Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Сафимизга хуш келибсиз ёки диққатга сазовор трансферлар борасида

Баҳо:
+ | -

Мана, биз кутган дамлар етиб келиб,  олий лига баҳсларига ҳам старт берилди. Табиийки, мавсум бошида мухлису мутахассисларнинг асосий эътибори клубларнинг таркибига қаратилади. Зеро, таркибдаги номларнинг ўзи ҳам маълум бир жамоанинг келгусидаги иштироки ҳақида унча-мунча таассурот уйғотишга қодир. Шундай экан, келинг, биргаликда клубларимиздаги ўзгаришларга, аниқроғи, жамоаларнинг трансферларига биргаликда эътибор қаратамиз. Эҳтимол, биз танлаган футболчилар чиндан ҳам жорий мавсумдаги энг яхшиларга айланишар?!

1. «Бунёдкор»

Асосий харид: Александр Алемпиевич

Узоқ йиллардан бери «Бунёдкор» ҳимояси рамзи бўлиб келган Хайрулло Каримовнинг «Навбаҳор» клуби сафига ўтиши туфайли жамоанинг мудофааси кучсизланиб қоладигандек туюлганди. Аммо «қалдирғочлар» раҳбарияти муаммо юзага келмаслиги учун «Олмалиқ»даги ўйин­лари билан ўзбекистонлик мухлисларга таниш бўлиб қолган сербия­лик Александр Алемпиевични таркибга қўшиб олишди. Муҳими, бундай тажрибали марказий ҳимоячининг ёнида нисбатан тажрибасизроқ бўлган клуб академияси тарбияланувчилари - Рустам Ашурматов ва Жавлон Мирабдуллаевлар ўзларини босимдан холи сезишмоқда ва уларнинг майдондаги ҳаракатлари ҳам ишончли чиқмоқда. Хуллас, ҳозиргача ўтган бир неча ўйинларни инобатга олиб, Алемпиевични «қалдирғочлар»нинг энг омадли хариди сифатида баҳолаш мумкин.

 

2. «Пахтакор»

Асосий харид: Суҳроб Бердиев

Очиғини айтиш керак, бу мавсумда «Пахтакор» клуби томонидан йирик трансферлар амалга оширилмади. Аксинча, майдон марказида устунликни қўлга ола билувчи Кахи Махарадзе каби футболчилар бошқа жамоаларга ўтиб кетишди. Тўғри, унинг ўрнига Одил Аҳмедовдек истеъдодли футболчининг укаси таркибга қўшиб олинди. Аммо кичик Аҳмедов жамоага тўла қўшилиб, ўзини кўрсатиши учун озроқ вақт талаб қилинади, чоғи. Шунинг учун клубнинг асосий хариди сифатида серҳаракат ва чаққон футболчи - Суҳроб Бердиевни кўрсатиш мумкин. Зеро, Суҳроб янги жамоада ўз ўрнини топиб олиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Футбол оламида эса қилинган меҳнатлар ўз самарасини бермай қолмайди.

 

3. «Насаф»

Асосий харид: Дилшод Раҳматуллаев

Бир неча йиллардан буён таркиб ўзагини барқарор таъминлаб келаётган «Насаф» учун янги харидлар унчалик талаб қилинмасди. Шунинг учун Рўзиқул Бердиев салгина кучсизланиб қолган марказни тўлдириш учун энди ёш ҳисобланмайдиган Дилшод Раҳматуллаевни жамоасига қўшиб олди. Асосийси, «Локомотив» таркибида халқаро ўйинларда қатнашиб, тажриба оширган Дилшод «аждарлар» ўйинига кутилганидан кўра тезроқ мослашиб олди. Унинг айниқса, ОЧЛ иккинчи туридаги «Ал-Аҳли»га қарши ўйинда кўрсатган «ҳунар»лари қаршилик мухлисларга мойдек ёқиб тушди. Гап нима ҳақида кетаётганини тушуниб олгандирсиз... 

 

4. «Локомотив»

Асосий харид: Сервер Жепаров

Сервер Жепаров номини нафақат Ўзбекистон, балки бутун Осиёда яхши билишади, ҳурмат қилишади. Чунки майдонни Жепаров даражасида кўра оладиган футболчилар ҳар доим ҳам туғилавермайди. Тўғри, гарчи Сервер «темирйўлчилар»нинг атиги битта ўйини­да кўриниш берган бўлса-да, бундай маҳоратли ижрочининг сафда борлигининг ўзиёқ жамоадагиларга катта руҳий далда беради. Қолаверса, олдинда «Локо»ни шундай ўйинлар кутяптики, уларда айнан Жепаровга дов тиксак, ажабмас.

 5. «Машъал»

Асосий харид: Шаҳбоз Эркинов

Ўтган йиллар давомида Наманганнинг «Навбаҳор» клубида тўп суриб, ишқибозлар меҳрини қозонган Эркинов собиқ жамоасидаги ўзгаришлардан сўнг Муборакка йўл олиб, «Машъал» билан шартнома имзолади. Шуниси эътиборга моликки, Шаҳбоз янги жамоага ортиқча муаммоларсиз мослашиб, илк турдаёқ ўз номига бир эмас, иккита гол расмийлаштириб қўйди. Тўғри, «Қизилқум»га қарши кечган бу ўйинда Эркиновнинг голлари «Машъал»га айтарли наф келтирмади. Аммо дебют ўйиндаёқ «дубль» қайд этиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермаслигини алоҳида инобатга олиш зарур.

 

6. «Шўртан»

Асосий харид: ҳали кўзга ташланмади

Ғузорнинг «Шўртан» клуби учун бу мавсум ҳар галгидан-да, мураккаброқ келади, чоғи. Чунки клуб раҳбарлари қишги тайёргарлик асносида жамоа бошқарувига Александр Волковни тайинлаб, унга имкон яратиб бермоқчи бўлишди. Аммо тажрибали мутахассис аввалига катта иштиёқ билан вазифасига кириш­­­ди-ю­, лекин бироз муддатдан сўнг негадир Ғузорни тарк этиб, «Навбаҳор» қароргоҳига етиб келди. Шу боис, «Шўртан» раҳбарияти Зоир Тўрақуловни зудлик билан бош мураббий этиб тайинлашди. Табиийки, Тўрақуловдан қисқа муддатда ўзи истаган таркибни шакллантириш талаб этиларди ва ёш мутахассис бунга улгурмади, ҳисоб. Тўғри, у бир вақтлари олимпия терма жамоасида тўп сурган Суннатилла Мамадалиев ва Кенжа Тўраев каби футболчиларни рўйхатдан ўтказишга улгурди, ҳар ҳолда. Лекин уларга зарурий кўникмалар 1-давра мобайнида бериб бориладиган бўлди, шекилли. 

 

7. «Бухоро»

Асосий харид: Жасур Ҳасанов

Бу йилги мавсумда трансферлар бозорида ҳеч бир жамоа «Бухоро»чалик фаол бўлмади, десак, янглишмаган бўламиз. Чиндан ҳам, «кўҳна шаҳарликлар» деярли ҳар бир чизиқни янги футболчилар билан тўлдиришди. Улар орасида Артём Филипосян, Баҳодир Пардаев, Сардор Раҳмонов, Шавкат Саломов, Санъат Шихов каби таниқли номларни учратиш мумкин. Шубҳасиз, бу футболчилар жамланган таркибда барқарорлик таъминланса, Бухоро шаҳрида рақобатбардош ажойиб жамоа шакл­ланиши мумкин. Асосийси, айнан шу шаҳар футболида ўсиб-тарбияланган Жасур Ҳасановнинг клубга қайтиши ҳамма учун кўнгилдаги иш бўлди. Мана, биринчи турдаги ўйиндаёқ Жасур ўзини кўрсатиб, учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлди. Аминмизки, бу биринчи ва охирги эътироф бўлмайди.

 

8. «Навбаҳор»

Асосий харид: Олександр Пишур

«Навбаҳор» клуби ҳам бу йил жуда кўп янги шартномалар тузди. Улар орасида айниқса, «Бунёдкор»даги фаолияти орқали бизга таниш ҳужумчи Олександр Пишурнинг ҳам борлиги алоҳида аҳамиятга молик. Зеро, имконият яратиб берилса, бу футболчининг мўлжални доим аниқ олишига аллақачон ишонч ҳосил қилганмиз.

Қолаверса, Пишур танлов тўғри бўлганини исботлаб, «Локо» дарвозасини ишғол қилишга ҳам улгурди. Қани кўрайлик-чи, ушбу форварднинг Ўзбекистонга иккинчи ташрифи қандай давом этар экан...

 

9. «ҚизилҚум»

Асосий харид: Илҳом Юнусов

Бу футболчи олий лигамиздаги ҳар қандай клубда ўз ўрнини топиб олишга қодир. Жумладан, Юнусов шу пайтгача «Насаф» таркибида ҳам чакки ҳаракат қилмаганди. Мана, унинг «Қизилқум»га ўтиши ҳам жамоани сезиларли даражада кучайтира олди. Илҳомнинг асосий ютуғи шундаки, у яккакурашларда ҳеч кимга осонликча таслим бўлмайди ва унча-мунча ҳолатларда жароҳатларга ҳам чап бериб кетаверади. Қолаверса, Юнусовда шундай кучли зарба борки, бу зарбадан юртимиздаги кўплаб дарвозабонлар роса жабр кўришган. Яна бир эътиборли томони, Илҳом ҳар қандай вазиятга совуққонлик билан ёндашади. Айни шу хусусият унга илк турдаёқ кетма-кет иккита пенальтини аниқ амалга оширишга имкон берди.

 

10. «Нефтчи»

 Асосий харид: Алишер Саматов

Фарғоналик футбол мухлислари қишки танаффус чоғида таркибнинг етарлича кучайтирилишига умид қилишганди. Аммо амалда бундай бўлиб чиқмади. Тўғри, клуб билан шартнома имзолаган футболчиларнинг савияси ёмон эмас. Лекин Бойдедаев ва Саматовларнинг таркибга қўшиб олиниши жамоани олтин медаллар сари ундашига ишониш қийин, бизнингча. Яна ким билади дейсиз...

 

11. «ҚўҚон-1912»

Асосий харид: Наврўз Алимов

Миллий терма жамоа даражасига кўтарила олган ҳужумчи билан келишувга эришиш - қўқонликларнинг бу йил ҳам жиддий мадсадларни кўзлашаётганига исбот бўлса, ажабмас. Таъбир жоиз бўлса, ўтган мавсумдаги «Қўқон-1912» айни пайтдаги «Лестер»дан қолишмаганди. Чунки ҳар икки жамоа ҳам таркибда бирор айтарли юлдузларсиз сенсация кўрсатишга қодирлиги билан ажралиб туради. Энди эса қўқонликлар таркибида ҳам «юлдуз» бор. Фақат бу янги футболчи ўз даражасида ўйин кўрсата олса, бўлгани.

 

12. «ОлмалиҚ»

Асосий харид: Фарҳод Тожиев

Шу пайтгача ёш футболчиларни тўғри тарбиялаш билан ном чиқарган Олмалиқ жамоаси сўнгги пайтларда юртимизга келадиган легионерлар учун ўзига хос «кўприк»ка ҳам айланиб бормоқда. Бу йилдан эса клуб ўз сафига тажрибали маҳаллий футболчиларни жалб этишни ҳам бошлади. Фарҳод Тожиев кўпчилик учун «фахрий» бўлиб туюлиши ҳам мумкин. Лекин Шквирин сувни кўрмай туриб, этик ечадиган мутахассис эмас ва аминмизки, у Тожиевдан қандай фойдаланишни билади. 

 

13. «Андижон»

Асосий харид: Неманья Йованович

Юқорида биз «Олмалиқ»ни легионерлар учун «кўприк»ка ўхшатдик. Чунки юртимизга келадиган аксар хорижлик футболчилар «Олмалиқ»даги шароитга мослашиб, кейин бош­қа клубларга ўтиб кетишяпти. Сербиялик форвард ҳам ана шулар тоифасидан. Унинг ҳаракатлари клубнинг янги бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов фалсафасига қанчалик мос келишини «Пахтакор»га қарши ўтган илк турдаги ўйин ва айнан Йованович томонидан урилган гол яққол кўрсатиб берди.

 

14. «Обод»

Асосий харид: Павел Соломин

Лиганинг янги жамоаси жорий мавсумда қандай рақиблар билан тўқнаш келишини биларди. Шунинг учун ҳам таркиб имкон қадар кучайтирилди. Бу борада жамоага ўз вақтида терма жамоада тўп суриб, ҳатто гол уришга ҳам муваффақ бўлган Павел Соломин каби тажрибали футболчилар жудаям асқотади.

 

15. «СўҒдиёна»

Асосий харид: Темур Ҳакимов

Бу футболчи ҳақида кўп гапириш шарт эмас. Темур бундан бир неча йиллар олдин футболимизнинг бўлажак бош юлдузи эди. Аммо у йиллар ўтгани сари ўсиш ўрнига, орқага қараб кетди ва ҳатто, биринчи лигада ҳам тўп суришга мажбур бўлди. Лекин кейинги пайтларда у ижобий томонга ўзгара бошлади. Бунинг учун албатта, Темурга ўйин амалиёти керак бўларди. Айни пайтдаги Темур Ҳакимов учун «Сўғдиёна» - энг тўғри вариант. Зеро, у мазкур клубда мунтазам равишда майдонга тушиб, яна қаддини ростлаб олиш имконига эга бўлади.

 

16. «Металлург»

Асосий харид: Жасур Ҳакимов

Маълумки, ўтган йили «Металлург» таркибида порлаган ёш ҳужумчи Шаҳзод Нурматов «Бунёдкор» назарига тушиб, Тошкент шаҳрига кўчиб ўтди. Бундай ҳолатда унинг ўрнини тўлдириш зарур эди ва «Металлург»нинг кўпни кўрган устози эътиборини яна бир ёш форвард - Жасур Ҳакимовга қаратди. Аслида, Жасур ҳам маҳорат бобида тенгдошларидан устун бўлса борки, кам эмас. Фақат унга озгина ишонч етишмаётган эди. Ажабмаски, Жасур ўзи истаган ўйинни Бекободда топса...

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 08:16, 13.03.2016.
Ўқилди: 8263 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.