Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ўлим билан юзма-юз ёки Фабрис Муамба ҳақида

Баҳо:
+ | -

Тақдир синовлари бешафқат, ҳеч ким қаерда ва қайси оилада туғилиши, қандай шароитда улғайишини олдиндан билмайди. Қаердадир таваллуд топдингми, демак ўша масканнинг муҳитига мослашишга мажбурсан. Кимдир қумлоқларда ялангоёқ кезади, бошқалар эса консерва идишлар жарангини роҳатланиб тинглашади, яна айримлар тўқчиликда кун кечирадилар... Бугунги қаҳрамонимиз Фабрис Муамбанинг ҳаёти ҳам ўзига хос тарзда кечганига шубҳа йўқ.

АНГЛИЯГА КЎЧИБ ЎТИШ

Вақт ва жойлашув нуқтаи назаридан олиб қаралганда, Фабрис Муамбани омадлилар қаторига киритсак бўлаверади. 90-йиллар, фуқаролик уруши, Киншас шаҳри (ҳозирги Конго Демократик Республикаси пойтахти). Нотинчлик авж олишидан аввал Муамбалар оиласи яхши шароитда яшар, оилабоши Клод ҳукумат вакилларидан бири саналгани туфайли ёш Фабрис муҳтожлик кўрмай ўсди.

Ўша - ҳозирга қадар инсоният тарихида энг кўп қон тўкилган, дея тилга олинадиган фуқаролик уруши деярли беш ярим мингга яқин инсоннинг ёстиғини қуритган. Нотинчлик туфайли Клод Муамба мамлакатдан қочишга мажбур бўлган, Фабрис эса онаси ва уч нафар укаси билан қуролли тўқнашувлар марказида қолиб кетган. Қаҳрамонимиз ўша йилларни эсларкан, чуқур хўрсинади:

- Ёдимда, хотиржам футбол ўйнай олмасдик, дайди ўқ келиб тегишидан ҳайиқардик. Болаликдаги айрим тенгдошларимнинг жароҳатланишганига гувоҳ бўлганман.

Фабрис отаси билан яна бир бор учрашгунига қадар орадан беш йил ўтди. Клод Англиядан қўним топиб, кейинчалик турмуш ўртоғи ва фарзандларини ҳам туманли ўлкага кўчириб келди. Муамбалар оиласи Лондондаги «Хитроу» аэропортига қўнишлари ҳамоно қадрдон ўлкалардан нохуш хабар келди: Фабриснинг Киншасда қолган тоғаси ҳалок бўлганди. 11 ёшли болакай ўша пайт­да вазиятни идрок этиш, кейинчалик қандай кун кечиришларини тахмин қилишга ожиз эди. У инглизчасига атиги бир-иккита сўзни ўзлаштирган, қариндошлари бир неча минг километр йироқда ҳаёт учун курашишаётган, атрофидагилар эса мутлақо бегоналардан иборат...

 

ФАОЛИЯТНИНГ БОШЛАНИШИ

Фабрис таълим олишни бошлаган мактаб «Уайт Харт Лейн» стадионининг ёнида жойлашгани сабабми, болакай футболга меҳр қўйди. 14 ёшида уни «Арсенал» жамоасига қабул қилишди, шунга қарамай, ёш спортчи ўқишни ташламади: Муамба синфида ҳаммадан яхши ўқирди, вақт ўтгани сари инглизчада эркин сўзлаша бошлади. Ёш «тўпчилар» сафида ўтган уч йилдан сўнг Фабрис тўлақонли шартномага эга бўлиб, катта футбол таъмини тотди.

Ярим ҳимоя марказида тўп сургани ҳолда, Англиянинг барча ёшдаги термалари таркибига қабул қилинди. Ҳаттоки, 21 ёшлилар жамоасига сардорлик ҳам қилган. Патрик Виейра иқтидорли Муамбанинг кумири эди, шу боис, «Арсенал» либосини кийиш Фабрис учун кўп нарсани анг­латарди. Ёш футболчи интервьюларининг бирида у қадар маҳоратли эмаслиги, шунчаки, футбол ўйнаш имконияти туғилганидан хурсанд эканини таъкидлаганди. Кейинчалик захира ўриндиғида қолиб кетмаслик учун Муамба дастлаб «Бирмингем» сафига қўшилди ва шу тариқа, ўйин амалиётига эга бўлди. Сўнгра 5 миллион фунт эвазига «Болтон»га ўтиб, ушбу клубнинг асосий футболчиларидан бирига айланди.

 

АСРГА ТАТИГУЛИК ВОҚЕА

Роппа-роса тўрт йил аввал Фабрис «Уайт Харт Лейн» ёнидаги жонажон мактабига қайтди. Лондоннинг бу қисми қаҳрамонимизга бутун умр­га татигулик воқеаларни туҳфа этди. Мактабда янги ҳаёти бошланган бўлса, стадионда сал қолса якунланаёзди.

Уч ёшли Жошуа қичқирди: «Ойи, ойи, қаранг, отам қотиб қолди!». Шона диванга ўтирганча йиғлай бошлади. Орадан ярим соат ўтиб у Лондон томон ошиқди, уйига эса 41 кундан сўнг қайтди - ўтган вақт мобайнида бўлажак турмуш ўртоғи - Фабриснинг ёнидан жилмади...

Биринчи бўлим якунланиши арафасида Муамба тўсатдан майсага қулади. Фабрис ўша сонияларни ёдга оларкан, дастлаб кўз ўнгида икки нафар Модрич кўрингани, сўнгра ҳеч нимани эслолмаганини билдирган. Бутун стадион тошдек қотди, фақат бир киши ишқибозлар орасидан ёриб ўтиб, майдонга тушишга ошиқди. У - «Тоттенхэм»нинг азалий мухлиси, мутахассислиги бўйича кардиолог Эндрю Динер эди. Буни қарангки, Динер шу куни ўйинда мутлақо бўлмаслиги керак эди, аренага бировнинг чиптаси билан кирганди. Шифокор хавфсизлик хизмати ходимларини бир амаллаб кўндиргач, майдонга тушди ва бир неча дақиқадан сўнг Муамба билан «тез ёрдам» машинасида Лондондаги клиникаларнинг бирига йўл олди.

Фабриснинг юраги яна бир бор уриши учун 15та дефибриллятор зарба ҳамда 78 дақиқа талаб этилди. Клиник ўлимни бошдан кечирган Муамба воқеанинг нима сабабдан рўй берганини тушунишга урингач, мавсум арафасида ҳаддан зиёд кўп куч сарфлаганини англади:

- Жисмоний ҳолатим бошқаларникидан ҳам яхшироқ бўлишини таъминлаш мақсадида меъёрдан ошиқ ҳаракат қилдим. Кўпроқ шуғулланиб, машғулотларда такроран югуравердим. Ўйлашимча, нохуш ҳодисага айнан шу омиллар сабаб бўлган.

 

ЎЛИМДАН КЕЙИНГИ ҲАЁТ

Фабрисни футболга қайтиш умиди тарк этмаганди, бироқ шифокорлар бу қарорни қўллаб-қувватлашмади. Тиббиёт ходимлари юракнинг яна бир бор тўхтаб қолиши мумкинлигини инобатга олиб, беморга кардиостимулятор ўрнатишди. Мавжуд ҳолатга кўниш Муамба учун қийин эди, зеро нимагаки эришган бўлса, барчаси футболчи туфайли қўлга киритилганди. Бошқа томондан эса, тирик қолганидан хурсанд эди.

Орадан бир неча ой ўтгач, собиқ футболчи яна ўша қадрдон масканга қайтди: мактаб, «Уайт Харт Лейн» ва оломон. Ҳамма Фабриснинг Олимпиада машъаласини кўтарганча югураётганини жим кузатар, Муамба шу тариқа тақдир синовлари осонликча синдиролмаслигига ишора этаётгандек эди, гўё.

Ўлим билан юзлашган Фабрис кейинчалик ҳаётнинг қадрига ета бошлади. Умуман олганда, болалик чоғлари ҳам шунга ундаши табиий. Тўрт йил ичида Муамба кўп нарсага улгурди: Шонага уйлангач, иккинчи ўғли туғилди. Университетни тамомлаб, журналист мутахассислигига эга бўлди. Шунингдек, китоб ҳам ёзди. Ўтган йилнинг ёзида Фабрис мураббийлик лицензиясини қўлга киритди. Демак, у футболни бутунлай тарк этмайди. Эндиликда яна бир орзусини рўёбга чиқариш қолди: ўз юртига қайтиб, болакайлар билан тўп тепса, дайди ўқдан ҳайиқмай ўйнаш қандай бўлишини дилдан ҳис этса, кифоя.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:12, 26.03.2016.
Ўқилди: 3478 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.