Кириш Регистрация
01/06 19:30 Бунёдкор 0-3 Нефтчи
02/06 00:00 Боруссия Д 0-2 Реал Мадрид
02/06 19:00 Андижон - Пахтакор
02/06 19:30 Насаф - Локомотив
02/06 21:00 Аталанта - Фиорентина

Андреас Исакссон:«Фаолиятим билан ғурурланаман»

Баҳо:
+ | -

2та ЖЧ ва 3та Европа чемпионатида ўз мамлакати шарафини ҳимоя қилиш ҳамда Франция, Ангрия, Италия, Голландия  каби давлатлар олий дивизионида ўйнашга улгурган ҳар қандай футболчи қуйидаги ибораларни ишонч билан айтишга ҳақли: «Фаолиятим муваффақиятли кечди». Швециялик голкипер Андреас Исакссон ҳам худди шундай дея олади. Бироқ унинг футбол ҳаётида айрим аламли лаҳзалар ҳам кузатилди. Дейлик, у «Ювентус»даги 2 йил давомида бирор марта бошланғич таркибда майдонга тушгани йўқ. «Манчестер Сити» сафидаги 2 йиллик фаолияти эса клубнинг олтин эраси ҳали бошланмаган вақтга тўғри келди. Қолаверса, ПСВ дарвозасини 4 йил давомида қўриқлаган бўлсада, бу даврда чемпионат ғолиби рутбасига эришолмади. Шунингдек, халқаро аренадаги иштироки ҳам соврин билан безангани йўқ. Шунга қарамай, швед посбони ҳаммасидан хурсанд. «Ўйлайманки, ҳамон ўйнаётган бўлсамда, ҳозирданоқ фаолиятим омадли кечди, дея оламан. Тўғри, янада ёрқинроқ ўйнашим мумкин эди. Аммо бу ҳақда ўйламайман. Умуман, ҳаммаси айнан шундай ривожланганидан мамнунман»-, дейди айни пайт Туркиянинг «Қосимпошо» клуби шарафини ҳимоя қилаётган фахрий дарвозабон. Қисқаси, Швеция термаси посбони FIFA.com сайтига берган интервьюсида фаолиятидаги муҳим воқеаларни ёдга олди.

- Айтишларича, дарвозабонлар 30 ёшдан кейингина савия бобида энг юқори чўққига чиқишади. Сиз ҳақингизда ҳам шундай дейиш мумкинми?

- Ўйлайманки, ҳа. Ҳозир 34 ёшдаман ва аввалги мавсумни анча яхши ўтказдим. Қолаверса, ўйиндан ўйинга ўзимни ишончлироқ сезяпман. Шуни назарда тутиб тасдиқлай оламан: 30-35 ёш дарвозабон учун идеал давр. Эҳтимол, айни пайт фаолиятимдаги энг яхши ўйинларимни кўрсатаётгандирман. Ҳа, бошқа киперлар ҳақида ишонч билан гапиролмайман, лекин ўзим ҳамон яхши спорт формасида эканлигимни таъкидлашга асосларим етарли.

- Ҳа, «Қосимпошо» сафидаги ўйинларингиз фикрингизга исбот бўляпти. Ҳарқалай, «Қосимпошо» турк чемпионатида энг кам гол қўйиб юборган жамоалардан бири...

- Шундай. Бунда менинг хизматларим ҳам бор, албатта. Аммо дунёнинг энг яхши дарвозабони ҳам жамоаси тартибли ҳимояланолмаса, ҳеч нарса қилолмайди. Хайриятки, «Қосимпошо»да ҳимоя бўйича муаммо йўқ ва бу мен учун катта плюс. Ҳар ҳолда, жамоадошларимнинг орқа чизиқдаги ҳаракатларидан тўлиқ қаноатланяпман.

- Одатда турк футболи хусусида гап кетганида, асосан Истанбулнинг 3та гигант клубини тилга олишади. Хўш, «Қосимпошо»ни қандай тавсифлаб берасиз?

- Жамоамиз ҳали ёш. Тўғри, клубнинг ўзи узоқ тарихга эга. Аммо стадион ва машғулотлар базаси, умуман, инфратузилма мутлақо янги. Клубимиз аввало, Туркия чемпионатида чўққига кўтарилишни мақсад қилган. Бунинг учун яхшигина таркиб шакллантирилди. Айтиш жоиз, турк футболи жадал суръатларда ривожланмоқда ва миллий чемпионатда айтишга арзирли клублар сони 3тадан кўп. Демоқчиманки, биринчилик фақат «Фенербахче», «Галатасарой» ҳамда «Бешиктош»дан иборат эмас. Бошқача айтганда, қолган жамоалар сафида ҳам яхши ижрочилар бор. Мисол учун, «Анталияспор» таркибидаги Самуэль Это~Они олайлик. Хуллас, кичик клублар ҳам охирги вақтларда юқори мақсадларни кўзлашяпти. «Қосимпошо» шулардан биридир.

- Ҳозир шундай ёшдасизки, ортга назар солиб, фаолиятингизни сарҳисоб қилишингиз мумкин. Агар имкон берилганида, ниманидир ўзгартиришни хоҳлармидингиз? Мисол учун, «Ювентус» сафига Эдвин ван дер Сар билан бир вақтга қўшилиб, нақ 2 йил захира ўриндиғида ўтиргансиз...

- Йўқ, ҳаммаси шундайлигича қолишини истардим. Яъни ҳеч нарсадан афсусланмайман. Дейлик, «Юве»даги ўша давр мен учун яхшигина мактаб вазифасини ўтаганди. Ўзингиз ўйланг, Швециянинг камтарин клубидан дунё футболининг энг буюк жамоаларидан бири сафига ўтгандим. Мен учун ҳаммаси мутлақо янги тажриба бўлган ва Туринда кўп нарсаларни ўрганганман. Тўғри, анча қийналганим рост. Ахир 18 ёшимда ота-онамдан узоқлашиб, ўзга мамлакат, нотаниш муҳитга йўл олгандим. Айнан ўша қийинчилик даври ҳам ўйин савияси, ҳам шахс сифатида ўсишимга ёрдам берган. Дейлик, Алессандро Дель Пьеро, Зайниддин Зидан ва Давид Трезеге кабилар билан бирга шуғулланиш... Ёш футболчи учун бундан ортиқ бахт борми?

- 2006-2008 йиллар оралиғида  «Манчестер Сити»да яна бир кучли синовга дуч келгансиз. Яъни клубнинг олтин даври бошланишидан олдин Жо Харт билан рақобатлашишингизга тўғри келган. Умуман, Англиядаги фаолиятингиздан қандай хотиралар қолган?

- Аслида у ерда бемалол ўйнаш имкониятига эга эдим. Афсуски, мавсум аввалида орттирилган жароҳат халақит берган. Айнан шу туфайли маромни йўқотгандим. Кейин Жо Харт ҳам юқори савияда ўйнай бошлади. Шундай экан, захира ўриндиғида ўтирганимнинг қандайдир ғалати томони йўқ. Қисқаси, менга омад етишмаганди, холос. Лекин ҳаммаси адолатли бўлган. Яъни Свен-Ёран Эрикссон айнан Хартни асосий дарвозабон сифатида кўришга мутлақо ҳақли эди. Биз бу масалада очиқ гаплашганмиз ва мен мураббийнинг қарорини тўғри қабул қилганман. Зеро, у ўзимни кўрсатишим учун бир неча бор имконият берди, аммо булар камлик қилди. Харт - ажойиб дарвозабон ва захирада қолганим учун кимнидир айблолмайман. Биз асосий таркибдаги жой учун узоқ рақобатлашганмиз, аммо бу курашда енгилганим учун афсусланишимга ҳожат йўқ. Бундай қисмат футбол ҳаётининг ажралмас қисми, ахир.

- «Сити»даги охирги ўйинингизда «шаҳарликлар» «Мидл-сбро»га 1:8 ҳисобида ютқазишганди. Ўшанда фаолиятингиз хавф остида қолгандек туюлмаганмиди?

- Ўша учрашувни жуда яхши эслайман ва уни энг ёмон ўйиним дейиш фикридан йироқман. Биринчидан, менда амалиёт йўқ эди. Иккинчидан, мавсумнинг охири бўлгани учунми, жамоада иштиёқ сезилмаганди. Қолаверса, дарвозамиз томон пенальти белгиланганидан сўнг ҳаммаси чаппасига кетганди. Ҳа, барча дарвозабонлар бундай даҳшатни бошдан ўтказмайдилар. Умид қиламанки, ўша 1:8 мен учун охирги алам бўлиб қолади. Ўзимни ҳимоя қилиш учун фақат шуни айтишим мумкин: агар ўша ўйинни қайта томоша қилсангиз, менинг унча ёмон ҳаракатланмаганимни кўрасиз. Албатта, бу яхши ўйинларимдан бири эмас, аммо майдондаги футболчилар ўта суст кўринишган(кулади)...

- Шуларга қарамай, Швеция термасида доимо биринчи рақамли кипер ҳисоблангансиз. Айтингчи, бирор марта миллий жамоа таркибидаги ўрнингизни йўқотиб қўйишдан хавфсираганмисиз?

- Доимо бор кучимни ишга сол­ганман ва терма жамоа мураббийлари ҳам клубдаги муаммоларимга қарамай, менга ишонч билан қарашган. Ўзи айнан шундай қўллаб-қувватланишга муҳтож эдим. Айниқса, Ларс Лагербекдан ғоят миннатдорман - у фаолиятимдаги энг муҳим мураббийдир.

- Ронни Хальстем Швеция термаси дарвозасини 10 йил қўриқлаган, Томас Равелли эса нақ 16 йил давомида тенгсизлигини исботлаган. Энди сиз 2002 йилдан буён дарвозани ҳеч кимга бермай келяпсиз. Швециялик голкиперларнинг бундай барқарор одимларини қандай изоҳлайсиз?

- Дарвозабонларни бошқача шуғуллантирадилар. Мураббийларнинг бу позиция бўйича ниманидир ўйлашлари ёки қандайдир ўзгаришга қўл уришлари шарт эмас, деб ўйлайман. Дарвозабонни алмаштириш учун жиддий сабаб йўқми, бундан тийилиш лозим. Зеро, кипер учун аввало, ишонч муҳим. Ҳа, у гоҳида кетма-кет хатоларга йўл қўйиши мумкин. Лекин дарвозабонга майдон ўйинчиларига нисбатан кўпроқ имконият бериш зарур. Шунда унинг бир маромга тушиб олиши осонлашади.

- Евро-2004 сиз учун асосий дарвозабон ролидаги илк йирик турнир бўлганди. Ўшанда Швеция термаси чорак финалда голландларга тўқнаш келиб, пенальтилар серияси бўйича ютқазганди...

- Ҳа, бизда ажойиб жамоа шаклланганди. Аслида Голландия термасини мағлубиятга учратишга ҳақли эдик. Аммо пенальтилар серияси... Таркибга қаранг - Хенрик Ларссон, Олоф Мельберг, Фредерик Юнгберг, Ким Чельстрем - эҳтимол, бу менинг давримдаги энг кучли жамоадир.

- Охирги савол: ҳозирда кўпчиликни «Олтин тўп» сўрови қизиқтиряпти. Мануэль Но-йернинг ўтган йилги танловда ютқазгани хусусида нима дея оласиз?

- Бундай сўровларда дарвозабонни Месси ёки Роналду каби ҳужумчилар билан ўзаро таққослаш жуда қийин. Албатта, ўтган йили Нойер қойилмақом даражада ўйнади ва совринни бемалол ютиши мумкин эди. Бироқ шуниси борки, одамлар ҳужумкор футболчиларга кўпроқ эътибор қаратишади. Тарихда дарвозабонлар орасида биргина Лев Яшиннинг «Олтин тўп» лауреатига айлангани барчасини кўрсатиб турибди. Ваҳоланки, футбол олами не-не буюк киперларни кўрган... Хуллас, жаҳондаги энг яхши дарвозабоннинг ҳам бу совринга эга чиқиши мушкул. Ахир биз ўйинда мутлақо бошқа вазифани бажарамиз.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:52, 10.12.2015.
Ўқилди: 2459 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.