Кириш Регистрация
31/12 00:45 Болонья 2-3 Верона
31/12 00:45 Ипсвич 2-0 Челси
31/12 00:45 Астон Вилла 2-2 Брайтон
31/12 01:00 Ман. Юнайтед 0-2 Ньюкасл
01/01 22:30 Брентфорд - Арсенал

Бир ўқ билан икки қуён ёки ўйновчи мураббийлар ҳақида

Баҳо:
+ | -

Ўйновчи мураббий фаолияти бир пайтлар ҳеч кимни ажаблантирмасди. Лекин замонавий футболда бу ихтисос вакиллари тобора кам учрамоқда. Бунинг сабаби нимада? «Олдем Атлетик»нинг 2010|2011 йиллар мавсумидаги бир беллашуви бошқа учрашувлардан фарқ қилмасди. «Бристол Роверс»га қарши баҳснинг сўнгги дақиқаларида жамоа бош мураббийи Пол Диков ҳужумчи Дин Келлининг ўрнига майдонга тушди.

- Майдонга тушдим-у, ўша лаҳзадаёқ сариқ карточка ишладим. Беллашув арафасида шогирдларимга қизишиб кетмасликни қайта-қайта таъкидлаб, ўзим асабларимни жиловлай олмадим, - дейди Диков. Бироқ асосий муаммолар ҳали олдинда эди. - Бир неча марта тўп узатишда хатоликларга йўл қўйдим. Йигитлар менга дакки беришга тайёр эдилар. Аммо сўнгги паллада мураббий эканлигим эсларига тушиб, ўзларини тийиб олишди. Ўша ўйиндан кейин бутсаларни михга илиш вақти етганлигини тушундим.

Орадан бир неча ҳафта ўтгач, Диков яна майдонга тушди.

- Биласизми, ҳозирги замонда мураббийлик шунчалик қийинлашиб кетдики, иккита вазифани бир вақтнинг ўзида бажаришга умуман шароит қолмади. Мураббийлар турли юмушлар билан кўмилиб кетишган. Молиявий масалаларда маслаҳатчилик, мактаб ўқувчиси, руҳшунослик, ҳисоб-китоблар, машғулотларни ташкил этиш, жароҳатларга қарши кураш, ўйин таҳлили, рақибларни ўрганиш, трансфер масалалари, агент ва футболчилар ҳолидан хабардор бўлиш... Хуллас, кеча-ю кундуз ишдан бош кўтаришнинг иложи йўқ. Ўйновчи мураббийлар йўқолиб кетишига асосий сабаб шу.

 

Ўтиш жараёни

Ҳар доим ҳам шундай бўлмаган. Ўтмишда ўйновчи мураббийлар инглиз футболи учун одатий ҳол эди. ХХ аср бошларидаги «Хаддерсфилд» ва «Арсенал»да афсона мақомига кўтарилган Герберт Чапман ва 80- йиллардаги «Барнсли» аъзоси Норман Хантерни эсланг. Тўғри уларнинг ҳаммаси ҳам муваффақиятга эришавермаган. Аммо катта масъулиятни ўз зиммаларига олишдан қўрқмайдиган футболчилар ҳам кўплаб топиларди. Жонни Дайлз эса бу борада ўзига хос «хет трик»ни қайд этганди: «Вест Бром»­да тўп сурган ҳолда ўз жамоаси ва Ирландия термасини бошқаришга улгурган.

«Ўтмишда клублар бир хизматчининг ўзидан икки хил вазифада фойдаланишган. Яъни, бир ўқ билан икки қуённи овлашган. Улар мураббийлик вазифасини тажрибали футболчининг зиммасига юклаганлар. У даврда ҳеч ким мураббийлик лицензиясини суриштириб ўтирмасди», - дейди ПФАнинг ижрочи директори Гордон Тэйлор. Лекин етакчи жамоалар устозлик лавозимини футболчиларга топширишда ўта эҳтиёткорлик билан иш юритишган. 1985 йили «Ливерпуль» Кенни Далглишни ўйновчи мураббий лавозимига  тасдиқлагач, вазият ўзгарди. «Қизиллар» афсонаси дебют мавсумидаёқ чемпионлик ва Англия кубогини қўлга киритиб, «олтин дубл»га эришди. Эътиборлиси, чемпионлик голини у «Стэмфорд Бриж»да урганди. Бир вақтнинг ўзида икки вазифани адо этиш Кенни учун осон бўлмади, албатта. У мураббийлар штабининг кўмагига таянган ҳолда иш юритди. Ўшанда Боб Пэйслини унга маслаҳатчи сифатида қўшиб қўйишди. Ронни Моран, Рой Эванс ва Том Сондерс ўз тажрибалари билан Далглишни қўллаб туришди.

- Кутилмаганда кийиниш хонасидан узоқлашишга мажбур бўлдим. Одатда, жамоадошларим билан у ерда ҳазил-мутойиба қилишни яхши кўрардим. Энди улар менга қандай мурожаат қилишларини ҳал қилиш керак эди. Йигитлар мени «босс» деб чақирадиган бўлишди. Лекин Фил Нил эски одатига кўра, Кенни деб чақиришда давом этди. Натижада, у билан алоҳида суҳбатлашишга қарор қилдим. Шундан кейин Нил қоидани бузмайдиган бўлди. Чунки унинг ўзга чораси қолмаганди.

Тез орада Нил «Энфилд»ни тарк этиб, «Болтон»га ўйновчи мураббий этиб тайинланди. «Ливерпул»га устозлик қилишга розилик билдирганида Далглиш ўзининг футболчиликдаги одатларидан иложи борича тезроқ воз кечиши кераклигини анг­лаб турарди. У бутун мавсум 2та вазифани бинойидек уддалади, 18 марта майдонга тушиб, 6та гол урди.

«Кенни бир вақтнинг ўзида иккита ишни ажойиб тарзда бажарарди. Чунки у буюк футболчи ҳисобланиб, катта обрўга эга эди. Кеннининг салобати майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам яққол сезилиб турарди. Менимча, ўйновчи мураббийликни фақат буюк футболчилар талаб даражасида бажара оладилар», - дейди «Ливерпул»нинг собиқ ҳимоячиси Жим Беглин.

 

Манфаатлар қарама-қаршилиги

Далглиш ташабусидан сўнг ўйновчи мураббийлар сафи кенгая бошлади. Тревор Фрэнсис 1991 йилдан бошлаб «Шеффилд»да, Питер Рид «Манчестер Сити»да ҳам ўйнаб, ҳам устозлик қилди. «Челси» эса навбати билан 3 нафар футболчилар - Глени Ходдл, Рууд Гуллит ва Жанлука Виаллига янги соҳада ўз омадларини синаб кўриш имкониятини берди. Лекин икки ёқлама масъулиятни елкасида кўтариб юриш ҳаммага ҳам ёқавермасди. «Бир томондан, бу жуда қизиқарли иш эди. Уни кўнгилдагидек бажариш осон эмасди. Айниқса, ҳозир ўйновчи мураббийликни талаб даражасида адо этишнинг иложи йўқ. Мен бунга «Сити»даги 3 йиллик фаолиятим давомида амин бўлдим. Футболчи учун жуда муҳим бўлгани - дам олишга вақт йўқ. Мураббий ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади - кечаси-ю кундузи муаммолар гирдобида», - дейди Питер Рид.

Ўйновчи мураббий учун бошланғич таркибни аниқлаш ҳам жиддий муаммо эди - ўзи майдонга тушишга қарор қилса, қайсидир жамоадоши ўйин амалиётидан маҳрум бўларди. Тўғри, Питер мунтазам равишда майдонга тушадиган мураббийлар сирасидан эмасди. Кўпинча ўз ўрнини Стив Макмэхонга бўшатиб берарди. Аммо ўйновчи мураббийларнинг ҳаммаси ҳам Питерга ўхшаган инсофли эмасди. Масалан, Марк Хэйтли «Халл Сити» билан тузган келишувга биноан, ҳар бир майдонга тушиши учун 1000 фунт иш ҳақи оларди. Шу сабабли ҳар бир учрашувга аввало ўз номзодини қўярди.

«Бу жуда кулгили эди. Доимо учрашувнинг сўнгги дақиқаларида майдонга тушарди. Ҳатто жароҳати бўлса ҳам ўз одатини канда қилмасди. Бир сафар майдонга тушибоқ, трибунада ўтирган клуб директори томонга ўгирилди ва навбатдаги 1000 фунт учун миннатдорчилик билдирди», - дейди «Халл»нинг собиқ ўйинчиларидан бири.

 

Босим остида

90-йиллар охирида футболда кескин ўзгаришлар юз берди. ПЛ ташкил этилганидан кейин мураббийлик соҳасида ҳам ўзгаришлар кузатилди.

«Энди ҳаммасини натижа ҳал қиладиган бўлди. Натижаларга эришиш учун мураббийда вақт қанчалик кам бўлса, мутасадди ва мухлисларнинг талаби шунчалик кучайиб кетди. Клублар жаҳон брендлари даражасига кўтарилишди. Қуйи лигаларга тушиб кетишдан кўриладиган иқтисодий йўқотишлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади. Шу сабабли икки вазифани адо этиш жуда мушкуллашиб кетди», - дейди ҳакамлар ассоциациясининг ижрочи директори Ричард Беван. Футбол ҳеч қачон ҳозиргидек шаф­қатсиз ва талабчан бўлмаган, футболчилар қаттиқ тер тўкишмасди. Шу боис, уларнинг мураббийликка қизиқишлари пасайди.

Пол Диков Беваннинг фикрларини қўллаб-қувватлади: «Мен футболчиларга машғулотларни худди учрашув каби, ўйинларни эса машқ­лар сингари хотиржамлик билан ўтказишни маслаҳат бердим. Агар ўйинда чарчаб қолиш оқибатида машғулотда қатнаша олмасам,ўзимни айбдор ҳис қилардим. Бу жуда машаққатли юмуш. Мен худди 16 ёшли ўсмирдек ҳаммасини бошидан ўрганиб чиқдим. Фақат шундан кейингина майдонга туша бошладим».

Европанинг бошқа давлатларида ўйновчи мураббийлар жуда кам. Чунки у ерларда мураббийлик касбини эгаллаш узоқ ва жиддий таҳсил олишни тақозо этади. Италияда бўлажак мураббий бир йилга яқин вақтини тайёрлов марказида ўтказади. Бундай шароитда тўп суришнинг иложи йўқ. УЕФАнинг 2013 йилдаги маълумотига кўра, «А», «Б», ва Pro лицензияларига эга бўлган мураббийлар сони Италияда 40023, Испанияда 24814 ва Англияда 10943 нафарни ташкил этган. Лекин вазият ўзгариб бормоқда. «Биз кўпроқ бошқа давлатлардан ибрат оляпмиз. Улар профессионал малакага алоҳида эътибор берадилар. Футболчилар ҳам ўйнаб, ҳам ўқишга вақт тополмайдилар. Шу сабабли, уларга иложи борича узоқроқ ўйнашни маслаҳат берамиз», - дейди Гордон Тэйлор. Лекин Ли Брэдбери бу маслаҳатга амал қилишни истамади ва 35 ёшида «Борнмут»га мураббийлик қилишга қарор қилди. Оқибатда, футболчилик фаолиятини тўхтатди.

«Яна 1-2 мавсум бемалол тўп суришим мумкин эди. Лекин ўртамиёна савияда ўйнашни истамадим. Бир вақтнинг ўзида икки вазифани уддалаш осон бўллмаслигини тушуниб турардим, шу сабабли, футболчиликдан воз кечдим».

Яқинда «Лейтон Ориент» жамоаси Кевин Ноланга мураббийликни таклиф этди. У қандай натижаларга эришишини эса вақт кўрсатади.

Ўйновчи мураббий вазифасини уддалаганлар

 

Адольфо Педернера - «Мильонариос» (1951-1953 йиллар)

Жанубий Американинг таниқли юлдузларидан бири бўлган аргентиналик «Мильонариос»ни қабул қилиб, қаторасига 3 марта чемпионликка эришган.

Грэм Сунесс - «Рейнжерс» (1986-1991 йиллар)

Клуб тарихидаги дастлабки ўйновчи мураббий «Рейнжерс»га Шотландиядаги энг омадли жамоа унвонини қайтарди. Англиядан таклиф этилган Крис Вудс, Терри Бутчер, Тревор Стивен, Гари Стивенс ва Рэй Уилкинс ёрдамида Сунесс 3 мартадан чемпионлик ва кубок соҳибига айланди.

Гордон Страчан - «Ковентри» (1996-1997 йиллар)

Рон Аткинсон директор, тажрибали Страчан эса ўйновчи мураббий лавозимларини эгаллашди. Айнан шу энг кекса футболчининг саъй-ҳаракатлари эвазига жамоа ўзининг сўнгги мавсумида қуйи лигага тушиб кетишдан қутулиб қолди.

Гленн Ходдл - «Суиндон», «Челси» (1991-1995 йиллар)

Ходдл мураккаб вазиятга тушиб қолган клубни АПЛга олиб чиқди. Кейин «Челси»га ўтиб, у ерда ҳам муваффақиятга эришди.

Денни Уайз - «Миллуол» (2003-2005 йиллар)

Уайз бу жамоани илк марта Англия кубогининг финалига олиб чиқди. Кейин «Миллуол» ЕЛда ҳам иштирок этди. Бироқ ўйновчи мураббий клуб президенти билан чиқишолмай, клубни тарк этди.

 

Ўйновчи мураббий вазифасини уддалай олмаганлар

 

Бобби Чарльтон - «Престон Норт Эйд» (1973-1975 йиллар)

«МЮ» афсонаси «Престон»ни 3-дивизионга тушиб кетишдан сақлаб қололмади ва жамоани тарк этди.

Ромарио - «Васко да Гама» (2007-2008 йиллар)

Бразилиялик тўпурар жамоага келганида 41 ёшда эди. Шунга қарамай, 6та учрашувда 3та гол урди. Лекин кейинчалик раҳбарият билан муросага келолмади.

Марио Компес - «Люшня», «Пелита Жая» (1996)

Аргентиналик юлдуз Албаниянинг «Люшня»сини рисоладагидек бошқаролмай, «Пелита Жая»га ўтганди. Аммо бу жамоада ҳам омадсизликка учради.

Стив Клэриж - «Портсмут» (2000-2001 йиллар)

Бу жамоада Стив 25та ўйинга аранг чидади ва камтарин «Вэймут»га йўл олди. Афсуски, бу ерда ҳам омади чопмади.

Терри Бутчер - «Ковентри» (1990-1992 йиллар)

Лиганинг энг ёш мураббийи (32 ёш) иккита вазифани талаб даражасида уддалай олмади ва 2 йилдан кейин истеъфога чиқарилди.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:07, 07.03.2016.
Ўқилди: 3336 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.