РФИ президентлигига даъвогарлик қилган Алишер Аминовнинг фикрича, ФИФА барча йўналишлар бўйича кенг миқёсли ислоҳотларга муҳтож. Жаҳон футбол уюшмасига янги раҳбар сайланган куни воқеа жойи - Цюрихга борган Халқаро ҳуқуқий ташаббуслар жамғармаси вице-президенти «ССФ» нашрига берган интервьюсида умумий ҳолат дарҳақиқат, таҳликали эканлигини алоҳида таъкидлади.
- Гап ФИФА тилга олинганида, дарҳол коррупция мавзуси очилишида ҳам эмас. Ташкилот тизимли инқирозни бошдан кечиряптики, бу жаҳон футболи тараққиётига тўсқинлик қилмоқда.
- Агар Россия ва ФИФАдаги коррупцион ишларга боғлиқ рақамларни ўзаро солиштирсак, шунчаки, кулги қистайди. Зеро, Россияда миллиардлар тилга олинса, футбол уюшмасида чамаси икки баравар кам сумма хусусида сўз боради...
- Бунда ФИФА, УЕФА ёки ҳудудий федерациялар раҳбарларинг ноқонуний даромадлари миқдори муҳим эмас. Қаранг, Германиядек фаровон ва демократик давлатда футбол федерацияси президенти (Вольфганг Нирсбах) ЖЧ-2006 мезбонлик ҳуқуқини олиш жараёнига боғлиқ коррупцияда айблангани боис, истеъфо берди. Германияда шундай бўлгач, футболни молиялаштириш ҳукумат компаниялари орқали амалга ошириш тизими йўлга қўйилган мамлакатлар ҳақида нима дейиш мумкин?
- Тизимли инқироз. Бунинг маъноси нима?
- ФИФА президентлиги учун сайловларни олайлик: Йозеф Блаттер ўрнига 5 нафар номзод ўз лойиҳасини тақдим этди. Бироқ уларнинг барчаси эгизак-лойиҳалар! Дейлик, ҳамма болалар-ўсмирлар футболини ривожлантириш лозимлигини айтади. Бунга ким қарши? Сен қандай йўллар ва услублар орқали ривожлантириш ҳақида гапирмайсанми? Афсуски, даъвогарлар дастурида бу масалада ҳеч нарса йўқ. Шунингдек, номзодлар 3 ой давомида қандайдир парда ортидаги учрашувлар билан чекланишди. Бундай суҳбатлар чоғи нималар муҳокама этилганини ҳеч ким билмайди. Ҳарқалай, улар футбол бошқаруви тизимини қандай ўзгартиришлари хусусида мутлақо оғиз очмадилар. Бошқача айтганда, сайловолди кампанияси шуни кўрсатдики, ФИФА эндиликда ягона футбол оиласи эмас. Шундай ҳолатга асосан ҳукуматларнинг футбол федерациялари ишига аралашаётгани сабабдир. Энг ачинарлиси, ФИФА бунга жим қараб турибди.
- ФИФА ва унинг раҳбарларини ҳар қанча танқид қилиш мумкиндир, аммо битта фактдан кўз юмиб бўлмайди: у анча йиллардан буён молиявий нуқтаи назардан муваффақиятли ташкилот саналмоқда...
- Бироқ ФИФА банк эмас-ку! Ташкилот фаолиятига баҳо бериш учун бошқа критериялар бор: футбол ва профессионаллик масалалари. Мисол учун, турли мамлакатларда футбол билан шуғулланувчилар сони ёки профессионал мусобақаларда йўлга қўйилган эффектли иқтисодий моделга қараш мумкин. Энг ёмони, бугунги кунда футболчилар, мураббийлар, ҳакамлар ва ўйинни бошқа субъектлари муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнидан тобора узоқлашмоқдалар. Мисол учун, РФИ Ижроий қўмитасида на футболчилар, на мураббийлар ёки ҳакамлардан вакил бор. Лекин бутунлай ҳукуматга боғланган ҳудудий федерациялардан аъзо олинган. Футбол - халқ ўйини. Демак, демократия бўлиши шарт. Европа бу масалада тўғри йўлдан кетяпти. Негаки, FIFRro (Профессионал футболчилар халқаро ассоциацияси) бошқарув тизимини қайта кўриб чиқишни қатъий талаб қилмоқда. Бошқа конфедерацияларда эса ҳаммаси ибтидоий ҳолатда.
- ФИФАнинг иқтисодий иш моделини ўзгартиришдан қандайдир маъно борми?
- Бу масалада асосан молиявий «Фэйр-плей»га боғлиқ муаммолар мавжуд. Россия клублари эса асосий қоидабузарлар қаторида. Тез орада бизга хитойликлар ҳам қўшилишади. Аввало, ФИФА молиявий регламентини тузиш керак. Европада бундай регламент иш бошлашга улгурди, энди уни барча конфедерацияларда қўллаш лозим. Яна клублар ва футболчилар ўртасидаги муносабатларни назорат қилувчи регламент зарур. Ахир мисол учун айтсак, Александр Кокориннинг йилига 3,5 миллион евро олиб, ўйинчи сифатида ўсмаслиги нормал ҳолатми?!
- Дунёда футболдаги муаммоларни муваффақиятли ҳал қилаётган давлатлар ҳам етарли.
- Ҳа, ФИФА Германия, Испания, Франция ёки Италия моделини маҳкам тутиши керак. Ушбу мамлакатларда захира ва мутахассислар тайёрлаш масалаларини яхлит тизим орқали ҳал этишади. Дейлик, ҳамма жойда замонавий футбол марказлари ишлайди. Ҳа, барча мамлакатларда бундай марказлар қуриш имконияти йўқ, лекин ФИФА уларга нисбатан минимал талаблар даражасини белгиласа бўлади. Ташкилот эса бугун енгил йўлдан бормоқда. Ахир битта футбол маркази бунёд этишдан кўра,100та сунъий майдон қуриш осон. Клублар, лигалар ва федерациялар учун бошқарувчилар тайёрлашда ҳам муаммолар бор. Қаранг, ФИФА таҳсил жараёни якунлангач, сертификат бериш учун 5 кунлик курс ўтказиш билан чекланмоқда. Менимча, бу оддий ҳурматсизлик. Бизда Россия олимпия университети ва футбол бошқаруви йўналишидаги европалик энг кучли мутахассислар ҳамкорлигида кадрлар тайёрлаш бўйича махсус лойиҳа ишлаб чиқилган. Энди гап уни амалга татбиқ этишда. Кейин клублар бошқарувчилари учун ҳам лицензиялашни жорий қилиш шарт.
- Сайловлардан сўнг ўзгаришлар юз берармикин?
- Раҳбариятнинг алмашиши яхшиликка. ФИФА президентининг таъсири чекланмоғи лозим. Инчунин, бу ташкилот армия ҳам, ҳарбий қисм ҳам эмас! Қайтараман, сайловолди ташвиқотлари менда айтарли таассурот уйғотмади ва энди ислоҳотлар бошланишига шубҳам бор. Қолаверса, Жанни Инфантинонинг қандай раҳбар эканлигини билмаймиз. Лойиҳасига қараб айтсам, у кескин ўзгаришларга қўл урувчи одамга ўхшамаяпти. Ҳар ҳолда, бугунги кунда халқаро футбол уюшмасини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш уддасидан чиқишига ишонч кам. Шундай экан, ФИФАга бўлиниб кетиш хавф солмоқда. Якдиллик, ошкоралик, демократия - футбол тараққиётига шулар зарур. Бундан бошқа йўл йўқ.
А. АҲМЕДОВ тайёрлади