Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Григорий Колосовский:«Бизда бундай терма ҳали йиғилмаганди»

Баҳо:
+ | -

Самвел Бабаян бошчилигидаги олимпия терма жамоаси БААда олиб борилган илк йиғин чоғи 3та ўйинда уч хил натижа қайд этгач, кўплаб мухлисларда турли саволлар туғилди. Хўш, машғулотлар қандай кечди? Уларда асосан нималарга эътибор қаратилди? Терма жамоа Қатарда ўтадиган қитъа чемпионатига тайёрми? Муаммолар йўқми? Шубҳасиз, бу саволларнинг барчаси ўринли. Шунинг учун жонкуяр журналист Дмитрий Попов иккинчи йиғин арафасида олимпия терма жамоаси мураббийлар штаби вакили, футболнинг назарий билимлари мутахассиси Григорий Колосовскийни суҳбатга чорлади.  

— Григорий, аввало, илк йиғин таассуротлари билан ўртоқлашсангиз...
— Келинг, яхшиси гапни Шаржага етиб борганимиз, яъни бир бошдан бошласам. Хуллас, «Ал-Хамрия» мажмуаси бизни лол қолдирди. Дарҳақиқат, ундаги шароитлар ҳавас қиларли даражада экан. Ихтиёримизга иккита майдонни беришди. Улардаги майсанинг ҳолати идеал даражада. Тиббиёт ва тикланиш марказлари ҳам жаҳон талабларига тўла мос келувчи асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бунинг учун амирлик ҳамкасбларимиздан миннатдормиз.

Энди жамоамиз аъзоларининг жисмоний ҳолатлари ҳақида: тўғрисини айтиш керак, йигитларимиз бу борада идеал даражадан анча паст эдилар. Лекин бундан ортиқча ҳайрон қолиш керак эмас. Чунончи, улар яқиндагина таътилдан қайтишди ва аксарият йигитлар ҳали тузукроқ машғулотларда иштирок этишмаганди ҳам. Машғулотлар кучайтирилган тартибда олиб борилди, айни вақт ўртоқлик ўйинларини ҳам ўтказдик. Зеро, чарчоқ устида тўп суриш ҳам қайсидир маънода тайёргарлик ҳисобланади — футболчи вужуди худди шундай оғир юкламалар вақти муҳим ўйинларга мослашади.

Хуллас, 3та ўйинни ҳам кучайтирилган машқлар орасида ўтказдик. Биринчи бўлиб, «Ажман» клубини синовдан ўтказиб, йирик ғалабага эришдик. Футболчиларга берилган юкламалар эса ошиб бораверди. Бу табиийки, «Дубай» клубига қарши кечган иккинчи ўйинда сезилди ва йигитларимиз 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйишди. Лекин ўз ўрнида таъкидлаш лозим, ёшларимиз ўйин давомида ҳудудий устунлик бўйича рақибдан сезиларли даражада яхши ҳаракат қилишди. Баъзи вазиятларда йигитлар айнан чарчоқ туфайли имкониятни голга айлантира олишмади. Бизга рақиб бўлган ҳар иккала клуб иккинчи дивизионда иштирок этар экан. Бу ўзимизнинг биринчи лигадек гап («Дубай»нинг ўтган йили биринчи дивизионда ўйнаганини унутмаслик керак). Биласизми, уларда ҳозир янги мавсум бошланиш арафасида ва табиийки, ўйинчиларнинг тайёргарликлари жуда юқори. Хуллас, «Дубай»га қарши ўйинда ютқазган бўлишсада, йигитларимизда ижобий ўзгариш яққол сезилди: улар кучли чарчоқ ҳолатида ҳам биз кутгандек ҳаракат қилишди. Сўнгги ўйин­да Япония олимпиячилари билан куч синашиб кўрдик. Бу ўйин шу кунгача эришган ютуқларимиз ва камчиликларни борича кўрсатиб берди, деб бемалол айта оламан. Эътиборлиси, майдонда сўнгги дақиқаларгача тезкор, жанговар руҳда кураш борди. Умуман, ғалабани биз тантана қилишимиз ҳам, ўйинни рақиблар ўз фойдаларига ҳал қилишлари ҳам мумкин эди. Лекин якуний ҳисоб — 0:0. Эҳтимол, агар фақат ғалаба ҳақида ўйлаб, йигитларни енгилроқ шуғуллантирганимизда, ниятимизга ҳам етардик. Аммо ҳозир ўртоқлик ўйинларидаги ғалабанинг аҳамияти йўқ. Асосийси, йиғин давомида кучли ва кучсиз жиҳатларимизни тўла аниқлаб олдик. Йигитларга баралла «Балли, азаматлар», дейман. Чунки баъзи машқларимиз шу қадар оғир эдики, уларни унча-мунча катта ёшли футболчилар ҳам бажаришга қийналишади. Олимпиячиларимиз чидам билан охиригача сидқидилдан ишлашди. Ҳаттоки, бу машқларга фао­лиятларида илк бора учраган бўлсалар-да. Терма жамоамиз аъзоларининг оптимал спорт формасига кириб олишлари учун яна озгина фурсат керак. 19 декабрда бошланадиган навбатдаги йиғинда худди шу омилга эътибор қаратамиз. Бу йиғин 28 декабргача давом этади. Режага кўра, унинг доирасида КХДР, Сурия ёки БАА, Қатар олимпиячилари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказамиз. Байрам арафасида уйга қайтиб, янги йилни кутиб оламиз ва 2 январь куни сўнгги йиғин учун тўпланамиз. Айнан шу вақтда Осиё чемпионатида иштирок этадиган таркиб эълон қилинади.

— Ўз ўрнида назарий билимлар борасида ҳам тўхталиб ўтсангиз...
— Маълумки, жамоанинг тайёргарлик жараёнида назарий билимларнинг ўрни ниҳоятда муҳим. Бу жиҳатга ғоят катта эътибор қаратилган бўлиб, Самвел Вячеславович бошчилигида қизиқарли машғулотлар олиб боряпмиз. Зеро, назарий билимлар йигитлар учун жуда муҳим ва фойдали. Умумий гуруҳ машқларидан сўнг футболчилар билан индивидуал суҳбатлар ўтказяпмиз. Шубҳасиз, бу борада юртимизда Самвел Бабаян олдига тушадиган мутахассислар бармоқ билан санарли даражада кам. Умуман олганда, мураббийлар штабидаги барча — Виктор Жалилов, Равшан Ҳайдаров, Деян Журжевич ҳам назарий машғулотларга жалб этилган. Бунда ҳам ўз ўйинларимиз, ҳам рақибларникини кенг таҳлил қиляпмиз. Бугунги футболни назарий билимларсиз тасаввур қилиш мушкул. Биз эса барча ишларни профессионал тарзда олиб боряпмиз.

— Мана, саволлар ҳам ўз-ўзидан туғилди: асосан қайси рақиблар ўйи­нини ўрганяпсизлар? Маълумотлар етарлими? Футболчиларнинг ўзлари ҳам машғулотларга қизиқишяптими?
— Табиийки, ўз гуруҳимиздаги рақиблар — Ироқ, Яман ва Жанубий Корея терма жамоалари ўйинларини кўриб, таҳлил қилиб боряпмиз. Шунинг­дек, кейинги босқичда бизга рақиб бўлиши эҳтимоли бор термалар ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Булар — Австралия, Иордания, БАА ва Вьетнам термалари. Жумладан, Деян Журжевич ўйинларни бевосита кўриб келиб, қимматли маълумотлар бермоқда. Тушунамиз, рақиблар ҳам бизга нисбатан худди шу усулларни қўллашяпти. Лекин бу табиий ҳолат. Иш тартибини қуйидагича тасаввур қилиб олишингиз мумкин: мураббийлар штаби аввало, қайсидир рақибни кўриб чиқади, кейин унинг ўйинидаги энг муҳим лаҳзалар ажратиб олинади. Шу аснода 20 дақиқалик ролик тайёрланади. Бундан кўпи керак эмас. Чунки вақт чўзилса, эътибор сусайиши мумкин. Кимдадир қандайдир савол туғилса, бош мураббий дарҳол керакли жавобни айтади.

— Бордию, мураббийнинг фикри бирор-бир футболчига маъқул тушмаса-чи? Биламизки, бундай пайт­ларда аксарият мураббийлар жаҳл отига миниб, футболчини машғулотлардан қувиб ҳам солишади...
— Бу ўринда ҳамма гап мураббийнинг савиясига боғлиқ. Бабаян ҳозиржавоб ва айни пайтда жуда сабр­ли мутахассис. Дейлик, бирор-бир муаммога дуч келса, уни ҳал қилмагунча тинчимайди. Тўғриси айтсам, ҳозиргача ўтган машғулотлар вақтида бундай муаммоли вазиятларга дуч келмадик. Лекин ишончим комилки, Самвел Вячеславович ҳар қандай ҳолатда ҳам, ўзини йўқотиб қўймайдиган, кераксиз пайт ғазабга берилмайдиган мураббийлардан. Тўғриси, у ҳар қандай одам кўнглига йўл топишни билади. Биз эса ундан кўп нарсаларни ўрганяпмиз. Чунончи, замонавий футболда мураббий етарлича билим ва кучли педагоглик хусусиятларига эга бўлмаса, ижобий натижага умид боғлашдан маъно йўқ. Биз бутун мураббийлар штаби билан бу масалада якдил иш олиб боряпмиз ва қувонарлиси, жамоамизда ҳозир ажойиб муҳит юзага келган. Муҳими, барча йигитлар юқори натижалар учун курашишга руҳан тайёрлар.

Қолаверса, ҳаммамиз зиммамизга нақадар масъулиятли вазифа юклатилганини яхши англаб турибмиз. Вазифамиз — ОФКнинг энг кучли 3та жамоаси сафига кириш. Ҳозиргача бизнинг бирор-бир жамоамиз Олимпиада ўйинларига йўлланма ололмаган. Албатта, аввалги олимпия жамоалари ва уларнинг мураббийларига тўла ҳурматни сақлаган ҳолда, шуни айтмоқчиманки, бугун бизда жуда ажойиб, кучли жамоа шаклланган. Очиғи, мақсад сари интилиш ва руҳан тетиклик масаласида Ўзбекистонда ҳали бундай кучли термалар йиғилмаганди. Бу гап ҳар икки термамизга боғлиқ. Қолаверса, икки жамоада битта мураббийлар штаби иш олиб бормоқда. Шуниси, энг кучли томонларимиздан биридир.

Манба: sports.uz
Киритилди: 10:19, 23.12.2015.
Ўқилди: 5426 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.