Испания прокуратураси “Барселона” ҳужумчиси Лионель Мессининг бўйнидан солиқ тўлашдан бўйин товлаш айбини соқит қилди.
Тергов маълумотларига кўра, аргентиналик футболчининг молиявий ишларини бир неча йиллар давомида унинг отаси Хорхе Орасио Месси олиб борган. Прокуратура Мессининг отасига 18 ойлик қамоқ жазоси ва 2 млн евро миқдорида жарима сўради.
Лионель Месси ва унинг отасига нисбатан солиқ тўламаслик бўйича иш 2013 йилда очилган. Тергов футболчи Испания ғазнасига 4 млн евродан кўпроқ солиқ тўламаганини аниқлаган. Лионель бу маблағлардан фойдаланиш ёки уларни тақсимлаш борасида қарорларни қабул қилишда иштирок этмагани учун ундан барча айбловлар олинди. Аввалроқ футболчи умрида бирор сония вақтини ҳам шартномаларни ёки молиявий ҳужжатларни ўқишга ажратмаганини айтган.
Лионель тергов билан ҳамкорлик қилиб, 10 млн евродан кўпроқ солиқ тўлаб берди. Лионель барча айбловлар батамом олиниши учун яна 15 млн евро тўлаб беришга тайёр эди, бироқ маҳаллий ҳокимиятнинг рад жавобини олди.