Кириш Регистрация
14/05 00:00 Астон Вилла 3-3 Ливерпуль
14/05 00:00 Барселона 2-0 Реал Сосьедад
14/05 19:00 Локомотив 0-2 ОКМК
14/05 22:30 Осасуна 1-1 Мальорка
15/05 00:00 Тоттенхэм 0-2 Манчестер Сити
15/05 00:30 Реал Мадрид 5-0 Алавес
15/05 01:00 Жирона 0-1 Вильярреал
15/05 22:30 Севилья - Кадис
15/05 22:30 Райо Вальекано - Гранада
15/05 23:45 Брайтон - Челси
16/05 00:00 Ман. Юнайтед - Ньюкасл
16/05 00:00 Реймс - Марсель
16/05 00:00 Ницца - ПСЖ
16/05 01:00 Сельта - Атлетик Бильбао
16/05 01:00 Хетафе - Атлетико
16/05 22:30 Лас-Пальмас - Бетис

Дардаи учун "Герта" балиқ шўрванинг ўзи экан

Баҳо:
+ | -

Берлиннинг «Герта» клуби ўтган йили кучлилар сафидаги ўрнини бир амаллаб сақлаб қолганди. Ҳозир эса ЧЛ йўлланмаларидан бирини қўлга киритиш учун бор маҳоратини ишга солмоқда. Жамоадаги ижобий ўзгаришларда венгриялик бош мураббий Пал Дардаининг хизматлари беқиёс.

Океан ортида, хусусан, МХЛ ва МБАда йилнинг энг яхши менежерини тақдирлаш - мавсумнинг ажралмас қисми. Барча беллашувлар якунига етиб, ғолиб ва совриндорлар аниқ бўлганидан кейин мухлислар индивидуал совғалар кимга насиб этишини интиқлик билан кутадилар. Мана шу анъана бундеслигада ҳам жорий этилганида, энг яхши менежер мукофоти «Герта»нинг спорт-директори Михаэль Престцга насиб этарди. Чунки у ҳеч кимга керак бўлмай қолган Саломон Калу ва Ведад Ибишевични яна юксак савияда тўп сура олишларига ишонтирди, «Бавария»дан ноёб иқтидор соҳиби Митчелл Вайзерни «ўғирлаш»га эришди. Бундеслиганинг энг меҳнатсевар ўйинчиси ҳисобланган Владимир Дарудани «Фрайбург»дан воз кечиб, «Герта»га ўтишга кўндирди.

Ўзига хос ўжарлик ва таваккалчилик билан амалга оширилган трансферлар учун менежер жиддий тан­қидга дуч келди. Лекин у мўлжални жуда аниқ олганлигини вақт исботлаб берди. Ҳа, Престцнинг барча ҳаракатлари зое кетиши ҳеч гап эмасди, қачонки у яна битта ўта қалтис ўзгаришни амалга оширмаганида: «Герта»нинг доимий равишда аутсайдерлар сафида юришидан безор бўлган менежер 2015 йилнинг февралида бош мураббий Йос Лухукайни истеъфога чиқарди. Ўшанда «кекса хоним» фақат... «Боруссия» Д.дан олдинда бўлиб, 17-поғонада бораётганди. Қизиғи, сал аввалроқ Престц мавсум ўртасида Михаэль Скиббени Отто Рехагель билан алмаштирган, бироқ бу ўзгариш кутилган самарани бермаганди. Бу сафар Михаэль тажрибага эмас, ёшлик шижоатига таянган ҳолда иш кўришга қарор қилди ва жамоани Пал Дардаига топширди. Тўғри, бош мураббийлик масъулиятини фантастик ғоялар билан тўлиб-тошган ёшларга ишониб топшириш бундеслига учун янгилик эмас. Мана, элитада жон сақлаш учун курашаётган «Хоффенхайм»га 28 ёшли Юлиан Нагельсман устозлик қилмоқда. Ваҳоланки, унинг ёшидагилар мураббийликни хаёлларига ҳам келтирмаган ҳолда тўп суришмоқда. Лекин Нагельсман билан Дардаи ўртасида катта тафовут бор. Нагельсман футболчилик фаолиятида оғир жароҳат олиб, фаолиятини барвақт якунлаган бўлса, Пал 14 йил «Герта» шарафини муносиб ҳимоя қилди, берлинлик мухлисларга ҳақиқий жангчи сифатида танилди. Қолаверса, унинг «Герта»га бўлган садоқати туфайли «Бавария» таклифини рад этгани ҳам айни ҳақиқат!

Ёдингизда бўлса, 90-йилларда Вольфганч Франк «Майнц»да ажо­йиб таркибни шаклантириб,ўз шогирдларига пухта сабоқ берганди. Натижада, шу жумладан, Юрген Клопп, Торстен Либеркнехт ва Юрген Крамни каби малакали мураббийлар етишиб чиқишди. 1999 йилдаги «Герта» бир қатор жиҳатлари билан «Майнц»ни эслатади: Юрген Рёбернинг машаққатли машғулотларида тобланган Михаэль Хартманн, Анте Чович ва Михаэль Престц жамоа тизимида, Эйолфюр Сверрисон Исландия ёшлар термасида, Кристиан Фидлер «Грейтер Фюрт»да, қаҳрамонимиз - Дардаи эса ўз жамоасида мураббийлик қилмоқда. Демак, у Рёбернинг ғояларини яхши ўзлаштирган. Эътиборлиси, устозининг истеъфога чиққанлигидан воқиф бўлган Пал кўз ёшларини тия олмади.

Умуман, Дардаи Берлинда 7 нафар мураббийдан таълим олди. Рёбердан жамоавий интизомни ўрнатиш, Фаврдан эса ишончли ҳимоя чизиғини ташкил этишни ўрганди. Дарвоқе, немислар Дардаининг «Герта»сини Фавр давридаги жамоага ўхшатишади. Олдинги чизиқда Марко Пантелич ва Андрей Воронин ишончли тўп суришганди. Бироқ берлинликларнинг ҳозирги мураббийи бундай таққослашни рад этади: «2009 йили бизнинг услубимиз тўпни рақибдан тортиб олиб, зудлик билан қарши ҳужумга ўтишдан иборат эди. Олдинги чизиқда Пантелич ишни ниҳоясига етказарди. У пайтда индивидуал маҳорат соҳиблари етарли эди. Ҳозир ҳаммаси ўзгача. Биз учун энг муҳими - ҳамжиҳатлик, ҳамма бир-бирига ёрдам беради». Лекин шу билан бирга, Дардаи Фаврдан энг муҳим жиҳатларни ўрганганини ҳам инкор этмайди. Айнан шу мураббий Палга фаолиятни ёш болаларга устозлик қилишдан бошлаш кераклигини кўп бора уқтирганди. Венгрия­лик ёш мутахассис устозининг ўгитларига асосан иш бошлади. Бироқ мураккаб вазиятга тушиб қолган жамоани қабул қилиши кўпчиликни хавотирга солиб қўйди. Ахир у 15 ёшли болакайлар билан дурустроқ шуғулланишга улгуролмаган, кейин зарурат туфайли Венгрия терма жамоасини бошқаришга мажбур бўлганди. Энди тажрибасиз Дардаининг олдида жамоани кучлилар сафида олиб қолишдек масъулиятли вазифа турарди.

Михаэль Престцнинг қалтис қарорини фақат Берлиндагилар қўллаб-қувватлашди. Чунки улар Палнинг «Герта» афсонаси эканлигидан яхши хабардор эдилар. Футболдаги мўъжизаларни шундай афсоналар кўрсатишади. Қўшимчасига Дардаи юксак ишонч учун жамоа мухлисларига миннатдорчилик билдиришни пайсалга солмади: «Сўнгги нафасимгача «Герта» учун тер тўкишга тайёрман!». Дастлабки кундан бошлаб янги бош мураббий ўз қонун-қоидаларини ўрнатишга киришди: «Мен ҳеч кимга ўз ҳукмимни ўтказмоқчи эмасман. Ечиниш хонасида нима истасангиз, шуни қилинг. Лекин маш­ғулот пайтида кимдир мен талаб қилганимдан бир метрга камроқ югурса, аяб ўтирмайман». Ҳа, ўз сўзининг устидан чиқиш ва чўрт­кесарлик - Палга отасидан мерос. Дарвоқе, катта Дардаининг исми ҳам Пал. Кичик Пал 6 ёшли пайтида отасидан теннис ракеткаси олиб беришни илтимос қилади. Отаси унга розилик билдириб, ўғлининг олдига шарт қўяди: «Ракетка сеники бўлиши учун тўпни 20 марта ерга туширмасдан тепишинг керак». Ўшанда болакай кун бўйи тўп билан машқ қилган ва кечқурун отаси қайтгач, у қўйган талабни ортиғи билан адо этган.

Ўтган йили Дардаининг «Герта»даги ишлари унчалик омадли чиқмадии. Ўзининг дебют учрашувида «Майнц»ни мағлуб этгач, бироз хотиржамликка берилди, журналистларга интервью берди. Кейинги турда жамоа «Фрайбург»ни енголмай, муҳим очколардан маҳрум бўлди. Охир-оқибат, «Герта» қуйи лигага тушиб кетиш хавфидан ўз кучи билан эмас, балки рақобатчиларнинг омадсизликлари ва сусткашлиги туфайли халос бўлди. Жорий мавсумни ҳам Дардаи шогирдлари анча оғир бошлашди. Лекин турдан-турга маҳорат ошиб борди. Ўтган мавсумнинг кашфиётларидан бири бўлган «Аугсбург» бош мураббийи Маркус Вайнцирль «Герта» ўйинларида ўз тактик тизимини кўришини таъкидлаганди. Дарҳақиқат, мураббийнинг фикрларида жон бор - «кекса хоним» аввало, ўйин интизомига қатъий риоя қилди, пухта ҳисоб-китоб асосида ҳимояланади. Ўйинларда лол қолдирадиган даражадаги комбинацияларни кўрмайсиз. Лекин ёшларга хос жўшқинлик, кучли иштиёқни ҳеч ким инко этолмайди. Ўзини ярим мураббий, ярим футболчи сифатида ҳис этадиган тиниб-тинчимас мураббийнинг табиати ҳам жамоага ҳамоҳанг. Қўшимчасига, ҳисобни очган «Герта» ҳеч қачон муваффақиятни мустаҳкамлаш мақсадида тартибсиз равишда олдинга интилмайди. Аксинча, иккинчи голни уриш учун хотиржамлик билан тайёргарлик кўради. Венгриялик мутахассис мукаммал жамоани қандай тасаввур қилиши эътиборга молик: «Футбол жамоасини венгерча тайёрланган балиқ шўрваси», дейиш мумкин. Таомда қайсидир масаллиқ етишмаса, у мазали бўлмайди. Аъло даражадаги шўрвани пишириш учун туз, саримсоқ пиёз, пиёз, сифатли карп ва албатта, венгерча қалампир керак бўлади. Дўконда сотиладигани эмас, уйда етиштирилган қўлбола қалампир! Жамоанинг қалампири - Пер Шклбред. У доимо жамоа манфаатини кўзлаб тўп суради. Бутун кучини сарфлаб, улкан ишларни бажаради.

Дардаининг фаолиятидаги энг муҳим жиҳатни биласизми? Бу - унинг тириш­қоқлиги. У «Герта» билан ишлашга шунчалик киришиб кетганки, бошқа нарсалар ҳатто хаёлига ҳам келмайди. Ҳар бир учрашувдан икки кун аввал бўлажак рақибнинг кучли ва заиф томонларини ўрганиб чиқади, шунга яраша барча икир-чикирларни ҳам ҳисобга олган ҳолда режа тузади. Бундан ташқари, айнан Дардаи ва Престцнинг ташаббуси билан «кекса хоним» ўз руҳшуносига, кейинчалик креотерапия мутахассисига эга бўлди. Берлиндаги сауналардан бири футболчилар ихтиёрига берилди. Хуллас, Пал бутун вужуди билан ишга шўнғиб кетган. Баъзан мураббийнинг ўзи ҳам буни эътироф этади: «Афсуски, ўз уйимда кутаётган мазали шўрвани тановвул қилишга ҳам баъзан вақт тополмайман». Дардаиинг келажак режалари ҳам ҳайратланарли - агарда уни «Герта»нинг ассий таркибидан четлатишса, у яна 15 ёшли ўсмирлар ёки катта ёш тофасидаги жамоада ишлашга тайёр эканлигини маълум қилди. Ҳозирда янги жамоа либосини кийган ҳар қандай дебютант биринчи навбатда, айнан шу клубга болалигидан меҳр қўйганлигини эътироф этади. Албатта, бундай баёнотларга ишониш қийин. Лекин Пал Дардаи бундан мустасно - «кекса хоним» билан ҳамнафас бўлиш учун Венг­рия терма жамоасидан ҳам воз кечди ва бу қарорини баралла ошкор этди: «Мен доимо «Герта» билан ишлашни орзу қилганман. Футбол оламида мен учун «Герта»дан бошқа жамоа йўқ!».

Касбига ўзини бахшида қилган мураббий фақат таътил пайтлари яқинлари билан дийдорлашади. Бундеслигадаги қишки танаффус ҳам унинг учун айни муддао бўлди - мураббий она юрти Венгрияга жўнаб,  отаси билан мириқиб дам олди. Эрталабки соат 4:00да уй­қудан туриб, ота-бола ўрмонга йўл олишар ва қўзиқорин териб, кечгача футбол ҳақида мунозара юритишарди. Суҳбат нафақат катта Дардаи тез-тез ташриф буюрадиган «Герта»нинг фаолияти, балки жамоа академиясида таҳсил олаётган 3 нафар набираларининг тақдири ҳақида ҳам кечди. Дарвоқе, Дардаининг тўнғич фарзанди отаси ва бобоси билан номдош. Ким билади дейсиз, балки учинчи Пал Дардаи ҳам тез орада «Герта»нинг асосий таркибидан жой олиб, худди отаси каби узоқ вақт давомида «кекса хоним» шарафини ҳимоя қилар?

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 13:31, 20.03.2016.
Ўқилди: 2692 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.