Бугун Тошкент вақти билан соат 20: 00 да Баҳрайн ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтади. Ушбу ўйинда бир қатор юбилейлар ва қизиқарли натижалар қайд этилиши мумкин. Биз мазкур беллашув ҳақидаги 20 та қизиқарли фактни эътиборингизга ҳавола этамиз.
1. Баҳрайн ва Ўзбекистон терма жамоалари бугун ўзаро 10-марта рақиб бўлишади.
2. Ўтказилган 9 ўйиннинг 5 тасида дуранг қайд этилган бўлса, ҳар иккала жамоа икки мартадан ғалаба қозонган. Тўплар нисбати 10: 8 вакилларимиз фойдасига.
3. Ўзбекистон миллий терма жамоаси расмий ўйинларда Баҳрайн билан 5 марта рақиб бўлган ва бирорта ғалабани қўлга кирита олмаган.
4. Мазкур жамоаларнинг охирги 3 та учрашуви ўртоқлик мақомида бўлиб, уларда Ўзбекистон ютқазмаган: 1 ғалаба, 2 дуранг.
5. Ушбу жамоалар ўйинларида 12 нафар футболчи гол киритган. Мутлоқ тўпурар - Александр Гейнрих (3 гол)
6. Ўзбекистон терма жамоасидан: Максим Шацких ва Баходир Сейткамолов 2 тадан, Владимир Шишелов, Олим Навкаров ва Одил Аҳмедов биттадан гол уришган.
7. Баҳрайн термаси сафида эса Ало Хубайл ҳамда Маҳмуд Абдулраҳмон 2 марта, Талал Юсуф, Февзи Муборак, Салмон ва Муса Исо ҳамюртларимизни бир мартадан ранжитишган.
8. Ўзбекистон терма жамоаси 10 голининг 6 тасини биринчи, 4 тасини иккинчи таймларда киритган.
9. Баҳрайн термаси эса 8 голнинг 2 тасини биринчи, 6 тасини иккинчи бўлимларда урган. Бундан кўриниб турибдики, рақибимиз биринчисига қараганда иккинчисида анча фаолроқ ўйнайди.
10. Баҳрайнликлар икки марта 90+4-дақиқада гол уриб, 1 марта ғалаба қозонган бўлса, яна бирида мағлубиятдан қутулиб қолган.
11. Ўзбекистон термаси эса илк беллашувда 89 ва 90-дақиқаларда тўп киритиб зафар қучган.
12. 2004 йилги Осиё кубогида Баҳрайнга қарши майдонга тушганлардан бугунги таркибимизда фақатгина икки футболчи қолган: Сервер Жепаров ва Марат Бикмаев.
13. Ўзбекистон терма жамоаси Баҳрайнга қарши ўйинларда 5 мураббий қўл остида майдонга тушган. Улар орасида Миржалол Қосимов лидер. У 3 марта, Вадим Абрамов ва Роберт Хоунгтон - 2 мартадан, Равшан Хайдаров ва Владимир Сальков эса бир мартадан шогирдларини Баҳрайнга қарши майдонга олиб тушишган.
14. Баҳрайн термаси эса Ўзбекистонга қарши 6 мураббий қўл сотида майдонга чиққан. Эътиборли жиҳати уларнинг 5 таси хорижлик мураббийлардир. Милан Мачала (Чехия) ва Лука Перузович (Белгия) - 2 мартадан, Сречко Юричич (Словения), Волфганг Зидка (Германия), Аднан Ҳамад (Ироқ) ва Салмон Чарида 1 мартадан шогирдларини Ўзбекистонга қарши майдонга олиб чиқишган.
15. Сервер Жепаров бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида 110-учрашувини ўтказиши мумкин.
16. Санжар Турсунов учун бугунги баҳс миллий термамиз либосидаги юбилей 50-ўйин бўлиши мумкин. Турсунов ҳисобида ҳозирча 5 гол мавжуд.
17. Шавкат Муллажонов учун эса бугун юбилей 40-ўйин бўлиши кутилмоқда.
18. Агар бугун Марат Бикмаев ва Станислав Андреевлар ҳам майдонга тушишса улар учун Ўзбекистон термасидаги юбилей 30-ўйин бўлади.
19. Сардор Рашидов бугун гол ура олса, терма жамоамиз таркибидаги юбилей 10-голига муаллифлик қилади.
20. Бугун терма жамоамиз ғалаба қозонса ўз тарихидаги юбилей 110-ютуқни тантана қилади. Ҳозиргача Ўзбекистон термаси 236 учрашувда майдонга тушиб 109 ғалаба, 50 дуранг ва 77 мағлубиятни қайд этган. Тўплар нисбати эса 434-289.
Фурқат Юсупов тайёрлади