Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Ана баҳона-ю, мана баҳона

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, Англиянинг «Астон Вилла» клуби АПЛнинг яқиндагина бўлиб ўтган  «Ливерпул»га қарши ўйинида рақибга 6:0 ҳисобида мағлуб бўлди. Аммо ушбу йирик мағлубият «Астон Вилла» ҳимоячиси Жолеон Лескоттга унчалик салбий таъсир ўтказа олмади. Чунончи, у ўйиннинг эртасигаёқ «твиттер»даги ўз саҳифасига янгигина «Мерседес» автоуловининг суратини жойлади. Табиийки, бу жамоа мухлисларида катта норозилик уйғонишига олиб келди. Лескотт эса ўзини оқлар экан, «твиттер»даги хабар тасодиф натижасида «кетиб қолганини», бу вақтда телефон унинг чўнтагида бўлганини таъкидлади. Қаранг, қанчалик «ақлли» смартфон-а?! Футбол тарихида эса бундай «ўхшамаган» баҳоналар кўплаб топилади. Мана, уларнинг баъзилари...

1. Ёвуз ниятли қурбақалар

2006 йили Германия давлати мезбонлик қилган жаҳон чемпионати вақтида ҳам жуда қизиқ воқеа кузатилган. Яъни, мундиалда иштирок этаётган Украина терма жамоаси Испаниядан 4:0 ҳисобида мағлуб бўлгач, украиналик ҳимоячи Владислав Вашук жамоадошлари номидан баёнот бериб, мағлубиятга улар жойлашган меҳмонхонанинг қурбақалари (!) сабабчи эканини айтади. Ҳимоячининг сўзларига кўра, жониворлар кечаси билан вақ-вақлаб, футболчиларга уйқу бермаганмиш. Бу ғайриоддий баёнотдан кейин меҳмонхона ходимлари ҳам жунбушга келишди ва улар Украина терма жамоаси манзилига қуйидаги мурожаатни йўллаб, аламларидан чиқишди: «Меҳмонхона яқинидаги кўлда қушлар борлиги эсингиздан чиқибди-ку! Нима қилайлик, бу қушларни ҳам тутиб, қафасга солайликми?!»

 

2. Томас Бролиннинг ҳалокати

Қушлар ҳақида гап кетса, беихтиёр швециялик машҳур собиқ футболчи Томас Бролин ёдга тушади. Негаки, у ҳам қушлардан жабр кўрган. Воқеанинг аниқ тафсилотлари мана бундай: 1997 йилнинг июнида футболчи «Лидс»нинг мавсумолди тайёргарлигида қатнашиш учун аэропорт томонга йўл олади. У катта тезликда кетаётган бир вақтда қандайдир қуш йўлдан чиқиб қолади ва машина ойнасини синдириб кириб, Томаснинг ўтакасини ёриб юборади. Натижада, футболчи ўзини йўқотиб, жамоа машғулотларида қатнаша олмаслигини билдиради. «Лидс» устози Жорж Грэм эса шу арзимас баҳона туфайли «машқдан бўйин товлаган» Томасни умумий суратга тушиш маросимига чақирмайди.

 

3. Антиқа раҳбар

Маълумки, футбол оламида қайсидир клуб директори ходимларнинг ишга қабул қилиниши ёки вазифасидан озод қилиниши ҳақидаги масалаларга жавобгар ҳисобланади. Бироқ «Саутгемптон»нинг собиқ раҳбари Руперт Лоу бундайлардан эмас. Масалан, у клуб устози Пол Старрокни атиги иккитагина ўйиндан сўнг ишдан ҳайдади-да, барча айбни ОАВларга юклади-қўйди. Камига, мухбирларга дўқ-пўписа қилишни ҳам унутмади:

- Мазкур аянчли ҳодисага сабабчи бўлганлар, ўзларингга яхшилаб бир назар солинглар!

Қизиғи шундаки, истеъфога қадар ҳеч бир мухбир Полни танқид қилиб чиқмаганди.

 

4. Муни ҳақиқати

«Роттерэм» клубининг собиқ дарвозабони Крис Муни кунларнинг бирида тўпни оёқлари орасидан ўтказиб юборади ва уятга қолади. Лекин кейинроқ маълум бўлишича, ўтказиб юборилган голда Криснинг айби йўқ экан. Гап шундаки, у эндигина зарбани қайтаришга чоғланган пайтда унинг яқинида сочини тақир қилиб олдирган жамоадоши Ник Смит пайдо бўлиб қолади ва унинг ялтиллаган боши дарвозабоннинг кўзларини қамаштириб юборади. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин билмади­г-у, аммо Муни ўйиндан кейин ўзини оқлаш учун худди шу баҳонадан фойдаланади. Чакки эмас-а?!

 

5. Кеннининг «бебош» тўплари

«Ньюкасл» жамоаси Англия кубоги доирасида ўзидан анчагина кучсиз ҳисобланган камтаргина «Стивежейж» клуби билан дуранг ўйнаб қўйгач, «қарғалар» устози Кенни Далг­лиш кутилмаган натижа учун тўпларни айбдор сифатида кўрсатади. Яъни, ўша куни фойдаланилган тўплар «ҳаддан ташқари енгил ва сакровчан» экан...

 

6. Таътимаган қувонч

Қитъалараро кубок ўйинида урилган гол «Фейеноорд» ҳимоячиси Йооп ван Дал учун фаолиятидаги катта бурилиш бўлиши мумкин эди. Аммо голландиялик футболчининг қувончи узоққа чўзилмади - голдан сўнг ван Дал ёнига Оскар Малбернат келиб, унинг кўзойнагини юлиб олади-да, оёқлари билан тепкилаб ташлайди. Камига: «Футболни кўзойнак билан ўйнашмайди. Айниқса, Жанубий Америкада», дейди.

7. Фергининг тутқаноғи

1999 йили «Манчестер Юнайтед»нинг собиқ устози сэр Алекс Фергюсон ўз автоуловини фақат фавқулодда ҳолатлар учун мўлжалланган йўлда, катта тезликда бошқариб кетаётган вақтда қўлга олинади. Шунда машҳур мураббий бунга сабаб сифатида тутқаноғи борлигини рўкач қилади. Айтишларича, ўшанда сэр полициячилар қўлидан эсон-омон қутулиб кетган экан.

 

8. Даҳога ҳалал берманг!

Англия кубогининг «Саттон» ва «Ковентри» клублари ўртасидаги баҳсда «Саттон» сенсацион тарзда мағлуб бўлади. Энг қизиғи, бу ўйинда «Саттон» ҳужумчиси Адриан Брэднам деярли 100 фоизли вазиятдан фойдалана олмайди. Ўйиндан сўнг клуб ишқибозлари уни танқид қилишни бошлайдилар. Шунда ҳужумчи гол ура олмаслигига мухлисларнинг ҳаддан ташқари шовқин кўтаришлари сабаб бўлганини айтади. Минг афсуски, ўзини оқлаш учун айтилган бу гаплар форвардга ёрдам бермайди. Аксинча, ундан ишқибозларнинг кўнгли қолади.

 

9. «Дўстпарвар арвоҳ»

Уругвай чемпионатида тўп сураётган футболчиларнинг кўпчилиги «ёвуз руҳлар» ва сеҳргарлар борлигига ишонишади. Баъзида эса бу мавҳум тушунчалардан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишади ҳам. Жумладан, 2003 йили «Университарио» ярим ҳимоячиси Хосе Каррансанинг аёлига хиёнат қилиб юргани ошкор бўлиб қолади. Шунда футболчи Ширли Черрес исмли қизнинг олдига уни қандайдир «кўринмас кучлар» олиб бориб қўяётганидан нолийди.

Орадан олти йилча вақт ўтгач, уругвайлик яна бир футболчи Карлос Флорес кўчадан маст ва яланғоч ҳолда топилади. Карлос ўзига келгач, унга «арвоҳлар» ҳужум қилганини айтади. Кейинроқ аниқланишича, футболчи тунги клубга борганини хотинидан яшириш учун шундай деган экан.

 

10. Қўпол пайпоқлар

Шубҳасиз, бутсаларни пайпоқсиз кийиб бўлмайди. Аммо баъзида пайпоқлар ҳам кўнгилсиз натижага айбдор бўлиб қолиши мумкин экан. Жумладан, Италия терма жамоаси Дания билан бўлган ўйинда 0:0 ҳисобидаги дурангга имзо чеккач, Франченско Тотти айбни 34 даражали ҳароратга ағдарди: «Биз худди қизиган қум устида ўйнагандек бўлдик». Крис­тиан Пануччи эса Тоттининг сўзларига аниқлик киритди: «Пайпоқларимиз матоси ҳаддан ташқари қўпол экан». Ажойиб баҳона, шундай эмасми?!

 

11. Қонунсиз «юлдузлар»

2015 йилнинг февраль ойида «Лестер» ва «Бирмингем» клубларидаги фаолияти орқали танилган собиқ футболчи Робби Сэвеж тезликни меъёридан оширгани учун полициячилар қўлига тушади. Лекин у ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилмайди. Чунки, Роббининг адвокати унинг мижози ўғилларини кўриш учун шошиб кетаётганини, у жуда таниқли бўлгани учун жамоат транспортларидан фойдаланиши қийин эканини судда исботлай олади. Бундан уч йиллар олдин «Сток Сити» мураббийи Тони Пьюлис билан ҳам худди шундай воқеа рўй беради. Мутахассиснинг айтишича, у телефонда нималарни гаплашаётганини ҳеч ким билмаслиги учун ҳайдовчи ёллай олмасмиш. Эътиборлиси, буни Пьюлиснинг адвокати ҳам судда исботлай олди.

Манба: Andrew Murray, FourFourTwo

И.Раҳимов тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:59, 28.02.2016.
Ўқилди: 6858 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.