Сўнгги йилларда кўплаб футболчиларимиз фаолиятларини хориж чемпионатларида давом эттирмоқда. Бу бизни қувонтирмасдан қолмайди. Терма жамоаларимизнинг савиясини ошириш учун ҳам легионерларимизнинг сони кўпайгани маъқул. Бироқ айрим ўйинчилар турли экзотик мамлакатлар футболини танламоқда. Айтиш керак, бу юртларда футбол юқори даражага кўтарилмаган. Аксинча, савия жуда паст ҳисобланади. Демак, улар ўсишдан кўра, пулни кўпроқ ўйламоқда. Тўғри, пул ҳаммага керак. Менга, сизга ва бошқаларга. Футболчи етук бўлиб етишса, пулнинг ўзи ортидан қувмайдими? Европаликларнинг тажрибасига қаранг: биринчи навбатда ном учун ўйнамоқда. Кейинчалик пулнинг ўзи ўша номи чиққан футболчи учун ўйнаб беряпти.
Футболчиларимизнинг хориж чемпионатларига йўл олаётганлиги қувонарли ҳолдир. Чунки, легионерларимизнинг сони қанчалик кўп бўлса, бу футболимиз ривожига шунчалик кўп ҳисса қўшадиган омил. Буни мақоланинг бошида айтиб ўтгандик. Диққат билан кузатаётган бўлсангиз, охирги йилларда футболчиларимиз экзотик мамлакатларга йўл олмоқда. Албатта, бунда футбол агентларининг ҳам ҳиссаси бор. Шунингдек, таниш-билишлар орқали ҳам четга чиқиш одатга айлангани ҳеч кимга сир эмас. Легионер бўлиш учун эса номи улуғ мамлакатга бориш шарт эмас, тўғрими?
Дейлик, кўплаб футболчиларимиз фаолиятларини Қирғизистон чемпионатида ҳам давом эттиришмоқда. Бир қарашда, бу мамлакат футболини бизникидан устунлик жиҳати умуман йўқ. Молиявий томонлари бироз яхшидир, балки? Яқинда бир танишим Қирғизистон чемпионати ҳақида гапираркан, шундай деди:
- Ҳеч кимга сир эмас, Қирғизистон чемпионатининг савиясини олий лигамиз билан асло солиштириб бўлмайди. Биринчи лигамиздан устунлик қилишигина мумкин. Бироқ олий лигамиздаги шароитлар, имкониятлар, клубларнинг салоҳияти борасида қўшни мамлакат жамоаларидан илгарилаб кетганмиз. Лекин, кўпчилик футболчилар биладики, бу мамлакатда ҳам хорижлик ўйинчиларга катта маош беришмоқда. Хусусан мен уч йил тўп суриб, шуни англадимки, бу ерда шароитлар кўнгилдагидек бўлмасада, пул яхши тўланмоқда. Айтайлик, ойига 1000-1500 доллар атрофида. Шундай экан, биринчи лигада тўп сургандан кўра, уларнинг олий лигасида ўйнаш молиявий томондан яхши эмасми?! Айнан шу сабаб, айрим футболчиларимиз Қирғизистон чемпионатини афзал билмоқда.
Чиндан ҳам танишимнинг сўзларига қулоқ тутиб, нима сабабдан Қирғизистон чемпионати танланаётганлигинини фаҳмладим... Биринчи лигадаги клубларимиздан бунча ойлик кутиш мантиқсизлик. Ҳаттоки, айрим олий лига клубларимиз бунчалик пулни бера олишмайди.
Бошқа мамлакатлар ҳақидачи? Мальдив оролларида ҳам битта футболчимиз тўп суряпти: дарвозабон Алишер Аҳмедов фаолиятини шу мамлакат чемпионатида давом эттираётганлигидан хабарингиз бор. Экзотик мамлакат ҳисобланган Мальдивда футбол ривожланиш бўсағасида турибди. Ваҳоланки, терма жамоалари ҳам секин-аста ўзининг юқори даражасига кўтарилишмоқда. Айтишларича, дам олиш учун ихтисослашган юртда футбол ривожланмоқда. Бунга улар легионерларни таклиф қилиш орқали эришишмоқда. Асосан Бразилия, Англиядан келган ўйинчилар ҳисобига жамоалар кучайтирилмоқда. Албатта, номи улуғ бўлгани билан, бу футболчиларнинг юқори тарафлари йўқ. Бироқ Мальдив учун бу намунали ҳолатлардан бири деса бўлади. Ушбу юртда ҳам легионерларга ойига 5-6 минг доллар атрофида маош тўлашмоқда. Табиийки, бу маблағ учун юртимиздан ҳам бориб, тўп сурадиган футболчиларни учратиш мумкин. Ҳар ҳолда футбол борасида Мальдив юқори лигага кирмайди.
Малайзия хусусида сўз борганида шуни айтиш керакки, бу юртда ҳам футбол тараққий эта бошлади. Биласиз, айни пайтда бу ерда Садриддин Абдуллаев, Фарҳод Тожиев сингари футболчиларимиз тўп сурмоқда. Дилшод Шарофутдинов эса маълум вақтдан сўнг юртимизга қайтди. Малайзия терма жамоалари Осиёда ўз ўрнига эга эмаслигини барча яхши билади. Шунга қарамай, бу мамлакатда ички чемпионатни кучайтириш ва уни ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда. Кўплаб хорижликлар бу юрт футболини танлаётганлигининг асосий сабаби, молиявий жиҳатдан бақувват жамоаларнинг сони ортганлиги билан боғлиқ. Ойига легионерларга 10 минг долларга қадар пул ажратишмоқда. Чиндан ҳам машҳур фирмалар клублар оталиғини ўз бўйнига олган, ҳамда хорижлик ўйинчиларни таклиф этиш жараёнида қўрқмасдан катта ойлик ваъда қилмоқда. Бу йўлда улар Ҳиндистонга тенглаша олмайди. Юқорида танишимнинг сўзларини ўқигандингиз. У Ҳиндистонда ҳам бир мавсум тўп суриб келганлиги боис, ўз фикрларини билдириб ўтди.
- 2008 йилларда Ҳиндистондан таклиф тушиб, бу юртга бориб, бир мавсум ўйнагандим. Биласизми, мен ўйнаган вақтда чемпионати ҳозиргидек кучли эмасди. Кейинчалик жамоаларни бой хўжайинлар сотиб олганидан сўнг ажойиб лига ташкил топди. Барчага маълумки, ҳозир Ҳиндистонда дунё футболи тан олган фахрий ўйинчилар ташриф буюришмоқда. Мақсад битта: катта маош олиш. Мен ўйнаган вақтда Бразилия, англиялик футболчилар ҳам тўп сурган. Ўшанда легионерларга 4 минг долларгача ойлик беришарди. Бугунги кунда Ҳиндистонда легионерлар ойига 40 минг долларга қадар маош оляпти. Кўриб турибсизки, кўпчилик фақат пулни кўзлаб, шу юртга кетмоқда. Ҳиндистонда барибир крикет биринчи рақамли спорт тури ҳисобланади. Футбол улар учун шунчаки ўйин холос. Балким, шу боислан миллиардерлар футболга сармоя киритиб, унинг савиясини кўтараётгандир.
Бу бежизга айтилмади. Ҳозирда Индонезия, Лаос сингари мамлакатларда ҳам юртимиз футболчилари тўп сурмоқда. Чунки бу мамлакатлар футболи тараққий этиши учун катта пуллар ўртага ташланмоқда. Таиланд, Хитойда ҳам футболчилар минглаб долларлаб маош олмоқда. Демак, чемпионат шунга яраша қизиқарли ўтади. Араб мамлакатлари футболи ҳақида эса барчангиз яхши биласиз. Пулга яраша савия ҳам бор. Хулоса эса битта бугунги кунда айрим футболчилар ўсишдан кўра, пулни афзал билиб, хорижга чиқишмоқда.
ДИЛШОДБЕК тайёрлади, "ИнтерСПОРТ" газетаси