Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Пойтахт томонларда нима гап?

Баҳо:
+ | -

Биринчи лига жамоаларининг уй стадионлари ҳақидаги маълумотларни беришда давом этамиз. Бугун “Шарқ” вакилларининг “уйларини” таништирувини якунлаймиз. Фарғона, Наманган, Андижондан кейин пойтахтга кўчиб ўтамиз. Ушбу мавсум Ўзбекистон Биринчилигининг “Шарқ” минтақасида пойтахт шарафини “Оқ-тепа”, “НБУ-Осиё”, “Пахтакор-2” ва “Бунёдкор-2” ҳимоя қилди. Уч иштирокчидан фақат ёш “қалдирғочлар” иккинчи босқичга чиқа олмади. Дмитрий Ким бошчилигидаги жамоа тажрибали рақиблари олдида тажрибасизлик қилди. Қолганлар эса, иккинчи босқичда ҳам рақибларига ҳақиқий “бош оғриқ” бўлмоқда. Оддий мисол, “Пахтакор-2” 7-турда “Хоразм”дан устун келган бўлса, “НБУ-Осиё” пешқадам “Обод”ни йирик ҳисобда мағлуб этди. “Оқ-тепа” эса, олий лига йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда. Лекин бу бошқа масала. Биз бугун мазкур тўрт жамоанинг уй стадионлари ҳақида маълумот берамиз. Аҳамиятлиси, стадионларнинг иккитаси пойтахтимизнинг Чилонзор, яна иккитаси эса, Шайхонтоҳур туманида жойлашган. Даставвал фарм-клубларга тўхталамиз.

Чилонзордаги майдонлар
“Пахтакор-2” рақибларини пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги ўйингоҳда қабул қилади. БЎСМнинг маъмурий биноси жойлашган мазкур ўйингоҳ футбол мутахассислари орасида яхшигина таниш. Чунки бу майдон азалдан кўп жамоалар учун хизмат қилган ва ҳозир ҳам хизмат қилиб келмоқда. Айниқса, қишда кўплаб клублар, жумладан қўшни юрт жамоалари ҳам Чилонзорда “тўхтаб” ўтишади. Сабаби, стадионга сунъий қоплами чим ётқизилган. Шу боис, аксар жамоалар қишда бу майдондан фойдаланишади.

Ўйингоҳнинг атрофи махсус тўсиқлари билан ўраб чиқилган. Майдоннинг фақат бир томонида мухлислар учун бир қатордан иборат ўриндиқлар қўйиб чиқилган. Ўриндиқларда тахминан 50 нафар ишқибоз бемалол ўтириб, ўйинни кўришлари мумкин. Қолганлар майдонинг биқинидаги чимда ўтириб, учрашувни томоша қиладилар. Қанот ҳаками билан ишқибозлар орасида ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Оралиқ масофа ҳам узоқ эмас. Мураббийлар штаби ва захира ўйинчилари учун ажратилган жойлар ёмғирдан ҳимояланган. Тўртинчи ҳакам ва назоратчига ажратилган жой ҳам ёпиқ ҳолатда. 

Стадионнинг атрофида турли ташкилотларнинг маъмурий бинолари, кўп қаватли уйлар жойлашган. Футболчилар тўпни юқорига тепадиган бўлса, жамоа маъмурларига ортиқча иш топилади. Улар коптокни турли ҳудудларидан топиб келишга мажбур бўлишади. 

Майдоннинг ўлчами стандарт талабларга бемалол жавоб беради. Ўлчам максимал ҳам, минимал ҳам эмас. Стадионда қўл бола табло ишлайди. Прожектор ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Яна бир гап: жамоалар учун ажратилган ечиниш хонасининг ҳолати ҳам кўнгилдагидек. Хона бироз торлигини инобатга олмаса футболчиларга барча шароитлар яратишга ҳаракат қилинган. Қисқача хулоса шуки, майдон жамоаларнинг машғулот ўтказишлари учун жуда қулай, аммо расмий ўйинлар ҳақида ўйлаб кўриш керак, лекин бизда бошқа стадионлар билан солиштирганда бу майдон тўғрисида фақат илиқ фикрлар билдириш мумкин.

Бу стадион яқинида муҳташам “Бунёдкор” ўйингоҳи жойлашган. Стадионлар орасидаги масофа пиёда юрилганида 10 дақиқани ҳам ташкил қилмаслиги мумкин. Ўша муҳташам стадионнинг атрофида жамоа академияси тарбияланувчилари, асосий ва ўринбосалар таркиби машғулотлар ўтказадиган майдонлар бор. Уларнинг аксари табиий қопламали, яна бир нечтаси сунъий қопламали майдонлардир. Қишда мазкур майдонларнинг сунъий қопламалилари олий лига клублари учун машғулот ўтказиш майдонига айланади. Қолаверса, ПФЛ Кубогининг аксар учрашувлари ҳам шу майдонларда ташкил қилинади. Сабаби оддий, майдонларнинг ҳолати ажойиб кўринишда. Буни стадионларни кўрганлар жуда яхши билишади. “Бунёдкор-2” жамоаси уй ўйинларини айнан шу стадионларда ўтказади. Вазиятдан келиб чиққан ҳолда майдонлар танланади.

Майдонларнинг сифатини айтганимиздек, фақат мақташ мумкин. Чунки чим стадион ходимлари томонидан шундай парваришланадики, кўзингиз қувнайди. Майдон ҳам жуда текис. Хоҳ табиийси бўлсин, хоҳ сунъийси, чимнинг ҳолати аъло даражада. Аҳамиятлиси, доимо аъло даражада бўлади. Майдоннинг ўлчами ҳам талаб даражасида. Прожекторлар ҳам бор. Қисқаси, футболчилар яхши ўйин кўрсатишлари учун барча шароитлар бор. майдонга тушиб фақат ўйнаш керак.

Албатта, иш бор жойда камчилик бўлади. “Бунёдкор” академияси майдонларида камчилик йўқ. Фақат ечиниш хоналари узоқда эканлигини айтмаса. Аслида бунга клуб айбдор эмас. Чунки майдонлар академия тарбияланувчилари учун қурилган. ПФЛ эса, бу майдонларда расмий ўйинлар ўтказишга рухсат берган. Хуллас, ечиниш хоналари камлиги учун айрим ҳолларда майдон билан ечиниш хонасининг оралиғи узоқлашиб кетади. Натижада жамоалар танаффусни майдоннинг ўзида ўтказиб қўя қолишади. Лекин ечиниш хонасидаги шароитлар яхши даражада. У ерда барча шароитлар муҳайё қилинган.

Яна бир камчилик шуки, табиий ҳолатда майдонда табло йўқ. Қолаверса, мухлислар учун ўриндиқлар ҳам ажратилмаган. Ишқибозлар майдон четидаги тўсиқдан кейин ётқизилган чимлар устида ўтириб бемалол ўйин кўришлари мумкин. Ҳатто мураббийлар штабига ҳам доимий бўлмаган ўриндиқлар берилади. Агар кутилмаганда ёмғир ёғса захира ўриндиғидагиларни ёмғирдан тўсадиган тўсиқ йўқ. Захира ҳаками учун ҳам ҳеч қандай қулайлик йўқ. Аммо юқорида таъкидлаганимиздек, бундай камчиликлар майдонда футболчиларнинг чиройли ўйин кўрсатишларига тўсқинлик қилмайди. 

Шайхонтоҳурга йўл оламиз
“НБУ-Осиё” аслида уй учрашувларини пойтахтимизнинг Юнусабод туманида жойлашган “Ёшлик” спорт марказидаги стадионда ўтказарди. Аммо сўнгги икки йилдан буён бу майдонда реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Натижада “банкирлар” рақибларини ижара асосида “Жар” стадионининг машғулот майдонида қабул қилмоқда.

Бу майдон мухлисларга яхши таниш, десак муболаға бўлмаса керак. Сабаби, турли ёшдаги терма жамоаларимиз бир неча йиллардан буён шу майдонда машғулот ўтказиб келади, керак бўлса, халқаро ўртоқлик учрашувларини ҳам ўтказишади. Шайхонтоҳур туманининг Чорсу даҳасидаги майдон катта кўчадан ҳам кўриниб туради. Шунинг учун стадионга киришнинг иложи бўлмаса, ўйинларни майдонни ўраб турган тўсиқлар атрофида ҳам кузатса бўлади. 
Майдоннинг икки тарафида мухлислар учун трибуна бор. Агар иккала трибуна бутунлай тўлса, тахминан 1500-2000 минг ишқибоз ўйинни бевосита стадионда кўриш имкониятига эга бўлади. Бир тарафдаги трибуна билан жамоалар учун ажратилган захира ўриндиғи бирлашиб кетган. Захира ўриндиғининг усти ёпилган. Лекин истаган ишқибоз клуб расмийларига ҳалақит беришлари мумкин. Ҳатто захира ҳаками ҳам ҳеч нарсадан ҳимояланмаган. Унга ўтириш учун стул йўқ, алоҳида махсус жой ажратилмаган. Энг кераклиги бўлган трибуна билан майдон орасида ҳеч қандай тўсиқ йўқ.

Жамоалар “Жар”нинг асосий майдонига қарашли ечиниш хонасидан фойдаланишади. Ечиниш хонасидаги ҳолат олий лига клублари даражасида. Иссиқ сув, совуқ сув, массаж хоналари, ҳожатхона. Майдон билан ечиниш хонаси орасидаги масофа узоқлиги боис, на ҳакамлар ва на жамоалар танаффус вақтида ўз хоналарига боришмайди. Майдонинг турли қисмларида ҳордиқ чиқариб, мураббий ва назоратчилардан тегишли кўрсатмаларни олишади. 

Майдоннинг ўлчами стандарт талабларга жавоб беради, табиий қопламали чимнинг ҳолати ҳам ёмон даражада эмас. Лекин аъло деб ҳам бўлмайди. Кичик стадионда табло бор, аммо ишламайди. Прожектор ҳақида гапиришга умуман ҳожат йўқ. Хуллас, бу стадионда ҳам муаммолар бор. 

Энди Шайхонтоҳур туманининг бошқа ҳудудида жойлашган “Оқ-тепа” стадиони ҳақида. Асли умумтаълим мактабига тегишли бўлган мазкур майдон кичик бир маҳалла ичида жойлашган. Стадионнинг икки тарафида ишқибозлар учун трибуна бор. Катта эҳтимол билан бу ўйингоҳда бемалол уч минг мухлис учрашувни кузата олади. Ўйингоҳнинг қолган икки тарафи махсус тўсиқлар билан ўраб чиқилган. Ўша икки томон автомобиллар ўтадиган йўл бўлганлиги боис, ўйин давомида ҳам машиналар ҳаракатланаётганини кўриб туришингиз мумкин. Ёки ўша икки тарафда маҳаллий аҳоли истиқомат қиладиган ҳовлилар жойлашганини боис, улар керак бўлса, уйларининг иккинчи қаватидан стадионда давом этаётган ўйинларни кузата олиш имкониятига эга бўлишади. 
Юқоридаги уч стадиондан фарқли равишда бу ўйингоҳда мухлислар билан қанот ҳаками орасида катта тўсиқ бор. Тўғри, масофа бироз яқин ва ишқибозлар бемалол рефери ассисентларини, захира ҳакамини чалғитиши мумкин, аммо асосийси тўсиқ бор. Лекин бу ерда ҳам захира ҳаками учун алоҳида махсус жой йўқ. 

Майдоннинг ўлчами стандарт талабларнинг минимал даражасига жавоб беради, яъни, 100x64. Майдонга сунъий чим ётқизилган. Шунинг учун қишда аксар клублар шу майдондан фойланиб туришади. Захира ўриндиғи аъзолари ва бир томондаги трибунанинг ўсти ёпиқ, ёмғирдан ҳимояланган. Бу стадионда ҳам биринчи лиганинг кўплаб ўйингоҳларида бўлгани сингари қўл бола табло ишлайди. 

Жамоаларнинг ечиниш хонаси талаб даражасида. Кенг ва ёруғ. Асосийси, ҳожатхона ва ювиниш хоналари бор. У ерда иссиқ-совуқ сув мунтазам равишда бўлади. Ҳакамлар хонасида ҳам рефериларга барча шароитлар яратилган. Қолаверса, ечиниш хоналари майдондан узоқда эмас, жамоалар танаффусда ҳам бемалол ечиниш хонасига йўл олишади. Аммо бу стадионда ҳам прожектор борасида муаммо топилади. Тўғри, айрим учрашувларда ёритгичлар ёқилади, бироқ прожекторларининг ёритиш кучи юқори даражада эмас.

Умумий муаммоар
Биринчи лиганинг деярли барча клублари учун умумий муаммо, бу стадионда ОАВ ходимларига жой ажратилмаганидир. Мусобақада асосан ҳаваскор клублар иштирок этиши сабабли бунга эҳтиёж сезилмаса керак, аммо барибир ОАВга қандайдир шароит яратилиши шарт. Яна бир гап: юқоридаги тўрттала стадионинг ҳеч бирида учрашувларга чипта сотиш орқали клубнинг молиявий муаммоларини қайсидир қисми “ёпилмайди”. Ваҳоланки, замонавий футболда чипта савдоси муҳим роль ўйнаётганига анча бўлган. Тўғри, юқоридаги тўрт клубнинг уй учрашувларини бевосита стадионда 100 нафарга етмайдиган ишқибоз кузатади. Шунинг учун чипта сотишга ҳожат йўқдир, аммо клубларимиз профессионаллик сари интилаётган экан, бу борада ҳам иш олиб боришса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Манба: arena.uz
Киритилди: 20:31, 30.09.2015.
Ўқилди: 5435 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.