Кун.uz сайти якунланиб бораётган 2015 йилда футбол оламида рўй берган муҳим ва унутилмас воқеаларни эслаб ўтади.
Биз ўтган йилда "Барселона"нинг Европадаги ҳукмронлигини, "Севилья" бу сафар ҳам Европа Лигаси ғолиблигини ҳеч кимга бермагани, ФИФАдаги порахўр амалдорларнинг кирдикорлари фош бўлишини, Чилида ўтган Копа Американи, Голландия Евро-2016 турниридан қуруқ қолгани, Франция майдонларида ўтадиган чемпионат учун қуръа ташланиши, Блаттер ва Платини 7 йилга футболдан четлатилиши, футболчилар бир қатор рекордларни янгилашию йил сўнгида мураббийларнинг алмашиши, хусусан "Челси" Моуриньони кетказиши ва Гвардиола "Бавария"дан кетишга қарор қилишига гувоҳ бўлдик. Қуйида шулар ҳақида батафсил.
"Барселона": "Енгилмас жамоа"
2015 йил ҳам каталонияликлар учун аталди. "Кўк-анорранглилар" ўз тарихларидаги энг омадли мавсумлардан бирини ўтказишди. Бу асосан жамоанинг ҳужум учлиги, аргентиналик Месси, уругвайлик Суарес ҳамда бразилиялик Неймарнинг бир жамоада ҳаракатланиши эвазига юз берди. Гарчи йил бошида бош мураббий Луис Энрике ва асосий футболчи Лионель Мессининг муносабатлари совуқлашгани ҳақида хабарлар чиққан бўлсада, кўп ўтмасдан бу гаплар унутилди ва жамоа муваффақиятли ўйин кўрсатишда давом этди.
2014-15 йиллар мавсумида "Барселона" аввалига Испания чемпионлигини, кейин Испания Кубогини ва ниҳоят Европа Чемпионлар лигаси ғолиблигини қўлга киритди ва "требль" қайд этди. Бу жамоанинг кейинги олти мавсумдаги учинчи хет-триги бўлди.
Бу мавсумда каталонияликлар 122та гол уришиб, ўз рекордини қайд этди.
Август ойида жамоа музейига яна бир соврин олиб келинди, Тбилисида ўтган Европа Суперкубоги учун учрашувда "Севилья" мағлуб этилди. Декабрда эса Японияда ўтказилган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида "Ривер Плейт" жамоаси мағлуб этилиб, совринлар сони яна биттага ортди. Жамоа Испания Суперкубоги учун августда ўтказилган биринчи баҳсда 0:4 ҳисобида ютқазганди ва амалда бу совриндан маҳрум бўлганди.
"Реал" ва Худбин қирол
2015 йилда "Барселона"нинг асосий ҳужумчиси Лионель Мессининг асосий рақобатчиси, "Реал" ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг шахсий ҳаётида унинг спортчилик фаолиятидагидан кўра кўпроқ воқеалар рўй берди. У "Реал"нинг муваффақиятсизликларига параллел равишда ўзининг шахсий совринлари коллекциясини "тўплар" ва "бутсалар" билан тўлдиришда давом этди. У февралда маъшуқаси Ирина Шейк билан ажрашди ва шундан кейин йил бўйи унинг номини турли аёллар билан боғлашди. У гоҳ ўзига шахсий самолёт, гоҳ дунёнинг турли чеккаларидан қимматбаҳо виллалар ёки пентҳауслар харид қилди, бир ой олдин эса унинг ҳаёти бўйича ишланган ҳужжатли фильм тақдимоти ўтказилди.
"Реал" эса бу вақтда жамоада бош мураббийни алмаштирди. Карло Анчелотти кетказилиб, унинг ўрнига Италияда ҳеч қандай муваффақиятга эриша олмаган, ҳимоявий тактикалари билан танилган мутахассис Рафаэль Бенитес олиб келинди. Худди шу вақтда, ўтган мавсум якунида жамоада узоқ йиллар давомида ўйнаган, "Биринчи Галактикос" даврининг сўнгги вакили, ҳақиқий мадридиста Икер Касильяс йиғлаб-йиғлаб "Сантьяго Бернабеу"ни тарк этди.
Июль ойида жамоа International Champions Cup-2015 турнирида иштирок этди.
Ёзги трансферларнинг охирида эса "Манчестер Юнайтед" дарвозабони Давид Де Хеанинг трансфери "компьютердаги бузилиш" туфайли амалга ошмай қолди.
Декабрда эса Испания кубоги доирасида жамоа навбатдаги машмашага дуч келди. "Кадис"га қарши учрашувда дисквалификацияси бор футболчи Денис Черишевни майдонга туширган жамоа охир-оқибат турнирдан четлатилди. Бу эса жамоанинг ашаддий рақиби "Барселона" аъзоси Херард Пикенинг кулгуларига сабаб бўлди.
Бунгача эса икки жамоанинг янги мавсумдаги илк баҳси мадридликларнинг ўз майдонида 0:4 ҳисобидаги мағлубияти билан якунланганди.
"Севилья" ва Эмери
Андалусияликлар жамоаси Европа Лигаси кубогини тўртинчи марта қўлга киритгач, бу борадаги ягона жамоа сифатида тарихга кирди. Бу совринлардан кейинги иккитаси Унай Эмери бошқарувида қўлга киритилган. 2014 йилда "Севилья" турнир финалида пенальтилар сериясида "Бенфика"ни мағлуб этганди, 2015 йилда эса Варшавада ўтказилган финал "Днепр"нинг таслим этилиши билан якунланди. Бу натижа учун катта ҳисса қўшган колумбиялик ҳужумчи Карлос Бакка ёзда "Милан"га трансфер қилинди. Натижада жамоанинг айни вақтда ишлари юришмаяпти, "Севилья" жорий мавсумнинг биринчи даврасидан кейин Ла Лига турнир жадвалида саккизинчи ўринни эгаллаб турибди.
Европа Суперкубоги. Тбилиси финали
Испания вакиллари "Барселона" ва "Севилья" ЕЧЛ ҳамда Европа лигаси ғолиблари сифатида август ойида Тбилиси шаҳрида футбол спектаклини намойиш этиб беришди. Месси ва унинг кампаниси аввалига 4:1 ҳисобида олдинда бормоқда эди. Лекин иккинчи таймда ақлбовар қилмас воқеалар рўй бера бошлади ва ҳисоб тенглашиб қолди. Фақат қўшимча дақиқаларда кейинчалик "Челси"га сотиб юборилган Педронинг урган голи "Барселона"ни шармандаликдан қутқариб қолди.
ФИФА можаролари (1 қисм)
Ҳаммаси одатдагидек кетмоқда эди. 29 май куни ФИФА президентлиги учун навбатдаги сайловлар ўтказилди. Сайлов арафасида ғалаба қилишига кўп умид боғланган иорданиялик шаҳзода Али биринчи турдан кейиноқ мағлубиятини тан олиб, ўз номзодини қайтариб олди. Шу тариқа Йозеф Блаттер ФИФА президентлигига қайта сайланди. Лекин 2 кун ўтиб, у ўзининг муддатидан олдин истеъфога чиқишини маълум қилди. Бунга 27 май куни, сайловдан 2 кун олдин Швейцария полицияси ФИФА амалдорларини порахўрликда гумон қилиб, қўлга олгани сабаб бўлди.
Чили. Америка Кубоги
"Совринсизликнинг 105 йили". Чили терма жамоаси 1 асрдан ортиқ вақт кутилган совринига эга чиқди. Терма жамоа июль ойида ўзи мезбонлик қилган Америка Кубоги турнирида муносиб иштирок этди ва финалда Аргентина устидан ғалаба қозонди.
Месси эса терма жамоаси билан омадсиз яна бир учрашувни ўтказди.
Манзилга етмасдан тушиб қолган Голландия
"Қизил лолалар юрти" жамоасида авлодлар алмашинуви оғриқли кечмоқда. Бу терма жамоа Франция мезбонлик қиладиган Евро-2016 турнири учун саралаш босқичини аввалига Гуус Хиддинк мураббийлигида, кейинроқ Данни Блинд бошқарувида муваффақиятсиз ўтказди ва гуруҳда тўртинчи ўринни эгаллаб, йўлланмадан ҳам, йўлланма учун имкон берадиган плей-оффдан ҳам қуруқ қолди.
2014 йилни ФИФА рейтингининг биринчи ўрнида якунлаган терма жамоа бу йилда бу ўринни қўшниси Бельгияга бўшатиб берди.
ФИФА можаролари (2 қисм)
21 декабрь куни бир неча ой давомида олиб борилган текширувлардан кейин ФИФА ахлоқ қўмитаси ФИФА собиқ президенти Йозеф Блаттер ва УЕФА президенти Мишель Платинини коррупцияда айблаб, 7 йилга футболдан четлаштирди.
ФИФАнинг янги президентини аниқлаш учун 2016 йилнинг 26 февралида сайлов ўтказилади ва унда Блаттер ҳам, Платини ҳам иштирок эта олмайди.
АПЛда мураббийлар истеъфоси: Моуриньонинг кетиши
АПЛда дастлаб "Ливерпуль" мураббийни истеъфога чиқаришни бошлаб берди. 7 турдан кейин Брендан Рожерс ишдан бўшатилгач, "Сандерленд" ҳам Дик Адвокатга жавоб берди. Учинчи истеъфони эса "Астон Вилла" амалга оширди. 10 турдан кейин сўнгги ўринда қолаётган жамоа Тим Шервуд билан хайрлашди ва франциялик мутахассис Тими Гаардни олиб келди.
Мавсумни ўта муваффақиятсиз бошлаган "Челси" эса вазият ўнгланишига узоқ вақт умид қилди. Лекин, 16 декабрда Жозе Моуриньо ишдан бўшатилди. У жамоани тарк этаётган вақтда "Челси" АПЛнинг 16 ўрнида эди.
Гвардиола "Бавария"да ишлашдан зерикди
"Бавария" ҳар мавсумда бундеслигада тенгсиз ва Гвардиолага қиладиган иш қолмади. Ўз вақтида у "Барселона"да ҳам ғалабалардан зерикиб, кетишга қарор қилганди. У 2016 йилнинг ёзида Англияда иш бошлаши мумкин. Ёки "Манчестер Сити"да, ёки "Челси"да ёки "Манчестер Юнайтед"да.
2015 йил рақамлари
8 марта чемпионлик Бастиан Швайнштайгер коллекциясидаги бундеслигадаги титуллари сони шунча. У бу орқали германиялик Оливер Кан ва Меҳмет Шоллни ортда қолдирди. У бу чемпионликларнинг 3тасига "Бавария" сафида эришган.
1501 кун ўтиб "Ривер Плейт" Аргентина қуйи лигасидан қайтди ва Жанубий Америка чемпионига айланди ва требл қайд этди. Мамлакат чемпионлигидан ва кубогидан ташқари, Либертадорес кубоги қўлга киритилди.
5 та гол 8 дақиқаю 59 секунд ичида. "Бавария"нинг польшалик ҳужумчиси Роберт Левандовски "Вольфсбург"га қарши ўйинда захирадан майдонга тушиб, шундай натижани кўрсатди. У бу натижаси учун Гиннес Рекордлар китобига кирди.
50та гол Англия терма жамоаси сафида. Бу Уэйн Рунига тегишли. У 1970 йилларда Бобби Чарлтон томонидан ўрнатилган рекордни янгилади.
110 та гол ПСЖ сафида. Бу кўрсаткич парижликларнинг швециялик ҳужумчиси Златан Иброҳимовичга тегишли. У октябрь ойидаёқ шундай натижани қайд этиш орқали парижликларнинг шу вақтгача энг яхши ҳужумчиси сифатида тилга олиниб келинган Педру Паулета рекордини янгилади.
324 та гол "Реал" сафида. Роналду мадридликлар жамоаси тарихидаги энг яхши ҳужумчига айланиб олди. У октябрь ойида "Леванте" дарвозасига гол уриш орқали Раулнинг рекордини янгилади. Бунинг учун у "Реал" сафида 310та ўйин ўтказди, Раул ўз натижасини қайд этиш учун 741 учрашувда майдонга тушганди.
100 та "қуруқ ўйин". Икер Касильяс Англия терма жамоасига қарши ўйиндан кейин халқаро майдонларда 100та ўйинда ўз дарвозасини "қуруқ" сақлаган илк дарвозабонга айланди. У Испания терма жамоаси сафида 165та ўйинда майдонга тушган.
11 ойу 21 кун. Шунча вақт давомида "Порту" жамоаси ўз уй ўйинларида гол ўтказмади. Декабрь ойида "Пасуш де Ферейра" жамоаси аъзоси Бруну Морейра "аждарлар"нинг 16та уй ўйинидан иборат "қуруқ серияси"га якун ясади. Охирги марта "Драгау" стадионида "Брага" ҳужумчиси Эдер Лима 2014 йилнинг декабрида гол урганди. У аллақачон Португалияни тарк этиб, "Суонси" сафига ўтиб кетган.
11 та кетма-кет ўйинда урилган голлар. АПЛда мавсум кашфиёти бўлган "Лестер" ҳужумчиси Жейми Варди шу вақтгача Рууд ван Нистелройга тегишли бўлган рекордни янгилади.