Бугун аскиячиларимиз яшил майдон узра қўшиқлар пайровини олиб боришади. Астагина уларнинг ёнига келамиз. Жимгина қулоқ тутамиз.
– Шу десанглар, кеча Рустам Мирсодиқовни кўриб қолдим. Бекободдаги стадион атрофида довдираб ашула айтиб юрган экан. “Металлург” жамоасига бағишлаб-да…
– Хўш, нима деб юрган экан?
– “Кириб қолдим хиёнатнинг кўчасига,
Мени кечир, хато қилдим, мени кечир”, деб…
– Мен эса “Пахтакор” томонларга боргандим. Ўйин пайти стадионда баланд қилиб қўйиладиган қўшиқ бор эдику, ўша қўшиқни ҳозирда жамоа мухлислари жўр бўлиб айтиб юришган экан.
– Қайси қўшиқ экан, тақсирим?
– “Пахтакор”, “Пахтакор”,
Ғалабангга ҳамма зор” қўшиғини-да…
– Терма жамоа бош мураббийи Самвел Бабаянни ҳам “Пахтакор” стадиони атрофида юрганини кўриб қолдим. Яқин борсам, бир қўшиқни хиргойи қилиб кетяпти…
– Қайси қўшиқни?
– Охунжон Мадалиевнинг “Қўйнимда бир ёру, кўнглимда бир ёр” қўшиғини.
– Чемпионлик курашида рақобатчиларининг қоқилишини кутаётган “Насаф” жамоаси бош мураббийи Рўзиқул Бердиев жажжи қизини эркалашига тўғри келса, турган гапки, бир қўшиқни айтса керак.
– Қайси қўшиқни, деб ўйлайсиз?
– “Биз ҳали ҳаммадан ўтамиз, қизим!” деган қўшиқни…
– “Бунёдкор” жамоасидан жуда керакли пайтда ишдан олиб ташланган Сергей Лушанни ҳам кўриб қолдим тунов кун. Лушаннинг хиргойи қилаётган қўшиғини айтайми?
– Айтинг-да, биз ҳам билайлик?
– Йўғон овоз билан “Ажралишдик бугун бемалол,
Барчасини ҳазилга йўйдик” деб кетаётган экан.
– Жавобига Миржалол Қосимов ҳам “Бунёдкор”га бағишлаб бир қўшиқ ижро этибди, эшитдингизми?
– Эшитмадик-да, айтинг…
– Лушандан ҳам йўғон овозда: “Сени ҳеч ким севолмайди менингдек” деган қўшиқни айтиб юборибди.
– “Локомотив” жамоасидан ҳайдалган Абрамовнинг алам аралаш айтган қўшиғидан хабар топмаган бўлсаларинг керак?!
– Қанақа қўшиқ экан?
– “Синишимни соғинди кимлар” деб юрган экану…
– Аммо бизнинг Фарғона шарафини ҳимоя қилаётган “Нефтчи” яхши ўйнай бошладия?! Жудаям очко керак пайтда “Андижон”нинг халақит бергани ёмон бўлди. Андижонлик мухлислар Фарғонадан қайтаётиб, ўзлари суйган қўшиқни “хор” бўлиб айтиб кетишяпти.
– Қайси қўшиқни?
– “Кийидиради анжанчасига”…
– Би-и-ир чет эл футболидан ҳам гаплашмаймизми? Жозе Моуриньони кўрдингларми, “Челси”нинг навбатдаги мағлубиятидан сўнг аҳволи оғирлашиб қолди. Ҳар куни ухлаш олдидан унинг қулоғига клубдан ҳайдалган Ева Карнейронинг нолиши эшитилаётганмиш…
– Ева Карнейронинг нолишини бир эшитайликчи…
– Дилсўзга ўхшаб “Мен ёмонни ҳали жуда соғинасиз” деяётган эканку…
– Аста-секин ўйинида “қарилик белгиси” кўрина бошлаган Криштиану Роналду ҳам битта қўшиққа ўтириб қоптию, эшитдингларми?
– Қайси қўшиққа?
– Дилшод Раҳмоновнинг “Ўтяпман, ўттиздан ўтяпман!” деган қўшиғига.
– Ундан олдин эса Ирина Шейкка атаб ҳам ашула айтиб юрган эди.
– Нима деб?
– “Кел, ўшалар олдида,
Мен ғарибни битта ўп”, деб…
– Яқинда “Олтин тўп”ни топшириш маросими бўлади. Роналду ушбу маросимга бир қўшиқни хиргойи қилган ҳолда ўзини руҳан тайёрлаб юрганини ҳам кўрганлар бор.
– Бечорани овутаётган қўшиқни айтинг-чи…
– Муҳриддин Холиқовнинг “Шоҳмисан, тайёр тур гадо бўлишга!” деган қўшиғи!
– Ҳа-да, “Олтин тўп”ни Месси олиши деярли аниқ. Шу аргентиналик болакай ҳам анча қитмир экан аммо. Роналдуга бағишлаган қўшиғини эшитдингларми?
– Хўш, Леожон Роналдуга нима деб қўшиқ куйлабди?
– “Олтин тўп”ни топшириш маросимида “Дўст бўлсанг, ёнимда тур!” деяётганмиш…
– Лео яқинда қаттиқ жароҳат олди, кўрдингларми? Мессини касалхонага кўргани борган Луис Энрике кирган заҳоти нима деб йиғлаб юборганидан хабар топдингларми?
– Йўқ-да, билсангиз айтинг!
– “Оёғингни қучиб йиғлагим келди” дебди…
– Мессини муолажа қилган врач эса унинг татиуровка қилинган баданига кўзи тушганда, беихтиёр лаблари машҳур қўшиққа югура кетибди…
– Қайси қўшиққа?
– “Гулбадан-ей, гулбадан” деган қўшиққа-да!
– Эшитдингларми, Стив Жеррард ҳамда Френк Лэмпард бир қўшиққа дуэт олишибди…
– Қайси қўшиққа?
– Шерали Жўраевнинг “Ёдингдаму ёшлигимиз, беқарор, бебошлигимиз” қўшиғига. Клипи зўр чиқибди аммо…
– Хорди Кройффни эшитгансизлар-а, Йохан Кройффнинг ўғли? У ўғлига қандай насиҳат беради, деб ўйлайсизлар?
– Билсангиз, айтинг, тақсирим?
– “Отамга ўхша, ўғлим!” деса керак, а?!
– Италия терма жамоаси ҳимоячиси Кьеллини бир йил ўтиб кетган бўлса ҳам бир қўшиқни айтиб юрганмиш…
– Қайси қўшиқни?
– Озод Назарбековнинг “Елкамда тишларнинг изи бор” деган қўшиғини…
– У майли, Суареснинг ўзи уйда аёлига қараб шу ҳофизнинг бошқа қўшиғини хиргойи қилар экан.
– Нима деркан, эшитайликчи…
– “Бир қулоғи чандиқ қиз”…
– Европа чемпионатига йўл ололмаган Голландия терма жамоаси футболчилари шармандали натижадан сўнг, ўзбекча қўшиқни ўзларига мадҳия қилиб олишибди, қойилмисизлар?
– Қанақа қўшиқ экан, эшитсак бўладими?
– “Мени кутгил ва мен қайтарман…” қўшиғини.
– Туркия терма жамоаси эса ҳалигача кўча-кўйда байрам қилаётганмиш. Бу телбаликларга ҳайрон бўлганларга эса бир қўшиқ билан жавоб беришаётган экан футболчилар.
– Қанақа қўшиқ билан?
– “Майли телба денглар, майли, девона” деган қўшиқ билан.
– Майли-да, уларнинг телбаларча ўйинини соғиниб қолганмиз. Шояд, бизнинг терма жамоага ҳам уларнинг шижоатидан озгина юқса… Ҳосила Раҳимова бир қўшиғини аслида шу, Ўзбекистон терма жамоасига бағишлаб айтган экан ўзи.
– Қайси қўшиғини?
– “Бос, бос, қамчи бос,
От чоптир йигитга хос!” Чоптирларинг-а қаттиқроқ!
– Нимасини айтасиз, охирига бориб, “Ё ортга қайтайми армоним билан?” деб қолмасак бўлгани…