Айни пайт «Краснодар» шарафини ҳимоя қилаётган терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедовнинг фаолият йўли деярли барчамизга маълум. Хусусан, унинг ёшлик чоғлари жуда кўп қийинчиликларга дуч келгани ва ҳаттоки, футболдан бутунлай кетиш ҳақида ўйлаганидан ҳам хабардормиз. Лекин Одилнинг омади келиб, бахтли тасодиф ортидан «Пахтакор» мураббийлари эътиборини ўзига қаратган. Кейин таниқли мутахассис - Валерий Непомняшийнинг ўгитлари билан маҳоратини оширган. «Пахтакор»даги 5 йиллик ажойиб даврдан сўнг 2011 йили «Анжи» сафига, Это`О, Диарра ва Роберто Карлосни ўзида жамлаган юлдузли таркибга қўшилди. Шуниси эътиборлики, босиқ-камтар ўзбек йигити шундай машҳурлар ичида йўқолиб қолмади. Аксинча, барқарор ўйинлари билан Россияда ҳурмат-эътибор қозонди. 2014 йилга келиб, ЦСКА таклифидан «Краснодар» вариантини афзал кўрган ҳамюртимиз келажак сари яна бир дадил қадам қўйди.
Мана, бугун Одил - Ўзбекистон терма жамоаси сардори ва Россия чемпионатидаги энг фойдали легионерлардан бири. Яқинда «Независимой спортивной газетў» нашри мухбирлари юртдошимиздан катта интервью олишди. Биз шу суҳбатни қисқартирилган ҳолда, ҳукмингизга ҳавола этишни лозим топдик.
- Маълумки, КХДР термасига қарши кечган мағлубиятли ўйиндан кейин Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи ўзгарди: Миржалол Қосимов ўрнини Самвел Бабаян эгаллади. Бу ўзгариш жамоага нечоғли таъсир ўтказди?
- Шуниси аниқки, жамоамизга соғлом ғолиблик руҳи қайтди. Биласизми, футболда мураббий ва ўйинчилар ўртасида руҳий муносабатнинг ўрни жуда муҳим. Самвел Вячеславович эса ўйин олдидан футболчиларни шу қадар руҳлантира оладики, ҳаттоки, захира ўриндиғидагилар ҳам ҳар қандай ҳолатда фақат ғалабани кўзлашади. Биз Бабаян билан «Пахтакор»даги фаолиятимдан буён яхши танишмиз. Эҳтимол, узоқ йиллик ҳамкорлик учун ҳам у мени сардор сифатида кўришни хоҳлагандир. Терма жамоа сафи мунтазам равишда ёш иқтидорлар билан тўлдириб борилмоқда. 20 ёшли Жавоҳир Соҳибов ёки 22 ёшли Игорь Сергеев сўзимнинг исботи. Шахсан мен энди сардор сифатида масъулиятни ҳис этяпман.
- Дарҳақиқат, Бабаян Тошкентда Яман термасига қарши баҳсда Соҳибов ва Сергеевни бошланғич таркибга киритди. Бу - мамлакатда келажаги порлоқ футболчилар авлоди етишиб чиқаётганидан далолатми?
- ЎФФ раҳбарлиги Мираброр Зуфарович Усмонов қўлига ўтган сўнгги 10 йиллик даврда юртимизда футболнинг ривожига катта эътибор қаратилмоқда. Турли ёшдаги терма жамоаларимизнинг жаҳон миқёсидаги турнирларда мунтазам қатнашаётгани бунга яққол мисол. Эҳтимол, шунинг учун ҳам термамизнинг ҳозирги йигитларига «олтин авлод» нисбати берилаётгандир...
- Нега унда ўзбек футболчиларини Европа клубларида кўрмаяпмиз?
- Биласизми, айни пайт термамизнинг асосий 7 нафар аъзоси легионер. Лекин аксарият йигитларимиз Осиё клубларида тўп суришади. Футболчиларимиз нега Европага интилишмаяпти? Эҳтимол, Ўзбекистон чемпионатида асосан техникага эътибор қаратилгани боис, йигитларимиз атлетик салоҳиятга катта урғу берувчи Европа клублари талабларига жавоб бера олишмас?! Шунинг учунми, бизга ҳамдўстлик ўлкалари чемпионатлари кўпроқ мос тушади.
- Ўзбекистонда терма жамоа учун база вазифасини ўтайдиган клублар борми?
- Агар барча ёш тоифасидаги жамоалар таркибини таҳлил қилсак, аксарият футболчилар «Пахтакор» клубида тарбияланаётганликларини кўрамиз. Шунингдек, «Локомотив», «Бунёдкор» ва «Насаф» клубларидан ҳам ажойиб футболчилар етишиб чиқишмоқда.
- Ёшлик чоғларингиз «Пахтакор»нинг қайси афсонасига ўхшашни истардингиз?
- Миржалол Қосимовга! У 1997 йили «Алания»дан Тошкентга қайтганди... Ўшанда ўйинларини телевизорда кўриб, роса ҳавас қилардим. Дейлик, у жарима зарбасини амалга оширдими, тамом: ўта хавфли вазият бўларди ёки гол! Шукрки, шундай афсона билан елкама-елка ишлаш насиб этди. Терма жамоага Миржалол Қўшоқович устозлик қилган пайтлар у жарима зарбаларини ҳам амалга оширишимни истарди. Балки мураббий каминада ҳам бунга қизиқиш борлигини сезгандир...
- Нега унда «Краснодар»да бу вазифани бажармайсиз?
- Чунки жамоамизда «стандарт»ларни мендан ҳам аълороқ ижро этувчи йигитлар бор. Масалан, Маурисио Перейра ёхуд Жоаозиньо. Лекин ўйин ҳолатида зарба беришга имкон туғилса, буни бажонудил амалга ошираман. Масалан, Қатардаги Осиё кубоги-2011да дарвозадан 30 метрлар чамаси узоқликда тўпни қабул қилдим ва кучли зарба орқали гол уришимни ич-ичимдан сездим. 2013 йили «Анжи» сафида «Краснодар», яқинда эса «Краснодар»да «Динамо» дарвозасига урилган голлар ҳам шундай юз берди.
- Узоқ масофадан ҳар иккала оёқда ажойиб зарба йўллайсиз. Бу машғулотлар самарасими ёки туғма қобилият?
- Тўғри, машғулотларда ҳам кўп меҳнат қилишга тўғри келади. Аммо бу барибир, аввало - Яратганнинг инояти.
- Кўпчилик ҳалигача майдонда ким эканингизни тўла тушунмайди. Бошқача айтганда, ижодкормисиз ёхуд «бузғунчи»?
- «Пахтакор»да ўтган дастлабки икки йил давомида фақат таянч ярим ҳимоячиси сифатида тўп сурганман. Кейинроқ мураббийлар мени олдинроққа суришди. Ҳозирги кунда эса, мен учун қаерда ўйнашнинг фарқи йўқ. Шубҳасиз, рақиб жарима майдони яқинида ҳаракатланиш, айниқса, голли вазиятларда шерикларингга «пас» беришнинг роҳати ўзгача. Лекин рақиб ҳужумини қоида доирасида тўхтатиб, янги ҳужум бошлаш ҳам одамга хуш ёқади.
- Тўпни рақибдан олиб қўйишда қатъий ҳаракатланасиз, аммо сизни қўпол футболчи, деб бўлмайди. Бундай «тоза» ўйнашнинг сири нимада?
- Менимча, яхши футболчи ўйинни ўқий олиши керак. Айтайлик, рақиб тўпни қабул қилаётиб, ўнг томонга ҳаракат қилишни мўлжаллаб турибди. Демак, сиз айнан шу томонни гавда билан тўсасиз. Бордию, рақиб менга тўп билан яқинлашиб келаётган бўлса, аввало, унинг кўзига қарайман. Чунки ҳар қандай инсоннинг нимани ният қилганини кўзларидан билиб олиш мумкин. Менинг кейинги ҳаракатларим шунга мувофиқ бўлади.
- Яна бир ажойиб хусусиятингиз бор: тўпни ўз жарима майдончангиз яқинида эгаллаб, катта тезликда марказ орқали рақиб дарвозасига хавф соласиз...
- Ҳамма гап шундаки, барчаси ички туйғуларимга боғлиқ. Баъзида озгина тин олиш кераклигини ҳис қиламан. Бошқа сафар тезликни ошириш кераклигини сезиб, ўзимга руҳан таъсир ўтказишга интиламан.
- Ўзингизни омадли инсон, деб ҳисоблайсизми?
- Ҳа. Айниқса, 2005 йили «Пахтакор»нинг янги мураббийи Валерий Непомняший мени асосий таркибга киритганида, бунга амин бўлгандим. Ўшанда 18 ёшли йигитча эдим ва катталар билан 20 дақиқа тўп суриб, болалардек қувонганим ёдимда. Дебютдан кейинги 3-ўйинда Непомняший мени бошланғич таркибга киритди. Ўша кунни сира унутмайман. Ахир ёнимда Сервер Жепаров ва Темур Кападзе каби терма жамоа юлдузлари тўп суришарди.
- Ўша куни Валерий Кузьмич сизга нималар деганини эслай оласизми?
- Албатта. «Одил, сендан яхши футболчи чиқиши мумкин. Техниканг зўр, тўпни рақибдан олиб қўйишда ажойиб ҳаракат қиласан. Лекин сенга ҳозирча босиқлик етишмаяпти. Доим хотиржамликка интил, шунда тез ўсасан», - деганди. Бу сўзлар ҳали ҳам қулоғимда мунтазам жаранглаб туради.
- Сизга совуққонлик етишмай қолган ҳолатлар ҳам бўладими?
- Аввалги йили биз Бразилия мундиалига чиқолмадик. Аслида гуруҳда Эрон термаси билан бизнинг жамоа йўлланма олиши мумкин эди. Лекин Сеулда Жанубий Корея термасига ютқазиб қўйдик. Кейин ўтиш баҳсларида иорданияликларга рўпара келдик. Ҳар икки томонда дуранг қайд этилди ва пенальтилар серияси бошланди. Табиийки, мен ҳам «нуқта»га яқинлашдим. Аслида зарба ўзим ўйлагандек чиқди, аммо тўп йўлига дарвоза тўсини қалқон бўлди... Бу фаолиятимдаги энг қора кун: чунки мамлакат олдида уятга қолгандим. Ўшандан бери 11 метрлик нуқтага деярли яқинлашмайман.
- Энди фаолиятингиздаги энг бахтли кунни ҳам эсласак...
- Менимча, бу 2007 йилнинг 13 октябри бўлса керак. Чунки худди шу куни Рауф Талгатович Инилеев қўл остида терма жамоада дебютимни нишонлаганман.
Исроил РАҲИМОВ тайёрлади