Эртага Доҳа шаҳрида бўлиб ўтадиган Яман - Ўзбекистон учрашуви олдидан ҳар икки терма жамоа бош мураббийлари ва ҳамда биттадан футболчи иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар устози Амин Али Ҳусайн ва жамоа етакчи футболчиларидан бири иштирок этди.
– Бизни эртага қийин ўйин кутиб турибди. Сабаби ҳозирда Ўзбекистон терма жамоаси кучли ўйин намойиш қилмоқда. Биз ўйинимизни олдингига қарши анча такомиллаштирдик. Бу эса Филиппинга қарши кечган учрашувда бизга қўл келди. Шундай экан, бўлажак баҳс қизиқарли ўтади, – дея сўз бошлади Яман термаси бош мураббийи Амин Али Хусайн.
– Филиппинга қарши ўйинда бизга катта куч ва илҳом бағишлади. Ўзбекистон билан бўладиган беллашувда етарлича қаршилик туғдира оламиз, – дейди Яман термаси етакчиси.
– Филиппинга қарши бўлган учрашувдаги ғалаба билан сизни табриклайман. Айтингчи, Яман термаси гуруҳда иккинчи ўрин учун кураш олиб бор оладими?
– Табрик учун ташаккур билдираман. Олдимизда иккита ўйин турибди. Эртага Ўзбекистон билан бўлса, март ойида Баҳрайн термасига қарши майдонга чиқамиз. Ҳар иккила баҳсда ҳам мувафаққият қозонишга ҳаракат қиламиз.
– Рақиб терма жамоасида қайси футболчини кучли деб алоҳида кўрсатган кўрсатган бўлардингиз?
– Ўзбекистон терма жамоаси сафида кучли футболчилар кўп. Улар битта футболчига боғланиб қолмаган ва жамоавий ўйин кўрсатади. Эртанги баҳсда бутун жамоага қарши тўп сурамиз.
– Сизнинг фикрингизча, "Н" гуруҳини саралаш иккинчи босқичида энг қийин гуруҳ деб ўйлайсмизми? Сабаби гуруҳдаги барча термалар бир-бирини ютмоқда.
– Шубҳасиз, бу саралаш баҳсидаги энг қийин гуруҳ. Гуруҳдаги барча терма жамоалар энг кучли. Шикоят қилишга ўрин йўқ. Чунки барчаси қуръа натижасидан келиб чиққан.