Англия Премьер лигасининг ушбу мавсуми ҳам ниҳоясига етиб бормоқда. Биз бу мавсумда Премьер лигада омадсизликка юз тутаётган ҳужумчилар олтилиги ҳақида тўхталиб ўтишни жоиз деб билдик.
6. Мемфис Депай (“Манчестер Юнайтед”) 26 ўйин – 2 гол
Мавсум аввалида “Иккинчи Роналду” дея эътироф этилган голландиялик футболчи мухлислар ишончини оқлай олмаяпти. Депай Премьер лигада 26 ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига иккита гол ёздириб қўйди. Ваҳоланки 18 ёшли Решфорд ҳам Мемфисдан уч баробар кам ўйнаб, икки баробар кўп гол урди. Депай сермаҳсуллигини оширмаса, Ван Гал билан бирга жамоани тарк этиши ҳам ҳеч гап эмас.
5. Херард Делафеу (“Эвертон”) 26 ўйин – 2 гол
“Барселона” тарбияланувчиси ўтган мавсумдаги ўйини ва сермаҳсуллигининг ярмини ҳам намойиш эта олмаяпти. Мухлисларнинг Херарддан умидлари катта эди. Бироқ у гол уришни унутиб қўйгандек гўё. Делафеу “Барселона”га қайтиб, МСН триосига рақобатчилик қилишни истаса, кўпроқ гол уриши керак. Акс ҳолда Премьер лиганинг ўртамиёна жамоасида ҳам захирада ўтириб қолиши мумкин.
4. Эден Азар (“Челси”) 27 ўйин – 2 гол
Премьер лигада мавсумнинг энг ёмон ўйинчисига аталадиган совринни Азарга топширса ҳам бўлаверади. Белгиялик футболчи гарчи ҳужумчи бўлмаса ҳам, ўтган йили анча сермаҳсул ўйин намойиш этган эди. Бу мавсумда эса у 35-турга келиб 1 ва 2-голини урди. Шу тариқа у сал-кам 1 йиллик голсиз сериясига барҳам берди. “Челси”нинг бу йилги омадсизликларида Эдернинг ҳам ҳиссаси бор.
3. Люк Реми (“Челси”) 13 ўйин – 1 гол
Реми учун ҳам мавсум омадсиз келди. У Премьер лигада бор йўғи 1 гол урди. Бунинг учун эса 13 та учрашувда майдонга тушишига тўғри келди. Моуриньо Люкка ишонч билдирганди, бироқ у ишончни оқлай олмади. Келаси мавсум “аристократлар”ни Конте бошқаришини инобатга олсак, Реми балки ўзига янги жамоа излаб бошлар.
2. Эммануэл Адебайор (“Кристал Пелас”) 10 ўйин – 1 гол
Бир пайтлар “Арсенал” ва “Манчестер Сити”да жавлон уриб, кейинчалик “Реал”да ҳам ўйнаб юрган Адебайор бу мавсумда “Кристал Пелас”нинг захира ўйинчисига айланиб қолди. Тоголик ҳужумчи мавсум мобайнида 10 ўйинда иштирок этиб, бир марта ўз номини таблога ёздириб қўйди. Балки келаси мавсум Эммануэл ҳам Осиё ёки Америка қитъасига йўл олар.
1. Радамел Фалкао (“Челси”) 10 ўйин – 1 гол
Премьер лига Фалкао учун эмас экан. Ўтган мавсумда “Қизил иблислар” таркибида ишончни оқлай олмаган Фалкао, мавсум аввалида “Челси”га ўтиши кўпчиликни ажаблантирган эди. Радамел Лондонда ҳам мухлислар меҳрини қозона олмади. Мавсум давомида битта гол урган ҳужумчи кимгаям ёқарди дейсиз. Бир пайтлар Ла лигада Роналду ва Месси билан тўпурарлик учун курашиб юрган футболчининг, ҳозирги аҳволи ғоят ачинарлидир.
Фурқат Юсупов