- Шунча шароит, имконият ва маҳорат мужассам бўла туриб, «Челси»нинг ишлари нега юришмаяпти?
- Мавсум якунига кўра, миллий чемпионатимиз олий лигасида қайси жамоа ғолиб чиқади?
- Самвел Бабаян шогирдлари КХДР термасидан устун эканликларини қай тариқа исботлашади?
Ҳозир ҳар қайси футбол мухлисини юқоридаги саволлар ўйлантираётгани табиий. Уларнинг айримлари айнан шу саволлар билан бизга мурожаат қилиб улгуришди ва энди бу борадаги шахсий мулоҳазаларимизни кутишмоқда. Албатта, ҳар 3та саволга аниқ ва дангал жавоб бериш мушкул, унча-мунча мутахассис ҳам бунга журъат этмайди. «Вест Хэм» - «Челси» учрашувидан аввал рус ҳамкасбларимиз мезбон жамоанинг гол уриши масаласини алоҳида муҳокама қилишгани ва улардан ҳеч бири якуний тахмин билдирмагани ҳам фикримизни ёрқин далилидир. Ҳамкасбларимиз гарчи «Челси» ўйинидаги беқарорликни жуда яхши тушуниб турган бўлсаларда, «Вест Хэм»га тўла ишонишмади. Қандай ишонишсин?! Ахир гап «Челси» том маънода нималарга қодирлигини теран англайдиган мутахассислар ҳақида кетяпти ва ақллилик «бало»си уларни кутилмаган тахминлар бобида адаштираверади. Йўқ, очиғи, «Вест Хэм»нинг ғалабаси кутилмаганлик доирасидан четдаги масаладир. Негаки, Славен Билич шогирдлари бу мавсум ўзгача шашт билан тўп суришмоқда.
Хуллас, «Челси»га нима бўляпти ўзи? Фикримизча, бу саволга соф футболча «тил» билан жавоб бериш мушкул. Чунки Жозе Моуриньо шогирдлари ҳамон ўзларига муносиб ўйин кўрсатишмоқда. Хўш, унда нима учун натижа йўқ? Ёрқин ҳужумлар нега самарасиз тугаяпти? «Челси» нима сабабдан, кўпроқ кутилмаган хатолар туфайли гол қўйиб юбормоқда?
Бизнингча, ҳаммаси охиригача изоҳлаш, тушунтириш қийин бўлган руҳият минтақаларидаги алғов-далғовларга алоқадор. Ёдингиздами, Юрий Саркисян ва «Нефтчи» бирлиги қай тариқа инқирозга юз тутганди? Бошқа жиҳат ва сабабларни бир четга суриб, биргина «Нефтчи»ни тарк этган футболчилар фаолиятига назар солсак, мавҳумлик ҳаминқадар ойдинлашади. Факт шуки, Юрий Вазгенович қўл остидан бошқа жамоага йўл олишган футболчилар ёрқин натижага эришолмадилар. Уларнинг орасида энг омадлиси саналадиган Ислом Тўхтахўжаев ҳам бу борада мақтанолмайди. Ҳатто мураббийнинг ўзига, онгу-шуурига бўйсунмайдиган аллақандай руҳий сезим буни истамайди, назаримизда. Шу маънода Петр Чехнинг кетиши билан боғлиқ ёқимсиз руҳий тўлғоқ «Челси»даги маромни бузяпти, шекилли. Илло, Чех «Челси» учун алоҳида шахс эди. У жамоада Азар, Оскар, Виллиан каби истеъдодларга нисбатан аҳамиятлироқ ва қадрлироқ ҳисобланарди. Афсуски, шундай «авторитет»ни қадрлашмади ва унга жавоб беришди. Натижа эса ачинарли: Тибо Куртуа тахтдан тушди, жамоа 15-ўринда. Руҳият минтақаларидаги инсон ақлини тан олмайдиган устувор қонунлар «Челси»ни жазоламоқда. Қолаверса, Моуриньо ҳам АПЛда ўзи учун қулай руҳий иқлим яратолмади. Аксарият ҳамкасблари унга муносиб рақиб эмас, балки қасос олиш лозим бўлган объект сифатида қарашмоқда. Демоқчимизки, у кўпчиликда ўзига нисбатан адоват туйғусини шакллантирди. Моу бу адоват алангасини ўчиришга қодирми? Жуда-жуда мушкул вазифа бу! Зеро, энг кучсиз рақиб ҳам «Челси»ни енгишга интилаверади ва аксар ҳолларда бунга эришади. Тўғри, футболда барча ўзаро рақиб жамоалар шу туйғу билан майдонга тушишади. «Челси»га қарши ўйнаётган жамоаларни эса «рақиб» дейишнинг ўзи кам. Ана, Славен Билич «Вест Хэм» ғалабасини «фантастика» ибораси билан баҳолади ва Жозега ачинишини билдирди. Тушуняпсизми, «Вест Хэм» мураббийининг ақли аслида зафарга ишонмаган, аммо ундаги ички «мен» ғалаба қозонишни чунонам истаганки, асти қўяверасиз. Умуман олганда, Жозе Моуриньо буюк футболчилар билан ишлашга руҳан тайёр бўлолмайди, чоғи. Бунинг учун у билан ЕЧЛ ғолибига айланган энг машҳур юлдуз Уэсли Снейдер эканлигини эслаш кифоя. «Интер» ЕЧЛда зафар қучганида, Жозе Моуриньонинг «Олтин тўп»га Лионель Месси эмас, балки Снейдер муносиблигини таъкидлагани бежиз эмас.
Кўриниб турибдики, футболда улкан маблағ, мукаммал маҳорат, ўта замонавий шароит уйғунлиги ҳар доим ҳам ўз сўзини айтавермайди. Александр Мочинов бошчилигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси нотинч Сурияда камол топаётган ёш футболчилардан мағлубиятга учраб, ҳозир Чилида давом этаётган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритолмаганида, кўплаб ҳамюртларимизда шундай савол туғилганди. «Ўзи нима етишмади ёш футболчиларимизга? Улар учун нима зарур бўлса, барчаси муҳайё этилди-ку» Йўқ, ўшанда ўсмирларимизга энг муҳим неъмат, ғалаба ва шижоат руҳи берилмаганди. Акс ҳолда, улар Мочиновдек тажрибаси оз мураббий билан ҳам ЖЧ йўлланмаси қўлга киритишарди. Қарангки, қанчалик истеъдодли саналишмасин, шундай руҳ етишмагани боис, аргентиналик ўсмирлар ЖЧни очкосиз якунлашди. Шу боис, биз энди Самвел Бабаян шогирдларида буюк ғалабага қодирлик руҳи устувор бўлишини истаймиз. Албатта, КХДР термасига қарши учрашувда ғалаба қозониш учун қандай тактик услуб танлаш ҳам муҳим, бироқ бу борада руҳий тайёргарлик алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаш жоиз. Чунки КХДР термаси тилга олинганида, бир бўлимда қўйиб юборилган 4та гол футболчилару мухлисларимиз кўз олдиларига келаверади. Ваҳоланки, ўшанда футболчиларимиз кейинги 3та голдан сақланишлари мумкин эди. Ҳаммасига биринчи голдан сўнг юз берган руҳий тарқоқлик сабаб бўлганди. Яъни ўшанда жамоамиз соф ўйин маъносида 2:1 ҳисоби билан зафар қучганди. Гарчи мазкур мулоҳазалар шоирона хаёлпарастликдек туюлса ва кимлардадир истеҳзо уйғотса-да биз шундай хулоса айтишни лозим топдик. Агар ўша баҳсдаги руҳий ва тактик хатолар такрорланмаса (такрорланмасин ва бунинг учун ҳар биримиз озми, кўп ҳисса қўшайлик) Самвел Бабаян шогирдлари 12 ноябрь куни камида 2та тўп фарқи билан ғалаба қозонишади. Вадим Абрамов раҳбарлигида футболчиларимиз КХДР термасини 2 бор, бир хил - 1:0 ҳисобида енгишганди. Охирги ўзаро баҳснинг 2-бўлимида эса, вакилларимиз ўзларига муносиб футбол намойиш этиб, 2та гол уришди. Демак, йигитларда қайтмас, қайсар ва қатъият руҳи шаклланса, ҳаммаси яхши бўлади. Вадим Абрамов тактик тажрибасизроқ, аммо тезкор корейс футболчиларига қарши кучли ҳимоя орқали ўйнашни маъқул кўрган ва Александр Гейнрихнинг индивидуал маҳоратига умид боғлаганди. Миржалол Қосимов эса ўйин аввалида гоҳо юз берадиган тасодифий ҳолатни ҳисобга олмади ва бунинг натижаси ўлароқ, ўша баҳсда футболчиларимиз кучли руҳий босим остида қолишди. Боз устига, йигитларимиз юз берган руҳий босимдан устун чиқиш йўлини анчагача топишолмади.
Энди вазият бутунлай ўзгарган. Бабаяннинг мураббий сифатидаги устун жиҳати - психологияни яхши билишидир. Айни шу омил, насиб этса, миллий жамоамиз ғалабасини таъминлайди. Балки Самвел Бабаян мураббийлигига хос шу устувор жиҳат ҳозир «Пахтакор» ўйинларида етишмаётгандир. Эҳтимол, унинг «шерлар» билан иккинчи бор чемпион бўлиш орзуси миллий жамоамизнинг порлоқ ғалабалари қурбонига айлангандир. Тақдир тақозоси шундай бўлса, унга чора борми?! Ҳарқалай, олий лиганинг қолган турларида «Насаф»нинг «Бунёдкор» ва «Пахтакор»нинг қабул қилиши, «Пахтакор»нинг эса «Машъал» ва «Насаф» меҳмони бўлиши «аждарлар» ҳамда «шерлар»нинг чемпионлик йўлидаги имкониятларини бироз пасайтиради. «Локомотив»да аксинча, қолган баҳсларда юз фоизлик натижа қайд этиш имконияти мавжуд. Таркиб борасидаги устунлик боис, «темирйўлчилар»нинг бу имкониятдан унумли фойдаланишларига ишониш мумкин. «Шерлар» эса, «қалдирғочлар»дан кетма-кет учралган 3та мағлубиятдан сўнг ўзларига келиб олишмаса, воҳа сафари чоғи қийналишлари аниқ...
Ҳа, футболча сирли ва тушуниш қийин «тил» барчага бағрини очавермайди.
Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси