Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Мария Шарапова:«Келишилган ўйинларда иштирок этмаганман»

Баҳо:
+ | -

Россия теннисининг энг ёрқин юлдузи Мария Шарапова узоқ муддатли жароҳатдан сўнг яна катта спортга қайтди. Эътиборлиси, у янги мавсумнинг илк расмий ўйинини Australian Open турнирида ўтказиб, дунёнинг 56-ракеткаси бўлмиш 21 ёшли Нао Хибинони ортиқча қийинчиликларсиз 6:1, 6:3 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бу учрашув якунига етганидан сўнг ҳамкасбларимиз дарҳол Австралия очиқ чемпионатининг 2008 йилги ғолибасини суҳбатга тортишди.

- Мавсумнинг биринчи ўйини! Сиз ундан қониқиш ҳосил қилдингизми?

- Ҳа, шундай десак ҳам бўлади. Энг муҳими, ниҳоят, жароҳатлар ортда қолди ва мен расмий ўйин ўтказдим. Бу жуда ёқимли. Зеро ҳар қанча шуғулланма, машғулот - барибир, машғулот. Мен бу ёқимсиз даврдан ўтиб олганимдан хурсандман.

– Узоқ муддатли ҳордиқ сизда қандайдир ортиқча ҳаяжон туйғусини уйғотмайдими?

- Биласизми, «Дубулға» стартида ҳаяжон албатта, бўлади. Мен эса шунчаки, рақибларга, бу ердаги муҳитга мослашишга ҳаракат қиляпман. Қолаверса, машғулотларда ўрганганларимни шунчаки, амалга тадбиқ қилмоқчиман. Ҳеч нарсани мураккаблаштирмоқчи эмасман.

– Бугунги ўйиннинг айнан қайси жиҳати сизга ёқди?

- Биринчидан, мен шарт-шароитга тезда мослашиб олдим. Устига-устак, ўйин вақтида кучли шамол турди. Иккинчи сет охирларига келиб, рақибга босимни камайтириб, орқароқда ўйнадим. Бу эса рақибамнинг курашга қайтишига замин яратди.

– Бугунги кунда теннисдаги келишилган ўйинлар ҳақида турли гап-сўзлар урчиб қолди. Сиз уларга қандай қарайсиз. Чунончи, мунтазам равишда дунё рейтингининг 120-180-ўринларида юрадиган теннисчилар ҳам мураббийларга, сафар харажатларига пул топишлари керак-ку, шундаймасми?

- Бошқаларни билмадиму, аммо мен сира келишилган ўйинда иштирок этмаганман. Чунки мен учун спорт доим пулдан кўра муҳимроқ бўлиб келган. Биламанки, ўйинларда қанчалик яхши ҳаракат қилсанг, шунча кўп соврин ютасан. Қанча кўп соврин ютсанг, мукофоти ҳам шунча катта бўлади. Лекин бу мен учун ҳеч қачон илҳом бахш этувчи омил бўлмаган. Аниқроғи, курашларда ғолиб чиқиш, энг яхши бўлиш мен учун муҳимроқ. Сени минглаб томошабинлар кузатаётганини ўйлаб, ўзингни-ўзинг руҳлантирасан. Хуллас, кортга чиққанимдан сўнг пул ҳақида бутунлай унутаман.

– Гап шундаки, саволда фақат минглаб мухлисларга эга бўлмаган паст даражали теннисчилар кўзда тутилганди...

- Менимча, бу ўринда теннисчиларнинг савияси аҳамият касб этмайди. Яъни, спорт тамойиллари ҳар доим муҳимроқ. Қолаверса, бу мавзуда мен фақат ўзим учунгина жавоб бера оламан. Жумладан, менга ҳамиша ютуқларнинг қадри баландроқ. Умид қиламанки, бошқа спортчилар ҳам худди шундай ўйлайдилар.

– Шунингдек, теннис ташкилотлари букмекерлар билан келишган ҳолда фаолият юритишади, деган миш-мишлар ҳам пайдо бўлди...

- Бу саволга умуман жавоб бера олмайман. Чунки мен ҳеч қандай ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмаганман.

- Бугун кўплаб рус теннисчилари ўзлари иштирок этган ўйинларда ғалаба қозонишди. Бир вақтлари эса сизнинг кўплаб тенгдошларингиз топ-10га киришганди. Павлюченкованинг шов-шувли муваффақиятларидан кейин эса рус теннисида қандайдир «сокинлик» рўй бераётгандек.

- Ҳа, чиндан ҳам бизнинг авлодимиз теннисга «ёриб» кирганди. Аввалига Анастасия «Ролан Гаррос»да зафар қучди. Кейин мен «Уимблдон»да ғалаба қозондим. Пекиндаги Олимпиадада эса барча совринлар рус теннисчи қизларига насиб қилди. Бундай муваффақиятлардан сўнг албатта, маълум муддат инқироз юз бериши аниқ. Айниқса, бу жараён авлодлар алмашинуви билан боғлиқ бўлса. Зеро дунёнинг ҳеч бир мамлакатида янги авлод бир кунда етишиб чиқмайди. Бир авлоднинг ортидан иккинчиси ҳам ҳам катта натижаларга эришиши мумкин эмас. Бунинг учун тажриба, маҳорат ва молиявий кўмак талаб этилади. Теннис - умуман бошқа спорт тури ва унда натижаларга осонликча эришилмайди.

– Россиялик ёш теннисчи қизларнинг янги гуруҳи сизни хурсанд қиляптими?

- Албатта. Ҳозиргина Петковичга қарши кортга чиққан қиз (Елизавета Куличкова - Sports.ru) бу мавсумдан бошлаб мен билан машғулот ўтказади. Уларнинг ўйинларини диққат билан кузатиб боряпман. Ахир, эртами-кеч бизнинг ўрнимизни кимдир эгаллаши керак-ку.

- Янаги йили китобингиз (автобиография) сотувга чиқиши кутилмоқда. Бу китобда нималар ҳақида ёзиш мумкинлигини ўйлаб кўрдингизми?

- Мен китоб ёзишни аллақачон бошлаб юборганман (кулади).

- Наҳотки?! Ўзингиз-а?!

- Ҳа, албатта. Шунинг учун ҳам уни ёзиб тугатиш учун кўпроқ вақт талаб қилинмоқда. Тўғри, бу масалада профессионал ёзувчининг ёрдами талаб этиларди ва мен Нью-Йоркда тажрибали адиб - Рич Коэн билан суҳбатлашиб, ундан керакли маслаҳатларни олдим. Ҳозирча автобиография устида шошилмай иш олиб боряпман. Шунингдек, унда нималар ҳақида ёзаётганимни ҳам ҳозирча сир тутаман. Бу ҳақда яхшиси, китобни ўқиб, билиб олган яхши. Унда албатта, болалар учун ҳам қизиқарли саҳифалар бўлади.

– Бундан 15 йил илгари бўлиб ўтган воқеаларни эслаш ёқимлидир?

- Бу жуда қизиқ ва шу билан бирга, қўрқинчли ҳам. Чунки ҳаётнинг шундай лаҳзалари ҳам борки, ундан киши даҳшатга тушади. Мен анчадан бери ота-онам, бобо-бувиларим билан гаплашсам, уларнинг овозларини ёзиб оламан. Бундай ҳолларда ўзимни журналистдек сезаман. Бу жудаям қизиқарли. Гоҳида эса атайин ўзим уюштирган «интервью»ни тўхтатаман. Чунки баъзи бир хотиралардан кейин кечаси умуман ухлай олмаслигим ҳам мумкин.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 01:44, 26.01.2016.
Ўқилди: 3112 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.