Бир неча йиллар мобайнида Франц Беккенбауэр ҳамда Ули Хёнесс сояларида қолиб кетган Карл-Хайнц Румменигге айни пайт «Бавария» клубида муҳим ролга эга. FIFA.com сайти 25 сентябрь куни 60 ёшини қаршилаган ушбу мутахассис, ўз даврида сермаҳсул ўйин намойиш қилган собиқ ҳужумчидан интервью олиш чоғи унинг замонавий футбол қўяётган талаблар ҳақидаги фикрлари билан қизиқди. Ўз навўбатида, немис футболининг тирик афсонаси «Бавария» таркибига қўшилиши тарихини ширин хотиралар ўлароқ, ёдга олди.
- Карл-Хайнц, аввало, юбилей ёшингиз билан табриклаймиз. Германиянинг энг номдор клубида 34 йил фаолият юритдингиз: аввал футболчи сифатида, кейин мутасаддиликда. Мазкур ҳамкорликдан фахрлансангиз керак...
- Омад ҳаётнинг ажралмас бир қисмидир. «Бавария» вакиллари уйимизга қўнғироқ қилиб, мени чақиртиришган пайт машҳур клуб сафида майдонга тушишимни ўйлаб, қандай шодланганимни ҳозир тасвирлаб ҳам беролмайман. Онам эса ушбу ёқимли хабардан ўзини йўқотиб қўйганди. Хуллас, 1974 йили, 19 ёшимда Мюнхенга кўчиб ўтар эканман (трансфер нархи 17500 немис маркасини ташкил қилган), олдимда улкан имкониятлар эшиги очилаётганини чин дилдан ҳис қилгандим. Бутсаларни михга илганимдан кейин эса, тўғри жойни танладим: «Бавария» мутасаддилари билан бир сафда ишлаш мен учун шараф.
- «Бавария»га келган илк дамларингиз тортинчоқлигингиз билан ажралиб турардингиз. Зеро, 19 ёшингизда Франц Беккенбауэр, Герд Мюллер, Зепп Майер ҳамда Ули Хёнесс сингари жаҳон тан олган юлдузлар сафидан жой олгансиз. Хўш, маҳоратли ҳужумчи бўлиб етишишингизда қайси омиллар туртки вазифасини ўтаган?
- Яратган мени иқтидор билан сийлади. Шундан келиб чиқиб, тўғри йўналиш танладим ва ихтиёримдаги қобилиятдан унумли фойдаланишга уриндим. Шундай ёндашув профессионал фаолиятимнинг бир текис кечишига замин яратди.
- Қўлга киритган совринларингиз фикрларингизга тўлиқ исбот...
- Албатта, ўйинчилик фаолиятим ажойиб кечган. Ўзи профессионаллик бошқаларга таъсир ўтказиш имконини беради. Бутсамни михга илишим арафасида хорижда тўплаган тажрибам ҳам асқотди. Хусусан, Миланнинг «Интер» ва «Серветт» клубларида муваффақият қозондим. Мюнхендан ташқарида ўтган йиллар мени ҳаётга бошқача кўз билан қарашга ундади. Ўшанда тўпланган тажрибадан ҳозир ҳам унумли фойдаланяпман.
- Маълум муддат «Бавария»да «ташқи ишлар вазири» вазифасини бажардингиз. Бу борада хорижлик ҳамкасбларингиз билан ажойиб муносабатларингиз қўл келгани аниқ...
- Футбол дунё кезишимга замин яратди. Ушбу спорт турида худди бошқа соҳаларда бўлгани каби мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун мамлакатдан четга чиқиш, хорижий мутахассислар билан тажриба алмашиш талаб этилади. Саёҳат қилишни ёқтираман: янгиликларга гувоҳ бўлиш, зарур пайт ёрдам бера оладиган кишилар билан алоқага чиқиш доимо ҳузур бахш этади. 1991-2002 йиллар оралиғида уюштирилган сафарлар пайти «Аякс», «Манчестер Юнайтед» ҳамда «Реал» клублари билан тажриба алмашдик. Ўша пайт клуб президенти лавозимида Франц Беккенбауэр ишлагани, бош менежерлик Ули Хёнесс ихтиёрида эканлигини инобатга олиб, имкониятлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилдим.
- Маҳаллий қаҳрамонлар - Беккенбауэр ҳамда Хёнесс машҳурлик бобида барчани ортда қолдирардилар. Уларнинг сояларида қолиб кетиш мумкинлиги сизни хавотирга солмаганми?
- Ҳасад қилувчилар тоифасига кирмайман. Ҳар қандай вазиятда ҳам, Франц «Бавария»нинг афсонаси бўлиб қолаверади. Ули билан ҳам дўстмиз, у клубимизнинг йўлчи юлдузи эди. Ҳаётнинг қоидасига асосан, ҳар ким ўзи муносиб бўлган нуфузга эришади.
- Анча ёшлигингизга қарамай, ГФР терма жамоаси ҳамда клубда сардорлик боғичини тақиш бахтига мушарраф бўлгансиз. Эндиликда 258000 минг кишидан иборат жамоани бошқаришда ўша тажриба асқотиши табиий. Ҳар ҳолда, мазкур кўрсаткич бўйича «Бавария» бошқа жамоаларни яққол ортда қолдиради. Инчунин, клубнинг йиллик даромади ҳам 540 миллион еврони ташкил қилади.
- Албатта, елкангизга юкланган вазифанинг масъулияти нечоғли оғир эканини ҳис қила билишингиз муҳим. Шу тариқа буюк клуб манфаати йўлида бор кучингизни сафарбар эта оласиз. «Бавария»да ўз ишларининг ҳақиқий усталари жамланишган, улар зиммаларидаги вазифаларни яхши ҳис қилишади. Жамоамизнинг даражаси йилдан-йилга юксалмоқда. Демак, кўрсаткичлардаги ижобийликни сақлаб қолиш учун бор кучимизни сарфлашимиз шарт. Ўз навбатида, ютуқлардан ҳаволаниб кетиш ҳам ярамайди. Юксакларда парвоз қилиш баробарида, ерга тўғри қўнишни ҳам билиш даркор.
- Турмуш ўртоғингиз Мартина билан болалар боғчасидаёқ танишган экансизлар. Бундан ташқари, 5 нафар фарзанднинг отаси ҳисобланасиз. Ушбу омиллар кундалик ҳаётингизга нечоғли таъсир кўрсатади?
- Набираларимга фарзандларимдан фарқли ўлароқ, бошқачароқ, аниқроғи, хотиржамроқ муносабатда бўлишга интиламан. Умуман, йўлимда учрайдиган ҳар бир ўзгаришга тўғри ёндашишни ҳаётий қоидага айлантирганман.
- Ҳозирги давр футболчилари қаторида тўп суришни хоҳлармидингиз?
- Бу ҳақда ҳеч қачон ўйлаб кўрмаган эканман. Шуниси аниқки, спортда йил сайин шиддат ошиб бормоқда. Бир гал клубимиз сардори - Филипп Ламга очиқ айтдим: «Сен аввалги профессионал футболчилардан кучлироқсан». Чунончи, ҳозирги футболчиларга ҳар тарафлама юқори талаблар қўйилади. Ўз навбатида, улар бизнинг давримиздан фарқли ўлароқ, кўпроқ пул топишади. Демак, катта маблағни оқлаш учун кўпроқ меҳнат қилишлари шарт.