Эртага олий лиганинг энг қизиқарли, кўп масалаларга бирмунча (балки тўла) ойдинлик киритадиган 29-тури старт олади. Ортда қолган 28-тур эса мухлисларда турлича таассурот ва кайфият уйғотди.
Кетма-кет равишда «Металлург», «Нефтчи» ва «Сўғдиёна» устидан ғалаба қозониб, белини тиклаб олган «Андижон» 28-турда «дам» олди. Албатта, буни тўғри тушуниш керак. Негаки, «Динамо»га қарши кейинги баҳс курашга бой кечиши аниқ. Зеро, икки жамоа ҳам ортга чекинишни истамайди. Қолаверса, «Андижон» сўнгги турда «шерлар» майдонига боради ва унда қандай воқеалар содир бўлишини аввалдан тахмин қилиш мумкин. Ҳар ҳолда, чемпионлик масаласи сўнгги турда ҳал қилинса, меҳмонларга осон бўлмайди. «Динамо» ҳам мураккаб вазиятда «Андижон»дан очко олишга умид боғлайди. Чунки Баҳром Ҳакимов шогирдлари чемпионат якунида «Олмалиқ»ни қабул қилишади ва ўша учрашувда Игорь Шквирин жамоасининг кайфияти қандай бўлишини олдиндан айтиш қийин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, «Динамо» ва «Сўғдиёна»нинг турнир жадвалидаги мавқеи энди қайсидир маънода «Олмалиқ» тутажак позицияга боғлиқ. Захира очколарига эга «Олмалиқ» Самарқандга ўзгача важоҳат билан борса, бу - «Сўғдиёна» учун байрам. Акс ҳолда, Даврон Файзиев шогирдлари «Қўқон-1912» ва «Бухоро»ни енгишлари шарт. Тахмин қилиш мумкинки, улар учун Қўқондаги ўйин нисбатан осонроқ кечади. Демоқчимизки, муддатидан аввал олий лигадаги ўрнини сақлаб қолган Рустам Абдуллаев жамоаси бу учрашувда ихтиёр позиция танлайди. Қўқонликлар «Локомотив» ва «Нефтчи»га қарши кечган баҳсларда бўлгани каби жорий мавсум ўз майдонларида охирги бор мухлисларига қувонч бахш айлаш мақсадида фақат ғалаба қозониш учун тўп суришса, бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ. Ахир олий лигадаги ҳар бир учрашувда «муҳтож»ларга очко улашилавермайди. Бизнинг фаразимиз шуки, ўзбек футболига тамал тоши қўйилган шаҳар вакиллари шонли тарихга муносаб тарзда «Сўғдиёна»ни таслим этадилар. Ана шунда «Сўғдиёна» - «Бухоро» учрашуви қандай драматик руҳда кечишини тасаввур қилаверинг. Йўқ, ҳозир кўпчилик «Бухоро» - «Нефтчи» учрашувини қизиқиш билан кутмоқда. Очиғи, ўз майдонида «Андижон» ва «Қўқон-1912» клубларига «ҳиммат» кўрсатган «Нефтчи» мухлисларини ғоят ажаблантирди. Фарғона футболининг байроқдори нима учун бу қадар эрта қўл кўтарди? Ҳеч қачон ОЧЛда иштирок этмаган ва бундай мақсадни жиддий равишда қўймаган «Олмалиқ»ни тушуниш мумкиндир. Яъни Игорь Шквирин шогирдлари бошқалар эмас, балки ўз истакларига кўра, очко тўплашади. Шу боис, биров уларнинг мушугини «пишт» демайди. Бошқача айтганда, улар аксарият ҳолларда маҳоратлари ва потенциал имкониятлари нуқтаи-назаридан эмас, балки вазиятлардан келиб чиқиб футбол ўйнайдилар. Етакчилар чемпионлик орзусида, аутсайдерлар олий лигада қолиш иштиёқида талашиб-тортишаверадилар, Игорь Шквирин шогирдлари эса, табассум ва хотиржамлик билан тўп сураверадилар. Нима дердик? Бу ҳам ўзига хос позиция ва уларга ақл ўргатиш ноўрин. Муҳими, «Олмалиқ» қайсидир ўйинда атайлаб ютқазмаса, бас!
Ана, «Челси» ҳам атайлаб ютқазмаяпти-ку! Жозе Моуриньо курашяпти, аммо вазиятни бошқаролмаяпти. Бир вақтлар «Боруссия» Д. билан Жозе Моуриньо асабини бузган ва «Реал»ни ЕЧЛ ярим финалида мағлуб этган Юрген Клопп яна «Беназир»ни боплади. Узр, биз на «Челси», на «Ливерпуль» мухлисимиз. Бундай ҳолатда бор гапни ёзган маъқул. Таъкидлаш жоиз, «Челси» ҳам, «Ливерпуль» ҳам ҳамиша юксак мақсадларни кўзлайдиган жамоа ҳисобланади ва шунинг учун улар ўтган шанба оқшоми бир-бирларини аяб ўтиришмади. Биз «Олмалиқ»дан фарқли ўлароқ, мавсумни ОЧЛ орзуси билан бошлаган «Нефтчи»дан рақибларга қарши мана шундай аёвсиз рақобат руҳини кутгандик. Афсуски, умидимиз оқланмади. «Нефтчи» аввал водий, кейин эса вилоят мақомидаги дербида ютқазди. Унга нима бўляпти ўзи?! Наҳотки, Андрей Фёдоров жонажон жамоасидаги жанговар руҳни сақлаб қололмаётган бўлса?! Ишониш қийин, лекин фактларни тан олишга мажбурмиз. Потенциал имкониятларига кўра, «Нефтчи» аслида «Андижон» ва «Қўқон-1912»ни енгишга қодир эди. Агар шундай бўлганида, жамоа «Бунёдкор» билан тенг очко жамғариб, бугун ОЧЛда иштирок этиш умидида курашишни давом эттирарди. Таассуфки, тарозининг палласи «Андижон» ва «Қўқон-1912» томонга оғди, яъни аутсайдерларнинг олий лигада қолиш иштиёқи «Нефтчи»нинг ОЧЛда қатнашиш умидидан устун чиқди. Футболда бундай ҳолатлар кўп кузатилади: яъни гоҳо иштиёқ имкониятни, ҳатто забардаст имкониятни ҳам енгади.
Қаранг-а, олий лигада «Нефтчи», «Олмалиқ», «Металлург» каби етакчилар билан баравар беллашадиган жамоаларни мағлуб этишга қодир «Андижон», «Сўғдиёна», «Бухоро» сингари клублар ҳам бор экану, биз шу пайтгача уларга ишонмабмиз, аниқроғи, имкониятларини паст баҳолабмиз. Ҳа, билмабмиз. Йўқ, бундан афсусланмаймиз. Юсуфбек ҳожи Марғилонда Кумуш каби келини борлигини билмаганидан кейин бугуннинг футболпарастлари нималарнидир билишмаса билишмабди-да. Ана, кўп нарсани биладиган Аҳрол Иноятов ва Ғанишер Шоғуломов ҳам Soccer Clubда тўлиқ очилишмади-ку! Тўлиқ очилиш - очилмаслик уларнинг ихтиёрида, албатта. Аммо билган ва эфирда айтган маълумотлари асосида жиддий чоралар кўрилиши учун интилишмагани кишини ўйга толдиради. Демак, Ғанишер Шоғуломов ўша Холбоев фамилияли мураббийнинг қинғир ишлари ҳақида аниқ маълумотга эга. Холбоев эса «Локомотив»да бемалол ишлаб юрибди экан. Аҳрол Иноятов ҳам қайсидир футболчилар фаолиятидан шубҳаланган, ҳаттоки, улардан тушунтириш хатлари олган. Қизиқ, тушунтириш хатларининг мазмуни қандай экан? Унда «Бошқа қайтарилмайди» қабилида мазмун акс этган бўлсачи?! У ҳолда, тушунтириш хати ёзган футболчи келишилган ўйинда иштирок этганини тан олган бўлиб чиқади-ку! Хуллас, ҳаммаси ғалати, жуда-жуда ғалати.
Сўзлар, фикрлар ҳуқуқий жиҳатдан пойма-пой худдики, мутассаддиларга барчаси аёну, улар нималардандир ёки кимлардандир истиҳола қилишаётгандек. Гўёки, ҳамма учқун аланга олишини кутаётгандек. Келишилган ўйинларга қарши сачраган учқун эса ҳамон учқунлигича қолмоқда. Учқундан эса, маълумки, ҳеч ким чўчимайди. Учқундан сақланиш мумкин. Чунки у куйдирмайди. Кези келганда, одамзод ўша кучсиз учқуннинг устидан мириқиб кулади. Ҳатто «Шошмай тур, учқунжон, мен ишимни битириб олай», деб истеҳзо билан унинг бошини силаб қўяди. Ундай устамонлар қаршисида эса, иблис ҳам тиз чўкади. Ўзбекистон қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов бир замонлар ҳеч иккиланмай, «Отелло» номли шеърида аламу изтироб билан шундай ёзганди:
Сендаги нафратни хоҳлардим асти,
Разиллар кўзига боқолсам хунхор.
Чунки ҳалигача, Отелло, рости,
Ягони ўқитиб қўйгувчилар бор.
Ҳа, Яго ҳам ип эшолмайди келишилган ўйинларнинг устамонлари олдида. Ўз майдонида «Олмалиқ»ни эзиб ташлаган «Металлург» кўп ўтмай, «Бухоро»ни 3 очко билан сийласа, «Нефтчи» ўз майдонида «Андижон» ва «Қўқон-1912»га ютқазиб турсаю, учқун алангаланмаса нима қилиш керак? Умуман олганда, бу каби ҳисоб-натижалар нимадан далолат?! Бу саволни келишилган ўйинларга шаъма ўрнида қабул қилманг асло. Келишилган ўйинлар мавзуси, унинг изтироби пастда қолди биз учун. Энди бизни бутунлай бошқа, ниҳоятда оғир, залвори қад букадиган савол қийнамоқда: «Пахтакор» ва «Локомотив», «Насаф» ва «Бунёдкор», «Олмалиқ» ва «Металлург», «Нефтчи» ва «Навбаҳор» мутассаддилари, мураббийлари ҳалолликни байроқ қилиб бошлари узра баланд кўтаришмаса, бу борада бир ёқадан бош чиқаришмаса, Ўзбекистон футболи келажаги учун ёниб-куйишмаса, чемпионлик йўлидаги курашда миш-мишларга сабабчи бўлишса - бу маънавий инқироздан дарак эмасми?!» Ҳалоллик - маънавиятнинг асоси ва чин маънавият нопок йўллар билан қўлга киритилажак чемпионликдан юксакроқдир! Буни ҳамма яхши англайди. Англайди-ю, аммо беихтиёр ўзи юрган йўлдан юраверади. Наҳотки, у йўлнинг адоғи йўқ бўлса?! Наҳотки, футболимиз ўша адоқсиз йўлдан телбавор бораверса...
Муҳтарам мухлис! Юқоридаги мулоҳазалар «Эвертон»-«Сандерленд» учрашувининг беадад ажойиботлари, «хет-трик»дан яйраган Коненинг кулгулари фонида якунландики, бунинг натижасида кўнгил яна ва яна футболимизда янгиланиш содир бўлишини истайверади.
Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси