12 ноябрь санаси Тошкентда КХДР термасига қарши кечадиган учрашув Самвел Бабаян ва унинг шогирдлари учун жорий саралаш босқичидаги илк ҳақиқий синов бўлади. Тўғри, пайшанба куни ғалаба қозонсак ҳам, гуруҳда 1-ўринга кўтарилолмаймиз. Лекин 3-ҳал қилувчи раундга етиб олгунимизча бошқа бу қадар кучли рақибларга тўқнаш келмаймиз. Шимолий Корея терма жамоаси тарихи, у билан ўзаро ўйинлар статистикаси ҳақида аввал ҳам батафсил маълумотлар берганмиз. Бугунги таништирувимиз эса, сал бошқачароқ. Зеро, жамоамизнинг 2:4 ҳисобидаги мағлубияти (16 июнь)дан сўнг орадан нақ 5 ой ўтди...
Ўзаро учрашувлар
КХДР ва Ўзбекистон миллий жамоалари ўзаро 7 марта тўқнаш келишган. Шу вақтгача терма жамоамиз шимоллик корейсларга атиги 1 марта ютқазган. Умуман, 7та учрашувнинг 4тасида Ўзбекистон термаси ғалаба қозонган бўлса, яна 2таси дуранг натижа билан якун топган. Фақат, охирги ўзаро ўйинда мағлубиятга учраганмиз. Бу ўйинларда қайд этилган энг йирик ҳисоб — 4:0. Аниқроқ айтсак, Бангкокда бўлиб ўтган XIII Осиё ўйинлари гуруҳ босқичи учрашувида корейсларни сўзсиз, енгганмиз. Ўшанда Николай Ширшовнинг 2та, Игорь Шквирин ҳамда Андрей Акопянцнинг 1тадан голлари термамизнинг йирик ҳисобли ғалабасини таъминлаганди. Ўзаро ўйинлардаги қолган 3та ғалабамиз бир хил ҳисоб (1:0)да қайд этилган. Битта алоҳида факт - жорий йил 10 январь куни Осиё кубоги гуруҳ босқичи доирасидаги ўйинда диққатга сазовор ҳолат юзага келганди. Ўшанда зарбалар ҳисоблаб чиқилганида, уларнинг сони ҳамюртларимиз фойдасига 23-5 эканлиги ойдинлашганди. Аммо Игорь Сергеевнинг ягона голи билан чекланганмиз.
2015 йилги КХДР термаси...
Бўлажак рақибимиз жорий йил ҳисобидан жами 13та ўйин ўтказди: 6та ғалаба, 3та дуранг ва 4та мағлубият. Олдинда яна 2та ўйини бор. Қизиқ, дунёдан деярли узилиб қолган мамлакат жамоаси шунча ўйин ташкиллашга қандай муваффақ бўлди? Тўғри, учрашувларнинг атиги 2таси (Вьетнам ва Таиланд термаларига қарши) ўртоқлик мақомига эга, холос. Хулоса айтсак, бутун дунёда «сирли давлат» ҳисобланадиган КХДРда футболга эътибор у қадар паст эмас.
КХДР термаси таркиби
Дарвозабон. Ушбу жамоанинг посбони ва сардори Ри Мёнг Гукдир. У 1986 йилнинг 9 сентябрида таваллуд топган. Терма жамоа сафида жами 76 марта майдонга тушган. Бу КХДР терма жамоаси футболчилари учун рекорд кўрсаткичдир. «Пхеньян» клубида 21-рақам остида ҳаракатланади. Жаҳон чемпионати саралаш босқичларида 2007 йилнинг 21 октябрида мўғулистонликларга қарши баҳс (4:1)да дебют қилган. ЖЧ-2010 мундиали иштирокчиси (3та ўйинда ҳам корейслар дарвозасини айнан Ри Мёнг Гук қўриқлаган). Умуман, жаҳон чемпионати ва унинг саралаш босқичларида жами 28та ўйинда қатнашган. Статистикаси қуйидагича: 12та ғалаба, 8та дуранг, 8та мағлубият.
Устун тарафлари: яккама-якка вазиятларда ўзини йўқотиб қўймайди. Ўйинни бошқаришда ҳам моҳир. Жарима зарбаларини бартараф этишда катта тажрибага эга.
Ҳимоя. Жанг Кук Чол, Йон Кванг Ик, Ро Хак Су, Жанг Сонг Хйок. Ҳимоячиларнинг ўртача ёши - 24-27да. КХДР терма жамоаси бош мураббийи ҳам худди Бабаян сингари ярим ҳимоячилардан ҳимоячи «ясаш»га уринмоқда. Ро Хак Су билан боғлик эксперимент фикримизни тўла исботлайди. Швейцариянинг «Виль 1990» клуби вакили Ча Жанг Хёкнинг эса, яна терма жамоага қайтиши учун корейслар кейинги босқичга чиқишлари керак. Умуман олганда, сўнгги 12 ойда терма жамоа таркибига атиги 9 нафар ҳимоячи таклиф этилди. Бу КХДРдек ҳимояси мустаҳкам жамоа учун бироз ноодатий ҳолат. 2012 йили «Лаҳвия» клубига таклиф этилган ва бу жамоа учун бирор марта ўйнамаган Йон Кванг Ик футбол мутахассисларига яхши таниш. У 17 ва 20 ёшлилар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида иштирок этган. Чап қанотда тўп сурувчи, бўйи 169 сантиметрга тенг бу ҳимоячи терма сафида Мўғулистон ва Ҳиндистон миллий жамоалари дарвозасига гол урган.
Ярим ҳимоя. Мураббийда ўрта чизиқ масаласида имконият кўпроқ. Ярим ҳимоячилар орасида Ри Чол Мёнг бошқаларга қараганда, кўпроқ ўйнаган - 45 марта. Ри Йонг Чол, Ри Йонг Жик, Ри Кум Чол, Ри Чол Мёнг - булар асосий ижрочилар. Ри Чол Мёнг 2010 йилги Осиё ўйинларидаги иштироки орқали Осиё футбол ишқибозларига танилган. Ўша турнир чорак финалида шимоллик корейслар БАА термасига пенальтилар серияси бўйича 8:9 ҳисобида ютқазиб қўйишганди. Сўнгги пенальтини айнан Ри Чол Мёнг бажарган ва гол уролмаганди. Терма жамоа ўйини 27 ёшли ушбу хавбек орқали ташкил этилади. Ундан кўпинча ноодатий қарорлар кутишади. Миллий жамоага энди-энди жалб этилаётган Ри Йонг Жик («В-Варен Нагасаки») эса, Япониянинг Осака шаҳрида таваллуд топган. Хуллас, у худди ЖЧ-2010да кўпчилик эътиборига тушган Жонг Тэ Се сингари КХДР термасини танлади. Лекин бу ярим ҳимоячи кўпроқ ҳимояга ёрдам бериши билан ажралиб туради.
Ҳужум. Мураббийларнинг 23 ёшли Йонг Ил Гвандан умидлари катта. У 2010 йили Осиёда йилнинг энг яхши ёш футболчиси, деб топилганди. Ушбу саралаш босқичида Яман ва Баҳрайн терма жамоалари посбонларини ранжитишга эришди. Яна бир 23 ёшли иқтидор Пак Кван Рйонг эса, Ўзбекистон термасини 4:2 ҳисобида таслим этишда катта роль ўйнади. Айнан унинг тезкорлиги ва ўзига хос ҳаракатлари оқибатида терма жамоамиз биринчи бўлимда ниҳоятда мураккаб аҳволга тушиб қолганди. 2011 йилнинг 27 июнидан «Базель» клубига тегишли. Терма жамоанинг 19та ўйинида қатнашиб, 4та гол урган. 30 ёшли Ри Хёк Чол 2004-2005 йилларда ҳам терма жамоа сафига жалб қилинган, аммо кейин кўринмай кетганди. Унинг иккинчи ёшлиги айни саралаш босқичига тўғри келмоқда. Дейлик, Чол Таиланд, Ўзбекистон ва Япония термаларига қарши баҳсларда гол уриб, КХДР жамоаси ғалабасига муносиб ҳисса қўшди.
Бош мураббий. Ким Чанг Бок. 1959 йилнинг 14 октябрида таваллуд топган. 2015 йилги Осиё кубогидан сўнг, аниқроғи, февраль ойида Жо Тон Соп ўрнини эгаллади. Энг қизиғи, интернетда КХДР термаси тарихидаги бош мураббийлардан атиги 6 нафари ҳақида оз-моз маълумот берилган. Шулардан бири айнан Ким Чанг Бокдир. Мураббий ёрдамчиси - Квон Рёнг Жун ва дарвозабонлар мураббийи - Ким Мёнг Чул ҳам маҳаллий мутахассислардир.
Ҳакамлар масаласи
«H» гуруҳи 7-тури доирасидаги Ўзбекистон - КХДР учрашувини эронлик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. «Пахтакор» стадионида соат 18:00да бошланадиган ўйиннинг бош ҳаками - Алиризо Фағони. Унга қанотларда Ризо Сухандон ҳамда Муҳаммадризо Мансури ёрдам беришади. Тўртинчи ҳакам — Мовуд Бунёдифард. Назоратчи — Салим Сайид ал Сувайдий (БАА). Комиссар — Салмон Муҳаммад Намшан (Саудия Арабистони).
Алиризо Фағони 1978 йилнинг 21 мартида Машҳад яқинидаги Кашмар шаҳрида таваллуд топган. Оиласига яқинлар уни Беҳруз, деб атайдилар. Отаси - Муҳаммад Фағони ҳам ҳакамлик қилган. Эрон про-лигасида 2007 йилдан ишлаб келади. ФИФА рўйхатига 2008 йили киритилган. Халқаро даражадаги дебют мавсуми якунида «Регар-ТадАЗ» (Турсунзода) ва «Дордой Динамо» (Норин) клублари ўртасидаги ОФК президенти кубоги финалини бошқарган. Шунингдек, Осиё ЧЛ-2014 ва Осиё кубоги-2015 финалларида бош ҳакамлик қилди. Эътиборлиси, 2011 йилнинг 11 октябрида Пхеньянда ЖЧ-2014 саралаши доирасида кечган ўзаро ўйинни ҳам айнан Алиризо Фағони бошқарганди. Ўшанда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганмиз ва эронлик рефери ўйин давомида Шавкат Муллажонов (64-дақиқа), Сервер Жепаров (67) ва Санжар Турсунов (77)га сариқ карточка кўрсатган эди.
Асосий факт. Эсингизда бўлса, ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати-2010 турнири пойтахтимиз - Тошкентда катта иштиёқ билан ташкил этилганди. Ўшанда Алексей Евстафеев бошқарувидаги U-16 терма жамоамиз финалгача чиройли ўйинлар билан барчамизни қувонтирган ва ҳал қилувчи баҳсда айнан КХДР термасига тўқнаш келганди. Ўйин тафсилотлари эсингиздан чиқмагандир: биринчи бўлим ўрталарида ҳакам ҳимоя чизиғимиз етакчиси Сардор Раҳмоновни шубҳали тарзда майдондан четлаштиради. Ўйин якунида эса Аббосбек Махсталиевни ҳам «қизил» билан «сийлайди». Ўша, бизда нафрат уйғотган ҳакам айнан Алиризо Фағони эди. Демак, футболчиларимиз унинг қатъий қоидалар асосида иш кўришини ҳам эътиборга олишлари лозим.
КХДР термасининг ЖЧ-2018 саралаш босқичидаги сўнгги 2та ўйиндаги таркиби
КХДР - Яман - 1:0 (1:0)
13.10.2015. Пхеньян. «Ким Ил Сунг» стадиони. 41000 томошабин.
Бош ҳакам: Ли Куок Ман (Гонконг).
Гол: Йонг Ил Гван (12-пен.).
КХДР: 1. Ри Мёнг Гук (сардор) - 3. Жанг Кук Чол, 6. Канг Кук Чол, 12. Йон Кванг Ик - 4. Ри Кум Чол, 10. Ан Бёнг Йун (17. Со Хён Ук, 44), 11. Йонг Ил Гван, 13. Сим Хйон Жин, 15. Ри Йонг Чол, 23. Ри Чол Мёнг - 7. Ри Хёк Чол (8. Ким Йонг Гван, 90}2).
Огоҳлантиришлар: Ри Кум Чол (41), Йон Кванг Ик (81).
Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Йонг Ил Гван (КХДР).
----------------------------------------------
КХДР - Филиппин - 0:0
8.10.2015. Пхеньян. «Ким Ил Сунг» стадиони. 41000 томошабин.
Бош ҳакам: Ма Нинг (Хитой).
КХДР: 1. Ри Мёнг Гук (сардор) - 3. Жанг Кук Чол, 12. Йон Кванг Ик, 16. Ро Хак Су - 13. Сим Хйон Жин, 15. Ри Йонг Чол, 22. Ри Йонг Жик (4. Ри Кум Чол), 23. Ри Чол Мёнг - 7. Ри Хёк Чол (10. Ан Бйонг Жун, 46), 9. Пак Кван Рйонг, 17. Со Хён Ук (11. Йонг Ил Гван).
Огоҳлантиришлар: Ри Йонг Чол (23), Пак Кван Рйонг (74).
Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Стефан Шрёк (Филиппин).
ЭкипирОвка таъминоти
КХДР термасини 2010 йилдан буён Италиянинг Legea компанияси экипировка билан таъминлаб келмоқда. Бундан ташқари, маҳаллий - Koryolink телекоммуникация компанияси ҳам терма жамоага ҳомийлик қилади.
Давр Экипировка ҳомийси
1948-1992 - Admiral (Буюк Британия)
1992-2002 - Fila (Италия)
2002-2003 - Lotto (Италия)
2003-2006 - Adidas (Германия)
2006-2007 - Umbro (Буюк Британия)
2007-2008 - Hummel (Дания)
2008-2010 - ERKE (Хитой)
2010-... - Legea (Италия)
Ўзаро ўйинлар (Ўзбекистон-КХДР - 7: +4+2-1. Т-н - 11:6)
***
07.12.1998
1. XIII Осиё ўйинлари
Ўзбекистон-КХДР-4:0
Бангкок. «Ражамангала» стадиони. 1000 томошабин.
Голлар: Николай Ширшов (16, 76), Игорь Шквирин (60), Андрей
Акопянц (66).
***
24.12.2007
2. «Таиланд қироли» кубоги
КХДР-Ўзбекистон-2:2
Бангкок. «Ражамангала» стадиони.
Голлар: Ан Чол Хёк (41), Ким Кум Ил (90) - Павел Соломин (53), Темур Яфаров (65).
***
29.08.2008
3. Ўртоқлик ўйини
Ўзбекистон-КХДР-0:0
Тошкент. МҲСК стадиони. 3500 томошабин.
Бош ҳакам: Рустам Саидов (Ўзбекистон).
***
11.10.2011
4. ЖЧ-2014 саралаш ўйини
КХДР-Ўзбекистон-0:1
Пхеньян. «Янггакдо» стадиони. 29000 томошабин.
Бош ҳакам: Алиризо Фағони (Эрон).
Гол: Александр Гейнрих (25).
***
11.11.2011
5. ЖЧ-2014 саралаш ўйини
Ўзбекистон-КХДР-1:0
Бош ҳакам: Андре Ҳаддод (Ливан).
Гол: Темур Кападзе (49).
***
10.01.2015
6. Осиё кубоги-2015
Ўзбекистон-КХДР-1:0
Сидней. «Австралия» стадиони. 12078 томошабин.
Бош ҳакам: Наваф Шукруллоҳ (Баҳрайн).
Гол: Игорь Сергеев (62).
***
16.06.2015
7. ЖЧ-2018 саралаш ўйини
КХДР-ЎЗБЕКИСТОН-4:2 (4:0)
Пхеньян. «Ким Ил Сунг» стадиони. 42000 томошабин.
Ҳакам: Моҳд Ёқуб (Малайзия).
Голлар: Пак Кван Рйонг (4), Жанг Кук Чол (16), Ро Хак Су (34), Ри Хёк Чол (36) - Анзур Исмоилов (53), Сардор Рашидов (79).