Осиё Чемпионлар Лигаси янги давр арафасида турибди. Аниқроғи, эски замонлар қайтиши хавфи ҳам бор. Чунки олдинлари Осиё Чемпионлар кубоги гуруҳ босқичлари, баъзан ҳаттоки, «плей-офф» баҳслари ҳам битта мамлакат ҳудудида ўтказилган. Эрон ва араб мамлакатлари орасида юзага келган совуқлик жорий мавсум бошланмасдан туриб, ОФК олдида жуда катта муаммоларни келтириб чиқарди. Ҳарқалай, Саудия Арабистони ҳукумати Эрон билан дипломатик алоқаларни узгани, араб дунёсидаги баъзи мамлакатларнинг унга эргашгани Осиё футболи ривожи учун ишламайди.
Воқеалар ривожи
2 январь куни С.Арабистонида шиалар хатиби Нимр ал Нимр қатл қилингач, Теҳрондаги саудияликлар элчихонаси олдида норозилик намойиши ўтказилди ва иншоотга ўт қўйилди. 3 январь куни С.Арабистони ҳукумати Эрон билан дипломатик муносабатларни узгани ҳақида баёнот берди. Шундан кейин Баҳрайн, Судан, Жибути ва Сомали каби давлатлар ҳам Эрон билан дипломатик алоқаларга чек қўйди. БАА, Қувайт, Қатар ва Иордания раҳбарлари эса Теҳрондаги элчиларини ортга чақириб олишди.
ОФК позицияси
Осиё футбол конфедерацияси Эрон ва С.Арабистони ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашиб кетгани сабаб, ОЧЛ-2016 тақвимига ўзгартириш киритди. Бу ҳақда 25 январь куни ОФК расмий сайтида хабар берилди. Чунончи, С.Арабистони ва БАА футболи раҳбарияти юзага келган ушбу келишмовчиликлар сабаб, терма жамоалар ҳамда клублар ўртасидаги барча ўзаро учрашувларни қолдириш ёки кечиктиришни сўраганди. Бу илтимосга «Жамоалар ва делегациялар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида», дея изоҳ берилди.
Ўз навбатида, Эрон футбол федерацияси ОФКдан сиёсатни футболга аралаштирмасликни сўради. Шунингдек, Эроннинг «Минтақадаги энг хавфсиз мамлакатлардан бири» эканлигини таъкидлади. ЭФФ баёнотидан жумладан, шундай дейилди: «Эрон томони турли халқаро мусобақаларда қатнашадиган терма жамоалар ва клубларнинг хавфсизлигини таъминлашга интилади».
ОФК Мусобақаларни ўтказиш қўмитаси шундан келиб чиқиб, Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг февраль-март ойларига белгиланган Эрон ва С.Арабистони клублари ўртасидаги учрашувларини апрель-май ойларига кўчиришга қарор қилди. Қўмита жорий йил 15 мартга қадар воқеалар ривожини кузатади. Агар бу даврга келиб, Эрон ва С.Арабистони ўртасидаги муносабатлар барқарорлашмаса, икки мамлакат клублари ўртасидаги учрашувларнинг барчаси бетараф майдонда ўтказилади.
Мусобақа аввалида
Эътибор беринг, «A», «B», «C», «D» гуруҳларида Эрондан 3та («Фулад», «Зоб-Оҳан», «Тракторсози»), С.Арабистонидан 3та («Ал-Наср», «Ал-Ҳилол», «Ал-Аҳли»), БААдан 2та («Ал-Наср», «Ал-Айн») жамоа бор. Ҳали бу мамлакатлардан яна биттадан жамоа гуруҳ босқичига йўл олиши мумкин. Аҳамиятли тарафи шундаки, ОФК бахтига Эрон клуби саралаш раундидаёқ БАА ёки Саудия вакили билан тушиб қолмади.
Хўш, бу ҳолатда муаммонинг қандай ечимлари бор?
Биринчи ечим. Гуруҳ босқичини бошлаш ва бу мамлакатлар орасидаги муносабатлар яхшиланишини кутиш. Бу ҳолатда гуруҳдаги айрим баҳслар кейинроқ муддатда ўтказилади. Шундай шароитда Ўзбекистон клубларига нисбатан адолат тамойиллари бузилмайдими? Расмий манбаларда айнан шу ечим ҳақида кўп гапириляпти ва ҳаммаси шунга қараб кетмоқда. Ҳар ҳолда, ОФК кутишни афзал кўриб, икки мамлакат клублари ўйинларини 5-6-турларга қолдирди.
Эҳтимоли: 60 фоиз.
Иккинчи ечим. Ҳар бир гуруҳдаги муаммоли жамоалар учун нейтрал мамлакат топиш ва уларнинг ўйинларини ўша ерда ўтказиш. Бу ҳолатда ҳам айрим учрашувлар бизнинг клублар ўйинларни тугатиб бўлишгандан сўнг ўтказилиши эҳтимоли юқори. Бетараф ҳудуд сифатида қайси мамлакатлар танланади? Ўзбекистон, Ҳиндистон, Малайзия, Туркманистон ва бошқалар. Хусусан, Ўзбекистон ва Малайзия - идеал вариант. Чунки ҳар икки мамлакатнинг Эрон ва араб дунёси билан сиёсий жиҳатдан муаммоси йўқ.
Эҳтимоли: 25 фоиз
Учинчи ечим. ОФК ҳеч нарсага қарамай, клубларни белгиланган мамлакатларга боришга мажбур қилиши мумкин. Дейлик, ЖЧ-2018 саралашида С.Арабистони термаси Фаластинга бориши лозим эди. Лекин 2015 йил 13 октябрга белгиланган бу ўйин орадан бир ой ўтиб, нейтрал майдонда ташкил этилди. Ўшанда С.Арабистони делегацияси Фаластинга учиш йўлида Исроил ҳаво ҳудудидан ўтишни истамаганлиги боис, ўйин санаси чўзилиб кетганди. Якунда С.Арабистони ҳукумати қатъиятли чиқди. Ўйин Иордания пойтахти - Аммонга кўчирилди ва фаластинликлар 0:0 ҳисобидаги дуранг билан чекланиб, қимматли 2 очкодан маҳрум бўлишди.
Эрон томони бошқа мамлакатлар клубларини қабул қилишда ҳеч қандай муаммо туғилмаслигини таъкидлаётган бўлсада, ўйин давомида мухлисларни тўлақонли бошқаришни уддалай олмаса керак.
Эҳтимоли: 10 фоиз
Тўртинчи ечим. Эрон футболи вакилларини Шарқий Осиё минтақасига ўтказиб юбориш. Бунинг иложи бор. Бир пайтлар «Бунёдкор» айнан «Шарқ» минтақасида ўйнаганди. Хусусан, узоқ Австралияга ҳам учганди. Демак, Эронни 3та (балки 4та) жамоасини мисол учун, Ж.Кореянинг 3та (балки 4та) вакили билан алмаштириш мумкин. Бу ҳолатда шу икки мамлакат клублари учун бош-қатдан қуръа ташлаш ёки уларнинг чемпионатдаги ўринларига мос равишда гуруҳларга бўлиб чиқиш мумкин. Мисол учун, «Сепаҳон» ўтган йили Эронда чемпионликка эришганди, Ж.Кореяда эса «Чонбук Хюндай Моторс». Демак, уларни ўзаро алмаштириш мумкин. Энг муҳими, ҳеч қандай қуръасиз. Тўғри, бунинг учун корейс клубларининг ҳам шу вариантга кўнишлари талаб этилади.
Эҳтимоли: 5 фоиз
Терма жамоалар ўртасидаги қарама-қаршилик
Эрон ва С.Арабистони терма жамоалари илк марта 1975 йили Олимпиада-76 ўйинлари саралашида учрашишган эди. Ўшанда форслар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишган. Шундан буён жамоалар яна 14 марта ўзаро тўқнаш келишди. Эронликлар 5 марта, саудияликлар 4 марта ғалаба қозонишган, 6та ўйинда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати 22:13 - форслар фойдасига. Эрон терма жамоаси вакиллари Ғуломҳусайн Мазлуми ва Али Даи саудияликлар дарвозасига 4 мартадан гол уришган. Ушбу жамоалар сўнгги марта 2012 йилнинг 12 декабрь куни ўзаро ўйнашди - 0:0.
Хулоса
Бундай муаммолар Европа футболида ҳам бор. Арманистон ва Озарбайжон, Испания ва Гибралтар (эндиликда), Россия ва Украина (эндиликда) терма жамоалари ва клублари еврокубоклар ёки бошқа мусобақаларда бир гуруҳга тушишмайди. Исроил Осиёда араб жамоалари томонидан тан олинмагач, УЕФАга ўтиб кетганди. Умуман, Албания ва Сербия терма жамоалари ўртасидаги ўйин (Евро-2016 саралаши)да юзага келган хунук воқеалар бошқаларга сабоқ вазифасини ўташи керак. Футбол мухлислар учун ўйналади. Вақт ўтишини кутиш но-ўрин, ҳарқалай. Дейлик, ўзбек клубларининг ўйинлар тугагач, ҳали ҳеч нарса ҳал этилмаганини ҳис қилиб, жиғибийрон бўлишларини тасаввур қилиш... Футболда, спортда адолат тантана қилсин! Муайян тарафга устунлик берилмасин! Муҳими,футбол футболдай бўлсин!
Ўтган йили ҳисоб-китоб қандай бўлганди?
Энди 2015 йилги мавсумда ОЧЛда С. Арабистони ва Эрон клублари ўзаро қандай ўйнашганига аҳамият берайлик. Ҳисоблар, шунингдек, ўйинларга қанча томошабин тушганига алоҳида эътибор беришни тавсия қиламиз.
«A» гуруҳи
«Ал-Наср»-«Персеполис»-3:0
17 март. Ар-Риёд. «Қирол Фаҳд» халқаро стадиони. 20315 томошабин.
«Персеполис»-«Ал-Наср»-1:0
8 апрель. Теҳрон. «Озоди» стадиони. 100000 томошабин.
«Персеполис» гуруҳда 2-ўринни олиб, 1|8 финалга чиққан.
«B» гуруҳи
«Нафт Теҳрон»-«Ал-Шабаб» - 2:1
18 март. Теҳрон. «Озоди» стадиони. 1560 томошабин.
«Ал-Шабаб»-«Нафт Теҳрон»-0:3
7 апрель. Ар-Риёд. «Шаҳзода Файсал бин Фаҳд» стадиони. 5035 томошабин.
«Нафт Теҳрон» гуруҳда 2-ўринни олиб, 1|8 финалга чиққан.
«C» гуруҳи
«Фулад»-«Ал-Ҳилол»-0:0
17 март. Аҳваз. «Ғадир» стадиони. 37452 томошабин.
«Ал-Ҳилол»-«Фулад»-2:0
8 апрель. Ар-Риёд. «Қирол Фаҳд» халқаро стадиони. 20087 томошабин.
«Ал-Ҳилол» гуруҳда 1-ўринни олиб, 1|8 финалга чиққан.
«D» гуруҳи
«Ал-Аҳли»-«Тракторсози»-2:0
18 март. Жидда. «Қирол Абдуллоҳ Спортс Сити» стадиони. 45482 томошабин.
«Тракторсози»-«Ал-Аҳли»-2:2
7 апрель. Табриз. «Ёдгори Имом» стадиони. 32500 томошабин.
«Ал-Аҳли» гуруҳда 1-ўринни олиб, 1|8 финалга чиққан.
1|8 финал
«Персеполис»-«Ал-Ҳилол»-1:0
19 май. Теҳрон. «Озоди» стадиони. 100000 томошабин.
«Ал-Ҳилол»-«Персеполис»-3:0
26 май. Ар-Риёд. «Қирол Фаҳд» халқаро стадиони. 23590 томошабин.
--------------------------------------------
«Нафт Теҳрон»-«Ал-Аҳли»-1:0
20 май. Теҳрон. «Озоди» стадиони. 13370 томошабин.
«Ал-Аҳли»-«Нафт Теҳрон»-2:1
27 май. Жидда. «Қирол Абдуллоҳ Спортс Сити» стадиони. 35488 томошабин.
Ф. ФАЙЗИЕВ