Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Таъсирчанлик оқибатими ёки

Баҳо:
+ | -

Яқинда Колумбия ОАВда ёқимсиз хабар тарқалди: «Мамлакат терма жамоасининг собиқ дарвозабони, жаҳон чемпионатлари рекордчиси Фарид Мондрагон ўз жонига қасд қилишга урингани оқибатида зудлик билан шифохонага ётқизилди». Хўш, ушбу нохуш ҳолат сабаби нима? «СЭ» нашри бу масала бўйича эҳтимоли бор вариантларни ўрганиб чиқди.

«Мени етарлича суд қилишди»

Фарид Мондрагоннинг «Инстаграм»даги шахсий саҳифасида 500тадан ортиқ сурат бор: колумбиялик кипер бассейнда ўз фарзандлари қуршовида, пляжда, Санта-Клаус ёнида. Яна бир суратда Фариднинг бежирим костюмда қўлида микрофон тутганча маҳаллий телевидениеда чиқиш қилишга ҳозирлик кўраётгани акс эттирилган. Бироқ охирги кунларда саҳифанинг умумий кўриниши кескин ўзгарди. Аниқроқ айтсак, собиқ дарвозабон бирин-кетин фақат ғамгин ибораларни ёзди. «Ҳеч ким сенинг кўз ёшингни пайқамайди, ҳеч ким сенинг ғамингга эътибор бермайди, ҳеч ким сенинг дардингни билмайди, бироқ ҳамма сенинг хатоларингни дарҳол кўради» - шу сўзлардан ҳам Фариднинг қандайдир муаммога йўлиққанини тушуниб олиш мумкин эди. «Шахсий ҳаётимни фақат ўзим муҳокама этишим мумкин. Мени етарлича суд қилишди ва ҳимояланишим учун заррача имконият ҳам қолдиришмади» - ушбу ибора болғача кўтариб турган судья тасвири остига ёзилган ва Мондрагон уни тармоққа антидепрессантларни кўп миқдорда қабул қилишидан олдин жойлаштирган. Яхшиямки, Фаридни Кали шаҳридаги шифохонага вақтида етказишди ва врачлар унинг ошқозонини заҳарли моддалардан ювишга улгуришди. Кўп ўтмай, госпиталь раҳбарияти расмий баёнот берди: «Ташхисга кўра, Мондрагон организмида воситалар алмашинуви бузилган. Беморнинг айни пайтдаги ҳолати барқарор».

Аёллар айбдорми?

Кўнгилсизликдан 2 кун ўтиб, Мондрагон уйига қайтди ва оиласи билан суратга ҳам тушди. «Қўллаб-қувватлаганингиз учун раҳмат! Мегаоғриқли ҳолатдан сўнг уйда, яқинларим даврасида дам оляпман. Ўз ўрнида Валье-дель-Лили шифокорларига кўрсатилган профессионаллик ва муҳаббат учун миннатдорчилик билдираман», - дея мурожаат этди Фарид ўз обуначиларига. Тушунарлики, барчаси анча нохуш тугаши ҳеч гап эмасди. Дейлик, Фариднинг ўз жонига қасд қилишга урингани ҳақидаги хабарлар чиққанидан сўнг илк соатларда Лотин Америкасидаги бир қатор нашрларда собиқ посбоннинг аҳволи оғирлигию, унинг ўзига келмаётгани хусусида ёзилди. Хайриятки, ушбу хабарлар ўз тасдиғини топмади

Мана, энди со-биқ дарвозабоннинг ҳаётига ҳеч нарса хавф солмаяпти ва Колумбияда битта нарсани аниқлашга уринмоқдалар: Фарид нима сабабдан, шунча таблетка ичиб юборди? Асосий тахмин 2та. Биринчиси, ўтган йили хотини билан ажрашгани алами. Фарид Мондрагон ва Адриана Заморанода 2 нафар фарзанди бор. Шундай экан, ажрашишдан сўнг собиқ кипер уларни ҳар куни кўролмаётганидан қаттиқ сиқилган бўлиши мумкин. Эҳтимоли бор иккинчи тахмин - бу Клара исмли янги маҳбубаси билан муносабати. Улар яқиндагина танишишган. Дейлик, ушбу жуфтлик бир неча концертларда, шунингдек, Боготадаги ресторанларда бирга кўриниш берди. Аммо айтишларича, жуфтлик ажрашишга ҳам улгурган. Балки шу сабабдан Фарид ўзини бахтсиз кишидек ҳис қилгандир. Ҳарқалай, «Твиттер»да унга йўлланаётган қўллаб-қувватлаш мазмунидаги ибораларда шахсий ҳаётидаги қийинчиликларга бўйин эгмасликка чақирувлар кўп учрамоқда.

Фанатлар айбдорми?

Яна бир тахмин борки, у бевосита футболга дахлдор - Мондрагон ўйинчилик фаолиятини 2014 йили якунлаб, Колумбия телеканалида иш бошлади. Жаҳон чемпионатлари тарихида майдонга тушган энг ёши катта футболчи саналган Фарид (у 43 ёшу 3 кунлигида Япония термасига қарши баҳсда иштирок этган - рекорд) олдида 2та вазифа бор: ўйинни шарҳлаш ва тактик томондан таҳлил этиш. Одатда ҳаммаси текис ўтади, бироқ Фарид гоҳида ҳиссиётга берилиб, мухлислар шаънига ҳам нордон гапларни айтади. Чунончи, улар собиқ кипернинг айрим шарҳларига нисбатан очиқ-ошкора эътироз билдирадилар. Дейлик, Мондрагон ўтган йилнинг ноябрь ойида Колумбия термасининг аргентиналикларга қарши ўйинини шарҳлади. Ўшанда Хосе Пекерман жамоаси 0:1 ҳисобида ютқазган ва фанатлар ўзларини қўярга жой тополмаётган бўлсаларда, Фарид собиқ шерикларини ҳимоя қилди. Шунингдек, мухлисларни жамоани охиригача қўллаб-қувватлашга чақирди. Орадан 2 кун ўтиб, терма жамоанинг аламзада фанатларидан бири Мондрагонни йўлда кутиб туриб, уни чинакамига ҳақоратлади ва ҳаттоки, муштлашув ёрдамида орани очиқ қилишга уринди. Ўзига хос «муҳокама»ни фақат маҳаллий полиция бартараф этди. Кейин шарҳловчи ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига алоҳида миннатдорчилик билдирди. Хуллас, Мондрагон турли ҳақоратлар ва эътирозлардан зериккан бўлиши ҳам мумкин. Зеро, мухлислар охирги вақтларда вазиятга нохолис баҳо бераётганини айтиб, уни калака остига ҳам олаётгандилар.

Энди нима бўлади?

Деярли бутун ҳаёти спорт ичида ўтгани ва энди 44 ёшга етганига қарамай, Мондрагон ўта таъсирчан ва кўнгли юмшоқ инсондек кўринади. Дейлик, у 1997 йили Аргентина термасига қарши баҳсда ўта кулгули хатога йўл қўйган ва шунинг оқибатида «Мондрагол» лақабини олганди. Айтишларича, Фарид ўша ҳолатни ҳали ҳам унутган эмас. Фарид шунингдек, ЖЧ-98да Англия термасига ютқазилган ўйиндан сўнг майдонда ҳўнграб йиғлаганди. ЧЛ доирасида ўтган «Галатасарой»-«Локомотив» ўйини олдидан эса марказий доирада чўккалаб ўтириб, Дубровкада юз берган теракт қурбонлари яқинларига ҳамдардлик билдирганди. «Кёльн»да ўйнаган пайти клубдоши - Умит Озет юрак хуружи туфайли майдонга қулаганида ҳам, Фарид ўзини йиғидан тўхтатиб туролмаганди.

Мана, энди иш антидепрессантлар қабул қилишгача борди. Шундай экан, танқидчилар яхшиси, сукут сақлашлари ва Колумбия термаси рамзига айланган собиқ дарвозабоннинг бир ўлимдан қолгани учун хурсанд бўлишлари лозим. Ахир эфир орқали луқма ташлашлар ҳам, терма жамоани омадсиз ўйинларидан кейин ҳимоя қилиш ҳам мамлакат футболи тарихида ёрқин из қолдирган кўнгилчан, самимий ва таъсирчан инсонга зулм етказиш учун асос бўлолмайди...

Факт

Фарид Мондрагон Кали (Колумбия) шаҳрида 5-15 ёшли иқтидорли болалар учун махсус футбол мактаби очган. У ерда асосан кам таъминланган оилалар фарзандлари шуғулланишади - барча машғулотлар бепул.

Мондрагоннинг рекордлари

Фарид Мондрагон ЖЧдаги сўнгги ўйинини 43 ёшу 3 кунлигида ўтказган. Ўшанда колумбиялик кипер ЖЧ-2014 гуруҳ босқичи 3-туридан ўрин олган Япония термасига қарши ўйиннинг 85-дақиқасида захирадан майдонга тушган эди. Аввалги рекордчи - камерунлик Роже Милла эса ЖЧ-94да Россия термасига қарши ўйин- (1:6)да ҳаракатланган - 42 ёшу 39 кунлигида. Умуман, ЖЧ-98да руминлар билан баҳсда илк марта майдонга тушган Мондрагон яна бир қатор рекордлар соҳибидир: 2та ЖЧдаги иштироки орасида вақт тафовути (16 йил) ҳамда мундиаллардаги фаолияти давомийлиги (20 йил) бўйича. Зеро, Мондрагон Колумбия термаси «заявка»сига ЖЧ-94да ҳам кирган эди. Тўғри, унга АҚШ мундиалида майдонга тушиш насиб этган эмас - ўша вақт колумбияликлар дарвозасини Оскар Кардоба қўриқларди.

Ҳ. МАСАИДОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 17:02, 29.01.2016.
Ўқилди: 2368 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.