Кириш Регистрация
17/06 18:00 Руминия 3-0 Украина
17/06 20:00 Локомотив 0-2 Динамо
17/06 20:00 Олимпик 0-1 ОКМК
17/06 21:00 Бельгия 0-1 Словакия
17/06 23:59 Австрия 0-1 Франция
18/06 21:00 Туркия 3-1 Грузия
18/06 23:59 Португалия - Чехия

Хайрулла Ҳамидов: Клублар ўртасидаги ЖЧ керакми?

Баҳо:
+ | -

Албатта, керак. Кераклигини учта сабаб билан исботлашга уриниб кўраман.

1-сабаб: БИР БАҲС БИЛАН ЖАҲОННИНГ МУТЛАҚ ҒОЛИБИ АНИҚЛАНМАСЛИГИ КЕРАК.
Терма жамоалар ўртасида дунёнинг энг кучли жамоаси аниқланганидан кейин клублар ўртасида ҳам бу масалани ҳал қилиб олиш зарур эди. Қандайдир мезон бўйича жаҳоннинг энг кучлиси деб қайсидир клубни атамоққа тўғри келарди. Олдинлари бу муаммони “Тойота” кубоги билан ҳал қилмоқчи бўлишди. Икки кучли қитъанинг энг кучлилари ўртасидаги баҳс. Тўғри, ҳозирги мусобақа финалида ҳам асосан шулар тўқнаш келадил – Жанубий Американи маҳф этган клуб Европа грандига қарши майдонга тушади. Лекин клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўша финал баҳсига довур бир неча турли ўйинларга эга бўлиб, ҳақли равишда етиб келган икки кучли клуб ўртасидаги ҳаққоний баҳсни юзага келтиради. Кўпчилик учун майда кўринган учрашувлар турнир савиясининг зинама-зина ошиб боришига сабаб бўлади аслида. “Тойота” кубогини қўлга киритган жамоани биз ҳар қанча ДУНЁНИНГ ЭНГ КУЧЛИ КЛУБИ деб атамайлик, у икки қитъа кучлилари ўртасидаги баҳс бўлиб қолаверади. Осиё, Африка, Шимолий Америка ва Австралия томонлардан ҳеч ким қатнашмаганидан сўнг, ундаги ғолибни жаҳоннинг мутлақ ғолиби дейишга етарли асосимиз йўқ эди. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ана шу асосни юзага чиқарди. Барча қитъанинг энг кучли жамоалари дунёнинг энг кучли клубини аниқлаб берадилар. Жаҳон чемпиони деганда, терма жамоалар ичидами ё клублар ичидами, деган саволни бериш соати ҳам етиб келди. Шунинг учун ҳам бу мусобақа лозиму лобуд эди, азизлар!

2-сабаб: КУЧСИЗЛАР ҲАМ КУЧАЙИШИ КЕРАК-КУ!
Осиё ўта кучсиз бўлса, ривожлансин, етиб олсин Европага. Бу энди унинг муаммоси. Лекин ушбу мусобақа бўлмаса, осиёликлар илло-билло кўҳна қитъа грандларига ета олмайдилар. Етиб олиш учун ўзаро тўқнашувни ташкил этиб бермоқдалар, демак, ўйнаш керак, кўникиш керак, тенгма-тенг ўйнаш учун бор имкониятни ишга солиш керак. Хуллас, битта қозонга ташлангач, бирга қовурилиб, пишмоқ зарур. Мана шу жиҳатдан ҳам клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати жуда керак эди. Ҳозирча савиялар тафовути сезилиб турар, аммо кейинчалик ҳаммада ривожланиш кўзга ташланади. Осиё терма жамоалари ҳам яқин-яқингача мундиалларнинг аутсайдери бўлиб юришарди. Лекин ўзаро баҳслар кўпайгани сайин қитъамиз футболида ҳам етарлича силжиш кўзга ташланди. Ривожландик. Жаҳон чемпионати ярим финалларида ўйнадик. Ҳарна-да. Энди худди шу ҳолатни клублар ўртасида ҳам амалга оширмоқ керак. Тўғри, ҳозирча Европа суперклубларига муносиб қаршилик қилишнинг имкони йўқ. Европада ҳам тенги топилмаётган “Барса”ни қандайдир “Гуангчжоу” тўхтатиб қолишига ҳеч ким ишонмайди. Аммо бу бугунги куннинг мозаикаси, холос.

Яна бир фойдали томони шуки, Осиё Чемпионлар Лигасида муваффақиятга эришаётган жамоа кубокни боши узра кўтаришидан ташқари, бир йил ўтгач “Барса” ё “Реал” билан ўйнашини билади. Бу қитъамизнинг исталган жамоасига янада каттароқ мотивация улашади. ОЧЛ финалининг янада шиддатли кўриниш олишига ёрдам беради. Демак, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошқа бир мусобақанинг савиясига ҳам таъсир ўтказмоқда. Қитъа грандлари ўртасидаги баҳслар кўпайгани сайин клублар савияси ҳам тенглашади, кўрасиз. Шу боис ҳам, бу мусобақани янада катталаштириш, мукаммаллаштириш талаб этилади. Бу энди бошқа масала, бошқа савол.

3-сабаб: КУЧЛИЛАРГА ҲАМ КЕРАК!
Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг энг керакли жиҳати – қитъалараро футболнинг ривожланишига катта ҳисса қўшади. Терма жамоалар ўртасида ўтаётган жаҳон чемпионатида ҳар бир қитъа футболи ўз хислатини намоён этгани каби, клублар ўртасидаги баҳсларда ҳам ҳар қитъанинг ўзига хос қирралари очилади. Ҳа, бу баҳслар, юқорида айтиб ўтганимиздек, кўпроқ пастроқдаги жамоалар учун фойдали. Лекин кучлилар учун ҳам буни зарарли, деб бўлмайди. Леонель Мессидан иқтибос келтираман: “Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини керакли ва яхши мусобақа деб биламан. Чунки унда иштирок этиш учун ЕЧЛни енгиш керак!” Қисқа ва лўнда таъриф. Кўряпсизми, жаҳонда энг кучли клуб деган номни расмийлаштириш учун ҳам ЕЧЛ беллашувлари саралаш турнири вазифасини ўтаб беради. Савия жиҳатидан устунроқ ва ғолиб чиқиш мушкулроқ бўлган турнир-да клублар ўртасидаги мундиал қаршисида хира тортиб қолади. Олдингизга оғир таом олиб келинди. Мисол учун лағмон. Шу лағмонни есангиз, кейинидан дисерт тортилади. Дисерт емоқчимисиз, лағмонни охиригача ейишингиз керак. Акс ҳолда, лағмондан анча енгил бўлган дисертдан ҳам қуруқ қоласиз. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати Европа клублари учун ҳозирча дисерт. Кейинчалик савиялар тенглашгани сайин уни ейиш ҳам оғирлашади. Лағмондек ботадиган бўлиб қолади. Мана шу эътибордан ҳам, қитъа кучлиларини бирлаштириб турган ушбу мусобақани савиясиз деган баҳонада йўқотиб юбормасликлари керак. Унинг ютуқлари кейинчалик юзага чиқади. Ҳозирча сабр қилиш керак. Хуув 30-йилларда ҳам жаҳон чемпионатларига 10та, 15та давлат вакиллари зўрға етиб келишарди. Ўша пайтлари ҳам кўпчилик бу турнир келажагига ишонмаган. Аммо кўрдик, кейинчалик нималар бўлиб кетганини. Мутасаддилар ҳозирги танқидларга ижобий жавоб бермоқчи бўлишса, фақат ва фақат турнирнинг савиясини, форматини кучайтиришсин, аммо зинҳор-базинҳор йўққа чиқармасинлар. Жуда катта хато бўлади.

Дарвоқе, ёқимли дисерт, “Барса”!

Манба: gol.uz
Киритилди: 20:44, 27.12.2015.
Ўқилди: 6481 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.