«Лестер» жамоаси раҳбарияти мавсумнинг охирги ўйини учун чипталар нархи кескин кўтарилиб кетишига сабабчи бўлган мухлисларни кейинги йилларда жамоа ўйинларига тушишдан маҳрум қилди. Бу мухлислар 7 май куни «Эвертон»га қарши кечадиган, жамоанинг мавсумдаги охирги уй учрашуви учун чипталарни чайқовчилик йўли билан сотгани аниқланган. Бу ҳақда «тулкилар» жамоаси сайтида хабар қилинган.
ESPN сайти хабарига кўра, «Эвертон»га қарши ўйин учун 2та чипта 15 минг фунтдан таклиф қилинган.
Аслида эса бу чипталар кассадан 30-50 фунтга сотилган. Болалар учун эса 5-15 фунт нарх белгиланган. Бироқ жамоанинг сўнгги учта ўйинига чипталар сотиб бўлингани туфайли нархлар чайқовчилар томонидан кескин кўтариб юборилган.
Эслатиб ўтамиз, «Лестер» муддатидан олдин Англия чемпиони бўлиши учун сўнгги 5 турдан 3тасида ғалаба қозонса кифоя қилади. Бугун жамоа «Вест Ҳэм»га қарши майдонга тушади.