Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Мафтунингман, иккинчи лига ёки Европанинг 2 даражали лигалари ҳақида

Баҳо:
+ | -

Топ чемпионатлар довруғи бутун дунёни забт этгани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат! Футболга ошно тутинган ашаддий мухлисларнинг аксарияти - алифбодан аввал машҳур жамоалар ва таниқли ўйинчилар номларини таниганлари ҳам бор гап. Мусобақаларнинг ўта қизиқарли ва муросасиз тарзда ўтишида элитанинг туганмас захира манбаи - иккинчи лиганинг аҳамияти катта. Қолаверса, кучлилар сафидан жой олишни мақсад қилган номзодлар ўртасидаги беллашувлар ҳам мафтункорлик бобида элита басҳларидан қолишмайди. Қуйидаги мақола чемпионшип, 2-бундеслига, сегунда ва «В» серияси мусобақаларида ўз мухлисларига завқ улашаётган жамоалар ҳақида.

Англия чемпионшип

1.АПЛ «дошқозон»ини кўзлаб

Элитада ёрқин дебюти билан барчани ўзига қаратган «Рединг» грандлардан ҳайиқмай тўп сурган Стив Маклареннинг «Мидлсбро»си, аввалги нуфузини қайта тиклаш йўлида Исландия терма жамоасининг услубидан нусха кўчирган «Лидс», Маклареннинг кўмагидан жудо бўлган, лекин порлоқ келажакдан умидини узмаган «Дерби Каунти», Чарли Остин раҳбарлигида яна элита ҳавосидан баҳраманд бўлиш ниятидаги КПР... Ана шу ўзига хос жамоалар ўйинларини қўмсаган мухлис чемпионшипга ташриф буюриб, ўз ташналигини қондиради. Айнан шу жамоалар жорий мавсумда 2-лига мусобақаларига чинакам жон ато этишмоқда. Тўғри, «Блэкберн», «Фулхэм» ва «Болтон» каби жамоалар ҳозирча суст ўйнашмоқда. Лекин тез орада улар ҳам отни қамчилашларига шубҳа йўқ. Демак, баҳслар янада қизиши аниқ.

2. Брайтонлик «чайкалар» парвози

Океан соҳилида қад ростлаган бу шинам шаҳар ҳозирда янада чароғон бўлиб кетгандек, гўё. Боиси унинг «Брайтон энд Хоув» клуби чемпионшипда етакчилик қилмоқда. Ирландиялик мураббий Крис Хьютон ўта уюшқоқ ва ўзига хос жамоани кўчайтиришда давом этмоқда. Тўғри, «чайкалар» мусобақа стартида асосан натижа учун тўп суришди, ҳайратдан ёқа ушлайдиган даражадаги спектаклга ҳали навбат келмади. Бироқ жамоа 5та учрашувнинг 4тасида ғалаба нашидасини сурди. Фавқат «Хаддерсфильд»ни тиз чўктиришнинг эса иложи бўлмади. Аммо Крис Хьютон ойнинг энг яхши мураббийи, Казенга Луа-Луа эса энг яхши футболчи бўлди. Хуллас, юксак марраларни кўзлаган «чайкалар» элита йўлланмасини қўлга киритиб, АПЛ грандларига муҳташам «Фалнер» стадионини кўз-кўз қилиш ниятида парвоз қилишмоқда.

3. «Чарльтон»нинг йўли

Ўтган мавсум италиялик миллионер Жампаоло Поццонинг «кетмони учиб», унга тегишли футбол салтанатининг бир қисми бўлган «Уотфорд» кучлилар сафига қўшилганди. Энди бельгиялик бойвачча Ролан Дюшатле «Чарльтон» билан шу ишни такрорламоқчи. У ҳам худди Поццо каби бир қатор жамоалар, Испаниянинг «Алькаркон», Германиянинг «Карл Цейсс», Венгриянинг «Уйпешт» ва ўз юртидаги «Сент Трюйден» клубларига раҳбарлик қилади. Гарчи мухлислар Дюшатлени аввало даромад олишни ўйлагани учун ёмон кўришсада, унинг англиялик жамоаси мавсумни кўтаринки руҳда бошлади. Жамоанинг пешқадамлар сафида боришида исландиялик Йохани Гудмундсоннинг хизматлари катта. Агар кутилмаган жароҳат уни сафдан чиқармаса, «Чарльтон»ни тўхтатиш осон бўлмайди. Ҳар ҳолда, бельгиялик бизнесмен муваффақиятли интиҳога умид қилмоқда.

 

Иккинчи бундеслига

1. Ғашга тегадиган «РБ Лейпциг»

«Ред Булл» ўзининг Германиядаги бош филиалини шакллантириш йўлида ҳеч нарсадан қайтмаяпти. Ёзда у Австриянинг «Ред Булл»и етакчилари - Петер Гулачи, Штефан Ильзанкер, Марсель Забитцер ва Массимо Бруноларни зальцбургдан Лейпцигга олиб келди. «Лейпциг» ноёб иқтидор соҳиби Дэйви Зелькени ўзига жалб этиш учун 8 млн. еврони «қурбон қилди». Менежер Ральф Рангник эса Юрген Клопп билан Марио Гётцени клубга таклиф этиш ниятида.

Германиялик мухлислар «Лейпциг»га нафрат назари билан қиё боқишлари бежиз эмас - тижоратни биринчи ўринга қўядиган жамоаларни немислар ёқтиришмайди. Ҳозирда мамлакатнинг барча стадионларида «Ред Булл»га қарши Nain zu RB кампанияси авжига чиққан. Бироқ йирик сармояларнинг қудрати эвазига жамоа элитага чиқиш учун асосий номзод бўлиб турибди. Эҳтимол, «Лейпциг» чўққини шу мавсумнинг ўзидаёқ забт этар. Аммо жамоа 2-лига вакиллари орасидаги рақобатни янада кучайтиргани аниқ.

2. Штрайх қайтишга

шайланмоқда

«Ота-онамга тегишли гўшт дўкони В-3 трассасида жойлашгани боис, мен у ерда турли табақа вакилларига дуч келардим. Бир куни ошхонада бувим томонидан таклиф этилган гамбурглик қашшоқни учратдим. Урушдан кейинги йилларнинг бош қоидаси шундай эди: «Ночорни кўрдингми, унга бирор егулик бер». Шогирдларининг ҳолидан хабар олишни ёқтирадиган «Фрайбург» бош мураббийи Кристиан Штрайх бу ҳаракатларига шундай изоҳ берди: сўзга чечан бу мутахассис жамоани аутсайдер сифатида қабул қилиб олиб, 1,5 йил ичида 5-поғонага олиб чиқди. Аммо ҳал қилувчи баҳорги босқични «Фрайбург» ўта суст ўтказди ва элитани тарк этди. Бу шунчаки тасодиф эканини исботлашга бел боғлаган мураббий кучлилар сафига қайтишни шу мавсумда амалга оширмоқчи.

3. Бўйидан баланд сакраган жамоа

«Кичкина деманг бизни...» қабилида иш кўрадиган жамоалар ҳар қандай чемпионатга ўзгача жило бахш этади. Ўтган мавсумда элита йўлланмасига эришган «Дармштадт» энди кучлилар орасида ҳам бўш келмаяпти. 2-лиганинг қуйи поғоналарига кўникиб қолган «Бохум» жорий мавсумда тамоман ўзгарди - стартдаги 5та учрашунинг барчасида ғалаба қозонди. Бошқа бир сенсация сифатида «Падерборн»ни сафарда 6:0 ҳисобида маҳв этган «Зандхаузен»ни кўрсатиш мумкин. Ваҳоланки, ҳатто олий лигада фақат «Бавария» шундай йирик ҳисоб билан зафар куча олганди, холос. Жамоанинг америкалик ҳужумчиси Эндрю Вутене эса Петерсен ва Теродде билан бир хил - 5тадан гол урган ҳолда тўпурарлар рўйхатини бошқариб бормоқда. Асосийси, 2- лиганинг пешқадамлари ёрқин ва сермазмун футболни намойиш этмоқдалар.

 

«В» серияси

1. «Яшил карточкалар»

Кўҳна футбол қоидаларидан велосипедни қайтадан ихтиро қилиш иштиёқи  бир зумга бўлсада сўнган эмас. Мана, италияликлар янги мавсумни ғайритабиий янгилик билан бошлашди: «В» серияси беллашувларида ҳакамлар «яшил карточка» билан ҳалол ўйин қоидаларига амал қилган футболчиларни рағбатлантириб боришади. «Яшил карточка»лар футбол рамзларидан бирига айланиши керак. у юксак олийжаноблик фазилатларини намойиш этган ўйинчиларга кўрсатилади. Қайсидир футболчини жароҳатланганини кўриб тўпни майдон четига чиқариб юбориш яшил карточкага сазовор бўлиш учун етарли эмас. Бу рағбат жамоаларни ҳалол ўйнашга ундайди», - деди одоб-ахлоқ комиссиясининг аъзоларидан бири.

2. Сардиния қасос олмоқчи

Ўтган мавсумда «Кальяри» сўнгги 10 йил ичидаги энг паст натижани қайд этди. Мураббийлар қўнимсизлиги оқибатида жамоанинг ўйин услубини аниқлашнинг иложи бўлмай қолди. Фақат Зденек Земавннинг фаолияти қисман ўзгаришларга сабаб бўлди. Лекин сардинияликлар мавсумлар оралиғида таркибни сезиларли даражада кучайтириб олишди. Қолаверса, камтарин «Авеллино»ни «плей-офф»га олиб чиққан 43 ёшли Массимо Растелли энди «В» сериясининг номдор жамоасига устозлик қилмоқда. Старт беллашувида «Кротоне» устидан эришилган йирик ғалаба (4:0) эса мураббий ҳам, «Кальяри» ҳам тўғри йўлда эканини кўрсатиб турибди.

3. Пануччи ва Оддонинг мурабийликдаги илк қадамлари

Меҳнатсевар бу икки ҳимоячи узоқ вақт давомида «абадий шаҳар» дербисининг қарама-қарши баррикадасида жанг олиб боришганди. Кейинроқ бошқа жамоаларда ҳам рисоладагидек тўп суришди. Энди Кристан Пануччи билан Массимо Оддо ўртасидаги баҳс мураббийлик соҳасида давом этади. Буни қарангки, улар бошқараётган «Ливорно» ҳамда «Пескара»ни тақдир биринчи турдаёқ учраштирди. Нисбатан тажрибалироқ бўлган Пануччи жамоаси ишончли (4:0) ҳисобда ғалабага эришди. Тўғри, дастлабки омадсизликни Массимо тасодифга ағдариши ҳам мумкин - ўйиннинг 6-дақиқасида ҳакам «Пескара» дарвозабонини майдондан четлатди. Лекин вазиятни ўнглаш учун Оддода вақт етарли. Эҳтимол, бу икки ёш мураббий ўз жамоаларини «А» сериясига олиб чиқишар. Ҳар ҳолда, мусобақа эндигина тезлик олмоқда.

 

Сегунда

1. Гаиска Гаританонинг

юксалиши

Испаниянинг энг ёрқин мураббийларидан бири янги ҳаётга қадам қўймоқда... «Эйбар»га келгунига қадар у журналист эди ва йирик бир нашрга асос солганди. Бироқ иши юришмай, «Эйбар» бошқарувини қўлга олди. Атиги 2700 аҳолиси бўлган мўъжазгина шаҳарчанинг митти жамоаси унинг раҳбарлигида примерога чиқди, шунинг баробарида бир қатор ёрқин ўйинларни намойиш этди. Кейинчалик молиявий муаммолар туфайли элитадан четда қолган «Эльче» ўрнини эгаллаган «Эйбар» яна уни бағрига чорлади-ю, аммо Гаиска таклифни рад этиб, «Вальядолид» билан шартнома имзолади. Ҳозирча мақтаниш учун ёш мураббийда ҳеч қандай асос йўқ - жамоа 3 ўйиндан фақатгина 3 очко жамғарди, холос. Лекин «Вальядолид» Гаритано билан ижобий натижаларга эришишига шубҳа йўқ.

2. «Сарагоса»нинг азоблари

Сўнгги 10 йил ичида жамоа юксалишлар шавқини ҳам, пасайишлар аламини ҳам тотиб кўрди. Милито-Оливейра дуэтидек кучли жуфтликка эга бўлган «Сарагоса» УЕФА кубоги мусобақаларида иштирок этди. Кейин... Примеродан тушиб кетди. Ўтган йили элитага қайтишга яқин турганди. Лекин ўтиш турнирининг финалида «Лас-Пальмас»дан енгилди. Энди сербиялик мутахассис Ранко Попович примеро йўлланмасини қўлга киритиш учун 3-марта уриниб кўради. Тўғри, ҳужум чизиғида энди Милито ҳам, Оливейра ҳам йўқ. Лекин жамоа Хесус Вальехони «Ла-Ромареда»га қайтарди. Жингалак сочли марказий ҳимоячи 18 ёшдаёқ сардорлик боғичига лойиқ кўрилган, аммо 3,5 млн. евро эвазига «Реал» уни илиб кетганди. Энди у ўз жамоасида, шунингдек, «Сарагоса» «Лас-Пальмас» ҳужумчиси Альфредо Ортуньони ижарага олди. Хуллас, Попович бу жанговар жамоани элитага олиб чиқиши шарт. Акс ҳолда, учдан кейин пуч бўлиб, у истеъфога йўл олади.

3. Жоржевичнинг 3-уриниши

Черногориялик Лука Жоржевич «Иккинчи Йоветич» унвонига лойиқ кўрилди. 17 ёшида «Зенит» сафига ўтди, 18да эса миллий жамоадаги дастлабки голини нишонлади. Бироқ 21 ёшга чиққанида барча мухлислар ёдидан кўтарилди - «Зенит»да ҳам, «Твенте» ва «Сампдория»да ҳам ишлари чаппасига кетди. Шундан сўнг футболчи Испаниянинг «Понферрадина» клубига йўл олди. Мақсад - ўзи билан бирга бу ёш жамоани примерога олиб чиқиш орқали бой берилган обрў-эътиборни қайтадан тиклаш!

Манба: «Championat.com»

C.CОБИР тайёрлади, "ИнтерСПОРТ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 19:34, 28.09.2015.
Ўқилди: 2848 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.