўз навбатида, жамоа мураббийи ҳам бибаҳо тажриба оширмоқда. Шоҳруҳ Гадоев, Шуҳрат Муҳаммадиев, Одилбек Ҳамробеков каби Бердиевнинг «кашфиётлари» сирасига яқиндан бери Азамат Алланиёзов ҳам қўшилдию, ўзбек футболидаги бош муаммо бўлиб турган сермаҳсул ҳужумчи танқислиги тез орада тарихга айланишига умид боғлай бошладик.
Фикримизга кўра, бу йилги кубок финали ҳар қачонгидан-да қизиқарлироқ ўтишига шубҳа йўқ. Чунки ҳар иккала клуб ҳам ҳалол курашиб, мағлубиятни тўғри тан оладиган жамоалар тоифасига киради. Боз устига, ПФЛ ҳам ўтган йилги жўмардликни давом эттириб, энг муҳим баҳс мезбонлигини бетараф ўйингоҳ - Жиззахдаги янги иншоотга белгилади. Бундан эса чиройли футбол тарафдори бўлган жиззахликлар роса қувонишди. Тўғри-да, ахир маҳаллий футбол мухлислари бу жамоаларни йилда бир марта кўришга ўрганиб қолган эдилар. Энди эса янги стадион баҳона, мазза қилиб футболдан баҳра олиш имкони туғилди. Яна муросасиз кечиши аниқ бўлган финал баҳсида-я! Бунақа имконият ҳадеб учрайвермайди, ахир.
Хуллас, юртимиз футболсеварларининг севимли инсонларидан бири бўлган, гарчи орамиздан эрта кетган бўлсалар-да, ўзларидан фақат ва фақат илиқ тассуротлар қолдиришга улгурган таниқли шарҳловчи Давлат ака Турдалиевнинг ибораси билан айтганда, «кўримли футбол»ни кўришни истасангиз, Жиззахга келинг! Пулингиз ёнингизда қолади...
Аббосбек, "ИнтерСПОРТ" газетаси