Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Осиёча голеадорлик ёхуд осиёлик тўпурарлар ҳақида

Баҳо:
+ | -

Қувайтлик ҳужумчи Бадр ал Мутва ўз миллий терма жамоасида 55-голини нишонлади. Ўзимизнинг Александр Гейнрих эса, миллий жамоалар миқёсидаги ўйинларда урган голлари сонини 29тага етказиб қўйди. Шу натижалар ОФК терма жамоаларининг бош тўпурарлари, уларнинг баъзи қирраларига тўхталишимизни тақозо этди. Айтганча, битта фактни алоҳида таъкидлаш жоиз: жаҳон футболидаги рекорд, яъни терма жамоа учун энг кўп гол уриш кўрсаткичи бизнинг қитъадошимизга тегишли. Аниқроғи, бетакрор Али Даи Эрон миллий жамоаси учун жами 109та гол урган ва бу мутлақ рекорддир!

АСЕАН футбол федерацияси

Австралия. Тим Кэйхилл (85та ўйин, 41та гол)

Тим 1979 йилнинг 6 декабрида таваллуд топган. Айни пайт «Шанхай Шеньхуа» клуби сафида тўп сурмоқда. Терма жамоаси сафида 2004 йилдан буён фаолият юритмоқда. Кэйхилл «соккеруз» билан сўнгги 3та жаҳон чемпионатида иштирок этди ва 6та гол урди. У айниқса, «Эвертон» сафида том маънода порлаганди. Бош билан гол уриш бўйича Осиёда исталган ҳужумчига сабоқ бера олади.

Вьетнам. Ле Конг Винь (66та ўйин, 39та гол)

1985 йилнинг 10 декабрида туғилган. Жануби-шарқий Осиёнинг энг иқтидорли футболчиларидан бири ҳисобланади. 15 ёшидан турли ёш тоифасидаги термаларда ўйнаган Ле Конг 2004 йили Вьетнам миллий жамоаси сафида дебют қилган.

Камбожа. Хок Сочетра (64та ўйин, 42та гол)

1974 йилнинг 27 июлида таваллуд топган. У 2012 йилнинг июль - октябрь ойларида Камбожа миллий термасини бошқарди.

Сингапур. Фанди Аҳмад (101та ўйин, 55та гол)

1962 йилнинг 29 майида таваллуд топган. 1993-1997 йилларда термага сардорлик қилган. Айни пайт Малайзия супер-лигаси вакили - «Лайонс XII» клуби бош мураббийи. Фанди - Европада ўйнаган биринчи сингапурлик футболчи. Бундан ташқари, мамлакат тарихидаги илк миллио­нер ва таржимаи ҳоли чоп этилган (1994 йили) биринчи спортчидир. 1999 йили Сингапур миллий матбуоти уни мамлакатнинг ўтган асрдаги энг буюк 50 нафар спортчиси орасида 6-ўринга қўйди.

Таиланд. Киатисук Сенамуанг (131та ўйин, 70та гол)

1973 йилнинг 11 августида таваллуд топган. Нафақат голлари, балки ўйинлари сони бўйича ҳам терма жамоа рекордчиси. 2014 йилдан буён Таиланд миллий жамоасини бошқариб келмоқда. «Крунг Тай Банк» клуби мактаби тарбияланувчиси. 1999 йили таниқли мураббий - Стив Брюс бошчилигида «Хаддерсфилд Таун» клубида ўйнаган.

Филиппин. Филип ЯнгҲазбАнд (71та ўйин, 42та гол)

1987 йилнинг 4 августида таваллуд топган. Англияда туғилган бўлажак ҳужумчи 1997-2005 йилларда «Челси» футбол клубида таълим олган. 2006 йилнинг 14 ноябрида Шарқий Тимор термасига қарши баҳсда Филиппин бош жамоасидаги голлари ҳисобини очган. У гол урган рақиблар орасида фақатгина Қувайт термаси Осиёда ўз ўрнига эга, қолганлари иккинчи даражали жамоалар...

 

ШарҚий Осиё футбол

федерацияси

Хитой. Хао Хайдонг (107та ўйин, 41та гол)

1970 йилнинг 25 августида туғилган. «Ба-йи» футбол клуби тарбияланувчиси. Терма жамоа сафида 1992-2004 йилларда тўп сурган. ЖЧ-2002 қатнашчиси. 1998 йили Бангкокда ўтказилган Осиё ўйинлари ғолиби. Фаолиятининг охирида Англия чемпионшипи вакили - «Шеффилд Юнайтед» сафида ўйнади. Айни пайт эса «Тянжин Сонгжианг» клуби раҳбари.

КХДР. Чон Те Сэ (33та ўйин, 15та гол)

1984 йилнинг 2 мартида таваллуд топган. Нагояда туғилган футболчи КХДР клубларида умуман тўп сурмаган. Айни пайт «Шимицу С-Пальс» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. 2006 йили КХДР терма жамоаси сафида дебют қилган бу футболчи дастлабки 2та ўйинда 8та гол урган. Кенг жамоатчилик уни КХДР - Греция (2:2) баҳсида ҳисобни тенглаштирувчи голлари туфайли таниганди.

Жанубий Корея. Бум Кун Ча (135та ўйин, 58та гол)

1953 йилнинг 22 майида таваллуд топган. 1972 йили терма жамоа сафида дебют қилиб, унинг либосини кийган энг ёш футболчига айланган. 1978-1989 йиллар давомида Германиянинг турли клубларида ўйнаган. IFFHS томонидан Осиёнинг XX асрдаги энг яхши футболчиси, деб топилган. Унинг ўғли - Ча Ду Ри ҳам мухлисларга яхши таниш.

Япония. Кунишиге Камамото (84та ўйин, 80та гол)

1944 йилнинг 15 апрелида таваллуд топган. 1968 йили Мехико мезбонлик қилган ёзги Олимпиада ўйинларининг бронза медали соҳиби. 1969 йили Васеда университетида бакалавр даражасини олган ушбу футболчини миллий термага олийгоҳ жамоасидан жалб этишганини кўпчилик билмаса керак. 1995 йилдан сиёсат билан шуғуллана бошлади. 1998 йилнинг июлидан Япония футбол ассоциацияси раҳбариятида ишламоқда.

 

Ғарбий Осиё футбол федерацияси

Баҳрайн. Исмоил Абдуллатиф (97та ўйин, 34та гол)

1986 йилнинг 11 сентябрида           таваллуд топган. 2007 йилнинг 15 июлида Осиё кубогида, Ж.Корея термасига қарши баҳсда голлари ҳисобини очган Исмоил Абдуллатиф Форс кўрфазида энг таниқли ҳужумчилардан биридир. Эътиборлиси, у Ўзбекистон терма жамоаси дарвозага ҳали гол уролмаган.

Иордания. Ҳассан Абдулфаттоҳ (87та ўйин, 28та гол)

1982 йилнинг 17 августида таваллуд топган. Клуб футболидаги фаолиятини асосан ижара асосида ўтказаётган ушбу ҳужумкор ярим ҳимоячи миллий жамоадаги голлари ҳисобини Кипр термасига қарши баҳс (2005 йил 26 март)да очган. 2012 йилнинг 15 августида бўлиб ўтган ўртоқлик баҳсида Ўзбекистон термаси дарвозасини ҳам ишғол этган. Жорий йилнинг 11 августида Душанбеда бўлиб ўтган мундиал саралаши доирасидаги баҳсда Тожикистон термаси давозасига 3та гол урди.

Ироқ. Ҳусайн Саид (137та ўйин, 78та гол)

1958 йилнинг 21 январида туғилган. У Аҳмад Радҳи билан бирга Ироқнинг ўтган асрдаги энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган. Вақтида терма жамоалар тўпурарлари рейтингида 4-ўринга ҳам кўтарилган. 1980, 1984 ва 1998 йиллардаги Олимпиада ўйинлари, 1986 йилги жаҳон чемпионати иштирокчиси. 2003-2011 йилларда Ироқ ФА президенти лавозимида ишлаган.

Қатар. Мансур Муфтаҳ Фараж (86та ўйин, 53та гол)

1955 йилнинг 22 ноябрида таваллуд топган. 2013|2014 йиллар мавсумида Қатар юлдузлар лигаси раҳбарияти энг яхши тўпурарга Мансур Муфтаҳ номидаги соврин беришга қарор қилди. Айтганча, у 44 ёши (!)да «Ал-Салия» клуби сафида тўп сурган.

Қувайт. Башар Абдуллоҳ (133та ўйин, 75та гол)

1977 йилнинг 2 октябрида туғилган. 2005 йилнинг 25 марти ва 17 августида Ўзбекистон терма жамоаси дарвозасини ишғол қилган.

Ливан. Рода Антар (46та ўйин, 19та гол)

1980 йилнинг 12 сентябрида таваллуд топган. «Гамбург» ва «Кёльн» клублари сафида тўп сурган. 2009 йилдан буён Хитой клубларида фаолият юритмоқда.

БАА. Аднан ал Таляни (161та ўйин, 52та гол)

1964 йилнинг 30 октябрида таваллуд топган. Ташқи кўриниши билан «Зенит» ҳужумчиси Халкка ўхшаб кетадиган бу футболчи фаолияти давомида фақат битта клуб («Ал-Шааб») сафида тўп сурган. Уни терма жамоага эронлик Ҳешмат Моҳажерани жалб этганди. Аднан ўзининг сўнгги голларидан бирини терма жамоамиз дарвозасига урганди. Яъни 1997 йилнинг 27 сентябрида, ЖЧ-98 саралаш босқичи баҳсида жамоамиз дарвозабонини доғда қолдирган. Уни БААнинг ўтган асрдаги энг яхши футболчиси, деб топишган.

Фаластин. Ашраф Нўъмон (51та ўйин, 14та гол)

1986 йилнинг 29 июлида таваллуд топган.

Фаҳед Аттал (37та ўйин, 14та гол)

1985 йилнинг 1 январида таваллуд топган. Атталнинг 14та голидан 12таси 2006 йилга тўғри келади. У айни шу натижаси туфайли Бастиан Швайн-штайгер ва Давид Вилья каби футболчилар билан бир хил натижа кўрсатиб, IFFHS рейтингида  8-ўринни эгаллаган. 2006 йили ОФК томонидан «Йил футболчиси» номинациясига номзод сифатида кўрсатилган. Энг эътиборлиси, Фаластин терма жамоаси у гол урган ўйинларнинг атиги биттасида ютқазган, холос.

Саудия Арабистони. Мажид Абдуллоҳ (147та ўйин, 71та гол)

1959 йилнинг 1 ноябрида таваллуд топган. Фаолияти давомида фақат «Ал-Наср» клуби сафида тўп сурган. 1984, 1985 ва 1986 йилларда Осиёнинг энг яхши футболчиси бўлган. «Араб олмоси» - уни шундай таърифлашади. 2008 йилнинг 20 майида Мажид Абдуллоҳнинг футбол билан хайрлашиши муносабати билан «Ал-Наср» ва «Реал Мадрид» ўртасида ўртоқлик учрашуви ташкиллаштирилган.

 

Жанубий Осиё футбол федерацияси

Ҳиндистон. Сунил Четри (80та ўйин, 47та гол)

1984 йилнинг 3 августида таваллуд топган. 2010 йили терма жамоаси учун нақ 18та ўйин ўтказиб, 11та гол урган. У ЖЧ-2018 саралашида 4 марта зафар қучишга улгурди.

 

Марказий Осиё футбол федерацияси

Эрон. Али Даи (149та ўйин, 109та гол)

1969 йилнинг 21 мартида таваллуд топган. Теҳроннинг «Истиқлол» футбол клубида тарбия топган ушбу футболчи вақтида «Арминия», «Бавария» ва «Герта» сафида ўйнаган. IFFHS талқинига кўра, 1996 ва 2004 йилларда халқаро ўйинларда энг кўп гол урган футболчи сифатида махсус совринга лойиқ кўрилган. 1996 йили Эрон терма жамоаси учун расмий ўйинларда 20та гол уриб, рекорд ўрнатганди. Энг қизиғи, у Эрон миллий чемпионатида атиги бир марта (2004 йил) тўпурар бўлган, холос. Жорий мавсум «Сабои Қум»ни бошқаряпти.

Қирғизистон. Антон Землянухин (13та ўйин, 5та гол)

1988 йилнинг 11 декабрида таваллуд топган. Айни пайт Сербия супер-лигаси вакили - «Раднички Ниш» клуби сафида тўп сурмоқда.

Тожикистон. Юсуф Рабиев (40та ўйин, 15та гол)

1979 йилнинг 24 декабрида таваллуд топган. Тожикистон миллий чемпионати-2010 тўпурари.

Туркманистон. Владимир Байрамов (31та ўйин, 11та гол)

1980 йилнинг 2 августида таваллуд топган. Голлари ҳисобини 2001 йилнинг 3 май куни Ўзбекистон термасига қарши баҳсда (2:5) очганди. Умуман, Ўзбекистон, Индонезия ва Камбожа терма жамоаларига қарши баҳсларда «дубль» қайд этган. 2013 йили футболчилик фаолиятига якун ясаган.

Ўзбекистон. Максим Шацких (61та ўйин, 34та гол)

1978 йилнинг 30 августида тавалуд топган. 2003, 2005, 2006 ва 2007 йилларда Ўзбекистонда энг яхши футболчи, деб топилган. ОФК талқинига кўра, «Йил футболчиси» номинациясида 2003 йили 3, 2005 йили 2-ўринни олган. Украина чемпионати тарихидаги энг яхши тўпурар - 124та гол. 2010 йилнинг июль ойида спорт журналисти Виктор Хохлюк ташаббуси ва футболчининг розилиги билан Украина клубларида тўп сурувчи хорижликлар учун Максим Шацких номидаги «Тўпурарлар клуби» ташкил этилди. Айни пайт ярим профессионал клуб - «Рух» (Винники) сафида тўп суряпти.
 

Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Киритилди: 13:59, 27.09.2015.
Ўқилди: 6112 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.