Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

«Арсенал»нинг чемпион бўлиши учун 5 сабаб?!

Баҳо:
+ | -

Кузнинг дастлабки кунлари, ёзги трансферлар ойнаси расман ёпилган паллаларда барчанинг диққат-эътибори Давид де Хеанинг Испания пойтахтига кўчиб ўтмаганига қаратилди. Шундай ҳолатда «Арсенал» ажабтовур факт билан ажралиб турди: «тўпчилар» дарвозадан бошқа чизиққа футболчи сотиб олишмади. Мавжуд вазият лондонликларни «кучли бешлик» чемпионатларидаги бетакрор клубга айлантирди. Ягона харид - Петр Чех эса маҳаллий журналистларнинг ғазабига дучор бўлди. Британия матбуоти Арсен Венгернинг янги мавсумда ҳам ижрочилар етишмаслигидан нолишини тахмин қилиб, уни танқидларга кўмди. Франциялик мутахассис эса нима сабабдан ҳужум чизиғини юлдуз футболчи эвазига кучайтирилмагани билан боғлиқ саволларни жавобсиз қолдирди. Зеро, туманли ўлкада ҳозирги пайтда ўзининг сермаҳсуллиги билан ажралиб турувчи Оливье Жируга ўртача даражадаги форвард сифатида қарашади.

Масофа экватори яқинлашмоқда, демак, ҳозирги натижалар ким аслида ҳақ бўлганини кўрсатади: Венгерми ёки унинг танқидчилари? Статистик маълумотларга бир қур назар ташланг. «Арсенал» турли омилларга кўра АПЛ етакчиларидан бири саналади. Эҳтимол, қайсидир жабҳаларда рақибларидан ортда қолаётгандир, аммо бу шунчаки кичик тафовут, холос.

Ушбу жадвалда кўрсатилган аксарият кўрсаткичлар «Арсенал»нинг ҳужум ва қарши ҳужумда беназир эканлигидан далолат бермоқда. Наҳотки бу янгилик бўлса? Янада аҳамиятлиси, «тўпчилар» ҳимояни ҳам соз­лашни уддаладилар. АПЛнинг собиқ юлдузлари, ҳозирда телевизион эксперт сифатида фаолият юритаётганлар кўпинча Лоран Косьелнини ўрнак олса арзигулик ҳимоячилар қаторига қўшишмоқда. Ҳаттоки, Рио Фердинанд ҳам лигадаги энг яхши ҳимоя хусусида фикр юритаркан, франциялик амплуадошини эътироф этди. Шундай экан, Петр Чехнинг қўлга киритилиши Венгернинг ҳимоядаги камчиликни тўла бартараф этишига замин ҳозирлади. Чехиялик посбон жорий мавсумдаги 18та учрашувнинг 9тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола билди ва шу тариқа Дэвид Жеймснинг АПЛдаги «қуруқ ўйинлар» борасидаги рекордини янгилади. «Арсенал» киперлари 170та баҳсда тўп ўтказиб юборишмаган, бунинг учун эса улар Англия элитасида 350 марта майдонга тушишди. Умуман, Жеймсга ўз номини турнир тарихи зарварақларига битиш учун 223та учрашувда ўйнаш талаб этилганди.

Демак, «Арсенал»нинг чемпионлик пойгасидаги устунликларига назар ташлаймиз. Гарчи 18-турда улар сафарда «Саутгемптон»га йирик (0:4) ҳисобда ютқазишган бўлсада, бу натижа «тўпчилар»нинг имкониятига ортиқча таъсир кўрсатмаслиги тайин.

1. Тарихга назар

Ёдингизда бўлса, «Манчестер Сити»нинг таслим этилиши (2:1) лондонликларга Рождество байрами арафасида турнир жадвалининг иккинчи ўрнини тақдим этганди. Эътиборлиси, сўнгги иккита чемпионлик қўлга киритилган даврлар - 2001|2002 ҳамда 2003|2004 йиллар мавсумида «тўпчилар» 25 декабрга келиб айнан пешқадамдан бир поғона паст-да жойлашишганди. Ўз нав­батида, «Арсенал» охирги олтита «олтин»га айнан шундай ҳолатдан сўнг эришганди.

Шундай экан, «Эмирейтс» мухлислари Янги йилни қандай тилаклар билан қаршилашганини тахмин қилиш қийин эмас.

 

2. Теран таркиб

«Арсенал»нинг жароҳатлардан энг кўп жабр кўрувчи клуб эканига қарши ўлароқ, жорий мавсум жамоа шифокорлари бироз эътибордан четда қолишмоқда. Тўғри, Санчес, Касорла, Уилшир, Артета, Уэлбек ҳамда Коклен ҳамон даволанишмоқда, уларнинг «тўпчилар» тизимида етакчилардан эканликлари ҳам муҳокама қилинмайди. Аммо бу футболчиларнинг йўқлиги жамоа ўйини ва натижаларга жиддий таъсир ўтказмаяпти.

Британиядаги букмекерлик идораларидан бири Арсен Венгер келганидан буён «Арсенал» ўйинчиларининг неча маротаба жароҳат орттириб олганликларини ҳисоб-китоб қилди. Натижа эса даҳшатли: 11 йил ичида 831та лат ейиш ҳолати кузатилган. Ўртача ҳисобда йилига 73та, ҳар беш кунда битта жароҳат дегани. Таҳлилчилар шу билан кифояланишмади ва «Арсенал» «жабрдийдалари»ни бошқа жамоалардагилар билан солиштиришди. Якун аниқ: Лондон клуби футболчилари кўпроқ жароҳат олишади.

Жорий мавсумда Арсен Венгер шогирдларининг соғлиғига бошқачароқ ёндашмоқда. Франциялик мутахассисни жароҳатлар асло чўчитмаяпти, ёмон натижаларда мазкур ҳолатни сабаб сифатида кўрсатмаяпти. 66 ёшли мураббий муаммога қарши ўзига хос чора излаб топди. Эндиликда Венгер матбуот анжуманларида асосий урғуни бошқа нарсага қаратмоқда: жароҳатланганларнинг номини айтиб, асосий футболчиларнинг йўқлигидан нолимай, аксинча, ихтиёридаги ўйинчилардан қандай фойдаланаётганини таъкидламоқда. «Ман Сити»га қарши баҳсда Озилнинг шериги - Алексис Санчес ўйнамади, бироқ «Арсенал» барибир, барқарорликни намойиш эта билди.

 

3. Ассист-машина

Месут Озил ҳозир ўзининг ажо­йиб формасига эга. Германиялик ярим ҳимоячи деярли ҳар ҳафта шерикларини ўта чиройли «пас»лар билан таъминламоқда. «Тўпчилар»нинг асосий плеймейкери самарали узатмалар борасида нафақат премьер-лига, балки Европада ҳам етакчилик қилмоқда.

Ҳозирги Озил - Сеск Фабрегаснинг ўтган мавсумдаги нусхаси. Тўғри, «Челси» аъзоси чемпионат якунигача бир хил маромни сақлаб қола билмади: испаниялик ярим ҳимоячи турнир охирида сўнгандек туюлди, зеро «кўклар»нинг чемпионлиги деярли аниқ бўлиб улгурганди. Агар Месут ҳозирги барқарорлигини сақлаб қолса, Тьерри Анрининг АПЛдаги аниқ тўп узатмалар борасидаги рекордини бир мавсумнинг ўзида янгилаши мумкин. «Арсенал» афсонаси 2003|2004 йиллар мавсумида 20та аниқ «пас» билан ажралиб турганди.

4. Менталитетнинг

ўзгариши

Мавсум мобайнида гап муҳим ва масъулиятли учрашувларга тақалиб, кескинлик ошганда, «Арсенал» куч-қуват ҳамда тезлик етишмовчилигига дучор бўлди. Етакчиларда характер, ғалаба иштиёқи танқислиги кузатилди. Бир неча йиллар мобайнида Венгер фалсафасига таянган «тўпчилар» жадвалнинг юқори қисмида жойлашган прагматик рақиблар билан ўйинларда муносиб қаршилик кўрсатишди. Бундай шаклнинг ўзгариши ўтган йилнинг қишида содир бўлди. Лондонликлар «Этихад»да «иккинчи рақам»да ўйнашганига қарамай, майдон эгаларини мағлуб этишди. Бунга эса, табиийки, кўпчилик ишонмаганди.

Жорий мавсум Арсен Венгер шогирдлари Англия элитасининг кучли 7 жамоаси билан баҳсларда 16 очко тўплашди. Фақат «Тотенхэм» «тўпчилар»дан очко тортиб олишга эришди.

Тўғри, дастлабки еттита поғонани эгаллаб турган жамоаларнинг даражаси аввалги мавсумлардаги билан таққослаганда паст. Аммо нима ҳам дердик, афтидан, АПЛ тарихидаги энг ноёб чемпионат гувоҳига айланаётгандекмиз. Асосийси, «Арсенал» Манчестернинг ҳар икки клубини таслим этиб, катта ўйинларга катта иштиёқ билан тайёрлана олиши мумкинлигини кўрсатди. Дарвоқе, 18-турга қадар «тўпчилар» «Лестер»ни мағлубиятга учратган ягона жамоа номини сақлаб келишаётганди. «Энфилд»да пешқадамни енг­ган «Ливерпуль» бу борада иккинчи бўлди.

 

5. Рақиблар иштироки

«Арсенал»нинг «олтинлар» учун курашда етакчи эканига яна бир ишора. «Челси»нинг чемпионликни сақлаб қолиши ҳақидаги фаразларни ҳозирданоқ унутиш мумкин. Ҳозир «кўклар» ҳақида ё ижобий хабар янграяпти ёки ҳеч нима дейилмаяпти. Яқинда Гус Хиддинкка топширилган жамоа «Суонси» ва «Норвич» каби хавфли ҳудудга тушиб кетмаслик хусусида бош қотирмоқда.

«Ливерпуль» эса Юрген Клопп келгунига қадар кечириб бўлмас йўқотишларни бошдан кечирди. Гарчи «Уотфорд»дан йирик ҳисобда мағлубиятга учраган бўлсаларда, кейинчалик пешқадамни енгишни уддалашди. «Қизиллар»да ҳамон шаклланган ўйин муаммога айланмоқда, ғалабалар эса асосан, шижоат ва германиялик мураббий тавсияларидан олинаётган руҳий далда эвазига қўлга киритилмоқда. Шимолий Лондондаги қўшнилари - «Тоттенхэм» ҳақида гапирсак, гарчи августдан буён иккита баҳсни бой берган бўлишсада, энг муросасевар жамоа сифатида кўринишмоқда: 18та турда 8та дуранг. «МЮ» «Арсенал» футболчиларидаги ҳамжиҳатликка ҳавас кўзи билан қараш билан чекланади: «қизил иблислар» сўнгги ўйинларда майдонда кўпроқ азият чекаётгандек туюлишмоқда.

Кутилмаганда турнир жадвалининг юқори қисмидан ўрин эгаллаган «Лестер» эса ҳамон биринчи галдаги вазифаси 40 очко тўплаш эканини яширмаяпти. Шу тариқа жамоа элитада қолишга эришишни мақсад қилган.

Бундан кўринадики, «тўпчилар»га энг хавфли рақобатни «Манчестер Сити» туғдириши мумкин. Айнан ўша - яқинда «Эмирейтс»даги йирик мағлубиятни зўрға бартараф эта олган «шаҳарликлар» ҳақида гап кетмоқда.

P.S. «Арсенал»нинг устунликлари ҳақида истаганча гапириш мумкин, аммо ҳар сафар бир «лекин»га тўхталмай илож йўқ. Бу жамоа ишқибозлар қалбида умид учқунларини пайдо қилиб, сўнгра шу тариқа уларни сўндириши мумкин. «Тўпчилар» янги йилни уч марта биринчи ўринда кутиб олишганига қарамай, мавсум якунида бош мукофотни қўлга кирита олмагандилар. «Арсенал»нинг ўтган 19та турдан сўнг чемпионлик учун биринчи рақамли даъвогар экани инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Шунга қарамай, Венгер шогирдларининг АПЛ «олтинлар»и учун қандай имконият ҳосил қилишгани хусусидаги ҳақиқий сўз boxing day, «Барселона» билан иккита ўйин, «Ливерпуль» ҳамда «Манчестер Юнайтедга» қарши кечадиган сафар учрашувларидан сўнг айтилади.

Манба: FootballHD.ru

Ў.УМАРОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:18, 04.01.2016.
Ўқилди: 4778 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.