Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания

Зерикарли "Юнайтед"

Баҳо:
+ | -

Билмадим-у, агар афсонавий Басбининг жамоаси айни вақтда МЮ кўрсатаётгани каби ўйинлар намойиш қилганида ҳеч ким уларни “қизил иблислар”, деб атамаган бўларди, менимча. Тили бормасди.

Мен, албатта, “Басби болалари” номланмиш эранинг гувоҳи бўлмаганман. Буюк Ферги даври билан эса яхши танишман ва унинг исталган жамога қарши ўйинда рақибни дахшатга сола олган, саросималантирган, чўчитган даврларини жуда-жуда яхши эслайман. Ишонаманки, айнан шунақа хислатлари учун ҳам у ўтган асрнинг ўрталарида ҳаммага маълум ва машхур лақабига эга бўлаган. Ахир айтинг, у қандайин иблиски, биров у билан юзлашишдан заррача ҳайиқмаса?!

МЮдан аллақачон қўрқмай қўйишгани сирмас. Албатта, ҳеч ким уни грандлар қаторидан чиқариб қўяётгани йўқ. Ҳисоблашишади ҳалиям. Ҳурмат қилишади. Буларнинг бари тушунарли. Лекин ундан ҳеч ким қўрқ-май-ди! Бунга эса вагон-вагон сабаблар бор.

“Манчестер”нинг қизили Чемпионлар Лигаси доирасида ЦСКАга қарши жавоб учрашувига қадар ўзининг сўнгги уч ўйинини 0:0 ҳисобидаги дуранглар билан якунлади. Русларга урилган гол ва ундан аввал киритилган гол орасида 404 дақиқа қуп-қуруқ ўтиб кетти.  Гап нурсиз дурангларда ҳам эмас ўзи. Умуман, “Юнайтед” бу йил ҳақиқатдан ҳам зерикарли. Футболдаги энг асосий қадрият — томоша, деб ҳисоблайдиган мухлисларга Ван Гал фалсафаси асосига қурилган ўйинни кўриш фақатгина юрак сиқилиши-ю, асаб бузилишини тортиқ эта оляпти. Натижани ҳаммасидан устувор деб билгич “МЮ” фанатларини ҳам жамоа қониқтира олаётгани йўқ, десам хато бўлмаса керак. “Ни рыба, ни мясо”, хуллас.

Статистикага қараймиз. Чемпионат аввалидан буён Луи бошчилигидаги жамоа тўпни ҳаммадан кўп ўзида ушлаб турди. Хўп. Лекин тўпга эгалик борасида ҳаммадан яхши кўрсатгичга эга жамоа 12-тур олдидан АПЛда энг кам (!) хавфли вазиятлар яратган — 81та. Бу борада “Сток Сити” (82), “Вест Бромвич” (83) каби жамоалардан ҳам ортда. 20-ўринда! “Тўпга эгалик қилишдан мақсад нима ўзи?”, деб юборасан киши. “Токи тўп сенда экан, дарвозанг дахлсиздир”, деган фалсафа бу, дерсиз. Майли. Лекин совринлар учун кўрашаётган, олдига фақат максимал вазифалар қўядиган жамоа учун ўз дарвозасининг дахлсизлигидан ташқари рақиб дарвозаси дахлсиз бўлмаслигини таъминлаш ҳам керак-ку. Тўпга эгалик қилиш учунгина унга эгалик қилиш билан нимага эришилади? Юқори ўринларда юришга. Окей. Бундан ортиғигамас, ҳозирча.

Ҳозирги “Юнайтед” яратувчанлик, ностандарт қарорлар борасида ўта ғариб. Шодумон бўлмас даражада ғариб. Тасаввур қилинг, МЮнинг фақатгина икки футболчиси чемпионат бошидан бери 10 мартадан кўпроқ муваффақиятли дриблингни амалга оширди — Марсьял ва Депай. Марсяльда бу кўрсатгич нидерландияликникидан икки баробар кўпроқ. Мемфис 11 марта, Марсьял 24 бор унумли финт ишлатган. “Арсенал” ва “Сити”да бундай футболчилар 6тадан. Ҳатто “Лестер”да 10дан кўп муваффақиятли дриблингни амалга ошириб, хавфли вазиятлар яратган футболчилар 4та. У ҳам етмаганидек, “Манчестер Юнайтед” ушбу мавсумда жарима майдони ташқарисидан бирорта ҳам гол урмаган АПЛдаги ягона жамоа! Таркибида майдоннинг иккинчи ярмига ўтгач, исталган масофадан дарвозани аниқ нишонга олишни уддалайдиган футболчилар етарлидан сал кўпроқ бўлган жамоа бирор марта ҳам жарима майдони ташқарисидан гол урмади.

Мемфис Депай, Эшли Янг, Валенсия каби тезкор, техник маҳорати юқори, яхши кроссга эга бўлган вингерлар бўлатуриб, ҳақиқий марказий ҳужумчи — Антони Марсьяль қанотга ўтказилиши ҳақидаги қарорни эса ҳеч ким бирор жўяли гап билан тушунтириб беролмаса керак. Ван Гал жамоасида шунча серқирра футболчилар бўлатуриб, уларнинг бор имкониятидан фойдаланмаяпти. Фойдалана олмаяпти. У худди iPhone 6 сотиб олиб, уни фақат қўнғироқлар учун ишлатаётган одамга ўхшайди. Албатта, мураббий ўз имзосига эга бўлишга, футболчиларни ўз фалсафаси бўйича ўйнатишга ҳақли. Бу тахсинга сазовор. Аммо уларнинг кучли томонларини шунчаки қурбон қилиб юбориш эвазига бунга эришишга ҳаракат қилиниши қанчалик тўғри? Аслида такибдаги юлдузлпр маҳоратини ўша фалсафа доирасида ишлата олиш, футболчиларнинг энг кучли жиҳатларини ўзи йўлга қўяётган ўйин услубига синхронизация қилиш эвазияга ўз ғояларини  майдонга тадбиқ қилиниши мақсадга мувофиқроқ иш бўлса керак. Янаям билмадим.

Ҳозирча эса МЮ устози Ди Мария унинг фалсафасига мослашолмагани учун жамоадан кетгани, айни шу сабаб билан Депай ҳам захирада ўтиргани, ким мос келмай қолса қолганларни ҳам ковушини тўғрилаб қўя олишини таъкидлашда давом этяпти. Натижада эса “Кристал Пэлас” каби жамоалар билан учрашувларда омади келиб 0:0 ўйнаяпти, бутун ўйинда фақат бир бора дарвоза томон аниқ зарба йўллаяпти. Тўпни эса ҳеч кимга бериб қўяётгани йўқ ушбу файласуфнинг МЮси…

Басби жамоаси шундай ўйнаганида уни “иблис” дея аташмасди.

Манба: abror.uz
Киритилди: 15:44, 05.11.2015.
Ўқилди: 3592 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.