Кириш Регистрация

Анвар Солиев: «Бутсани михга илиш вақти келди»

Баҳо:
+ | -

Пойтахтимизда ўтказилган ОФКнинг футбол мураббийлари учун ўқув курслари якшанба куни якунига етди. Унда «С» лицензиясига эга бўлишни ихтиёр этган, профессионал футболчилик фаолиятини ҳамон давом эттираётган аксарият футболчилар ҳам иштирок этишди. Анвар Солиев, Ботир Қораев ҳамда Асрор Алиқулов кабилар шулар жумласидан. «С» гувоҳномаси мураббийликдаги илк поғона ҳисобланиб, уни қўлга киритмай туриб, «B», «А» ва кейинчалик «ПРО» лицензияларига ўқиб бўлмайди. Курсларга одатдагидек, ФИФА|ОФК инструктори Ислом Аҳмедов раҳбарлик қилди. Машғулотлар кунига икки маҳалдан олиб борилди. Бўлажак мураббийлар ҳам назарий, ҳам амалий тарзда шуғулланишди. Ушбу ўқув курсининг сўнг­ги куни иштирокчилардан интервью олдик. Дастлаб, «Пахтакор» ҳужумчиси, ўзига хос рекордлар соҳиби Анвар Солиевнинг фикрлари билан қизиқдик.

- Анвар ака, курслар қандай ўтди? Ўқув жараёни маъқул келдими?

- Албатта, машғулотлар барча иштирокчиларни бирдек мамнун этди. Жуда ҳам қизиқарли жараён. Назарий дарсларда олган сабоқларимизни амалиёт орқали янада мустаҳкамладик. Барчаси янгича услубда ташкилланди, ўйин эпизодларини таҳлил қилдик. Бу мазкур соҳадаги илк қадамимиз, шу боис йўриқчиларни саволларга кўмиб ташладик. Йиллар жуда тез ўтиб кетди. Яқиндагина катта футболга кириб келгандим. Бугун эса фаолиятимизни якунлаш арафасида турибмиз.

- Мураббийлик машаққатини тушуниб етгандирсиз?

- Ҳар ҳолда, мен ўйлаганчалик осон касб эмас экан. Нафақат майдондаги футболчилар, балки натижага ҳам жавобгар бўласиз. Фаолиятим давомида кўплаб тажрибали мураббийлар қўл остида ўйнадим. Улардан анча нарса ўрганганман. Ўйлайманки, бир кун келиб, мураббийликда бу кўникмалар асқотади.

- Футболчилик фаолиятини якунлаш ниятингиз йўқми?

- Уч йилдан бери шу ҳақда ўйлайман. Лекин ҳар сафар чемпионат бошланишига саноқли кунлар қолганида клублардан таклифлар келади. Миллионлар ўйинини азбаройи яхши кўрганимдан футболчилик фаолиятимни якунлашга ботина олмайман.

- Ушбу ҳолат янги мавсумда ҳам такрорланадими?

- Йўқ, менимча, бундай бўлмаса керак (кулади).

- Балки «Пахтакор» билан яна бир бор чемпионлик шоҳсупасига кўтарилгач, сўнгра фаолиятингизни якунларсиз?

- Ўзим ҳам шу ҳақида ўйлаб турибман. Катта эҳтимол билан, бу йил профессионал футболчилик фаолиятимдаги сўнгги мавсумни ўтказаман. Чемпионат якунланиши ҳамоноқ бутсаларимни михга иламан. Лекин фахрийлар сафида ўйнашда давом этаман.

- Чемпионлик йўлида «Локомотив»­ни анча яқинлаштириб юбординглар. «Темир­йўлчилар» билан орангизда бир очколик фарқ бор. «Пахтакор» «Пойтахт дербиси»да «Бунёдкор»га имкониятни бой бергач, турнир жадвалидаги кучли учлик ўртасида ҳақиқий интрига юзага келди. Зеро, «Насаф»­ни ҳам бу курашдан чиқариб юбориш нотўғри.

- Футбол шуниси билан ҳам қизиқ. Олдинда бизни ғоятда қизиқарли ўйинлар кутиб турибди. Айниқса, «Насаф»га қарши баҳс кўп нарсани ҳал қилади. Қолаверса, аутсайдерлар билан бўлиб ўтадиган учрашувлар ҳам осон кечмайди. Олий лигада жон сақлаш учун курашаётган жамоалардан ҳар қандай «сюрприз»ни кутиш мумкин. Асосийси, чемпионлик масаласини ҳал этиш ўз қўлимизда. Қолган ўйинларда бор кучимизни сарфлаб, якунда чемпионлик унвонини сақлаб қолишга астойдил интиламиз.

Шундан сўнг, ўқув курсида қатнашган бошқа иштирокчиларнинг фикрлари билан ҳам қизиқдик.

 

Асрор АлиҚулов:

- Ўқув курсларига ўзгача иштиёқ билан ёндашдик. Машғулотлар қизиқарли руҳда кечди. Ислом Аҳмедов улкан тажрибага эга мутахассис. Осиёнинг кўплаб давлатларида худди шундай ўқув курсларини ўтказган. Замонавий футболда ўйин­чилардан ташқари, мураббийларга ҳам талаб кучайяпти. Яъни, мураббийлик масъулияти ошмоқда. Аввалги ўтказилган машғулотлар билан ҳозиргисининг ўртасида етарлича тафовут бор. Жорий мавсум якунида футболчилик фаолиятимни якунласам керак. Шу пайтгача катта ютуқларни қўлга киритдим. Миллий терма жамоа таркибида ўйнаш бахти насиб этди. Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида қатнашдим. Мамлакат чемпионлигини нишонладим, кубок соҳибига айландим. Олий лигада 500дан ортиқ ўйин ўтказдим. Фаолиятимдан кўнглим тўлди, дея оламан. Энди ўзимни мураббийлик соҳасида ҳам синаб кўрмоқчиман...

Бахтиёр Қамбаралиев:

- Биласизми, ҳаётимни миллионлар ўйинисиз тасаввур қилолмайман. Футболчилик фаолиятимни қолган иштирокчиларга нисбатан эртароқ якунлаганман. Лекин мураббий бўлиш истаги аввалдан бор эди. Мана, ОФК томонидан ташкил этилган ўқув курсларида иштирок этдик. Назарий ва амалий машғулотлар юқори савияда, қизиқарли тарзда ўтди. Кўплаб янгиликлардан воқиф бўлдик. Ўйлайманки, ўрганганларимизни секин-аста амалиётга татбиқ этиб борамиз.

Ботир Қораев:

- Футболдан бошқа соҳада фаолият юритишни тасаввур ҳам қила олмасам керак. Шу боис, мураббийликни танлашга аҳд қилдим. Тўғри, ҳали катта футболдан кетишни ўйламаяпман. Лекин бир кун келиб, шундай қарор чиқаришга тўғри келади. «С» гувоҳномасига ўқисам, футболчилик фаолиятим якунлангач, қолган лицензиялар учун таҳсил олишни давом эттираман. Курслар жараёнида бу соҳага меҳрим янада ортди. Ўз навбатида, мураббийларга нақадар қийин эканини ҳам тушуниб етдим.

Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Киритилди: 13:11, 29.10.2015.
Ўқилди: 3346 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.