Ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида кўпинча машҳур ва жамоасининг етакчи ўйинчилари хатоликка йўл қўйишганликларига бир неча бор гувоҳ бўлганмиз. Бироқ бир серияда битта жамоанинг бир нечта юлдузлари 11 метрлик зарбаларни кўкка совуришганликларини кўпам кўравермаймиз. Биз мана шундай машҳур юлдузларнинг сериялардаги ноаниқ ҳаракатларидан тузилган кетма-кетликни сизга тақдим этамиз.
5. Пирло ва Шевченк о . "Милан" – "Ливерпул ь " (ЧЛ-2005, финал)
2005 йилги Чемпионлар лигасининг драматик финали. Мазкур беллашув "Милан" учун шу қадар омадли бошландики, биринчи таймдан кейиноқ ҳисоб 3:0 кўрнишига келган эди. Бироқ иккинчи таймда қандайдир олти дақиқа ичида Жерард ва унинг жамоадошлари мувозанатни тенглаштиришди. Шу тариқа учрашув жанговор 3:3 ҳисобида якунланди. Бироқ кимдир ғалаба қозониб, кубокни ўз уйига олиб кетиши керак. Шу боис жамоалар пенальтилар сериясига мурожаат қилишди. Лотереялар баҳсида эса кутилмаганда "Милан"нинг икки етакчиси Пирло ва Шевченко "қовун туширишади". Украиналик ҳужумчи сўнгги зарбада адашади ва "Ливерпуль" "Истанбул мўжизаси" дея аталган ўйинда чемпионликни тантана қилади.
4. Френк Лемапрд ва Стивен Жерард. Англия – Португалия (ЖЧ-2006, чорак финал)
Агар Англия терма жамоаси пенальтилар сериясига қадар етиб борадиган бўлса, билингки рақиб жамоанинг омади келгани. Инглизлар 2006 йилги мундиалнинг чорак финалида Португаллар билан рўбаро келишди. Томонларнинг кучлари тенг келгач, 11 метрлик жарима зарбаларига мурожаат қилинди. Ўша пайти инглиз муҳлислари терманинг икки етакчиси Лемпард ва Жерарддан умидлари катта эди. Бироқ ҳар иккала юлдуз ҳам кутилмаганда "қовун" тушириб қўйишди. Сўнгра Каррагер ҳам пенальтини кўкка совуриб, португалларни ярим финалга кузатиб қўйди.
3. Жон Терри ва Анелка. "Челси" – "МЮ" (ЧЛ-2008, финал)
Роман Абрамовичнинг орзулари ушалиши арафасида турган лаҳза. Энг сўнгги "нуқта" олдига Терри келди. Агар у тўпни дарвозага тўғирлаб қўя олса, бу рўйҳатдан Жон эмас, балки Криштиану Роналду жой олган бўларди. Бироқ тақдир Террини танлади. Ёмғир ҳам бу пайтда "Челси" сардорининг зарба бераётиб йиқилиб тушишига кўмаклашиб юборди. Охир оқибат Анелка ҳам зарбада адашади ва Абрамовичнинг орзулари ушлаши кейинроққа сурилади.
2. Франко Брези ва Роберто Баджо. Италия – Бразилия (ЖЧ-1994, финал)
1994 йилги мундиалнинг ҳал қилувчи баҳсига Италия ва Бразилия терма жамоалари етиб келишди. Ўйиннинг асосий ва қўшимча таймларида ҳисоб очилмагач, жамоалар пенальтилар сериясига мурожаат қилишди. Ўзига ҳоз лотереяда эса омад Италияликлардан юз ўгирди. Даставвал Барези зарбада адашган бўлса, сўнгра Массаро ва ҳал қилувчи зарбада Роберто Баджо хатоликка йўл қўяди. Шу тариқа Бразилия термаси ўз тарихида 4-марта жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлади.
1. Криштиану Роналду, Кака ва Серхио Рамос. "Реал" – "Бавария" (Ч Л -2012, ярим финал)
Чемпионлар лигасининг 2012 йилги ярим финалида "Реал" ва "Бавария" ўзаро тўқнаш келишди. Ҳар иккала жамоа ҳам ўз майдонида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонгач, томонлар пенальтилар сериясига мурожаат қилишди. 11 метрлик жарима зарбаларини амалга оширишда Мадридликларнинг 3 нафар юлдузи хатоликка йўл қўйишади. Бунақасини футболда доим ҳам кузатавермаймиз. Бундай юлдузларнинг хатолари ёнида, Мюнхенликлар аъзолари Лам ва Крооснинг ноаниқ зарбалари кўринмай қолганди.
Фурқат Юсупов