Ўзбекистон чемпионати ҳақида батафсил маълумот бера оладиган ягона кўрсатув - «Футбол шарҳи» ҳам олий лига билан биргаликда қишки таътилга чиқди. Унинг жорий мавсумдаги сўнгги меҳмони Ғанишер Шоғуломов бўлди. Яхши биламиз, «Футбол шарҳи» одатда шунчаки, футбол янгиликлари билан чекланмай, долзарб муаммоларга бағишланган мулоҳазалари билан ҳам танилган. Кўрсатувнинг жорий йилдаги сўнгги сонида анъана давом этди: яна қизиқарли фикрларни эшитдик. Айниқса, «Оқ-тепа» раҳбарининг ушбу клубдаги ҳолат юзасидан берган маълумотлари эътиборимизни тортди.
«Оқ-тепа» кейинги мавсумни ҳам биринчи лигада ўтказади. Гарчи жамоа қуйи дивизионда иккинчи ўринни олган бўлса-да, олий лигага ўтиш баҳсида элитанинг 15-жамоаси - «Сўғдиёна»га 1:2 ҳисобида ютқазди. Ғанишер ака бу натижа ҳақида фикр билдирар экан, жумладан, шундай деди: «Сўғдиёна» олий лига тузини анчадан буён татиб юрибди, шу сабабли ҳам унда тажриба катта. Ана ўша тажриба иш берди. Бизнинг футболчилар эса ўз имкониятларидан тўлиқ фойдаланолмадилар ва ҳақли равишда мағлубиятга учрадилар». Мутасадди билдирган энг қизиқарли фикр бу эмасди. Шоғуломов клубдаги иқтисодий ҳолатга тўхталаркан, бу борада мақташга арзигулик натижаларнинг қўлга киритилганини билдирди. Ғанишер аканинг айтишича, «Оқ-тепа» олий лигага чиққан тақдирда ҳам, ҳеч қандай молиявий муаммога дуч келмайди.
- Юртимизда футболни ривожлантириш борасида қабул қилинган қарорларда жамоалар ўзини-ўзи таъминлаши лозимлиги ҳақида ҳам банд бор. Биз шунга асосан катта ҳажмдаги ишни амалга оширганмиз. Клуб қошида ташкил этилган қайта ишлаш заводи сўнгги ускуналар билан жиҳозланган ва яхши даромадга эга. «Оқ-тепа»нинг таъминоти тўлалигича шу корхона зиммасида. Биз олий лигага чиққудек бўлсак, бировдан пул сўрамаймиз. Таъминот ўз ҳисобимиздан қопланади. Яхши биламиз, ҳозир элитадаги аксарият клублар ўзларини эплай олишмайди, ҳомийлар қўлига қараб қолишган. Бизнинг эса бу борада ҳеч қандай муаммога дуч келмаслигимиз аниқ, - деди Ғанишер Шоғуломов.
Очиғи, нафақат биринчи лига, балки олий дивизионнинг айрим клубларида боқимандалик кайфияти ҳукм сураётган паллада бундай гапларни эшитиш анча хуш ёқаркан. Дарҳақиқат, ўзбек футболи кўп йиллардан буён шу муаммодан қутулолмаяпти - жамоалар фақат ҳомийлар ҳисобига яшаб келадилар. Оқибатда деярли 70 фоиз клубда молиявий қийинчиликлар учраб туради. Хусусан, бу масала «Оқ-тепа» билан ўтиш баҳсида куч синашган «Сўғдиёна»ни ҳам тез-тез безовта қилди. Шунингдек, «Навбаҳор» бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов мавсум давомида бир неча бор молиявий муаммоларга урғу берганди. Бундан ташқари, олий лига билан хайрлашган «Динамо»га ҳам бундай камчилик бегона эмас. Умуман, деярли барча клубларда бир хил ҳолат ҳукмрон - ҳомий қанчалик бақувват бўлса, клуб ҳам шунга яраша кучаяди. Акс ҳолда, муаммоларни кутиб олаверинг!
Мана шундай вақтда биринчи лига клубида менежмент ишининг бу қадар яхши йўлга қўйилгани кишини хурсанд қилиши турган гап. Бундай камсонли ташаббуснинг қуйи лига вакилидан чиқаётганини эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Аслида, бу борада «Оқ-тепа» ягона клуб эмас. Жорий йилдан эътиборан элитага қўшилиб, анча барқарор ўйин намойиш қилган «Қўқон-1912»да ҳам мақтовга лойиқ тадбиркорлик ишлари олиб борилмоқда. Қўқон спирт заводи бўлимларидан бири «Қўқон-1912» клубига тегишли. Шунингдек, жамоа яна ип йигирув цехини ишга туширишни кўзламоқда. Кўриб турганингиздек, клуб бир жойда тўхтаб қолгани йўқ. Айнан шу омил қўқонликларнинг олий лигадаги тажрибали жамоадан кўра яхшироқ молиявий ҳолатга эга бўлишларига замин ҳозирлади.
Қанийди, мазкур йўналиш бошқа клубларга ҳам ибрат вазифасини ўтаса. Ҳар қанча оғир бўлмасин, тан олиш керак, ҳозирда аксарият жамоаларимиз «олма пиш, оғзимга туш» қабилида кун кўришмоқда. Ўз-ўзини эплаш даргумон. Чунки маркетинг ва менежмент борасида ишлар етарлича йўлга қўйилмаган.
Умуман, бундай муаммо нафақат бизда, балки бутун дунёда мавжуд. Узоққа бормайлик, ўтган йили Италиянинг «Парма» клубида юз берган инқирозни ёдга олайлик. Айнан мана шу масаладаги уқувсизлик туфайли шонли тарихга эга клуб парчаланди, унинг ўрнида ташкил этилган «Парма Кальчо-1913» айни вақт «D» сериясида қатнашмоқда. Ўз вақтида Англия чемпионатида етакчилар қаторида юрган «Лидс»ни ҳам шу рўйхатга киритиш мумкин.
Ҳомийлар ёрдамни тўхтатган куни ўзбек клублари ҳам катта эҳтимол билан шундай қисматга учрашлари турган гап. Яхшиямки, бизда футболни ривожлантиришга давлат даражасида аҳамият қаратилади, олий лигадаги ҳар бир жамоага алоҳида ҳомий бириктирилган. Акс ҳолда, вазият қандай тус олишини ҳатто ўйлашга ҳам қўрқади киши.
Шу ўринда бир таклиф бор: ўзбек клублари раҳбарлари иштирокида алоҳида ўқув-семинар ташкил қилиниб, унда тадбиркорлик тажрибалари ўрганилсин. Бу борада балки «Оқ-тепа» ва «Қўқон-1912»дан ўрганадиган жиҳатлар бордир. Эҳтимол, бу жамоалар идеал эмасдирлар, аммо уларда ҳаракат бор, ривожланиш йўлида тинмай изланишмоқда. Айнан шу фазилатни бошқа клуб вакилларига юқтиришнинг ўзини ҳам катта ютуқ сифатида баҳоласа бўлади. Зеро, барча муваффақиятлар замирида интилиш ва изланишлар ётади.
Абдулазиз МУРОД, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси