Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Мулоҳаза: Мавсумнинг мураккаб марраси

Баҳо:
+1 | -1

Муҳтарам мухлис! Ёдингизда бўлса, «Адоқсиз йўлларда саросар ўйин» номли мақоламизда олий лиганинг қайси жамоа тарк этиши масаласи кўп жиҳатдан «Олмалиқ» тутажак позицияга боғлиқ экани ҳақида ёзган эдик. Охир-оқибат, шундай бўлиб чиқди. «Сўғдиёна»-»Бухоро» ўйини якунлангач, Жиззахдаги «Марказий» стадиони андак хомушланиб қолди, Даврон Файзиев эса шогирдларидан норозилигини яшириб ўтирмади. Саноқли сониялар ўтгач эса, ҳаммаси бирдан ўзгариб кетди. Кўпчилик «Динамо»нинг «Олмалиқ» устидан осонгина ғалаба қозониши эмас, балки меҳмон жамоанинг кўр-кўрона таслим бўлиши хусусида сўзлаётганди.

Тахминларга кўра, Жиззах жамоаси ўз майдонида бухороликлар билан лоақал дуранг қайд этиши керак эди. Шунда ўз-ўзидан «Бухоро» лигани тарк этарди. Ҳолбуки, барчаси бошқачароқ сценарий асосида кечди. Даст­лаб  Жамшид Саидов шогирдлари кутилмаган (аслида кутилган) сўзларини айтишди. Отабек Шукуров ва Суҳроб Неъматов ўша Златан Ибрагимовичнинг стандарт вазиятдан Дания терма жамоаси дарвозасига йўллаган ўзгача троекторияли зарбасини қайта-қайта машқ қилиб кўришган, чоғи, бирин-кетин Дониёр Усмоновни доғда қолдиришди. Очиғи, ўша вазиятлар учун Дониёрни айблаш ноўрин. «Жонли девор»ни маҳорат билан бош­қарадиган, юқори техника ва реакция соҳиби саналган Мануэль Нойер, Давид Де Хеа, Жанлуижи Буффон сингари дарвозабонлар балки ўша зарбаларни тўсишар, аммо Усмоновнинг потенциал имкониятлари буни кўтармайди. Ўйлаймизки, Файзиев ҳам уни айбдорлик нуқтаи назаридан эмас, аксинча, руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида алмаштирди. Акс ҳолда, ҳисоб меҳмонлар фойдасига янада йириклашарди. Стандарт вазиятлардан урилган ушбу голларни эса тасодиф натижасига йўйишдан йироқмиз.

Одатда олий орзулар тантанаси энг мураккаб паллада, кутилмаганда таъминланади. Буни ташқи кучлар билмайди, сезмайди. Фақат футболчининг ўзигина ўша кичик руҳий ҳолат ичида яшайди ва уни ҳис қилади. Ибрагимовичнинг юқорида тилга олингани каби зарбалари ҳар доим ҳам ўзини оқлаб, тўп манзилга аниқ етиб боравермайди. Ўша вазиятда тақдир Златаннинг заргарона зарбаси томон кулиб боқди. Ахир олтин истеъдоднинг бири доимо омад оғушида, иккинчиси омадсизлик гирдобида юриши ҳам адолатдан эмас. Тақдир тарози палласини тенг тортади ҳамиша. Ана, Месси жароҳат боис, бир муддат четга сурилди. Қарангки, айни шу муддат орасида Роналдуда ҳам юқори ўйин кайфияти кузатилмади. «Эль-класико»да ҳам гўё, Мессисиз «Барселона» ва Роналдусиз «Реал» ўзаро тўқнашди. Эҳтимол, шу сабабдандир, бу сафар «класико» мухлислар кутган ва кўниккан даражага кўтарилолмади. Ҳар ҳолда, сўнгги пайтларда тақдир Месси ва Роналдуга нисбатан Златанни бироз кўпроқ сийлади, назаримизда. Отабек Шукуров ва Суҳроб Неъматовни ҳам мавсумнинг охирги баҳсида тақдир қўллаб-қувватлади, холос. Тақдир тарафингизни олса, ишингиз ўз-ўзидан юришаверади. Азиз Ҳайдаровнинг Яман термаси дарвозасига йўллаган зарбаси бошқа вазиятда ҳеч қачон голга айланмаслиги мумкин. Лекин ўша куни тақдир Азизнинг гол уришини истади. Араблар заминига синашта футболчи Дохада терма жамоамиз учун гол урмаса, қачон урарди?! Унча-мунча дарвозабонлар ҳам ўз ҳисобларига гол ёзаётган бир паллада Ҳайдаровнинг терма жамоамиз сафида голсиз юриши албатта, адолатсизлик саналарди.

Хуллас, тақдир термамизнинг, олий лига клубларини, мураббий ва футболчиларни турли йўлларга чорламоқда. Аён бўлмоқдаки, бош жамоамиз бораётган йўл анчайин омадли. Футболчиларимиз юқори савияда тўп суришмаган бўлсаларда, Қатардаги баҳсда зафар қучишди. Демак, Самвел Бабаян қачон қайси мурватни бурашни билади. Ўша баҳс­да ҳисоб йириклашгач, мухлислар Санжар Шоаҳмедовни майдонга туширилиши кутишди. Самвел Вячеславович эса ўз билганидан қолмади.

Хўш, бош мураббий кўпчилик кўнглидан кечган уй-фикрни ўқимаган дейсизми?! Йўқ, у ҳаммасини сезиб, билиб турганди. Фикримизча, барча бирдек ўйлаётгани учун ҳам, Бабаян «Локо»нинг энг ёрқин футболчисини майдонга туширмади. Унинг ўзига хослиги ҳам шунда. Яъни кўпчиликдан фарқланишни истайди. Шунинг учун ўзгалар фикрига суюнавермайди. Аксинча, бош­қаларга фикран таъсир ўтказишга интилади. Албатта, бу жараёнда профессионал мураббий эканлигини ёдда тутади. Бироқ аввал юз берган хуш-нохуш воқеалар, улардаги инсон омилини ҳам унутмайди. Синчиклаб назар ташласак, барча-барчаси унинг иш услубида яққол кўзга ташланади. Хусусан, Миржалол Қосимов юрган «йўллар»ни четлаб ўтиш, у томонидан термага жалб этилган айрим футболчилар хизматидан иложи борича фойдаланмаслик шулар жумласидандир.

Кимдир буни худбинлик, бош­қа биров ўзига хослик, эҳтиёткорлик сифатида баҳолайди. Майли, фикрий хилма-хиллик бўлгани яхши. Энг муҳими - сизу бизнинг эътирофимиз. Эътироф шуки, Самвел Бабаян «Пахтакор»ни чемпион бўлишига яна бир марта муносиб ҳисса қўшди. «Пахтакор»-«Андижон» учрашувидан кейин футболчилар Нўъмон Ҳасановдан аввал уни олқишлашгани бежиз эмас. Шу маънода «шерлар»нинг навбатдаги чемпионлик унвони Бабаяннинг ҳам байрамидир. Унутмайликки, бугун миллий жамоамиз ва «Пахтакор»ни Самвел Бабаяндек ришта боғлаб турибди. Бевосита унинг ташаббуси билан «Пахтакор»нинг собиқ ва айни дамдаги истеъдодли футболчилари бош жамомиз сафида фаоллик кўрсатишмоқда. Улар наинки, Ватан шарафи, мухлислар ҳурмати, балки Бабаян ўзларига сарфлаган меҳнатлар учун ҳам майдонда ўзгачароқ ўйнашмоқда.

Қисқаси, бугун миллий жамоа­миз ва «Пахтакор» ўзагини ташкил этадиган футболчилар «тили»ни тушунадиган энг маъқул мураббий - Самвел Бабаян. Буни бот-бот таъкидлашга мажбурмиз.

Шундай экан, ПФЛ раҳбари «Пахтакор»-«Андижон» баҳси тугагач, чемпионат байроғи тантанали туширилишини кузатиши ва таъминлаши, чемпион жамоани самимий табриклаши лозим эди. Афсуски, у бу жараёнга юзаки қаради. Умуман олганда, ПФЛ бу каби тантанали тадбирларга ўта жиддий эътибор бермай келаётир. Ваҳоланки, ташкилот мутасаддилари мухлислар ҳурмати мавсум якунини байрамона руҳда ўтказишни ўзларига бурч­ билишлари керак эмасми?!

Муҳаммад ВАЛИ

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:23, 25.11.2015.
Ўқилди: 2841 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.