Кириш Регистрация
28/04 00:00 Астон Вилла 2-2 Челси
28/04 00:00 ПСЖ 3-3 Гавр
28/04 00:00 Атлетико 3-1 Атлетик Бильбао
28/04 13:00 Тожикистон 5-5 Ўзбекистон
28/04 15:30 Интер 2-0 Торино
28/04 16:00 Метц 1-2 Лилль
28/04 16:00 Таиланд 1-4 Эрон
28/04 17:00 Кадис 1-1 Мальорка
28/04 18:00 Тоттенхэм 2-3 Арсенал
28/04 18:00 Борнмут 3-0 Брайтон
28/04 18:00 Лорьян 1-2 Тулуза
28/04 18:00 Клермон 4-1 Реймс
28/04 18:00 Страсбур 1-3 Ницца
28/04 18:00 Болонья 1-1 Удинезе
28/04 19:00 Индонезия - Ўзбекистон
28/04 19:15 Гранада 3-0 Осасуна
28/04 20:05 Ренн 4-5 Брест
28/04 20:30 Ноттингем Форест 0-2 Манчестер Сити
28/04 21:00 Наполи 2-2 Рома
28/04 21:00 Аталанта 2-0 Эмполи
28/04 21:30 Вильярреал 3-0 Райо Вальекано
28/04 22:00 Лион 3-2 Монако
28/04 22:30 Япония - Ироқ
28/04 23:45 Фиорентина 5-1 Сассуоло
29/04 00:00 Марсель 2-1 Ланс
29/04 00:00 Бетис 1-1 Севилья
29/04 23:45 Женоа - Кальяри
30/04 00:00 Барселона - Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид

Хитойда шунчаки бизнес қилишмоқдами?

Баҳо:
+ | -

Бразилиялик истеъдодли футболчи Алекс Тейшейранинг «Шахтёр»дан «Цзянсу Сунин» (Хитой) клубига ўтиши жамоатчиликни лол қолдирди. Зеро, бу футболчи ўз иқтидорини бемалол Ла-Лига ёхуд АПЛда намойиш этиш имконига эга эди. Қуйидаги мақолада Тейшейрани бу йўлни танлашга нима мажбур қилгани ҳақида гап боради.

- Ҳеч бир нарса ҳиссиётлар ва ақл тантанасини жиловлашда пулчалик қудратга эга эмас. (Марио Пьюзо, «Чўқинтирган ота»)

Хабарингиз бор, яқиндагина Украина премьер-лигасида узоқ кутилган трансферлардан бири содир бўлди. Аниқроғи, шу пайтгача Донецкнинг «Шахтёр» клуби шарафини ҳимоя қилиб келган Алекс Тейшейра УПЛ ва Хитой чемпионатлари тарихидаги энг қимматбаҳо ўйинчига айланди. Айтганча, у йўл-йўлакай, жорий йилги трансферлар вақтида ҳам энг йирик харид, деб баҳоланди. Албатта, Алекснинг «Челси» ёки «Ливерпул»га ўтишини тахмин қилиб юрган баъзи мухлислар учун бу кутилмаган ҳол бўлди. Аммо воқеаларнинг бундай ривожи «Шахтёр» учун айни муддао эди. Чунки клуб бунинг ортидан яхшигина даромад олди. Тўғри, Тейшейранинг Хитой клубига сотилиши имиж нуқтаи назаридан «Шахтёр»га обрў олиб келмайди. Зеро бунгача донецкликлар ўз етакчиларининг таниқли Европа клублари («Манчестер Сити», «Боруссия», «Милан», «Бавария»)га ўтишини таъминлаб келаётган эдилар. Шу сабабли, Алекс Тейшейранинг трансфери бу рўйхатга кира олмайди. Аммо гап «Шахтёр»нинг ўйинчиларни арзонга олиб, қимматга сота олиш хусусияти ҳақида кетса, шубҳасиз, Тейшейранинг номи биринчи ўринда қайд этилади. Шунингдек, бу рўйхатга Виллианни ҳам киритиш лозим. Чунончи, донецкликлар ўзлари кашф этган навбатдаги юлдузни Лондонга эмас, Махач­қалъага йўллаб, бунинг учун 35 миллион евро пул олишганди.

Илгарилари эса «Шахтёр» кўпроқ биринчи кўринишдаги трансферларни амалга оширарди. Айнан шунинг учун ҳам Бразилия терма жамоасига номзод футболчилар - Велингтон Нема, Фернандо, Фред ва ҳатто, ўша Бернардлар ҳам «Шахтёр»га ўтиш чоғида маош ҳақида кўп ўйлашмаган. Чунки улар билишардики, Донецкдаги ёрқин ўйинлар уларнинг порлоқ келажагига замин яратади.

Бугунга келиб эса ҳолат анча ўзгарди. Яъни, донецкликлар янги футболчиларни сотиб олишда аввалгидек фаол эмаслар. Шубҳасиз, уларга молиявий муаммолар халал бермоқда ва бунда клуб хўжайини Ринат Аҳметовни айблаш ноўрин. Негаки, Донбассдаги воқеалар ва гривна курсининг пасайиши туфайли, юмшоқ қилиб айтганда, Аҳметовнинг пуллари кўпайиб қолмаяпти. Аксинча, кун сайин тадбиркорнинг ишлари орқага кетмоқда. Масалан, Аҳметов 2013 йили шартли равишда 800 миллион гривна миқдорида даромад қилди, дейлик. Бу миқдор 100 миллион долларга тенг келган. Ўша пайтларда «шартли Фред»ни сотиб олиш учун эса 10 миллион доллар етарли эди. Ҳозирги пайтда 800 миллион гривна тахминан 30 миллион АҚШ долларига тўғри келади. Демак, энди «шартли Фред»ни сотиб олиш учун Аҳметов даромадининг 1|10 эмас, 1|3 қисми сарф этилади. Бошқача айтганда, «Фред»нинг хариди учун илгари 80 миллион гривна сарфланган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 270 миллионга яқинлашиб қолди.

Мазкур ҳолатда «Шахтёр» Ринат Аҳметовнинг кўмагига умид қила олмаслиги тайин. Қолаверса, клуб чипталар сотувидан тушадиган маблағдан ҳам айрилган, ҳисоб («Шахтёр»нинг ўйинлари 2 минг томошабинга мўлжалланган Львовдаги стадионда ўтмоқда). Ўз-ўзидан маълумки, клубда ҳозир даромаднинг ягона йўли қолди - футболчиларни сотиш.

Тейшейра учун эса хитойликлардан бошқаси 50 миллион евро бериши қийин эди. Ҳатто, Алексга энг жиддий харидор бўлган «Ливерпуль» ҳам бразилиялик футболчи учун атиги 32 «лимон» ваъда қилди, холос.

Хуллас, Алекс мана шундай омиллар сабабли Хитой клубига катта нархда сотилди. Энди «Шахтёр» трансфер орқали топилган маблағни жамоанинг ривожи масалан, жуда қойилмақом тарзда ишлаётган клуб академияси учун сарфлаш имконига эга. Зеро, бу академия сўнгги вақтларда украин футболига Коваленко, Малишев, Малиновский ва Караваев каби ёрқин истеъдодларни етиштириб берди.

Энг муҳими, «Шахтёр» Украина совринлари учун Тейшейрасиз ҳам бемалол кураша олади. Мисол учун, суперкубокнинг «Динамо» (Одесса)га қарши ўйинида Виктор Коваленко асосий таркибга майдонга чиқди ва жамоадошларини уялтириб қўймади. Аксинча, Бернарднинг голига замин яратиб, уни ажойиб «пас» билан таъминлади. Қолаверса, Тейшейранинг кетиши Викторнинг мунтазам ўйин амалиётига эга бўлишига олиб келди. Бу эса ўз навбатида, Украина термаси учун ҳам фойдали. Албатта, Европа Лигаси ўйинларида Тейшейра ҳеч қачон ортиқчалик қилмасди. Аммо гап шундаки, ҳатто Алекс жамоадан кетмаган тақдирда ҳам «Шахтёр»нинг кучи «Шальке»никидан ортиқ эмасди. Шундай экан, «Шахтёр» ғалабага тўла кафолат бўла олмайдиган Тейшейрани сотиб адашмади.

Энг қизиғи, Тейшейранинг трансфери (қанчалик қиммат бўлмасин) «Цзянсу» учун ҳам кони фойда. Чунки  Хитой клублари жадаллик билан молиялаштирилаётган ва кетма-кет улкан харидларни амалга ошариётган вақтда «Цзянсу» бошқалардан ортда қололмасди. Бу ўринда «Цзянсу Сайнти» клубини 2015 йил декабрида ўз тасарруфига олиб, номини «Цзянсу Сунин» қилиб ўзгартирган Suning Commerce Group компаниясини ҳам унутмаслик керак. Зеро ҳар қандай компания ҳам ўзини реклама қилиш имкониятидан тўла фойдаланишга уринади. Жумладан, Сунин компанияси бунгача 28 миллион евронинг баҳридан ўтиб, жамоага «Челси» ярим ҳимоячиси Рамиресни олиб келганида, анчагина шов-шув кўтарилганди. Лекин бу орада «Гуанчжоу Эвергранд» 45 миллион евро эвазига «Атлетико»дан Жексон Мартинесни харид қилди-ю, Suning Commerce Group ва Рамирес воқеаси деярли барчанинг ёдидан кўтарилди. Мана шунинг учун ҳам рақобатчиларидан қолишишни истамаган «Цзянсу Сунин» Алекс Тейшейра трансфери орқали бунга яхшигина жавоб қайтарди.

«Шахтёр» Бразилияда унчалик машҳур эмас. Мен эса терма жамоада ўйнашни истасам, Европанинг кучли клубларидан бирига ўтишим шарт. Бу - менинг 2016 йилдаги энг асосий мақсадим. Шунинг учун «Челси» томонидан бўлаётган қизиқиш каминани хурсанд қилади», - деганди Алекс Бразилия ОАВларига йил бошида берган интервьюсида. Энди эса футболчи Лондонга эмас, Чин юртига йўл олмоқда. Хитой чемпионати эса табиийки, Бразилия термаси сари элтувчи йўл эмас. Буни футболчининг ўзи ҳам жуда яхши тушуниб турибди.

Шубҳасиз, бразилиялик кўплаб мухлислар учун Алекснинг «Ливерпул»га ўтиб, ўзини кўрсатгани маъқул эди. Худди «Бавария»даги Дуглас Кос­та каби. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, Тейшейранинг «Ливерпул»да муваффақият билан ўйнаб кетишига ҳам асло кафолат йўқ. Чунончи, Украина чемпионатида қандайдир «Черноморец», «Металлург» ёхуд «Говерла» каби клублар билан курашиб, 22 ўйинда 22та гол уриш қаёқда-ю, «Челси», «МЮ», «Сити» ва «Арсенал» каби жамоалар дарвозасини ишғол қилиш қаёқда?! Дарвоқе, Тейшейра - фақатгина футболчи эмас, инсон эканини ҳам унутмаслик лозим. Унинг фаолияти чекланган ва бутсаларини михга илганидан кейин ҳам оиласини боқиши керак. Хитойда у йилига 12,4 млн. евро миқдорида маош олади. «Ливерпуль» эса бунча бериши гумон, ҳар ҳолда. Агар Алекс «Цзянсу Сунин»да шартнома охиригача ўйнаб берса, қарийб 50 млн евро атрофида пул жам­ғаради. Бундай маблағ учун эса табиийки, аксарият одамлар спортдаги совринларни иккинчи даражага суриб қўйишади.

Ҳа, бу қадам билан Тейшейра Европанинг топ-клубларидан бирига ўтиш имконидан маҳрум бўлганини инкор қилмаймиз. Аммо Украина чемпионатини Хитой суперлигасига алмаштириш - жудаям орт­га кетиш эмас. Зеро, Рамирес, Мартинес, Гуарин, Жервиньо, Жадсон ва Ренато Аугусто каби анча танилган футболчилар сафида битта турнирда тўп суриш украин ёшлари билан курашишдан кўра қизиқарлироқ, ҳар ҳолда. Иккинчи томондан, Нанкиндаги ўз стадионингда тўп суриш - Львовдаги бегона аренадан яхши.

Юқорида айтганимиздек, жуда кўп сонли мухлислар учун Алекснинг Европа топ-клубларидан бирига ўтиши ва Бразилия терма жамоасидан таклиф олиши қизиқарлироқ эди. Лекин «Цзянсу Сунин» футболчига шундай келишув таклиф қилдики, уни ақлли одамлар асло рад қилишмасди. Замонавий футболда эса ўйинчилар ўз манфааатларини ёрқин фаолият ва афсонавий сов­ринлардан юқорироқ қўйишмоқда. Буни эса хато фикр, дея олмаймиз. Ҳамммаси ўта содда ва тушунарли: бу - шунчаки, бизнес.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:55, 13.02.2016.
Ўқилди: 7414 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.