Яқинда Паоло Дибалани Месси мақтаган эди. Ўтган ҳафта россиялик шарҳловчи Василий Уткин ҳам осмонларга олиб чиқди – Дибалани Марадонага ўхшатди. Мессидан сўнг даҳолик таёқчасини шу кичик жуссали йигит олишини тахмин қилди.
Ҳа, Дибала ҳақида кўп гапиришяпти. Айниқса, Конте ёш иқтидорга ўйин амалиётини қизғанаётган Аллегрини “Дибаланинг қотили” деб таърифлагандан сўнг, бу болакайга бўлган эътибор янада ошди. “Юве” бош мураббийи ҳам шунча гап-сўздан сўнг, ўтган ҳафта аргентиналик 22 ёшли ҳужумчини асосий таркибда туширди. Дибала бу ҳолатни кутиб турганди – ишончни юз фоизга оқлади. Икки голда қатнашди, бирини урди, бирида ассиссент бўлди. Хуллас, Европада шунақа, демоқчиман. Ишонч билдирилган бола дарҳол юлдуз бўлиб кетади. “Довдираш” деган феъл уларнинг табиатига ёт, шекилли?!
Бизда эса тескариси. Бундан икки йил олдин Жамшид Искандеров деб аталмиш иқтидор порлади. Ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида кичкина юлдуз томонидан кўрсатилган хунарлар бугунги Дибаланикидан қолишмасди. Ҳамма “ўҳ” деворди. Турли тахминлар янгради. Ёш юлдузимизни қайсидир чет эл жамоалари чақираётгани хусусида гап-сўзлар бўлди. Ёшларимиз ЖЧдан қайтиб келишгач, оммавий ахборот воситаларида Жамшидни катталар термасига жалб қилиш борасида фикр-мулоҳазалар янгради. Искандеров Қосимовнинг жамоасига олинди ҳам. Бошида ёшлиги учун захирадан тушириб турилди. Кейин, ҳамма баравар бақира бошлади: “Асосий таркибга тушир!!!”
Тушди ва… кўрдингиз нима бўлганини. Қисқа қилиб айтганда, Дибала чиқмади ундан. Дибала, майли, ҳатто ўша кунги Искандеровдан асар ҳам қолмади. Жароҳат, демай туринг. Жароҳатга қадар у миллий чемпионатимиз савиясидаги оддий, нари борса “яхши ўйинчи”га айланди-қолди… Шугина, холос. Мана бизнинг Дибалалар…
Қизиғи, бунга Жамшиднинг ўзи ҳам, мураббийлар ҳам, мухлислар ҳам ҳозирда кўникиб бўлишди. Ундан топ-юлдуз чиқмаслиги энди аниқ. Ўнта Уткин келиб мақола ёзмайдими, Искандеровни бошқа кўрмасак керак. Йўқ, йўқ, кўрамиз, ўша икки йил олдинги, буюк келажакдан ваъда берган йигитни биз йўқотиб бўлдик, ишонаверинг!
Нега шунақа экан, а? Роса ўйланаман. Бунча кўникувчанмиз? Бунча тез рози бўламиз? Нафақат бир юлдузнинг чиқишида бу ҳол, балки бошқа жабҳаларда ҳам шунақамиз. Нега? Яқинда “Пахтакор” ҳамда “Металлург” жамоалари ўртасидаги ўйин ҳақида шов-шувли хабар тарқади. Бу миш-миш эмасди. Расман тасдиқланган КЕЛИШИЛГАН ЎЙИН эди. Аммо, эътибор беряпсизми, унга берилиши ваъда қилинган ЧОРАга вақт ўтган сайин ишонмай боряпмиз. Янада аниқроғи, ўзимизни кўниктириб боряпмиз. Мен “Пахтакор” ё бошқа жамоадан чемпионлик олиб ташлансин, демоқчи эмасман. Бу нарса кўп ҳам ҳал қилмайди муаммони. Менга қизиқ туюлаётган жиҳат, биз нега бирор нарсани охиригача етказа олмаслигимиз… Охиригача, тиш-тирноғимиз билан ёпишиб олмаймиз. Ҳал қилмагунича, вазиятни янада очиқламагунча курашмаймиз. Нега? Балким, шунинг учун ҳам, биздан Дибалалар чиқмас? Нима дедингиз? Бу биргина Жамшиднинг характери эмас, ҳаммамизнинг иллатимиз, деб ўйлайман.
Собиқ иттифоқдаги “Пахтакор”ни роса мақтаймиз. Портлаб кетганидан олдингисини айниқса. Лекин яхшилаб назар солсак, уларнинг энг яхши натижалари 6-ўрни бўлганини кўрамиз. Ўша пайтданоқ бизнинг менталитетимиз шу бўлган, шекилли?! Кўникувчанлик.
Мустақил бўлдик. Терма жамоамиз Осиё даражасида жуда баланд эди. Аммо японларни қийратиб юрадиган йигитлар 10 йил ўтмасданоқ улар билан тенг савияга тушиб бўлдилар. Ҳозирга келиб, Япония деса, “ўўў” деворамиз. Дуранг қилиб, дўппимизни осмонга отамиз. Японни қўя туринг, Баҳрайн билан қозонилган ғалабани-да, сал қолмаса тарихий ҳисоблаб юбордик. Ҳа, биз шу даражага кўникдик. Бундан пастига ҳам кўникишимизга ишонаман. Чунки бу, бизнинг табиатимизга ўтириб олган энг ёвуз иллатлардан биридир.
Қазои қадарга кўникиш бутунлай бошқа нарса. Бу кўникишнинг номи ИШНИ ОХИРИГАЧА ОЛИБ БОРМАСЛИК, ТЕЗДА ТАСЛИМ БЎЛИШЛИК деб аталади. Чалғитиб юбормаслигимиз керак. Тарихда Беруний охиригача курашган, ишини охирига етказа олган, шу боис Беруний бўла олган эди. Хоразмию Ибн Сино, Замахшарию Навоийлар ҳам. Бизнинг давримизда Равшан Эрматовни кўрдим фақат. У охиригача курашди, ўз устида тинмай ишлади ва жаҳон миқёсига кўтарилди. Қолганлар эса…
Жамшид Искандеров мақолани ўқиса ва мендан ранжиса, хурсанд бўлардим. Бекорларни беш мингтасини айтибди, деб шу саҳифани йиртиб ташласа ва “ҳали кўрасизлар”, деб йигитлик белбоғини белига маҳкам боғласа, янада хурсандман. Демак, унинг вужудида Берунию Хоразмийларнинг сўнгги қон томчиси бўлса ҳам оқаётган экан. Ундан Дибала чиқади, демак… Акс ҳолда, бир нарса деёлмайман.
Хайрулла Ҳамидов