Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Минори Сато:«Энг яхши ўйинларим ҳали олдинда»

Баҳо:
+ | -

Минори Сато 1991 йилнинг 2 март санасида Япониянинг Гумма шаҳрида туғилган. Бўйи - 170 см., вазни - 65 кг. Профессионал фаолиятини 2009 йили Япония иккинчи дивизиони вакили «Заспекацу Гумма» таркибида бошлади. Сўнгра АҚШга бориб, бир муддат «Индиана Инвейдерс» клуби шарафини ҳимоя қилгач, ўша йилнинг ўзидаёқ Мексиканинг «Пуэбла»сига ўтди. 2010 йили Минори ижара асосида Латвиянинг «Гулбене» жамоасида тўп сурди. Сўнгра фаолия­тини «Вентспилс» сафида давом эттирган футболчи ушбу клуб билан Латвия кубогини қўлга киритди. 2011 йилнинг августида Риганинг «Сконто» клуби либосини кийган Сато кўп ўтмай Беларусга сафар уюштириб, Брестнинг «Динамо» жамоаси билан шарт­нома имзолади. Минори 2014 йилдан буён «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қилиб келяпти.

 

Биз ушбу футболчи билан «Бунёдкор» академиясининг машғулотлар базасида, жамоа тушликдан сўнг дам олишга чоғланаётган паллада кўришдик. Оқшом пайти ўйинчиларни навбатдаги машғулот кутаёганди. Минори матбуотчилардан таклиф тушаётганини эшитгач, ҳеч иккиланмай суҳбатлашишга рози бўлди. Албатта, бундай имкониятни яратиб беришгани учун клуб раҳбариятига ҳам алоҳида миннатдорчилик билдирамиз. «Бунёдкор»нинг эшиги ОАВ учун ҳамиша очиқ. Сўнгги ой мобайнида мазкур жамоанинг иккинчи футболчиси билан интервью уюштирганимиз шундан далолат. Япониялик легионер барча саволларимизга самимий тарзда жавоб қайтарди.

- Суҳбатни футболга қандай кириб келганингиздан бошласак. Ўйнашни қачон бошлаганингиз ёдингиздами? Профессионал фаолиятингиз муқаддимаси ҳақида нима дея оласиз?

- Болалик чоғларим, аниқроғи, мактабга чиқмасимдан олдин тўп сурганимни эслайман. Кейинчалик секциялардаги ташкилий машғулотлардан сўнг 18 ёшимда профессионал фаолиятим бошланди.

- Ўз юртингизда нечта мавсум ўйнадингиз? Асосий вақтингиз Шимолий Америка, Латвия ва Беларусь давлатларида ўтганидан хабаримиз бор...

- Японияда етарлича амалиётга эга бўлдим, мамлакат ёшлар термаси шарафини ҳимоя қилдим. Аммо янада юқорироқ даражада тўп суришни хоҳладим. Юртимда биринчи ва иккинчи дивизионда ўйнадим. Кейинчалик 3-4 йиллик янги шартнома таклиф этишди, аммо Японияда узоқ қололмасдим. Ўзимни кучлироқ чемпионатларда синаб кўриш иштиёқи тинчлик бермасди. Кўп ўтмай Америкага бордим, сўнгра Мексика ва сиз айтгандек, Европанинг бошқа давлатлари...

- Қайси мамлакатдаги футбол даражаси сизга кўпроқ маъқул келди?

- Мексика чемпионати анча кучли, ажойиб жамоа ва шахсларни учратдим. Миллий термаси ҳам ҳар доим жаҳон чемпионатида иштирок этади. Аксарият клублар сингари легионерлар хизматига кўз тикишмайди, кўпинча маҳаллий футболчилар эвазига ғалабаларни қўлга киритишади. Ушбу мамлакатдан ёрқин таассуротлар қолди.

- Энди Ўзбекистондасиз, бу ердагилар билан мулоқот қилишда қийналмаяпсизми? Русчадан таш­қари яна қайси тилларни ўзлаштиргансиз?

- Ҳозирча ўзбекчани билмайман (кулади). Лекин инглиз тилида муаммосиз гаплашяпмиз.

- Мамлакатимиз маданияти, одат ва анъаналари билан ҳам танишдингизми? Уларни япон маданияти ва одатлари билан солиштирдингизми?

- Одатларингиз жуда қизиқ! Аммо бизники билан фарқи катта. Оддий мисол сифатида туғилган куннинг нишонланишини келтириш мумкин. Бу ерда байрам сабабчиси торт олиб келиб, зиёфат уюштиради, хоҳлаганлар унга совға беришади. Японияда бундай эмас. Қолаверса, ўзбекларда бошқа удумлар ҳам бор, айниқса, оила даврасида нишонланадиган маросимларга ҳамма ҳурмат-эҳтиром кўрсатади.

- Шу ерда бевосита ўзингизга тааллуқли бўлган яна бир савол туғилади. Биламизки, японлар жуда меҳнаткаш халқ. Шахсан сиз асосий ишингиз - машғулотларга қанча вақт ажратасиз?

- Икки-уч соат, юкламалар ўзи шундоқ ҳам етиб-ортади. Айрим ўйинларда янада кўпроқ куч йўқотамиз.

- Спорт, хусусан, футболда ҳис-ҳаяжон, эҳтирослар пайдо бўлишига қандай қарайсиз? Чунки японлар бу борада оғир-босиқлик, феъл-атворларининг мулойимлиги билан ажралиб туришади. Ўзингизнинг характерингизга ҳам баҳо берсангиз...

- Футболни эҳтиросларсиз тасаввур қилиш қийин, бу ҳаммага бирдек муҳим. Япония термаси иштирокидаги учрашувларга қанча мухлис келиб, жамоани қандай қўллаб-қувватлашини ўзингиз кўргансиз. Стадионга 80000 томошабин тўпланиши - одатий ҳол. Ўйинчилар ҳис-ҳаяжонларини майдонда кўрсатиб, астойдил курашишлари керак бўлади. Ўз нав­батида, меъёрни сақлаш лозим: тартиб-интизом мустаҳкам иродани талаб этади. Барча жиҳатлар бўйича ўзингни қўлга олишинг ҳам жуда кучли эҳтирос демакдир. Ўзим ҳақимда қисқача айтадиган бўлсам, анча оғир-босиқман.

- Ўзбекистондаги ошхоналар ҳақида нима дея оласиз? Юртингиздаги денгиз маҳсулотларини қўмсаётгандирсиз? Ниманидир хоҳладингиз-у бу ердан тополмадингиз... Шунақаси ҳам бўлиб турадими?

- Албатта, бундай ҳолатга тушганман. Баъзан миллий таомларимизни соғинаман. Аммо ўзбек таомларини ҳам севиб истеъмол қиламан: кабоб ва палов жуда ёқади.

- Жамоадошларингиз билан муносабатларингиз яхшими? Дўстлар орттиришга улгургандирсиз?

- Ҳаммаси аъло даражада. Мана, учинчи йилдирки шу ердаман, жамоага кўникиб қолдим, улар эса менга. Легионерлар ўзаро дўст тутинганмиз, айниқса, Шакер билан муносабатларимиз яхши.

- Кумирингиз борми? Аниқроғи, болалик ва ўсмирлик чоғларингизда қайсидир футболчига ҳавас қилганмисиз?

- Андрес Иньеста - мен учун энг яхши футболчи.

- Фаолиятингиздаги энг яхши ўйинни эслай оласизми?

- Ҳали бунақаси бўлмади. Умрбод ёдда қоладиган учрашувим ҳали олдинда кутяпти, деган умиддаман (кулади).

- Келажагингизга ҳам бефарқ эмасдирсиз? Футболчилик фаолия­тингиз якунлангач, нима билан шуғулланмоқчисиз? Мураббий бўласизми ёки ўзингизни бошқа соҳада синаб кўрасизми?

- Эҳтимол мураббийлик қиларман... Аммо ҳозир бу ҳақда гапиришга эрта: ҳали узоқ вақт, кучим етгунигача тўп сурмоқчиман.

- Қайси жамоада ўйнашни орзу қиласиз?

- Иньестанинг клуби - «Барселона»да. Аммо Каталония бу ердан узоқ, мен эса Тошкентдаман...

- Оилангиз ҳақида нима дея оласиз? Ака-укаларингиз борми? Уйланганмисиз?

- Укам бор. Уйланганман, яқинда ўғил фарзандли бўлдим.

- Чин дилдан табриклаймиз. Дарвоқе, яна бир савол, футболдаги ирим-сиримларга муносабатингиз қандай? Майдонда такрорлайдиган одатларингиз борми?

- Бу жиҳатга муккасидан кетмаганман, шунчаки, майсага ҳамиша ўнг оёқ билан чиқишга ҳаракат қиламан.

- Ҳа, футболга алоқадор кўпчиликда иримларни учратиш одатий ҳол. Дарвоқе, дўстингиз Шокир жаҳон чемпионатида Тунис ва Ўзбекистон термаларини кўришни хоҳлаётганини билдирди. Сиз бунга қандай қарайсиз?

- Муносабатим ижобий, бу борадаги қарашларимиз якдил: майли, Африкадан мундиалга Тунис чиқсин, Осиёдан эса - Ўзбекистон ва Япония!

- Жуда яхши, Тунис, Ўзбекистон ва Япония халқига шу мақсадга етиш насиб этсин. Сизга эса ке­йинги фаолиятингизда омадлар тилаймиз, узоқ муддат тўп суриш ниятингиз амалга ошсин. Ҳамиша ишқибозларга қувонч улашаверинг. Омад ва бахт сизни асло тарк этмасин!

- Раҳмат, сизга ҳам шу эзгу тилаклар ёр бўлсин!

Дмитрий ПОПОВ суҳбатлашди

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:31, 28.04.2016.
Ўқилди: 3155 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.