Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Олимпиячиларимизнинг янги олами ёхуд Бабаянга бу иш ортиқчалик қилмайдими?

Баҳо:
+ | -

Ниҳоят, миллий жамоамиз ва клубларимиз учун жорий йил мавсуми якунланди. Улар энди бир қадар тин олиш имконига эгалар. Мамлакатимиз ва халқаро футбол ҳаётида эса қайноқ жараён давом этади. Мана, бош термамиз иштирокидаги саралаш учрашувлари боис, маълум муддат панада турган олимпия жамоаси мавзуси яна юзага қалқиб чиқди. Ҳаттоки, бу масала ҳал қилувчи мақомда жуда қатъий тарзда ўртага қўйилмоқда. Бу гап Самвел Бабаянга билдирилган навбатдаги ишонч, унга берилган янги имконда ҳам яққол кўринади. Очиғи, мураббийлар штабидаги ўзгариш мухлислар ўртасида турлича кайфият уйғотади, деб ўйламагандик. Чунки бош жамоамиз тақдири Самвел Бабаянга, олимпиячиларимизга раҳбарлик қилиш Виктор Жалиловга топширилганидаёқ футболимизда «Пахтакор» вакилларининг бошқарув эраси бошлангани сезилганди.

Аввал Вадим Абрамов, кейин эса Миржалол Қосимов ўз маслакдошлари билан биргаликда терма жамоаларимиз миқёсида ўз сўзларини айтишга уринишди. Энди навбат Самвел Бабаянники. Виктор Жалиловнинг бош жамоамизни саралаш баҳсларига тайёрлашда фаол иштирок этгани кейинчалик Самвел Бабаян ҳам олимпиячиларимиз ишларига муносиб улуш қўшишидан дарак бераётганди. Умуман олганда, Самвел Бабаяннинг олимпия жамоаси натижаларига ҳам масъул экани олдиндан расмий тарзда айтилганди. Хуллас, бу ўринда бош жамоамиз раҳбарига муносиб кўрилган иккинчи бош мураббий ваколатигина кутилмаган дейиш мумкин. Бошқа барча ҳолатлар кутилганди ва Самвел Бабаяннинг олимпиячиларимизнинг Рио-2016 йўлланмаси учун курашишларига масъул бўлиши маълум эди. Демоқчимизки, бу масалада ортиқча шов-шувнинг, бемаврид ҳаяжоннинг, беписанд муносабатнинг ҳожати йўқ. Воқеа юз берди ва энди хайрихоҳлик билан ундан эзгу натижа кутайлик. «Пахтакор»нинг ҳар бир ўйинида Самвел Бабаяннинг кўзига, сўзига боққан Нўъмон Ҳасановни назарда тутсак, футболимиз мутасаддиларининг бу қарорларини адолатли ҳисоблашсак ҳам бўлаверади. «Пахтакор»ни бошқарган дамлари Равшан Ҳайдаров ва Мурод Исмоилов ҳам шундай босим остида ишлашганди. Шу маънода айтсак, Виктор Жалилов эртами-кеч барибир, улар каби Самвел Бабаян ғоялари босими остида қоларди. Мана, энди ҳеч қандай босим ҳам, зиддият ҳам йўқ олимпиячиларимиз мураббийлар штабида.

Таъкидлаш жоизки, Самвел Бабаян «Пахтакор» бошқарувидан кетмаганда ҳам барчасига улгурарди. Ҳамма ишни уддаларди. РФИ Леонид Слуцкийга вақтинча шундай имконият бериб адашмади. «Бунёдкор» ва миллий жамоамизни баравар бошқариб, омадсизликка учраган Миржалол Қосимовнинг аччиқ сабоғи ЎФФни эҳтиёткорликка чорлади. Ҳолбуки, Миржалол Қосимов ва Самвел Бабаян миллий жамоамиз бошқарувига келган вазиятлар бир-биридан кескин фарқланади. Таъбир жоиз бўлса, Миржалол Қосимов бирдан гуруллаб олов ёнаётган тандир ичига итариб юборилди. Унда тин олишга, ўйлашга имкон, вақт бўлмади. Шу боис, ўз-ўзича ўша оловда куйди, ёнди, қовурилди. Биз эса била туриб, шу тақдирга кўнгани учун уни етарлича танқид қилдик. Майли, у кунлар ўтди. Ички ва халқаро учрашувлар тақвими Самвел Бабаянни шу даражада сийладики, у «Пахтакор» ва миллий жамоамиз билан бирга бўлишга ҳар доим имкон топди. Олимпиячиларимиз бошқарувида ҳам у ҳозирча ўзини хотиржам сезади. Қўрқмасдан айтиш мумкинки, декабрь ойи Самвел Бабаян фаолиятидаги энг юксак, «пик» палладир. У «Пахтакор»да, бош жамоамизда тўплаган тажрибасини олимпиячиларимиз ўйин услубига сингдиришга тайёр. Зеро, унда ҳозир мураббий учун зарур барча жиҳатлар яхлитланди, мужассамлашди. Айнан шунинг учун ҳам ЎФФ қарорини маъқулласак арзийди. Қани энди барча хуш-нохуш воқеликни, шахсий «мен»ни бир четга суриб, Миржалол Қосимов ҳам олимпиячиларимиз мураббийлар штабида ишлаганда, Самвел Бабаян ҳам унинг ўринли маслаҳатларидан фойдаланганида, ажойиб иш бўларди-да. Йўқ, бу нореал мулоҳаза эмас. Ана, Украина терма жамоаси мураббийлар штабига Андрей Шевченко ҳам киритилди. Айни чоғда Александр Заваров ишлашда давом этишини билдирди. Қаранг, эзгу мақсад йўлида украинлар кучларни бирлаштиришмоқда. Ваҳоланки, бир-бирига мос тушмайдиган шахсий нуқтаи-назарлар уларда ҳам мавжуд. Муҳими - шу муаммони оқилона ва мардона енгиб ўтиш.

Олдинда олимпиячиларимизни ниҳоятда мураккаб баҳслар ва шарафли вазифа кутиб турибди. Мураккаблик шундаки, Рио-2016га Осиёдан бор-йўғи 3та жамоа боради. Демак, йўлланма учун кураш жуда қизғин кечади, аёвсиз бўлади. Боз устига, вакилларимиз Олимпиада йўлланмасига ҳеч қачон бу қадар жиддий қарашмаган. Ҳаттоки, Вадим Абрамов раҳбарлигидаги собиқ олимпиячиларимиз нақд бўлиб турган Лондон-2012 йўлланмасини аламли тарзда бой беришганида ҳам, унга нисбатан кескин чора кўрилмаганди. Ўша вазият мураббийни, мухлисларни, ҳатто ЎФФни ҳам довдиратиб қўйганди. Яъни олимпиячилар билан омадсизликка учраган Вадим Абрамовга ЎФФ миллий жамоа бош мураббийи сифатида ишончсизлик билдиролмаганди. Чунки вакилларимиз ЖЧ-2014 2-саралаш босқичини сафарда Япония терма жамоасини мағлуб этиб, гуруҳ пешқадами сифатида якунлашганди. Тўғри, ЎФФ ўшанда Вадим Абрамовга нисбатан ишончсизлик билдиришга ботинмади, аммо юзага келган мушкул вазият мураббийни руҳат толиқтирди. Охир-оқибат миллий жамоамиз ўз майдонида Эрон термасига ютқазди ва ўша баҳсда қўлга киритилмаган очко футболимиз учун қимматга тушди. Назаримизда, миллий ва олимпия терма жамоаларимиз миқёсида кўзланган маррага етолмаган Вадим Абрамов ва Миржалол Қосимов мураббийлар штабини шакллантиришдек муҳим жараёнда рақобат муҳитидан қочишди ва бу ҳол уларнинг ўзларига қарши зарба бўлиб қайтди. Яъни энг қийин, фав­қулотда қўшимча мулоҳазага эҳтиёж сезилган учрашувларда улар ўзлари билан ўзлари ёлғиз қолишди. Бош­қача айтганда, ёрдамчилари ҳар икки иқтидорли ва тажрибали мураббийга маъқул келадиган мулоҳаза билдиришга қодир эмасдилар.

Сезиб турибсизки, юқоридаги мулоҳазаларни бежиз ёзмадик. Ўйлаймизки, ҳеч бир мухлис Самвел Бабаян тимсолида Вадим Абрамов тақдири такрорланишини истамайди. ЎФФ ва олимпиячиларимизнинг янги бош мураббийи ўртасидаги келишув қайсидир маънода ўта хайрли таваккалдир. Вадим Абрамов тарихини билган ҳолда шунга рози бўлибдими, демак, Самвел Бабаян ўзига, сўнгги 3 ойда синовдан ўтган ва яна ҳам сайқалланган имконларига қатъий ишонади. Йўқ, у наинки ўзига, имконларига, балки футболимизнинг янги авлодига ҳам умид боғламоқда. Биламизки, Самвел Вячеславович феъл-атвори ва принциплари нуқтаи-назаридан ҳар қайси ишга кўр-кўрона қўл ураверадиган инсонлар тоифасига кирмайди, яъни масъулиятни зиммага олишда жуда эҳтиёткор. Фақат у максимализмга берилиб кетмаса, энди бас! Қачонки, «Пахтакор»нинг янги авлоди балоғатга етмагунча, жамоа бош мураббийлигини қабул қилмагани, бу борада Равшан Ҳайдаров ва Мурод Исмоиловдан вақтинча фойдалангани ҳам бежиз эмас. Аёнки, ҳозир унда олимпиячиларимиз билан бирга зафар қучиш руҳи ҳукмрон. Акс ҳолда, янги қўшимча вазифани қабул қилишга ҳадди сиғмасди. Қолаверса, ОФК 3 нафар ёш футболчимизни йилнинг энг яхшилари сифатида номзодлар рўйхатига киритди. Тасаввур қилинг, Осиёдаги энг яхши ёш ва иқтидорли 3 нафар футболчи - ватандошимиз. Бунақаси кам учрайди ва албатта, Самвел Бабаянга қўшимча куч ва ишонч бағишлайди. Бизнингча, ҳам унинг номзоди - ҳозирги ҳолатда энг яхши вариант. Ҳеч бўлмаса, Олимпиада саралаш босқичи якунланишига қадар, шундай йўл тутилгани маъқул. Кимдир Игорь Шквирин, бошқа биров Рўзиқул Бердиев бу вазифага муносиблиги, Самвел Бабаян ўз иши билан шуғулланиши хусусида мулоҳаза юритмоқда. Фикримизча, муносиблик нуқтаи-назаридан ўша мулоҳазалар қўллаб-қувватлашга лойиқ, лекин вақт тиғизлигини унутмайлик. Рўзиқул Бердиев ва Игорь Шквирин ҳар қанча истеъдодли бўлишмасин, якунловчи босқичда турган Олимпиада саралаши масъулиятини уларнинг зиммаларига юклашнинг ўзи масъулиятсизликдир. Бу вазифа Самвел Бабаянга нисбатан хайрли таваккал ҳисобланса, терма жамоа миқёсида тажрибасиз Рўзиқул Бердиев ва Игорь Шквиринни оловга итариш билан баробардир. ЎФФ сал аввалроқ улардан бирига олимпиячиларимиз бошқарувини топширганида, ҳозир бутунлай бошқа мавзудаги мулоҳазаларимизни билдираётган бўлардик. «Масалан, қайси мавзуларда?» қабилида савол туғилиши табиий айрим мухлисларда. «Воҳид ва Варди: ўхшаш тақдирлар», «Ўтди «Барса» ҳафтаси», «Олий лиганинг «Сўғдиёна» сиғмас сиғими» каби ҳали қоғозга тушмаган мақолалар шулар жумласидандир. Умид қиламизки, сарлавҳаларнинг ўзиёқ сизда маълум муносабат, фикр-мулоҳаза уйғотди. Мавриди билан бу мавзуларда батафсил фикрлашамиз. Ҳозирча эса ҳар биримиз учун олимпия­чилар мавзуси бошқа барча масалалардан кўра, долзарбдир.

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:41, 02.12.2015.
Ўқилди: 5500 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.