Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Байрам кимники ёхуд футзалдаги мухлислик ҳақида

Баҳо:
+ | -

Футзал бўйича давом этаётган Осиё чемпионати қизғин паллага кирди. Мана, гуруҳ босқичи ортда қолди ва эндиги ўйин­лар икки, уч ва балки тўрт баробар қизиқарлироқ кечиши турган гап. Ахир навбатдаги баҳслар довига жаҳон чемпионати йўлланмаси тикилган.

Кўз тегмасин, Ўзбекистон терма жамоаси мухлисларни хурсанд қилмоқда. Футзалчиларимиз аввалига Саудия Арабистони термасини мағлуб этишди, кейин қирғизларни ҳам енгиб, гуруҳдан 1-ўрин орқали чиқиш вазифасини муддатидан олдин уддаладилар. Бундан беҳад хурсанд­миз, демак, байрам давом этади. Зеро, жорий мусобақа бизники ва табиийки, байрам ҳам бизга аталиши лозим. Мақсад - ЖЧ йўлланмаси...

Шу вақтга қадар бир қатор мамлакатларда бўлдик ва у ерларда мусобақалар қандай ташкил этилишини кузатдик. Бизни қувонтиргани, юртимиздаги қитъа биринчилиги ташкилотчилик ва шароитлар жиҳатидан ўша мусобақалардан яхши бўлса, яхшики, асло ёмон эмас. Яқинда Қатарда ташкил этилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатини истисно қилсак, энг яхшиларидан бири. Дарҳақиқат, футзал бўйича Осиё чемпионати анча намунали олиб борилмоқда. Бунинг учун ЎФФ ва футзал ассоциациясига ҳар қанча миннатдорчилик билдирсак кам.

Ташқарида аёз изиллаб турган  вақтда футзалчилар иссиқ ва шинам манежларда тўп сурмоқдалар. Томошабинлар эса қулай ўриндиқларда ўтириб, ўйинни томоша қиляптилар. Шунингдек, мусобақани ёритаётган журналистлар учун яратилган шароит­лар аъло даражада. Ўзимизнинг мухбирлар ҳам, хорижлик ҳамкасблар ҳам ҳеч қандай муаммосиз ишлаяптилар. Бу албатта, юртимиз обрўсига хизмат қилиши турган гап.

Буларнинг ҳаммаси Тошкентда ўтказилаётган қитъа биринчилиги ҳақидаги ижобий таассуротлар. Албатта, иш бор жойда камчилик ҳам бўлади. Улар орасида эслашга арзимасдек туюладигани ҳам, эътибор қаратиш зарур бўлганлари ҳам бор. Энди шундай эътиборга муҳтож ягона камчилик ҳақида гапириб ўтсак.

Аслида муаммо нафақат бу мусобақага тегишли. Афсуски, у азалдан мавжуд. Хабарингиз бор, Осиё чемпио­нати ташкилотчилари мусобақага қизиқишни ошириш мақсадида мухлислар учун чипталарни текин қилиб қўйишди. Бу албатта, таҳсинга лойиқ. Айниқса, Ўзбекистон терма жамоаси иштирокидаги ўйинларда ҳақиқий «анш­лаг» кузатилмоқда. Шу билан бирга бошқа учрашувларга қизиқиш ҳам дуруст. Таъкидлаш жоиз, бу катта ютуқ. Зеро, чет ўлкаларда ҳувиллаган трибуналарни кўп кўрганмиз.

Афсуски, ташкилотчиларнинг шу самимий ниятлари нафси ҳакалак отган баъзи кимсаларнинг пул ишлаш манбаига айланиб қолаётгани ачинарли-да. Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўйини арафасида чипталар сотувда бўлганини кўрдик. Ачинарли. Жуда ачинарли. Ташкилотчиларнинг мақсади нима эдию, буёғи қанчага тушди? Тўғри, бу иллат бизни ҳар доим қийнаган: кимдир тузиш ҳаракатида, бошқа биров бузиш илинжида... Бироқ текинга чиқарилган чиптани сотувга қўйиш...

Ўзбекистон футзал терма жамоасининг муваффақияти мухлисларда кўтаринки кайфият уйғотгани рост. Аммо шусиз ҳам Ватан жамоаси ўйнаб турганида, ишқибозлар эътибори юқори бўлиши турган гап. Хуллас, жамоамиз ўйнаган кунлар аренага мухлис сиғмай қоляпти. Баъзилар эса шундан фойдаланиб, текин чипталарни пуллашаётганига нима дейсиз? Улар ўйинга тушишни ўйлармиканлар? Ватан шаъни учун кураш кечаётганини тушунармиканлар? Наҳотки, уларда бундай ҳиссиёт йўқ ва бор нарса пулга қадалиб қолган бўлса?

Агар бир иш жазосиз қолиб кетса, албатта, яна такрорланаверади. Буни тушунтириш учун фалсафа сўқиш шарт эмас. Тез орада Ўзбекистон миллий жамоаси иштирокида ЖЧ саралаши ўйинлари вақти келади. Агар олиб-сотарларга қарши курашни ҳозирдан бошламасак, оқибати оғир бўлади. Кўрганмиз, терма жамоамизнинг аввалги ўйинлари чипталари олиб-сотарлар қўлига ўтиб кетганида, қанча кўнгилсизликлар кузатилган...

Яқинда ашаддий мухлислардан бири айтган эди: «Агар чиптанинг расмий нархи 100 минг сўм бўлса, уни олиб ўйинга кираман. Аммо олиб-сотарлар қўлидан 50 минг сўмга ҳам харид қилмайман. Бунга орим йўл қўймайди. Чунки чиптанинг расмий нархи қанча қиммат бўлмасин, ундан тушган пул спорт ривожи йўлида сарфланади. Олиб-сотарнинг қўлидаги асли 20000 сўмлик чиптанинг устига қўйилгани эса, унинг нафсига хизмат қилади». Бунинг маъноси - ҲАМИЯТ! Аммо афтидан, чиптани «қора бозор»га чиқариб юбораётганлар ва уларнинг гумашталари бундай иборадан бехабарлар, чоғи. Чунки уларнинг луғатида бундай сўз йўқ. Акс ҳолда...

Афсуски, футзал бўйича ўтаётган Осиё чемпионатида ҳам шу иллатнинг баъзи белгиларини кўрдик. Наҳотки, шунга қарши курашишнинг имкони бўлмаса? Ахир қачонгача вазият шундайлигича қолади? Шу ўринда фақат бир нарса ачинарли - аслида бундай мусобақалар фақат мухлислар учун байрам бўлиши лозим. Афсуски, у яна кимларнингдир байрамига ҳам айланиб қолмоқда...

Зафар ҚОСИМОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:05, 18.02.2016.
Ўқилди: 4998 марта.
Фикрлар: 49 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.