Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Хайрулла Ҳамидов: Жазоланганлар!

Баҳо:
+ | -

Футбол оламида жуда кўп можаролар бўлган. Айниқса, келишилган ўйинлар борасида. Бу воқеаларнинг бобокалони билан олдинги сонларимиздан бирида таништириб ўтгандик. Бу сафар ҳам ўша мавзуни давом этмоқчимиз. Бунинг учун эса дунё футболида рўй берган 7та энг муҳим воқеани танлаб олдик. Бу воқеаларнинг изи энг муҳим қинғирликка олиб боради. Келинг, бир лаҳзага Пуаро бўлиб кўрайлиг-а…

8. ТУРКЛАР ЭПЛАДИ-КУ БУ ИШНИ, АЖИБ…
“Фенербахче”. 2011-1013.

Туркиянинг “Фенербахче” клуби миллий чемпионатида келишилган ўйинларда қатнашганлиги маълум бўлгач, ЕЧЛнинг 2011/12 мавсумидан қуруқ қолди. Ўшанда бу воқеалар юзасидан Туркияда 30дан зиёд киши хибс этилган, “канарейкалар” ўрнига ЕЧЛда “Трабзонспор” қатнашган эди.
“Фенер” томонидан бу қинғирлик 2013 йили ҳам такрорланди, натижада УЕФА жамоани энди уч йилга Европа кубокларидан хайдади. Бу сафаргиси сал ёлғонроқ эканми, дейман, клубнинг эътироз хатидан сўнг жазо озгина юмшатилган.
Табиийки, бундоқ ишлар тепасида клуб президенти туради. Уни 1 йилга озодликдан маҳрум этилганини ҳам эшитгансиз, албатта?! Турклар бундай ишда “қовун туширмас” эдилар, негадир ўхшамай қолганига ҳайратдамиз-да…

7. “ПОРТУ” БЎЛИБ ТУРИБ ҲАМ КЕЛИШАСАНМИ, А???
“Порту”. 2008.

2004 йилни “Порту” икки хил ҳолат билан эслайди. Биринчиси, албатта, ЕЧЛдаги ажойиб ғолиблик. Моуриньо бошчилигида кўрсатилган ўйинлар кўҳна қитъани силкитиб юборди. Маур учун Европа “фатҳи” бошланди. Бироқ, ўша ажойиб мавсумда ҳам клуб ўз миллий чемпионатида кимлар биландир келишиб юрган экан.
Бу хабарлар кейинчалик, тўрт йил ўтгач тасдиқланди ва “Порту” ЕЧЛ-2008/2009дан бадарға қилинди. Лекин икки кундан сўнг клуб апелляция ёзди ва бу эътироз инобатга олиниб, ўша мавсум португалияликларни турнирда қолдиришди. Жамоа ҳам ишончларни оқлаб, чорак финалгача етиб борган ўша мавсумда…
Аммо ўйлаб қоласан-да, “Порту”дек клуб мамлакатда ягона бўла туриб, келишувларга қўл урган экан-да, а, тавба… Жуда таниш манзарамасми бу?!

6. ҚИНҒИР ИШНИНГ ҚИЙИҒИ…
“Андерлехт”. 1998.

1998 йил.
1984 йилги Европа кубоги ярим финали – “Андерлехт” – “Ноттенгем Форест” ўйинини бошқарган ҳакам 14 йил ўтгачгина белгияликлардан пора олганини эълон қилади. Ҳакам 3:0 ҳисобида тугаган ўйинга айнан шу ҳисобни амалга ошириб бериш учун пул олган экан. Ҳа, ҳамма ўша баҳсни эсга ола бошлади: “…ия, ростан ҳам, ўйин давомида англияликларнинг ҳаққоний голи инобатга олинмаганди-ку, “Андерлехт” иккинчи голини шубҳали пенальтидан киритган эдия, вой до-о-о-од!!!”
Икки ўйин натижасига кўра (3:2) “Андерлехт” кейинги босқичга, яъни финалга йўл олган ўшанда. Бу иқрор воқеадан 14 йил ўтгандан сўнг маълум бўлгач, УЕФА ўша йилги натижани бекор қилмади, аммо клубни ўша йилги барча еврокубоклардан дисквалификация қилди. Бельгияликларнинг бирон бир эътирозлари инобатга олинмади, аниқроғи, эшитиб ҳам кўрилмади.
…Қирқ йилда бўлса ҳам чиқади, дейишадию…

5. “ДИНАМО”ЛАР “ИШИ”
“Динамо” Киев, 1995.
“Динамо” Тбилиси, 1994.

Киевнинг “Динамо”сини ҳам ҳакамнинг иқрори очиб берган. “Панатинаикос” билан кечган баҳсни бошқарган ҳакам Лопес Ньето УЕФАга, Киевга борганида, унга мезбонлар вакили Игорь Суркис, Василий Бабийчук кўп маротаба пора таклиф қилишганини ёзиб берган. Тушлик пайтида ҳакамни қимматбаҳо пўстин, турли сувенирлар билан “сийлашгани” ҳақида ҳам маълумотлар келтирилганди ушбу баёнотда. УЕФАга шу совғалардан бошқа аниқ ашё келтирилмаган бўлса-да, “Динамо” қаттиқ жазоланди: Клуб икки йилга еврокубоклардан четлатилди, ҳакам бошқа ҳакамга алмаштирилди, Суркис ва Бабийчук футболдан умрбодга хайдалди. Лекин бир йилдан сўнг ёзилган апелляция ҳаммасини жой-жойига қўйди – 1996 йили УЕФА ижроқўми “Динамо”дан ҳам, мутасаддилардан ҳам жазоларни олиб ташлади. Лопес Ньето эса ажойиб “шуба”дан маҳрум бўлгани қолди, холос.
Тбилисининг “Динамо”сини ҳам ҳакамлар “сотиб қўйишди”. ЕЧЛнинг биринчи босқичида грузинлар Ирландиянинг “Линдфилд”и билан ўйнашлари лозим эди. Ўйиндан олдин улар туркиялик ҳакамга 5000 доллар таклиф қилишади. Ҳакам эса бу таклифни УЕФАга бориб айтиб беради. Тбилисиликлар эса бу пулни йўл харажати учун берилган компенсация тариқасида хаспўшлаб кўришди. УЕФА эса бу баҳонага ишонмади ва клубнинг ўша ўйиндаги натижасини бекор қилди, ўзини эса икки йилга еврокубоклардан бадарға этди. Лекин бу “Динамо” ҳам апелляцияда енгишни яхши биларкан – бир йилдан сўнг яна қитъа баҳсларига қайтди.

4. МАРСЕЛДА ТЎЙ КЕТИДАН АЗА
“Олимпик”. 1993.

Бу воқеадан сўнг, Франциянинг “Олимпик” клуби ҳанузгача ўзига кела олмаяпти. Клуб 1992/93да ЕЧЛда ғолиб бўлган эди. “Милан”ни қақшатган жамоа эди-я! Унинг бошига Франциянинг бошқа бир жамоаси “Валенсьен” етди. Ушбу клуб президенти кўрсатмасига кўра, марселликлар томонидан ушбу жамоага келишув таклиф қилинган. “Валенсьен”нинг 3та ўйинчиси – Робер, Бурручага ва Глассман бу ишнинг бош қаҳрамонлари бўлишган.
УЕФА томонидан ўтказилган тергов ва судда “Олимпик”нинг бошқа муғомбирликлари ҳам очилиб кетди. Хусусан, ушбу қинғирликларда фаол иштирок этган клуб раҳбари Бернар Тапи 8 ойга озодликдан маҳрум этилди. Жамоа еврокубоклардан бир йилга маҳрум этилди. Бу эса, ўша йили ўйнаши лозим бўлган Суперкубок ҳамда қитъалараро баҳсда иштирок этмайди, дегани эди. Хуллас, ўша биргина келишувдан сўнг биз “Олимпик Марсел”нинг юлдузли онларини кўрмадик. Нима керак шунақа ишларни қилиш???

3. БАЛИҚ БОШИДАН, ДЕЙДИЮ…
ФИФА, 2015.

Ҳа, навбат Жаҳон футбол уюшмасига ҳам етиб келди. Ўзи бу ташкилот ҳақида анчадан бери шубҳали гаплар юради. Эсимда, ёшлигимда Марадонани йиғлатишганидаёқ ФИФА раҳбарларининг ғирромлиги хусусида рус матбуотида ўқигандим. Кейинчалик ҳам бунақа гап-сўзлар кўп бўлиб турди. Ахийри, 2015 йилга келиб ҳаммаси очилиб кетди. Очилиб кетганда ҳам, даҳшатли кўринишда…
Кимсан, жаноби АҚШнинг ўзлари бу иш билан шуғулландилар Натижада, ФИФАнинг бир қатор раҳбарлари хибсга олинди, терговга чақирилди, ҳукмлар ўқилди. Бу асосан Қатар-2022 хусусидаги ишлардан сўнг авжига чиққанини ҳозирда ҳамма яхши билади. Кичкина Қатар, бунинг устига, яхшигина саратони билан қандай қилиб ютиб чиққан, деган саволлар бўйича Sunday Times нашри томонидан олиб борилган жиддий текширув муваффақиятлар калити бўлди. Порахўрликнинг энг катта кўриниши шу ташкилотга тегишли бўлиб чиқди. Давлатлар аралашиб кетди бу ишларга.
Ҳаммаси ўзимизнинг Осиёдан бошланди. Ҳар ҳолда, қитъамиз нозик масала… ОФК президенти Бин Ҳаммам Африканинг бир қатор давлатларини Қатар мезбончилиги учун сотиб олганлигини сезиб қолишди.
ФИФА қароргоҳида ўтирган корчалонлар устидан Швейцария ҳукуматининг ўзи ҳам жиноий иш қўзғаб юборди. Швейцария аралашса, биласиз, банклардаги текширувлар нечоғлиқ даҳшатли кўриниш олади, вой-ей, пуллар музлатиб ташланадими-ей… Хуллас, ҳаммаёқ алғов-далғов бўлиб кетди.
Кўпчиликни бу ишлар эмас, балким жаноб Блаттернинг ҳамма ишдан “четдалиги” ажаблантирарди. Савол туғиларди ҳаммада: “Агар қатнашган бўлса, жазосини олсин, қатнашмаган бўлса, кўр экан-да, демак:)”
Охирида, бу инсон ҳам кўп нарсадан бохабарлиги маълум бўлди. Лекин биз биламизки, жаҳоншумул ходисаларда кўп ишларнинг охири бўлмайди, аниқроғи тугатилмайди. Ҳозирда ҳам бу қинғирликлар охирига етказилмаган, охирига етказилмаса ҳам керак. Ҳаммасини ҳам очавермайдилар. Ўзлари билса ҳам, авомни огоҳлантирмайдилар. Шарт эмас, деб ҳисоблайдилар. Нимаям дердик… Ва лекин барибир хурсандмиз. Чунки дунёда барибир адолат мавжуд. У ўз соатида бўй-бастини намоён этади. Ахир, кимдир “балиқ бошидан сасишиниям” исботлаб туриш керак-ку, тўғрими?!

2. ДОН КОРЛЕОНИ ВАТАНИ БУ, АЗИЗЛАР!
Италия А серияси. 2006.

ФИФА можароси ҳали давом этар экан, ундан юқоридаги ўринга шак-шубҳасиз, жаҳон футболидаги энг катта ҳодиса жойлаштирилади. Бу Италия. Ҳа, дон Корлеонилар юрти бу. “Коза Ностре оилалари” бу. Уларда бу иш қондан ўтган. Ҳакамларни сотиб олиш, бу ишни қўрқитиш йўллари билан амалга ошириш италянларга фахр ҳисобланади. Уларда ҳам қинғирликларни йиллар давомида ҳамма кўрар, аммо уни ҳеч ким оча олмасди. Охири очишди. ФИФАдан фарқли равишда, италиялик журналистлар, терговчилар, суд вакиллари бу ишни охиригача етказишди.
Италия терма жамоаси ўша йили жаҳон кубогини боши узра кўтарган бўлишига қарамай, терма вакиллари аэропортдан тушганлари заҳоти маҳкамалар сори йўл олдилар. Кўрсатмалар бердилар. Дель Пьерою Зиданлар, Буффону Тоттилар яна бир бора суд кўришдилар, фақат суд залларида…
Бир неча клублар иштирок этган жиноий келишувларни Италия полицияси очди ва уни матбуотга беришга рози бўлди. “Ювентус”, “Милан”, “Фиорентина”, “Лацио” ва “Режина” жамоалари вакилларининг телефон қўнғироқлари ўрганиб чиқилди. Бу телефон ёзувларидан, шу клублар бошлиқлари ҳакамлар билан доим биргаликда “ишлаб келишгани” маълум бўлди. Узоқ судлашувлардан ва апелляциялардан сўнг шундай хотима ясалди бу ишга:
“Милан” – 2005/2006 мавсумдаги 30 очкоси олиб ташланди, кейинги мавсумни А серияда -8 очко билан бошлайди, 1 уй ўйинини мухлисларсиз ўтказади.
“Фиорентина” – 2005/2006 мавсуммдаги 19 очкоси олиб ташланди, кейинги мавсумни А серияда -15 очко билан бошлайди, 2006/2007да ЕЧЛдан дисквалификация қилинади. 2 уй ўйини мухлисларсиз ўйнайди.
“Ювентус” – 30 очкосидан маҳрум этилиб, В серияга тушириб юборилди, В серияни -9 очко билан бошлайди, 2005/2006 мавсумдаги “скудетто”дан маҳрум этилади, ЕЧЛ-2006/2007да иштирок этмайди, 3та уй ўйинини мухлисларсиз ўтказади.
“Лацио” – Янги мавсумни А серияда -3 очко билан бошлайди, УЕФА кубоги – 2006\2007дан бадарға қилинади, 2 уй ўйинини мухлисларсиз ўтказади.
“Режина” – Янги мавсумни А серияда -3 очко билан бошлайди. 68 000 евро миқдорида жарима тўлайди.
Бундан ташқари бир қатор шахслар ҳам жазоландилар. Бу масалада ҳам “Ювентус”га ўхшаб, унинг раҳбари кўпроқ азият чекди. Неаполь суди Лучано Моджини 5 йилу, 4 ойга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм ўқиди. Шу боис, бу можаро унинг номи билан эсга олинадиган бўлди.
Италия футболи шундан бери ўзига кела олмаяпти. Тўғри. Лекин адолат барибир қарор топиши керак эди. Бу масалада айнан “мафия юрти”нинг кўрсатган жонбозлиги ҳаммага ибрат бўлиши лозим. Қойил, Италия! Сен яна жаҳон аренасига қайтасан, деб қоламиз…

1. ???
Юқорида 7та воқеани келтирамиз, деганимизда, хато кетибди, деб ўйлаган бўлсангиз керак. Бу “хатолик” замирида Шерлок Холмснинг айёрона юриши бор эди. Хуллас, биринчи ўринда қайси клуб ё қайси юрт, деб ўйлаган эдингиз? Ҳеч ким. Биз бу ўринни очиқ қолдиришга қарор қилдик. Лекин айнан шу мавсумда, айнан шу ўриндан жой олиш учун энг яхши имконият БИЗда, ҳа, БИЗда. Яхшилаб ўйлаб кўринг, жаноби мутасаддилар!
Ху-у-ув кунги ваъдалар амалга ошса борми, бу ҳодиса олдида “Моджи можароси” сояда қолиб кетади. ФИФА раҳбарларининг кирдикорлари-да чикора бўлиб қолади. “Марсел”нинг ЕЧЛ тахтидан чоҳга қулаганини ваҳима қилиб эсламаймиз. “Динамо”иши” ҳам жарангли бўлмай қолади.
Ажойиб имкониятни қўлдан бой берманглар энди, ҳурматли инсонлар!
Айташадику, бу ерда сизнинг рекламангиз бўлиши мумкин… эди

Хайрулла Ҳамидов.

Манба: gol.uz
Киритилди: 14:25, 29.11.2015.
Ўқилди: 8077 марта.
Фикрлар: 28 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.