Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Афсус, Блаттер ва Платинида "катта танаффус"

Баҳо:
+ | -

Блаттер ва Платини 8 йилга футболдан четлатилдилар. Лекин бу функционерларнинг ишига шу тариқа нуқта қўйилди, дейиш мушкул. Ҳар икки мутасадди ўзларига қўйилаётган айбловларни инкор этишди ва кейинчалик ҳам шундай давом этишларига шубҳа йўқ. Керак бўлса, улар мазкур масалада Лозаннадаги спорт арбитражига мурожаат қилишлари ҳам мумкин. Ўз навбатида, ҳозирга қадар Платинининг апелляцияси CAS томонидан рад этилганини инобатга олсак, ушбу суд муҳокамалари келажакда қандайдир фойда келтиришига ишониш қийин.

Тергов жараёнларининг футболга алоқадор бўлмаган шахслар томонидан олиб борилгани, АҚШ ҳамда Швейцария прокуратураси ФИФА­нинг ишларига аралашмаслиги лозимлиги юзасидан истаганча тортишиш мумкин. Зеро, умумий юрисдикция судларида Платини ва Блаттерга айбловлар эълон қилинмаган. Ҳозирча барча жазолар айнан футбол «оиласи» томонидан қўлланилиб, фақатгина футболчилик фаолияти билан боғлиқлик касб этди. Яъни, терговчиларнинг этика қўмитасига кўрсатган схемадаги маъноларнинг бир хилликка таяниши ҳар икки ташкилот рабарларининг футболдан четлатилишларига замин ҳозирлади.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи охирида Швейцария прокуратураси Блаттерни пул ўзлаштиришда айблаб, унга қарши жиноий иш қўзғади. Ҳуқуқ-тартибот органи томонидан аниқланишича, ФИФА раҳбари 2 млн. Швейцария франки миқдоридаги маблағни ноқонуний равишда Мишель Платинининг ҳисоб рақамига ўтказган. Суриштирувлар жараёнида маълум бўлдики, ушбу пуллар франциялик мутахассиснинг 1999 йилдаги хизматлари учун тўланган.

Қизиғи, Блаттер ва Платини қўмитанинг фаолиятига турлича муносабат билдиришди, ваҳоланки, ҳар икки мутасадди ўзларининг айбсиз эканликларини таъкидлашди.

Блаттер йиғилишда қатнашди, кейин эса коррупция билан боғлиқ айбловларнинг олиб ташланганини айтиб, ҳаммаси яхши эканини билдирди.

Платини эса орган фаолияти инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилмаслигини рўкач қилиб, қўмита йиғилишида қатнашишдан бош тортди. УЕФА президентининг мазкур қарорни хотиржам тарзда қабул қилмаслиги тайин, зеро 90 кунга четлатилганида ҳам Лозаннага апелляция билан мурожаат этганди. CAS унинг талабларини қайсидир маънода қониқтирди. Яъни, вақтинчалик четлатишни бекор қилмай, шунчаки унинг муддатини узайтирмаслик борасида қарор қабул қилди. Акс ҳолда, Мишель сайловларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўларди. Энди эса у якуний хулосаларга ҳам ўзига хос тарзда муносабат билдириши тайин.

Сир эмаски, Блаттер ва Платини ФИФА бошқарувини қўлга киритиш масаласида ҳақиқий рақибларга айланишди, қўмитанинг қарори эса асосан франциялик мутахассисга кўпроқ зарба беради. Бинобарин, швейцариялик «қария» ўз лавозимининг сўнгги кунларини ўтказаётган, Платини учун эса ҳаммаси ҳали олдинда эди.

Энди президентлик пойгасида шаҳзода Али бин ал-Ҳусайн етакчига айланиб олди. Айнан у ёзги сайловлар жараёнида Блаттернинг асосий рақибига айланган ва ҳаттоки, иккинчи турда қатнашиш имкониятини сақлаб қолганди. Аммо кейинчалик имкониятлари камлигини англагач, номзодини олишга қарор қилганди. Агар Платининг апелляцияси қониқтирилмаса, у ҳолда сайловларда УЕФАдан швейцариялик Жанни Инфантино қатнашади. Ушбу мутахассис ҳозирда Европа футбол иттифоқининг бош котиби ҳисобланади, УЕФА ўтказадиган қуръалар бевосита унинг иштирокида ўтади.

Мабодо Платини айбсизлигини қонуний тарзда исботлай олса, Инфантино ўз номзодини олиб, франциялик шеригига йўл очади. Шунга қарамай, футбол жамоатчилиги сўнг­ги можаролар туфайли уларнинг ҳар иккисига ишончсизлик кўзи билан қараши турган гап.

Чиндан ҳам, сўнгги пайтларда ФИФАда коррупция борасида янгидан-янги ҳолатлар фош этилди, обрўли шахслар панжара ортига равона бўлишди. Аммо мавжуд тизим икки йирик ташкилот раҳбарларининг четлатилиши ФИФАнинг тозаланиши учун етарли эмаслигига ишорадек, гўё.

Аксинча, этика қўмитаси шу тариқа ҳар икки ташкилотни сувдан қуруқ олиб чиқмоқчидек: балки терговга халал бермай, коррупционерларни жазолаб, ўзларини ҳақиқатгўй ва инсофли одамлардек кўрсатишмоқчидир? Хўш, аслида ҳам шундаймикан ёки келгуси йили ФИФАда кенг кўламли «тозалов» ишлари ўтказиладими? Ахир ҳозирги можаронинг олдини олиш мумкин эди-ку. Блаттер раҳбарликни тинч йўл билан вориси - эски дўсти Платинига топшириб, келгуси муддатга сайланиш ҳақида бош қотирмаганида, ташкилот бошқарув тизимини сақлаб қолишнинг имкони туғиларди. Аммо Зепп курсисини охирги паллагача топширишни хоҳламади. Оқибатда, УЕФА раҳбари билан ўрталаридан қора мушук ўтди. Платини Блаттерни «қувиш»га уринди ва якунда ўзи ҳам у билан бирга футболни тарк этишга мажбур бўлди.

Тўғри, терговлар шу тахлит тўхтаб қолмайди, Евро-2016 ҳамда ЖЧ-2018 билан боғлиқ можаролар давом этади. Аммо икки йирик ташкилотнинг кимларга топширилиши - ҳозирча жумбоқлигича қолмоқда. Инфантино УЕФАда, шайхлар эса ФИФА президентлиги пойгасида қатнашишмоқда. Афтидан, бюрократия даври бошланаётгандек: футболда мутасаддилар вақти ўтган, ҳамманинг даражаси бир хил, тизим раҳбарлар қўл остида тузилмайди.

Хўш, Блаттер бошқарган кезлари барчаси бошқача кечганмиди? Биз «қария Зепп» билан жаҳон футболидаги муваффақият ва муаммоларга бир хил қарашга кўниккандик. Наҳотки, буларнинг барига унинг ўзи жавобгар бўлса? Бугунги воқеалар шундан далолатки, футбол «оиласи» ҳамда унинг асосий ташкилотлари вазиятга тез мослашувчанликлари билан ажралиб туришмоқда. Ке­йинги муддатга сайлаш керакми? Марҳамат! Орадан ярим йил ўтиб, 8 йилга четлатиш лозимми? Қаршилигимиз йўқ! Бошқарув кимнинг қўлига ўтиши аҳамиятсиз. Бошқа масалаларни қанчалик оқилона тарзда ҳал этишган бўлса, Блаттер ва Платинига ворис танлашда шундай йўл тутишлари муқаррар.

«Блаттер ва Платини футбол ўйинларига боришлари мумкин. Фақат стадионга оддий чипта билан киришади, VIP ҳудуд таклифномаларидан мосуво бўлишади. Шунингдек, телеканалларда шарҳловчи сифатида ишлай олмайдилар».

Press Association Sport

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 15:06, 27.12.2015.
Ўқилди: 4404 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.