Ҳаёт турли-туман тасодифлардан иборат. Улар баъзан бахтсизликка, баъзан эса муваффақиятга, машҳурликка олиб келади. Масалан, дарахт остида ухлаб қолган Исаак Ньютон бошига тасодифан узилиб тушган олма туфайли бутун олам тортишиш қонунини кашф этди, сув тўла ваннада чўмилиш эса Архимеднинг солиштирма сиғим қонунини яратишига туртки бўлди. Ана шу тасодифлар бу икки олимни дунёга танитди. Футбол оламида эса айрим иқтидор эгалари қандайдир тасодиф туфайли нуфузли жамоа сафидан жой олиш имкониятидан маҳрум бўлишган ва бошқа йўлни танлашган, натижада дунё миқёсидаги юлдузлар даражасига кўтарилишган. Марҳамат, олис ўтмишда эмас, шу кунларнинг қаҳрамонлари билан танишинг.
Генрих Мхитарян
Қачон ва қайси жамоага ўтмаган: 2009 йилда, ЦСКАга.
Арманистонлик ярим ҳимоячини ҳозир нафақат бундеслига, балки Европа футбол олами энг яхши ассистентлардан бири сифатида эътироф этади. Бундан 7 йил муқаддам Генрих Арманистоннинг «Пюник» клубида тўп сурарди. Тасодиф бу футболчининг ЦСКАга ўтишига имкон бермади. Йўқ, Генрих таклифни рад этгани йўқ, шунчаки, Москвадагилар уни таклиф этишмади. Армиячиларда Мхитарянни 300 000 евро эвазига харид қилиш имконияти бор эди. Лекин Роман Бабаев бу футболчи жамоага манфаат келтира олмайди, деган қарорга келганди.
Орадан бир йил ўтгач, Генрих «Металлург» орқали Донецкнинг «Шахтёр»идан жой олди. Кончилар жамоасидаги ишончли ўйинлари эвазига «Боруссия» Д.нинг эътиборини тортди. Мхитарян учун жамоа тарихидаги рекорд харид - 27 млн.ни сарфлаган немислар ҳозирда ана шу харажатнинг мевасидан баҳраманд бўлишяпти. Мухлислар томонидан «Микки» деб эркаланадиган ярим ҳимоячи Марио Гётценинг ўрнини босмоқда. Ундаги юксак иқтидорни нафақат Роман Бабаев тан олмаяпти, холос.
Анхель Ди Мария
Қачон ва қайси жамоага ўтмаган: 2007 йилда, «Москва»га.
Жамоа тарқатиб юборилишидан 3 йил аввал «шаҳарликлар» Анхель Ди Мариянинг фаолиятини барбод қилишлари ҳам мумкин эди. 19 ёшли аргентиналик иқтидор соҳиби учун москваликлар 1 млн. еврони тахт қилиб қўйишганди. Ҳозирку Анхель трансферларнинг умумий қиймати бўйича жаҳон рекордчиси, лекин у пайтда тажрибасиз ғўр йигитча эди. Шу боис, «Москва» таклифига розилик берганди. Лекин кутилмаганда ишга «Бенфика» аралашиб, Ди Мария учун «Москва»дан 6 баравар кўпроқ маблағни таклиф этди. Шу тариқа аргентиналик ярим ҳимоячи омадсизлик кўчасига кириш хавфидан омон қолди.
Дарвоқе, «шаҳарликлар» бундан аввал ҳам Россияга таниқли юлдузни олиб келишга уриниб кўриш, «Реал»да тўп сураётган Луиш Фигуни кўндириш учун Мадридга Эктор Бракомонтни элчи қилиб юборишганди. Аммо Фигу «Интер»ни «Москва»дан афзал кўрганди.
Роберт Левандовски
Қачон ва қайси жамоага ўтмаган: 2008 йилда «Сибир»га
Агар шу тасодиф бўлмаганида, польшалик машҳур ҳужумчи Мюнхенда эмас, Новосибирск яшил майдонларида жавлон ураётган бўларди. Польшанинг камтарин «Знич» клубида голларни «конвейер»га қўйган 19 ёшли ҳужумчи «Сибирь» скаутларининг эьтиборига тушган, лекин молиявий муаммоалар туфайли тарнсфер амалга ошмай қолганди. «Лех» эса арзимас 800 000 евро эвазига уни ўз сафига қўшиб олди. Айнан шу жамоадаги ўйинлари орқали футболчи Юрген Клоппнинг назарига тушди. Натижада, фақат 100 фоизли вазиятларни голга айлантирадиган Левандовски ижодкор ҳужумчига айланди. «Реал» дарвозасига йўллаган битта аниқ зарбаси уни дунёга танитди. Хуллас, қачонлардир «Сибир»дан келган таклифни ҳужумчи аллақачон унутиб юборган бўлса, ажабмас.
Кака
Қачон ва қайси жамоага ўтмаган: 2003 йилда ЦСКАга
«Сан-Паулу» билан шартномаси якунланган ярим ҳимоячида Европага йўл олиш имконияти туғилганди. Ўшанда у жаҳон чемпиони деган шарафли унвон соҳиби эди. Ички биринчиликда 100тадан кўпроқ учрашув ўтказганди ва рисоладагидек сермаҳсулликни намойиш этганди. Евгений Гинернинг айтишича, армиячилар Кака билан барча масалаларда бир тўхтамга келишган, фақат футболчи атиги 3 кунгина сабр қилишларини илтимос қилганди. Чунки у «Милан»дан ҳам умидвор эди. Охир-оқибат, «россонерлар» таркибида фаолиятини тамомлаётган Леонардонинг тавсияси билан италияликлар бразилиялик футболчи учун 9 млн. евро таклиш қилишди. Қисқа вақт ичида Кака «Милан»нинг етакчисига айланди, ЕЧЛда ғолиб чиқди, «Олтин тўп»ни қўлга киритди. Кейин эса «Реал»нинг Зайниддин Зидандан кейинги иккинчи рекорд трансферчисига айланди.
Криштиану Роналду
Қачон ва қайси жамоага ўтмаган: 2005 йилда «Динамо»га.
Учинчи минг йилликнинг бошларида «Динамо»нинг гуллаган даври кузатилди - акциялар пакети Алексей Федоричев қўлига ўтиб, улкан сармоялар трансфер бозорини алғов-далғов қила бошлади. Жумладан, Манише, Дани, Тьяго Силва сингари таниқли лигионерлар Федоричев билан ҳамкорлик қила бошлаган Жорже Мендешнинг саъй-ҳаракатлари билан Португалиядан Россияга йўл олдилар. Уларнинг сафини Криштиану Роналду ҳам бемалол тўлдириши мумкин эди. Ўшанда у ҳозиргидек ёрқин юлдуз эмас, лекин Евро-2004нинг финалчиси, «МЮ»да мунтазам тўп сураётганди. Аввалига Роналду россияликлар таклифига розилик билдирган, Португалия терма жамоаси бош мураббийи Луис Фелипе Сколари «Динамо» инфратузилмаси билан яқиндан танишиш учун Москвага бормоқчи эди. Лекин футболчи сўнгги паллада ватандошлари билан сафар уюштиришдан бош тортди. Натижада бир неча йиллардан кейин миллионлаб мухлислар «кумир»ига айланди.
Роберто Карлос
Қачон ва қайси жамоага ўтмаган: 1994 йилда «Спартак»ка
1994 йилнинг ёзида Бразилиянинг «Палмейрас» клуби Россия бўйлаб кўргазмали ўйинларини намойиш этганди. Жумладан, Москвага ҳам ташриф буюриб, Лев Яшин турнирида иштирок этди. Навбати билан «Динамо» ва «Спартак»ни мағлуб этиб, совринни қўлга киритди. «Палмейрас» раҳбарлари жамоа ғазнасини тўлдириш мақсадида Роберто Карлосни «Спартак»ка таклиф қилишди. Ёш, лекин ўта чаққон ҳимоячи учун улар атиги 500 000 евро сўрашганди. Таажжубки, «Спартак» мутасаддилари 21 ёшли ҳимоячи учун шунча пулни сарфлаш ўринсиз, деб ҳисобладилар. Шу тариқа Карлос уйига қайтиб бкетди. Орадан бор-йўғи ярим йил ўтгач, ҳимоячини «Интер» 3,5 млн. евро эвазига ўз сафига қўшиб олди. У ерда юксак савияга эришган ҳимоячи кейинчалик «Реал»нинг ёрқин юлдузига айланди.