Кириш Регистрация

Рақобатлашмаймизми?

Баҳо:
+ | -

Бундан олти йил муқаддам ўзимизча ОРЗУ қилган эканмиз! Энди маълум бўлишича, бу орзуларимиз САРОБ бўлиб чиқди. Ҳазиломуз мақолани бир ўқиб кўринг-да, ўзингиз хулоса беринг!

 

Рақобатлашмаймизми?

Рақобат ҳақида гап кетганида битта китоб ёзса бўлади, ишонасизларми? Бу гапим билан мен рақобат мавзуини “Чемпион” қиссасига ўхшаш тарзда сондан сонга ўтказиб ёзиш ниятим йўқ, чўчиманг! Шу сонда иккитагина саҳифа оламан, кифоя қилади, икки саҳифа ичида ҳам кўп нарсаларни ёзиб олса, гапириб олса, ични бўшатиб олса бўлади, азизлар!
Рақобатнинг афзалликлари, рақобат бор жойда ривожланиш бўлишини ҳамма билади. Бунга ҳаётий мисоллар жуда кўп. Рақобат тўхтаганда эса тараққиёт тўхташи ҳам бор гап. Шунинг учун маънавиятимизнинг асл тиргаги бўлган китобларда монополияга рухсат йўқлиги, бу ишни қилганлар қаттиқ жазога мустаҳиқ эканлиги олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Футбол ҳам ҳаётнинг ажралмас бир қисми бўлгач, ўз-ўзидан унинг тараққиётида ва ривожланишида рақобат муҳим омил ҳисобланади. Ҳозирги футболимиздаги кўзга кўринарли ривожланиш (албатта терма жамоага алоқаси йўқ ривожланиш ҳақида гап кетяпти!) замирида ҳам айнан рақобат бор. “Пахтакор” мухлисларининг бахтига, ҳа, айнан “Пахтакор” мухлисларининг бахтига “Қурувчи”, кейин “Бунёдкор” номи остида пешқадам жамоа пайдо бўлди. Нима учун бу пайдо бўлиш кўпроқ “Пахтакор” мухлислари бахтига бўлди, деяётгандирсиз? Бунинг жавоби шундай: “Бунёдкор” жамоаси қошида фан-клуб очилдию, “Пахтакор” раҳбарияти бу борада жиддийроқ иш олиб бориш зарурлигини англаб етишди.
“Бунёдкор” раҳбарияти чиройли стадион барпо қилди ва бунинг давоми “Пахтакор” стадионининг евростандартд таъмирдан чиқиши билан тугади.
“Бунёдкор” клуби веб-сайтини ажойиб қилиб қўйди, натижада “Пахтакор”да ҳам бу ишлар борасида ривожланиш кўзга ташланди.
“Бунёдкор” чет элдан футболчиларни олиб келишни бошлади, “Пахтакор” ҳам бу борада нимадир янгилик қилишга ўтди. Акс ҳолда, ишонаверинг, Пинту, Маркович ва шунга ўхшаш номларни кўрмасдик.
Ва ниҳоят “Бунёдкор” “Пахтакор”га арзирли қаршилик кўрсатишни бошлаб, чемпионатда пешқадамга айланиб олганди, мухлислар ўртасида ҳақиқий кураш бошланди. Бир томондан хурсанд қиладиган, бир томондан эса фозил инсонларни чўчитиб юборадиган фанатизм ўзбек заминида ҳам кўзга ташлана бошлади.
Ўзбек футболчиларига ҳам энди ухлаб ўйнаш мумкин эмаслиги аниқ бўлди. “Сайпа” – “Бунёдкор” жамоалари ўйинини “Бунёдкор” фан-клуби томонидан уюштирилган томошазалда кўриб ўтиргандик, бир қизиқ жиҳатга эътиборим тушди. Телевидениедаги ҳамкасбимиз Зафар Имомхўжаев ўйинни шарҳлаб туриб, футболчиларнинг номларини такрор-такрор айтарди. Ғалати бўлиб кетдим бу такрор сўзларни эшитиб: “Ҳасанов… Хайрулло Каримов… Тўп билан энди Жепаров, Ривалдо…” Бироздан сўнг сал бошқача тартибда жаранглади: “Ҳасанов тўпни Ривалдога оширди, Ривалдо эса Кападзе билан ўйнади, Капазденинг узатиб берган тўпи Виллануэвага келиб тушди. Виллянуэва тўпни Хвастуновга қайтарди…” Шунга ўхшаш футболчилар номини зикр қилишлар. Ҳайрон бўлаётгандирсиз, бу ерда қандай хатолик ёки ғаройиблик бор, деб??? Йўқ, мен Ривалдонинг Ҳасанов ва Жепаров деган фамилиялар орасида айтилаётганига ажабландим. “Бўлар экану, шунақа воқеалар ҳам бизнинг диёрларда бўлар экан-у!” деб юбордим. Яқин кунлар ичида Зико шогирдлари деган таъриф ҳам ишлатилади матбуотда. Хуллас, мана шунақа ўзгаришлар охир-оқибат футбол тараққиётига сабаб бўлади. Майли, кимдир бу пулларга болалар футболини ривожлантириш керак эди, деяётган ва бу гапи билан анча ҳақ бўлса ҳам, Ривалдонинг ташрифи ҳам бекор кетмаслигини фахмлаб турибмиз. Зико ҳам ўзининг афсонавий ҳаракатларидан баъзиларини ёш йигитларимизга уқтиради, деган эътибор билан, бу ҳодиса терма жамоамиз ўйинига ижобий томондан фойда беради, деб ўйлаймиз. Футболда рақобат жуда ҳам зарур. Юқоридаги тартиботни давом эттирадиган бўлсак, “Бунёдкор”нинг янгиликларини такрорлаш учун ҳаракат қилаётган “Пахтакор” қандайдир Тристан ёки кўпчилик эсдан чиқариб қўйган Сульшерга ўхшаш футболчиларни олиб келса, мураббийлик штабига ишсиз юрган Гуллитга ўхшаш машҳурларни таклиф этса, ўйлаймизки, клубларимиздаги ўйин услуби бутунлай ўзгаради. Пойтахт жамоалари ўртасидаги тортишув ривожланиши натижасида, водий жамоалари ҳам нимадир қилиш зарурлигини англаб етишади. Кўриб турибсизки, “Нефтчи” ҳам ўзининг эскирган қўшиғи билан узоққа боролмаслигини англаб етади. Жамоага ҳеч бўлмаса Россия чемпионатида унутилаёзган номларни чақиради. Агар иштаха карнай бўлиб қолса, қаерларда юргани номаълум бўлиб кетган Мендиета билан Клюйвертни таклиф этиб, “Пойтахтга саломлар!” деган жавобни бериши ҳам мумкин. Мураббийлар штабида эса Дидье Дешам, Марио Загало ва шунга ўхшаш дунё танийдиган сиймолари кўриниб қоладими, нима дедингиз? Фарғонанинг бу шиддатини “Навбаҳор” жим кузатади, дейсизми? Ҳозирча наманганликлар пойтахт жамоалари ўртасидаги рақобатга индамай турибди, аммо водийдан бир жамоа шу услубни қўллашга киришса, Наманган ҳокимиятида фавқулодда йиғилиш ўтказилишига ва бу йиғилишда жамоага тезлик билан Майкл Оуэн ҳамда Патрик Виерани олиб келиш зарурлиги хусусинда гап-сўзлар бўлади. Оуэн билан Виерани Рустам Абдуллаев ўйната олмаслиги мумкин, деб, уларнинг тилини яхши тушунадиган Бобби Робсоннинг манзилгоҳи, телефон рақамлари интернет орқали аниқлансин, деган қарор чиқиб қоладими, ким билади, дейсиз?!
Кейин Андижон томонларда ғала-ғовур бошланади. “Нефтчи” ва “Навбаҳор”да шунча ўзгаришлар бўляпти, биз ҳам Валерий Газзаевни бош мураббий қилиб олиб келамиз, ҳужум чизиғига италиялик Вьерини чақирамиз, ҳимояни Яп Стам билан тўлдирамиз, ярим ҳимояга Ҳасан Шаш келади! Қарор қатъий!”
Пойтахт ва водий жамоаларинг шашти баланд бўлгач, воҳа қараб туради, дейсизми? Самарқандликлар бошлашади биринчи трансфер ишларини. “Энди бундан буён “Пахтакор”нинг захирасидаги ўриндиқлар чангини артаётган футболчиларни эмас, балки чет эллик юлдузларни олиб келамиз жамоага!” дейишади самарқандликлар. Кимдан бошлаймиз, мураббийданми? Интернетни титкила, Арагонес “Фенербахче”дан кетади, деган гап бор эканми, суриштириб кўр, Рональд Куман ҳам каттароқ пул таклиф қилса келиши мумкин. Ёки Блохинни олиб келамизми? Мажлис анча жиддий кечади. Дарвозабон масаласини ҳал қилиб олишимиз керак аввало. “Бунёдкор”дан Бугалони оламизми, Рушту Режберга оғиз солиб кўрамизми? Ҳимояга Тюрамни олиб келиб ҳайрон қолдирамизми ҳаммани? Ярим ҳимояга Де Ливиони, қанотга Хоакинни, ҳужумга Гиггзни олиб келамиз. Уэлслик юлдуз бизнинг диёрда ҳужумда ҳам ўйнай олади!”
Бу катта ишларга Самарқанд аралашгач, Бухоро индамай туради, дейсизми? Асло! “Мураббийлик курсисига анчадан буён Отто Рекхагелни олиб келаман, деб юрувдим, – деб гапни бошлайди ҳоким. – энди вақт етиб келди. Жамоага Денилссон, Марсело Салас, америкалик Донаван ва швед Люнгбергни олиб келамиз. Гап битта!”
Жиззах томонларда ҳам гап сўз тарқала бошлайди: Эшитдингми, “Сўғдиёна”га Анчелотти тайинланибди, у ўзи билан Италиядан Индзагини, Ди Бьяджони олиб келаётган экан. Эффенберг билан ҳам мулоқотга чиқишибди…”
Хуллас, рақобат мана шундай куч-қудратга эга! Инсонларни карахт аҳволга солиб қўядиган воқеаларни жуда ҳам тезлаштириб юборди. Эҳтимол, ҳозир биз сизга тахминий суратда ёритиб берган ҳолатларни ўқиб кулган бўлсангиз керак? Ёмон хаёлга берилибдими бола, деб. Лекин шуниси аниқки, уч йил олдин сизга “Бунёдкор” деган жамоа уч йилдан сўнг Ривалдо билан Зикони олиб келади”, десак, бундан баттар кулардингиз, тўғрими? Демак, хаёл суришга имконият берилди. Ҳозирда терма жамоага чақирилмаётган ва бир пайтлар сизга кумир бўлган юлдузлар рўйхатини истаганча ўзингиз яхши кўрган жамоа таркибига қўшиб қўйиш имконияти пайдо бўлди. Бунақа хаёлий ҳолатлар фақат FIFA ўйинида эмас, балки реал воқеликда ҳам бўлиши мумкин эканлигини ҳис қилиб турибмиз.
Буларнинг ҳаммаси рақобатнинг мавжудлигидан. Бир жамоанинг гегемонлиги, чемпионатда ҳукмронлик суриши ўша жамоа учун эмас, балким ҳамма учун кони зарардир. Биз мана шу эътибор билан юртимиз футболида рақобат кўпайишини, у рақобатнинг тури ҳар томондан бўлишининг тарафдоримиз. Дунё футболидаги рақоботни унчалик тасаввур қила олмасдик, худога шукр, Ривалдонинг ташрифи билан тахминан тушуниб олдик. “Милан”да захирага михланиб қолган, кейин эса бахтини ўртамиёна Греция чемпионатида излаган Ривалдо 36 ёшида “Бунёдкор” жамоасининг 25-30 ёшли йигитлари ичида етакчи бўлиб олди – энди тасаввур қилинг, жамоага Андрей Шевченко келиб қолса нима бўлади?
Демак, дунёдаги рақобат шу қадар каттаки, исталган юлдуз беш дақиқа машғулотга беэътибор бўлса, унинг ўрнини Иньеста олиб қўявериши мумкин экан (Роналдиньо назарда тутиляпти!) Андрей Шевченкодек йигит озгина асосий таркибда кўринмай қолувди, Борьелло деган ёш бола унга “нон” бермаяпти. Патонинг борлиги эса Шевани бус-буткул захирага михлаб қўйди. Чунки дунёдаги рақобатга нисбатан ҳақиқий соф рақобат деган таърифни ишлатса бўлади. Улар бу рақобат жараёнида ўзларининг имкониятларини спортчасига намойиш эта олишади. Рауль испаниялик бўлгани учун эмас, ҳақиқатан зўр ўйинчи бўлгани учунгина “Реал” жамоасида жойини сақлаб қолади. Акс ҳолда, уни яхши кўрадиган жамоа президенти ҳам мураббийнинг ишларига аралашолмай қолади. Мана шу жиҳатлар футболнинг бугунги тараққиётига сабаб бўлган.
Бизда ҳам шунақа ҳодисалар насими эсаётгандек.
Рақобат жуда ҳам зарур! Бу жиҳатдан рақобатдан синаётган ва рақобатга дош беролмаётганлар ҳам ранжимасликлари керак. Рақобатдан ХАЛҚ ютади, МУХЛИСЛАР ютишади. “Пахтакор” мухлиси ҳарчанд “Бунёдкор”ни ёмон кўрмасин, МҲСК стадионига бундан буён Ривалдонинг ўйинини томоша қилиш учун тушаверади. Фан-клубдаги бошқа шерикларим кўриб қолмасмикан, деган хавотир билан бўлса ҳам ўйинни кузатиб олади. Ривалдонинг ўйинини телевизорда кўравериб чарчаган, энди ўзини кўриб қўяйлик, дейди энг ашаддий рақиб мухлис ҳам. Рақобат мухлисларни бир пайтнинг ўзида бир-бирларига душман қилса, бир пайтнинг ўзида пинҳоний дўстга айлантиради. Чунки бу диёрнинг одамларини бирлаштириб турадиган битта сўз бор, у сўзга ҳамма бўйсунади ва у сўзни ҳамма бирдек ҳурмат қилади, у сўз жаранглаганида, ҳамма жим бўлади ва олиб борилаётган ҳамма ишлар фақат ўша сўзнинг тараққий этиши учун бўлаётганини ҳамма билади. Бу сафар ўша сўзни пичирлаб ё қулоғингизга эмас, баралла айтаман. Эшитишга тайёрмисиз, тайёрмасмисиз, бу мени қизиқтирмайди: ЎЗБЕКИСТОН!!!

Хайрулло Ҳамидов (Мақола “Чемпион” газетасида 2009 йили чоп этилган)

Манба: gol.uz
Киритилди: 10:21, 29.09.2015.
Ўқилди: 4420 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.