Кириш Регистрация
28/04 00:00 Астон Вилла 2-2 Челси
28/04 00:00 ПСЖ 3-3 Гавр
28/04 00:00 Атлетико 3-1 Атлетик Бильбао
28/04 13:00 Тожикистон 5-5 Ўзбекистон
28/04 15:30 Интер 2-0 Торино
28/04 16:00 Метц 1-2 Лилль
28/04 16:00 Таиланд 1-4 Эрон
28/04 17:00 Кадис 1-1 Мальорка
28/04 18:00 Тоттенхэм 2-3 Арсенал
28/04 18:00 Борнмут 3-0 Брайтон
28/04 18:00 Лорьян 1-2 Тулуза
28/04 18:00 Клермон 4-1 Реймс
28/04 18:00 Страсбур 1-3 Ницца
28/04 18:00 Болонья 1-1 Удинезе
28/04 19:00 Индонезия - Ўзбекистон
28/04 19:15 Гранада 3-0 Осасуна
28/04 20:05 Ренн 4-5 Брест
28/04 20:30 Ноттингем Форест 0-2 Манчестер Сити
28/04 21:00 Наполи 2-2 Рома
28/04 21:00 Аталанта 2-0 Эмполи
28/04 21:30 Вильярреал 3-0 Райо Вальекано
28/04 22:00 Лион 3-2 Монако
28/04 22:30 Япония - Ироқ
28/04 23:45 Фиорентина 5-1 Сассуоло
29/04 00:00 Марсель 2-1 Ланс
29/04 00:00 Бетис 1-1 Севилья
29/04 23:45 Женоа - Кальяри
30/04 00:00 Барселона - Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид

Месси, Халк, Ўзил ва Мамаевнинг «пас»лари ҳақида

Баҳо:
+ | -

Аввалроқ 2015 йил футболи якунларига бағишланган туркум мақолалар доирасида 5та энг кучли чемпионат (АПЛ, бундеслига, примеро, «А» серияси ва Лига1)даги энг яхши ассистентлар ҳақида алоҳида ҳикоя қилган эдик. Хўш, даврани кенгроқ олиб, бутун Европага назар солсак, голга ҳаммуаллифлик қилувчи энг кучли футболчилар рейтинги қандай бўлади? Бу ҳолатда ҳаттоки, Россияда ҳам унча танилмаган ярим ҳимоячи Юрий Мамаев рўйхат етакчиси сифатида бош кўтаради. Умуман, бу мавзуга яна бир бора қайтишимизнинг ўзига хос сабаблари ҳам бор. Сир эмас, гол муаллифлари доимо эътибор марказида туришади ва улардан энг яхшилари «Олтин тўп»га даъвогарлик қилишади. Бироқ тушунарлики, аниқ ва вақтида амалга оширилган узатмасиз гол уриш анча қийин. Шундай бўлсада, ассистентлар доимо сояда қолиб кетишади. Ваҳоланки, барча лигаларда голли узатмалар сони ҳисоб-китоб қилиб борилади. Бас, шундай экан, 2015 йил давомида Европада ҳотамтойликлари билан ажралиб туришган футболчиларни яна бир бора эътироф этишимиз ортиқча саналмаса керак.

10-ўрин. Ҳаким Зиеш - 16та самарали «пас». Нидерландияда туғилган марокашлик Зиеш айни пайт эредивизионнинг асосий юлдузларидан биридир. У 2015 йил давомида чемпионатда 33та ўйинда иштирок этиб, 17та гол урди ва яна 16тасига ассистентлик қилди - ажойиб натижа. Биласиз, Европадаги аксарият миллий биринчиликлар «куз-баҳор» тизимида олиб борилади. Хусусан, голланд эредивизиони ҳам. Шундай экан, Зиешнинг статистикаси 2та мавсумга тегишли. Ҳаким 2014|2015 йиллар мавсумининг иккинчи қисмида 11та самарали «пас» берганди, жорий чемпионат ярмигача эса шерикларини яна 5 марта якуний зарба йўлига чиқарди. Енгил, тезкор, техник қобилияти юқори ушбу ҳужумкор ярим ҳимоячи айниқса, чап оёғида тўпни нафис олиб юради, майдонни яхши кўради, жарима зарбаларини хавфли тарзда ижро этади. Айтганча, Зиеш гарчи Голландия ёшлар термасида ўйнашга улгурган бўлсада, бир неча ой муқаддам Марокаш миллий жамоаси фойдасига қарор қабул қилди.

9-ўрин. Луис Суарес - 16та самарали «пас». «Барселона»нинг ажо-йиб триоси (Месси-Неймар-Суарес)да ҳар бир футболчи ҳам ассистент, ҳам ҳужумларни якунловчи ижрочидир. Тўғри, айнан уругвайлик йигит марказий ҳужумчи саналади. Шунга қарамай, у ўтган йили заргарона тўп узатиш бобида етук жамоадошларидан сира қолишмади. Суарес 2015 йили примеро доирасида 33 марта майдонга тушиб, 16та самарали «пас» тўплади: аввалги мавсумнинг иккинчи қисмида 12та, янги чемпионатнинг стартида 4та. Мисол учун, Луиснинг «Атлетико»га қарши сафар ўйинидаги нафис узатмасини эслаш мумкин. Айнан шундан сўнг каталонияликлар ғалаба тўпини киритишганди.

8-ўрин. Лионель Месси - 16та самарали «пас». Қойилмақом Лео нафақат ҳисобсиз голлар уради, балки яна ассистентлик ролини ҳам ўз ўрнига қўяди. У 2015 йил давомида Испания чемпионатининг 33та ўйинида иштирок этди ва Суарес каби шериклари урган 16та голга замин ҳозирлади. Аргентиналик баҳоргача 12та самарали «пас» берган бўлса, янги мавсумда уларнинг ёнига яна 4та заргарона узатмани қўшиб қўйди. Хусусан, «Леванте», «Сельта», «Валенсия» ва «Депортиво» билан ўйинларда жамоадошларининг гол уришларига имконият яратди. Агар Лео жароҳат туфайли бир неча ўйинни ўтказиб юбормаганида эди, эҳтимолки, энг яхши плеймейкерлар рейтингида анча юқори поғонани эгалларди.

7-ўрин. Генрих Мхитарян - 16та самарали «пас». Арманистон терма жамоаси ва Дортмунд   «Боруссия»си ярим ҳимоячиси 2015 йили бундеслигада голга ассистентлик қилиш бобида Месси ва Суарес билан тенг натижа қайд этди. Лекин улардан фарқли ўлароқ, 1та кам ўйин ўтказди. Хуллас, 32та учрашувда 16та «пас»: ўртача ҳисобда 2та ўйинда 1та голга «шерик»лик. Арманистонликнинг нафис ҳаракатларидан айниқса, «Вольфсбург» кўп азият чекди. Яъни «Боруссия» ўз майдонида «бўрилар»ни айнан Мхитаряннинг 2та самарали узатмаси туфайли мағлубиятга учратди. Умуман, Генрих Германия чемпионатидаги энг яхши ассистентлар рўйхатида етакчилик қиляптики, бу унинг топ-даражадаги футболчи эканлигидан далолат беради.

6-ўрин. Димитри Пайет - 17та самарали «пас». Реюньон оролида туғилган ва Франция миллий жамоасида ўйнаётган ярим ҳимоячи ўтган йили турли лигаларда тўп сурди. Яъни аввалги мавсумни «Марсел»да якунлаган Пайет ёзда Лига1нинг энг яхши ассистенти мақомида «Вест Хэм» таркибига қўшилди. У Франция чемпионатининг баҳорги қисмида «Марсел»нинг 14та голига ҳаммуаллифлик қилганди. Йил якунига қадар эса АПЛда яна 3та самарали «пас» берди. 28 ёшли футболчи хусусан, «Арсенал» ва «Манчестер Сити»га қарши баҳсларда жамоадошларининг гол уришларига яқиндан кўмаклашди. Эътиборлиси, Пайетнинг бундай ажойиб статистика қайд этишига 30тагина ўйин кифоя қилди.

5-ўрин. Халк - 18та самарали «пас». Ҳа, «Зенит»даги «тўп сеҳргари» 2015 йил якунлари бўйича энг яхши ассистентлар рейтингида кучли бешликдан жой олди. Халкнинг қисқа вақт ичида чинакам жамоавий футболчига айланишини кўпчилик кутмаган бўлса керак. Дейлик, бразилиялик Россия чемпионатининг жорий мавсумида голли узатмалар сони бўйича яққол пешқадам бўлиб турибди. Боз устига, Халк атиги 13та турда аввалги чемпионатда 10та самарали «пас» билан рус премьер-лигасининг энг яхши плеймейкерига айланган Матьё Вальбуэна натижасидан ўзиб кетди. Бразилиялик футболчи ижросидаги узатмалардан энг кўп жабр чеккан клуб - бу «Ростов». У «Петровский»да Қурбон Бердиев жамоасига қарши кечган баҳсда нақ 3та голга ҳаммуаллифлик қилди. Умуман, Халкнинг 17та самарали «пас» беришига 28та ўйин етиб ортди.

4-ўрин. Ниэлл Макгинн - 18та самарали «пас». Шимолий Ирландия термаси ва «Абердин» клуби вингери ҳали кенг доирада унча танилган эмас. У ҳозирда Шотландия чемпионатида ҳамон ажойиб ижрочилар борлигини исботлаяпти. Шиддаткор, ностандарт ҳаракатлар устаси, ақл бовар қилмас битта узатмаси билан  вазиятни кескинлаштиришга қодир. Унинг шотланд премьер-лигасидаги 39та ўйинда 18та голга ҳаммуаллифлик қилгани барчасини айтиб турибди. Дейлик, Макгинн сентябрь ойида заргарона узатмаси билан собиқ клуби - «Селтик»нинг мағлубиятга учратилишига замин ҳозирлади. У ўйин охирида тўп йўналишини ақлга сиғмас даражада буриб, шундай аниқ «пас» бердики, «қизиллар» ғалаба голини осонгина уришди.

3-ўрин. Кевин де БрюЙне - 19та самарали «пас». Бельгия терма жамоаси ярим ҳимоячиси аввалги мавсумни бундеслигада якунлади, ёзда эса «Вольфсбург» ғазнасини нақ 74 млн. еврога бойитиб, «Манчестер Сити»га йўл олди. Кевин 2015 йилнинг биринчи ярмида Германия чемпионатида 11та голга ассистентлик қилганди. Англия премьер-лигасида эса йил охиригача 8та голга «шерик» бўлди. Эътиборлиси, у «Ньюкасл», «Саутгемптон» ва «Сандерленд» клублари билан ўйинларда 2тадан голга замин яратди. Умуман, де Брюйне йил давомида 34та ўйинда иштирок этди. Айни пайт бельгиялик АПЛдаги илғор плеймейкерлар пойгасида биргина Месут Озилдан ортда қоляпти.

2-ўрин. Месут Ўзил - 21та самарали «пас». Германия термаси ва «Арсенал» клуби вакили жорий мавсумнинг ўзида АПЛ ўйинларида нақ 16та голга ассистентлик қилди. У хусусан, «Уотфорд», «Суонси» ва «Манчестер Сити» дарвозасига йўллаган 2тадан голда асосий ижрочилардан бўлди. Умумий олганда эса, 2015 йили АПЛ доирасидаги 34та баҳсда ўз ҳисобига 21та самарали «пас» ёзиб қўйди. Хуллас, 27 ёшли «канонир» ажойиб мавсумни ўтказмоқда. Фақат топ-лигаларни олсак, энг яхши плеймейкер айнан Озилдир.

1-ўрин. Юрий Мамаев - 28та самарали «пас». 31 ёшли ярим ҳимоячи Юрий Мамаевни ҳаттоки, ўз ватани - Россияда ҳам унча яхши танимайдилар. Омскда туғилган ва Германиянинг «Штутгарт» клуби мактабида таҳсил олган Юра 2015 йили Литва чемпионатида фаолият юритди. У ерда биринчилик эски тизим - «баҳор-куз» асосида олиб борилади. Умуман, Мамаев бунгача «Шинник», «Терек», «Луч-Энергия», «Балтика», «Петротрест» каби клубларда тўп сурган. Аммо ўз омадини айнан «Тракай» ФКда топди, чоғи. У ўтган йили Литва олий дивизионида 33 марта майдонга тушиб, нақ 28та голга ассистентлик қилди. Бу билан ўз клубининг бронза медалига эга чиқишига катта улуш қўшди. Дейлик, чемпионатда Мамаевнинг энг яқин таъқибчиси (голга «шерик» бўлиш бўйича) ундан икки карра ортда қолди. Юрийнинг заргарона тўп узатишлари айниқса, 21 ёшли ҳужумчи Давид Аршакянга қўл келиб, у 25та гол билан Литва чемпионати тўп-урарлар пойгасида 2-ўринни эгаллади.

Манба: Championat.com,

А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 09:09, 12.02.2016.
Ўқилди: 6098 марта.
Фикрлар: 22 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.