Ўзбекистон U-16 футболчи қизлар терма жамоаси айни дамда Осиё чемпионати финал босқичига тайёргарлик кўрмоқда.
Жорий йилнинг 4 — 15 ноябрь кунлари Хитойда қитъа биринчилиги бўлиб ўтади. Унда Баҳром Норсафаров бошчилигидаги терма жамоамиз иштирок этади. Ҳозирда пойтахтимизда йиғин олиб бораётган футболчи қизларимиз етакчиларидан бири Шаҳноза Қурбонова билан терма жамоа олдига қўйилган вазифалар ва қизларнинг қитъа чемпионатига тайёргарлиги борасида суҳбатлашдик.
– Осиё чемпионатига тайёргарлик жараёни қандай ўтмоқда?
– Мусобақага яхши тайёрланяпмиз. Мураббийларимиз бизга бунинг учун барча шароитларни яратиб беришмоқда. “Машъал-W” сафида Олий Лигада мунтазам ўйин амалиётига эга бўляпмиз. Қолаверса, ҳар бир ўйиндан кейин йўл қўйган хатоларимиз борасида бизга мураббийларимиз тушунтириш ишларини олиб боришяпти. Менимча, барчаси жойида.
– Олдинда терма жамоамизни йирик мусобақа кутиб турибди. Жамоада ички муҳит қандай?
– Жамоамиз жуда аҳил. Ички муҳит эса аъло даражада, деб айта оламан. Чунки ҳаммамиз бир-биримизни яхши биламиз. Барча биргалашиб, олдимизга қўйилаётган жиддий вазифаларни бажаришга ҳозирланяпмиз.
– Сиз ўзингиз жамоа етакчиларидан бири сифатида қандай масъулиятни ҳис этмоқдасиз?
– Ҳужумчи бўлганим боис ҳам мендан кўпроқ голлар киритишим талаб этилади. Футбол – жамоавий ўйин. Демак унда жамоанинг ҳар бир аъзоси қандайдир вазифани бажаради. Агар ҳаммамиз ўз ўрнимизда яхши ҳаракатлансак, керакли натижани қўлга кирита оламиз.
– Мусобақада тўпурар бўлишни мақсад қилдингизми?
– Олдиндан бир нима дейиш қийин. Аммо мендан гол уриш талаб этиладими, демак мен бунга ҳаракат қилишим лозим. Насиб этса, ўзимда юзага келадиган барча қулай икмониятларни голга айлантиришга уринаман.
– Нима деб ўйлайсиз, терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионатига чиқишига умид қилсак бўладими?
– Биздан ҳам худди шу нарса талаб этилмоқда. Мураббийларимиз жамоани чемпионатга ҳар томонлама тайёрлашга уринишяпти. Агар барча бунга ишонса, ота-оналаримиз дуоси билан бу вазифани уддалаш мумкин, деб ўйлайман.
(Чапда – Мафтуна Жонимқулова, ўнгда – Шаҳноза Қурбонова)
– Эртага терма жамоамиз Иорданиялик қизларга қарши ўртоқлик ўйини ўтказади. Бу ўйин тўғрисида ҳам фикрингизни билмоқчи эдик…
– Иордания терма жамоаси ҳам кучли жамоалар сирасига киради. Аммо биз ҳам бу жамоага қарши баҳсларда фақат ғалаба учун ўйнаймиз. Гарчи у ўртоқлик мақомида бўлса ҳам, бу матчнинг фойдаси катта бўлади. Чунки унда яна бир бор ўз кучимизга баҳо бериб олишимиз мумкин бўлади.